26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Ён қўшнилар – жон қўшнилар

Баъзан бирон нарсадан кўнглим сиқилса, беғубор болалигимни, сўлим Тулкибошнинг гавжум кўча­ларини, меҳрибон ва ғамхўр қўшниларимизни эсга оламан. Ўша олис йилларда бўлиб ўтган воқеаларни кўз олдимга келтириб, ширин энтикаман, дилдаги ғубор ҳам бирпасда тарқаб кетади.

Девори оҳакланган, икки оила исти­­қомат қиладиган коттеж уйнинг олдида қўлимга пуштиранг саватчани ушлаб, ўтган-кетганни томоша қилиб, тоғорада совунни кўпиртириб кир юваётган онамга саволлар ёғдираман. Устимда пахталик камзул, унинг орқа энсаламасига улама соч тикилган, бошимда крепдешин рўмол. “Сочим” кўйлагим этаги билан теппа-тенг. Ҳар куни шу ерда ишга кетаётган қўшнилар билан саломлашишни  одатга айлан­тирганман. 

– О, біздің Мөкеңнің қызы бүгін сұлу болып кетіптіғой, недеген керемет сұлу шаш. Өзі кіп-кішкентай, бірақ шашы ете­гімен бірдей. Тура Қызжiбектің өзіғой, пай-пай, осы қызды тұрмысқа бергенда шашына бөлек қалынмал сұраймызғой, ке­лин, – дейди ён қўшнимиз Алтинбек кўкем.

Онам ҳам кулгисини аранг яшириб, кир ювишда давом этади. Мен кейинги йўловчиларни пойлаб тураман, ана дадам билан бирга ишлайдиган бухгал­тер, рус аёл Нина Сергеевна.

– О, Асенька, твоя дочка уже невеста, какие косы у неё, как у Василисы прекрас­ной, – дейди у. 

Шу тариқа қўшниларимизнинг ҳаммаси билан биринчи бўлиб мен саломлашиб чи­­қаман. Бизнинг уйимиз кўча бошида, за­водга яқин. Руслар дадам ва онамга Миша ва Ася, қозоқлар эса Мўке ҳамда Асеке, деб мурожаат қилишади. Иш­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­чи­ларнинг ҳаммаси заводга ўтиб бў­­­­­­­лиш­гач, онамдан рухсат сўрайман:

– Сатенгул опанинг уйига чиқиб, қаймо­ғимни ўша ерда ейман.

Онам оғзи маҳкам ёпиладиган идишга кеча кечқурун сузилган сутни қуйиб беради. Юзида бир бўғим қаймоғи бор. Бу идишдаги қаймоқ Асем, Гулсум ва менга бемалол етади. Онам саватчамни печенье, “Золотой ключик” конфетига тўлдиради. 

Сатенгул опам ва Алтинбек кў­кем шун­доқ ёнгинамизда, коттеж уй­нинг иккинчи қисмида яшайди. Қўшни­­­­­ларимизда ҳам худди бизникига ўхша­ган ёғоч ғаров, эшик бор. Шу эшикни секин очиб кираман. Улар баҳор ва ёз кунларида, ҳатто кеч кузгача ҳовлидаги ёғоч сўрида овқатланишади. Уларнинг оиласи катта: беш ўғил ва беш нафар қизи бор, лекин ҳеч қачон биронта ортиқча шовқин-сурон чиқ­майди. 

Айниқса, Алтинбек кўкем уйда бўл­са, болалар бир-бирлари билан ши­­­­­­­­­­­­­­­­вир­лаб гаплашишади. У жуда қат­тиқ­­­­­­­­қўл. Ҳеч кулмайди, фақат дадам би­­­лан гап­лашгандагина жилмаяди, холос. Сатен­гул опам унинг акси – жуда ювош, секин гапиради, болаларга ўта меҳ­рибон, айла­ниб-ўргилади.

Ҳаммамиз биргаликда чой ичамиз. Дастурхонга фотиҳа қилингач, Алтинбек кўкем ўғил болаларга уй юмушларини бў­либ беради. Қарлиғаш, Шарипа ва Нур­жа­мал опаларим Сатенгул опамнинг оғзини пойлашади. 

Бу оила аъзоларининг бир-бирига му­носабати мени қойил қолдиради. Ҳам­малари ўзларининг ишларини билиб-билиб қилишади. Ўғил болалар барвақт туриб молларга қарашади. Сатенгул опам сигир соғади. Сутини Қарлиғаш опам пиширади, қатиқни халтага сузади. Ша­рипа опам эса ҳовлига сув сепиб, супуради. Нуржамал эса Асем ва Гул­сумга қарайди. 

