26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Уюшган жиноятчилик – виждон олдидаги жиноят

Уюшган жиноятчиликни яхши дейдиганлар халқ ичида деярли йўқ. Давлат хизматини бажараётганлар ҳам, эл-юрт қатори насибасини териб, оиласини асраб юрган оддий одамлар ҳам бу ҳаракатни оқламайди. 

Бироқ давлат берган лавозимидан шахсий манфаати йўлида фойдаланиб, шу “ёмон ишга” аралашиб юрган шахслар бугунги кунда йўқ деб айтолмаймиз. Йил сайин минглаб одам уюшган жиноятчилик учун жавобга тортилмоқда. Уюшган жиноятчиликнинг жамият ва давлатга келтирадиган зарари ҳақида қанча сўзлар айтилиб, неча турли мақолалар ёзилмоқда. Шу соҳада тизимли иш юритиш учун ҚР Давлат хизмати ишлари ҳамда уюшган жиноятчиликка қарши ҳаракатлар агентлиги раиси томонидан “Жамиятда уюшган жиноятчиликка қарши маданиятни шакллантириш юзасидан 2018 йилга мўлжалланган мажмуавий режа” ҳам тасдиқланди. Бироқ мана шу жирканч иллатнинг давоси топилмаяпти. Хўш келажагимизга зиён келтириб, томиримизга болта ураётган бу иллатнинг сабаби нимада? Йўқчиликми? Тўқчиликми? Ёки мажбурликми? Ёзилмаган қонунчиликми? Шу ҳақда мулоҳаза юритиб кўрайлик.

Элбошимиз Н. А. Назарбаев Қозоғистон халқига йўллаган 2018 йил 10 январдаги “Тўртинчи саноат инқилоби шароитларида ривожланишнинг янги имкониятлари” Мактубда алоҳида кўтарилган масала – уюшган жиноятчиликка қарши кураш ва қонун устуворлиги эди. Сўнгги 3 йилда, юқори лавозимли амалдорлар ва давлат компанияларнинг раҳбарларини ҳам қўшганда, уюшган жиноятчилик учун 2,5 мингдан зиёд одам судлангани, улардан 17 миллиард тенге миқдорида келтирилган зарар ундириб олингани юртга ошкор қилинди. 

Умуман олганда жиноятчиликнинг давлат рақобатбардошлигини бирмунча пасайтириб, жамиятда демократик қайта қуришни амалга оширишга тўғоноқ бўлиши, элнинг халқаро обрўсига доғ тушириб қўйиши аниқ. Энг муҳими – одамларнинг жамият демократик асосларига, қонун ва адолатга бўлган ишончига, ҳокимиятга бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатиши турган гап.

Мутахассислар ушбу жиноятни учта йирик гуруҳга бўлиб, кўриб чиқадилар: 

Корпоратив уюшган жиноятчилик – капиталнинг мамлакатдан чиқарилиши, солиқ тўлашдан бўйин товлаш, тадбиркорликни юритиш учун амалдорларга пора бериш, кўпроқ фойда олиш учун монополиявий шароитдан фойдаланиш, шартнома тузиш, рухсатнома ва сертификатлар олиш учун пора бериш. 

Сиёсий уюшган жиноятчилик – пул олиб, давлат харидига тегишли бюджет маблағини ноқонуний тақсимлаш, турли давлат хизматларининг бажарилишини тезлатиш учун пора олиш, турли қонунбузарликларни яшириш учун пул таъма қилиш, маблағнинг депозит ёки облигация сифатида молия ташкилотларига юборилиши, сармоядорларга ноқонуний йўл билан қулай шароитлар яратиб бериш.

Маиший уюшган жиноятчилик – турли ижтимоий имтиёзлар ва хизматлар учун фуқаролардан пора олиш, қонун бузилишини яшириш, турли рухсатномалар олиш. 

Бу, албатта, уюшган жиноятчиликнинг энг катта тармоқлари. Бундан кейин таъкидланганлар яна шохлаб кетаверади.

