26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Сара уруғ, рағбат, янги технологиялар

 «Нимани эксанг – шуни ўрасан». Нима экяпмиз ва нима оляпмиз? Нега сифатли тола кам етиштирилади, ҳар бир минтақанинг табиий иқлимига мос, серҳосил ғўза навларини яратиш, сара уруғ ҳозирлаш бўйича жойларда қандай аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, нима сабабдан агрофакультет битирувчилари уруғчиликка қизиқмаяпти?

Мақола муаллифи ушбу саволларга жавоб топишга уриниб кўрди. 

 – Вилоятимизда пахтанинг 12 нави етиштирилади, – деди Жанубий Қозоғистон вилоят қишлоқ хўжалик экинлари навини синаш инспектураси раҳбари Б. Мирзабаев: . – Ундан 6 нав пахтачилик илмий-тадқиқот институтининг маҳсули. «Туркистон» ва «Туркистон1» навлари бор, уларнинг  муал­лифлиги ҚР экология ва экспериментал биология илмий-тадқиқот институтига тегишли. Бу навлар Туркистон минтақаси ва Қизилўрда вилоятида экилади. Навлардан энг эскиси – «С4727»нинг тозалигини сақлаш бўйича элита уруғи етиштирадиган  хўжалик бўлмагани учун ҳозир унинг кон­дицияси номаълум. Бундан ташқари, заводларга пахта ўтказилади, қандай навни ўтказаётганини фермерларнинг ўзлари баъзан билишмайди, натижада, олинган чигит қайси навники эканини ҳам аниқлаш мумкин бўлмай қолади. Ваҳоланки, собиқ Иттифоқ даврида бундай камчиликка умуман йўл қўйилмаган. Минтақада экилган навлар назорат қилиниб, ҳар бирини алоҳида қабул қиладиган қабул пунктлари бўлган. Ҳозир қайси хўжалик қайси навни экаётганини  аниқлаш осон эмас. Чунки, назорат суст. Аслида бу иш билан қишлоқ хўжалик бўлимларида ишлаётган уруғ нозирлари шуғулланиши керак. 

Бир-неча йил муқаддам бир деҳқон қўшни республикадан Қозоғистонга буғдой уруғи олиб келаётганида чегарачилар ўтказишмаган эди. Деҳқоннинг арзи кў­­рилиб, чегарачилар ҳақ бўлиб чи­қишди. Чунки, олиб келинаётган ғаллада қишлоқ хўжалик экинлари касаллиги бўлиши мумкин экан. Вилоятимиз тари­хида шундай воқеа бўлган. Кимдир Арабистондан ярим қоп буғдой олиб келиб, эккан. Ундаги касаллик вилоят хўжа­ликларининг ярмига тарқалган. Ҳозир эса чигитни Хитойдан олиб келиб экаётган деҳқон хўжаликлари бор. Уруғни ҳеч ким текширмайди, та­ваккалчилик.   

Албатта, пахтачиликнинг ўзига яра­ша машаққати бор. Бир йиллари қиш эр­та келиб, деҳқонлар ерни ҳайдашга ул­гуришмади. Баҳорда эса ёмғир ёғиш ўрнига ўттиз даражали иссиқ ва ша­мол туфайли ердаги намнинг борини қу­­­ритиб юборди. Мақтаарал туманига Ўз­бекистондан оқиб келаётган Дўстлик ка­налида сув жилдираб турди. Деҳқонлар ҳеч бўлмаса насослар ёрдамида сувни кўтариб оламиз, дея ке­чаю-кундуз ух­ламай, сувнинг келишини пойлашди, аммо кўп­чилик сувга етиша олмади. Бир йили эса, экинни вай­рон қилувчи жала ва бе­дана тухумидек дўл ёғди. Кутилмаган табиий офат деярли 30 минг гектар ердаги ғўзани  йўқ қилди. Хў­­­­­­жаликлар қайта чигит экиб, миллионлаб зарар кўрди. Қайта экилган майдонда ҳо­силдорлик деярли икки баравар камаяди. Бундай зарарнинг олдини олиш мақсадида Жанубий Қозоғистон вилоят гидрогеолого-мелиоратив экспе­дицияси раҳбари, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Карл Анзельм 2000 йилларда янги технологияни ишлаб чиққан эди. У ғўзани кўчат усулида экишни тавсия қилган эди, лекин, ҳамкасблари томонидан қўллов топмади. Шунга қара­май, баъзи хўжаликларда бу усул қўл­ланилмоқда. 

Вилоятнинг бир ҳокими пахта май­донларини қисқартиришни таклиф қилган бўлса, бошқаси кенгайтириш таклифи билан чиққанига гувоҳмиз. 