Сатенгул опам ҳеч қачон болаларини уришмайди, қарғамайди, фақат, отангга ай­­­­­­­­­­таман, деса бас, ҳаммалари мўмин бў­­­­­­­­лади, қолади. Катталардан Қаплан ағам ва Қарлиғаш опамни, Нуржамални ях­­­ши кўраман. Улар менга жуда меҳрибон эдилар. 

Шўх бўлганим учун қўшни сингил­ларимга кўп “кароматлар” кўрсатардим. Ҳатто бир куни доктор-доктор ўйини пай­тида ши­ша синиғи билан Гулсумни “операция” қилганман. Қизининг қўли қоп-қора қонга беланганини кўрганда ҳам Сатенгул опам  менга қаттиқ гапирмади, онамга қараб:

– Ҳали гўдакку булар, билмаганда, уни койима, – деган эди. 

Ота-онамнинг бу қўшнилар билан бирор марта  сан-манга борганини кўрмаганман. 

Қўй оғзидан чўп олмайдиган мулойим, ширинсўз Сатенгул опамнинг това нонини, бешбармоғини кўп еганман. Онамнинг сут, сариёғ қўшиб ёпган пати­рини Сатенгул опамнинг това нонига тенгламасдим. Қази, сурланган гўшт солинган паловни од­дий шўрвасига алмаштирардим, чун­ки қо­­­­­зоқ опамнинг қўли ширин эди-да. Жа­фо­­­­­­­­­­­каш Сатенгул опамнинг эрка­лашлари, ғам­­хўрлиги юрагимга олтин ҳарфлар билан муҳр­ланди.

Алтинбек кўкем ва Сатенгул опам ҳа­ли ҳам Тулкибош қишлоғида истиқомат қилишади. Бундан уч-тўрт йил аввал бор­ганимда, анча кексайиб қолишсада, мени дарров танишди. Энг кичик ўғли Ал­мас билан бирга туришар экан. 

Қадрдонларим билан суҳбатлашар экан­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­ман, олисда қолган беғубор, беташ­виш, беозор болалик чоғларимга сайёҳат қилгандай бўлдим, гўё.

Қаплан, Аристан, Мухит, Мақсуд ва Алмас оғалар уйланиб, бола-чақали бўли­шибди. Қарлиғаш ва Шарипа опам, Нур­жамал, Асем ва Гулсумлар ҳам уйли-жойли экан, фарзандларига гўзал тарбия бериб, катталари қиз узатиб, ўғил уйлантириб қўйишибди. 

Орадан қирқ йилдан кўпроқ вақт ўтсада улар мени туғишганларидай бағ­риларига босиб, роса сийлашди,  ота-онам руҳларига Қуръон тиловат қилишди.  

Ота-онам барча қўшнилар билан доимо апоқ-чапоқ эдилар. Уларникида тўй-маърака бўлиб қолса, яқин қариндошлардек кам-кўстига ёрдам­лашиб, оғирини енгил қилардилар. 

Ҳануз ёдимда, қўшнимиз Валера ота­нинг ўғли уйланадиган бўлди. Дадам раҳматли раҳбар ходим бўлишига қара­май яп-янги «Москвич» машинасида ке­лин-куёвларни сайр қилдирган эди. Муш­тумдай бола бўлсам ҳам энсам қотган. 

– Дадамдан бошқа одам йўқми, келин-куёвларни олиб юрадиган. Кап-катта одам­ни овора қилмаса... – деган эдим ўшанда. 

Қўшни болалардан бирортасининг ис­сиғи кўтарилиб, касал бўлиб қолса ҳам оналари бизнинг уйга кирардилар. Ажаб­­­­­­ланиб, ойимга қараб, ахир дадам шифокор эмас-ку, десам, онам жилмайиб, «сенинг отанг «скорый помошь», дерди­лар. 

Қўшнимиз Нуржамалнинг ўпкаси ша­­­моллаганда ҳам аввал касалхонага, сўнгра болалар санаторийсига жойлаш­тирмагунча тиниб-тинчимаган. Сарсен кўкенинг энг кичик қизи  Шўлпан тирноқ­сиз туғилганда дадам Шимкентдаги докторларга кўрсатган. Онамга: «ахир ўзининг дадаси бор-ку, нега ўша олиб бормайди», десам, онам мени қат­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­тиқ койиган: «Катталарнинг ишига ара­­­­­­­­­лашма!». 

«Ён қўшни – жон қўшни», деган нақлни дадажоним ўз ибрати, намунаси билан қалбимизга сингдириб кетган эканда, деб ўйлайман бугун.

С. ШАРИФБОЕВА, 2018-05-15, 11:29
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Эълонлар
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.