26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Дўст билан обод уйинг...

Қозоқ ва ўзбек орасидаги дўстликни мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшиб келаётган ташкилотлардан бири – Ўзбекистон Республикасидаги қозоқ миллий маданий маркази. Жорий йилда 25 ёшини тантанали нишонлаётган марказнинг ташкилотчилигида Тошкентда улкан тўй ўтди. Ўзбекистоннинг барча вилоят, туманларидан оқиб келган қозоқ қардошлар Тошкент тўрини куй ва қўшиқларга беладилар. Айтиш жоизки, бу тўй фақат маданий марказнинг эмас, балки, Ўзбекистон миллий телеканалида 50 йилдан буён қозоқ тилида намойиш этилаётган “Замондош-Дийдор” дастурининг ҳам тўйи эди.

Тантанали қўш тадбирга Жанубий Қозоғистон вилоятидан Қозоғистон халқи Ассамблеяси котибияти раҳбари Муратали Қалмуратов ва ҚР ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамиятининг раиси Икромжон Ҳошимжонов бошчилигидаги делегация махсус бориб, қўшни элдаги қозоқ биродарларини табриклаб қайтишди. Делегация таркибида “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетасининг бош муҳаррири Алишер Сотволдиев ҳам бор эди.

Ўзбекистонга борган делегация биринчи навбатда Тўлебий бобонинг мақбарасида Қуръон ўқиб, зиёрат қилди.

– Ўзбекистонда ҳозирги кунда қозоқча ўқитадиган 396 мактаб мавжуд. Қозоқ мактабларини тамомлаганлар учун 4та махсус ўқув юртида билимини давом эттириш имконияти яратилган. Маданий марказнинг қошида тузилган адабиёт клуби ўзбекистонлик қозоқзабон шоир-ёзувчиларнинг китобларини чоп эттиришга кўмаклашади. Уларнинг асарлари ўзбек тилига ҳам таржима қилиниб, босилмоқда, – деди Ўзбекистондаги қозоқ миллий маданий марказининг раиси Серикбай Усенов.

Қозоғистон делегацияси Мустақиллик хиёбонидаги “Мустақиллик ва эзгулик” ёдгорлигига гулчамбарлар қўйди. “Мотамсаро она” деб номланадиган салобатли ёдгорлик 1991 йили қад кўтарган экан. Атрофи ям-яшил дарахтлар ва гуллар билан ўралган ҳудуд кўзни қувонтирадиган кўрки билан меҳмонларни ўзига ром этади.

Бутун Тошкент яшилликка бурканган. Ҳар бир кўчада фаввора бор. У шунчаки катта ҳам эмас, лекин атрофга сув сочиб, жазирама иссиқда салқин уфуриб туради...

Меҳмонларни Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ерик Ўтембаев кутиб олди. Тадбир иштирокчилари элчихона олдидаги Абай ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйдилар. 

– Қозоқ-ўзбек дўстлигини абадийлаштириш йўлида элчилик томонидан кўплаб ишлар олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда Тўлебий, Айтекебий боболаримизнинг мақбаралари тартибга келтирилиб, атрофи ободонлаштирилди. Абай ёдгорлиги ўрнатилиб, Абай шоҳкўчаси очилди. Таҳлил юритиб, Туркманистондан йил сайин 300 бола Қозоғистонга бориб таълим олишини аниқладик. Бу амалиётни нега ўзимизда қўлламаймиз, деб Тароз давлат университети билан Жиззах педагогика институти орасида шартнома тузилиб, меморандум имзоланди.

Бу ўзбекистонлик қозоқ тала­ба­ларининг Қозоғистонда, қозо­ғистонлик ёшларнинг Ўзбекистонда олий маълумот олиш имконини беради. Бундан ташқари, икки дав­лат олий ўқув юртларининг дипломлари ушбу мамлакатларда амал қилишига асос солинади. Бу жуда катта натижа. Бундай эзгу ишни амалга ошираётган Қозоғистон элчихонасига раҳматимиз чексиз, – дейди ўзбекистонлик академик-олим Бакир Серикбаев.

Тантанали тадбир давомида икки эл орасини яқинлаштириб, адабиёт, санъат соҳасида дўстликни шарафлаб келаётган фуқароларга юбилей медаллари топширилиб, ўзбекистонлик 6 нафар қозоқ шоир-ёзувчилар китобларининг тақдимоти ўтди. Ўзбекистондаги миллий ма­даний марказлар жойлашган ҳа­ша­матли иморат олдига қозоқ халқининг ўтовлари тикилиб, миллий санъат буюмлари кўргазмаси ташкил этилибди. 

Тадбир давомида сўзга чиққан ҚР ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамиятининг раиси И. Ҳошимжонов Ўзбекистон қозоқ миллий маданий марказининг фаолиятига муваффақиятлар тилади, Қозоғистондаги ўзбеклар номидан марказга ноутбук-компью­тер совға қилди.

– Бизнинг мақсадимиз – икки эл орасидаги ўзаро муносабатларни ривожлантириш, дўстликни, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва келаси авлодга етказиш, – деди у ва ўз тилакларини Сабит Муқановнинг қуйидаги шеърий мисралари билан тугатди:

Одамларнинг жаҳонда яқинлигин тилайман,

Чин дўстликнинг ҳар элда ҳароратин тилайман,

Бахт, меҳнат, барака, фаровонлик тилайман,

Кунига тўй, байрам, тинчлигини тилайман.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз­ки, 25 йилликка бағишланган анжуман қозоқ тилида олиб борилди. Тадбир иштирокчилари уни Ўзбекистон Республикасидаги қозоқ этноси вакилларига, шунингдек, Қозоғистон делегациясига кўр­сатилган ҳурмат-эҳтиром белгиси, деб қабул қилишди. 

Эрталабдан кечгача давом этган тадбирларнинг барчасига Ўзбекистондаги Элчимиз Ерик Милтиқбайули бош-қош бўлганлиги, бу икки қардош давлат ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиши, шубҳасиз.

Жанубий Қозоғистон вилоят Қо­зоғистон Халқи Ассамблеяси раи­сининг ўринбосари Муратали Қал­муратов Қозоғистон Халқи Ассамблеяси раисининг ўринбосари Дархан Минбай ҳамда вилоят ҳокими Жансейит Туймебаевнинг табрик хатларини ўқиб берди. Қозоғистондан олиб келинган 750 дона китоб ҳамда қозоқ халқининг миллий чолғу асбоблари Ўзбекистонда яшовчи биродарларга топширилди. Яна бир диққатга сазовор жиҳат – Қазиғурт, Мақтаарал, Сариоғоч туманларидан келтириб тикилган ўтовларнинг совға тариқасида Ўзбекистон қозоқ маданий марказига ҳадя қилингани.

Якунловчи тадбир, Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон санъат юлдузлари иштирокидаги гала концерт икки халқ маданияти ва урф-одатларининг,  демакки халқларнинг ҳам илдизи бир эканини исботлаб берди. Ўзбек-қозоқ ва бошқа этнослар тилларида янграган қўшиқларга навбатма-навбат рақсга тушган томошабинлар тадбирга янада файз бағишладилар. 

 

 

“Жанубий Қозоғистон” мухбири., 2017-05-23, 11:23
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.