Аслида, ҳамма ҳам ўзи яшаётган жамиятнинг адолатли қурилишини, муттасил ривожланиб боришини истайди. Масалан, ёшлар ўз билим ва малакасига қараб хоҳлаган ўқув юртида ўқиса, беморлар шифокорлардан давлатнинг тўлақонли ёрдамини олса, чорвадорлар ва деҳқонлар ўзларига белгиланган имтиёзлардан фойдаланса, қисқасини айтганда, халқ билан ҳокимият ўртасида ўзаро ишонч пайдо бўлса, тараққиётнинг энг юқори кўрсаткичи шу бўлса керак. Агар айтилган ёрдам турлари “бармоқ босди, кўз қисди билан” ўз эгаларига етмай, ўрта йўлда қолиб кетса, омманинг давлатга бўлган ишончи сусайиши сўзсиз. 

Шу ўринда, уюшган жиноятчиликка йўл қўйилган тақдирда ким енгади, ким енгилади, деган ҳақли савол туғилади. Бир қарашда, енг ичидан узатилган кир пулнинг ҳисобига бировлар ўзининг шахсий аҳволини яхшилаб, енгдик деб ўйлар балки. 

Бироқ бу ҳаракатдан улар вақтинча ютгани билан енгани йўқ, балки енгилди. Сабаби, уюшган жиноятчиликнинг субъекти ҳам, объекти ҳам ўзлари яшаётган жамиятни шакллантирувчилар. Жамиятшунослик фанидаги “ҳар ким ўз жамиятининг фарзанди” деган қоидани эсга олсак, улар ўзлари қураётган жамиятда ҳаёт кечиришади. 

Масалан, бир туманда автотранспорт йўллари дуруст таъмирланмаса, тиббий хизмат тўғри кўрсатилмаса, ёшлар тегишли давлат дастурларидан фойдалана олмаса, бундай жамиятда яшаш азоблари уюшган жиноятчиликка дахлдор одамларнинг ўзларига ҳам тегиши сўзсиз. Чунки улар ҳам, уларнинг бола-чақа, авлод-аждоди ҳам шу жамиятдан қочиб кетолмайди. Биз ҳаммамиз ўзимиз қураётган битта жамиятнинг “болаларимиз”.

Дарвоқе, халқ орасида уюшган жиноятчиликка қарши кураш маданиятини шакллантиришда “мен бой бўлмасамда, элим бой бўлсин”, деган миллий тамойилнинг аҳамияти катта.

Бир пайтлар Бўлтирик чечан қўлидаги бор молини қўни-қўшни, қариндош-уруғларига тугал бўлиб берганда, бир киши туриб: “Ҳой, Бўлтеке! Молнинг барини таратиб бердингиз, ўзингизнинг ҳам келиб-кетадиган меҳмонларингиз борку!? Ўзингизга ҳам бир-икки тўқли қолдирсангиз, бўлмасми”, – деб луқма ташлабди. Шунда чечан: “Бу халқ менинг камбағал эканимни билмайди, дейсанми? Менга меҳмон келса, мана, сизлар кутасизлар. Ўз ҳолимга мол йиғиб, нима қиламан?” – деб жавоб қайтарган экан. Мана, ушбу ҳикоянинг мазмунида ўзидан бурун элининг бой бўлишини истайдиган буюк мақсад ётибди. 

Бизнингча, ана шундай донишманд боболарнинг бугунги авлоди ҳам ана шу мақсадни унутмагани дуруст. Ўзимиз камбағал бўлганимиз билан, элимиз бой бўлса, шу бой элнинг шарофати баримизга тегади. 

Уюшган жиноятчиликка қарши кураш маданиятини шакллантиришнинг яна бир воситаси ор-уят механизмини ишга тушириш. Сабаби, қозоқ халқининг узоқ-яқин тарихида “гувоҳ”, “жиноят”, “ҳаром” деган тушунчаларга қараганда, “виждонингга ҳавола”, “уят бўлади” деган сўзлар биридан кўпроқ самара берган. 

Вақтида Абай отамиз кўплаган доно насиҳатларида ор ва уят тушунчаларини олға суради. Масалан, оила қурмоқчи бўлган ёш йигитларга: “Номуси бор, ақли бор, уяти бор ота-онанинг қизидан ғофил қолма!” деб маслаҳат беради. Нима учун бу ерда энг аввало номус тилга олинади? Сабаби, ҳар бир одам юрагининг энг тубида ётадиган ор-виждон ҳеч қачон тарозига ҳиёнат қилмайди. Оқни оқ, қорани қора, деб ажратиб беради. Номусини ўйлаган одам жиноятга бормайди, унга қоровулнинг ҳам кераги йўқ.

Номусни жонидан ортиқ қадрлайдиган миллий хусусиятнинг ҳам отадан болага мерос бўлиб келаётгани бежиз эмас. Шундандир балки, Абай ҳаким яна бир шеърида: “Номуси бор, уяти бор каттага ишон сен, Ўзи зўрнинг бўлади ҳукми ҳам зўр”, деб насиҳат қилади. Мана, ор ва уятнинг борлигини кишиликка, катталикка, зўр деган сифатларга қўшади. Бу номусига доғ тушириб, уятидан ажраб қолган киши обрўли шахслар қаторига қўшилмайди, деган сўздир. 

Қурмиси бийнинг “Одамни алдаш – виждонинг олдида жиноят, акангни алдаш – онангнинг олдида жиноят”, деган ибратли сўзи ҳам жуда чуқур маъно кашф этади. 

Мана, шундан келиб чиққан ҳолда, уюшган жиноятчиликни ҳам виждон олдидаги жиноятга менгзасак, хато қилмаймиз. 

Энди масаланинг яна бир жиҳатига тўхталиб ўтайлик. Уюшган жиноятчиликнинг яна бир сабаби иш ҳақининг озлиги деб ўйлайдиганлар бор. Буни ҳам йўққа чиқара олмаймаиз. Чунки бадавлат мамлакатларда ривожланишнинг кўриниши ҳар бир мутахассисга бўлинадиган маошнинг кўплиги, умр ёши узунлиги ҳамда туғилган болалар сонининг юқорилиги билан ўлчаниб юрганини кузатамиз. Баъзи бир дунёвий тажрибаларда маошнинг ходим бажараётган ишга эмас, унинг ўзининг ҳамда оиласининг моддий эҳтиёжларига ҳам қараб белгиланиши учрайди. Албатта, бераверсанг, одам эҳтиёжи чексиз-ку, деган савол туғилиши табиий. Бунинг ҳам жавоби тайёр. Бу борада одамларга кундаликда керак бўладиган биологик, ижтимоий эҳтиёжларнигина назарда тутиб, исрофгарчиликка йўл очадиган паразит эҳтиёжларни ҳисобга олмаслик орқали масалани ҳал этиш мумкин.

Мақоламни қозоқ халқининг “атоқли” давлат ҳамда жамоат арбоби Нуртас Ўндасиновнинг уч тозалик тўғрисидаги доно сўзлари билан якунламоқчиман: “Биринчидан, қанча йил қўлимда ҳокимият бўлса ҳам, бировдан бир тийин ҳам пора олмадим – Қўлим тоза! Иккинчидан, учликнинг бири бўлиб, бировнинг сиртидан имзо чеккан эмасман, яъни ҳеч кимнинг қони бўйнимда эмас – Виждоним тоза! Учинчидан, одамларни отага, уруғга, жузга бўлган ҳам, ҳатто ҳеч кимнинг ҳеч қачон жузини сўраган ҳам эмасман – Юзим тоза!”

Самат САПАРБАЕВ, Жанубий Қозоғистон вилоят дин ишлари бошқармасининг раҳбари, 2018-06-01, 17:12 190
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.