Мустақилликнинг илк йилларида ви­ло­­ятимиз қишлоқ хўжалиги мутасад­ди­­­­лари олдига экспортга яроқли маҳсулот етиштириш вазифаси кўндаланг қўйилди. Мева-сабзавот, ғалла ва ҳатто гўшт маҳ­сулотлари сифатининг пастлиги, кам миқ­дори ва сотув инфратузилмаларининг йўқ­лиги туфайли улар халқаро бозорга йўл топа олмади. Кондицияси паст бў­лишига қарамай, пах­­тага талаб, эҳтиёж бар­қарорлигича  қол­гач, аввал  Мақтаарал туманида турли фирмаларининг вакиллари  баҳорги дала ишларини ўтказиш учун деҳ­қонларга олдиндан пул бера бош­ла­дилар. Пахта теримидан кейин эса қол­ган пахтани ҳам нақд пулга олиб кета бошлашди. Ста­тистика маълумотларига кўра 1995 йилда вилоятимизда ғўза  етиш­­­­­­­тириш учун 109,6 минг гектар ер аж­­­ра­тилган бўлса, 2004 йилга келиб бу кўр­­саткич 224 минг гектарга етди, бу ик­ки баравардан кўп. Фойда ке­тидан қув­ган пахтакорлар алмашлаб экиш ва бош­­­­­­­қа агротехник тадбирларсиз пахта  ер­­­­­нинг кучини олиб қўйишини унутиб  қўйдилар. Натижада, ҳосилдорлик 25-28 центнердан 19-20 центнергача тушиб,  етиштирилаётган пахтанинг сифати ҳам пасайиб кетди. Яъни, пахта толасининг  ўртача миқдори ҳам уч фоизга пасайди. Қишлоқ хўжалигига ажратилаётган суб­сидияни олиш қийинлашгани боис, тарқоқ деҳқон хўжаликлари бирлаштирила бош­ланди. Бундан ташқари, давлат сувга бериладиган субсидияга янгича талаб­лар қўйди: эскича услубда, сувни жўяк орқали оқизиб суғорадиган деҳқонларга харажатларнинг 10 фоизи қопланса, том­чилатиб суғорадиган деҳқонлар учун ха­ра­жатларнинг 80 фоизи қопланмоқда. Далаларни зараркунандалардан тозалаш  – давлат  зиммасида. Лекин  давлат ёрдами етарли бўлмаяпти. Катта майдонларда  ғўза турли касалликларга чалиниб, оқибатда пахта хомашёсининг сифати пасаймоқда.

Пахтачилик стратегик хомашё сифатида давлат томонидан қўллаб-қув­ватланмоқда. Чунончи, Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Тараққиёт ва тикланиш халқаро банкининг молиявий кўмаги ор­қали Мақтаарал туманида экин­ларнинг сув таъминотини яхшилаш бўйича катта ишлар амалга оширилди. 1200тадан зиёд гидротехникавий иншо­отлар қурилиб, 92 чақирим электр тармоқлари тортилди. Иншоотлар сув фойдаланувчиларининг “Береке” ва “Тоза сув” истеъмолчи ширкат­ларининг тасарруфига ўтказилди. Лекин деҳқонлар гидротехникавий иншоотлардан фойдаланишга пул топа олмадилар. Фой­даланилмай ётган қиматбаҳо ускуна­­­­­ларнинг ярмидан кўпи ўғирланди. Хўжа­лик раҳбарлари полицияга мурожаат қилишди, аммо трансформаторлар то­пилмади. Бунинг сабаби – пахтакор­ларнинг тарқоқлигида. Акс ҳолда гидро­иншоотларнинг ўғирланишига йўл қў­йилмаган бўларди. Ўғриларни деҳ­қон­ларнинг бири бўлмаса, бири кўрарди. Шу ўринда ўтган асрнинг 80 йилларида юз берган воқеа ёдимга тушди. Таҳририят топшириғи билан бир хўжаликка кетаётган эдик, узоқдан буғдойзор ёнаётганини кў­риб қолдик. Шу жойга етиб бордик. Экин майдони катта ариқнинг икки томонида жойлашган экан. Бир томони ёняпти, ик­кинчи томонида одамлар  юришибди.

– Ўт ўчирувчиларга хабар бердингларми? – сўрадик биз.

– Нега  хабар берар эканмиз, – жавоб берди ёш йигит. – Ахир бу ғалла  бизнинг бригаданики эмаску.

Мақтааралда ҳам  гидроускуналар ўғир­ланаётганини кимдир кўрган бўлса ҳам, полицияга хабар бермаган бўлиши мумкин.  

– Демак, ҳозир қишлоқ хўжалик инсти­тутлари селекционерлар тайёрлашни тўх­та­тишган. Бунинг ўрнига кенг профилли агрономлар тайёрламоқда, шундайми? – сўраймиз Б. Мирзабековдан.

– Худди шундай. Селекционерлар фа­қат собиқ иттифоқ даврида тайёр­ла­нар­­­­­­­­­­­­­ди. Бундан ташқари, уларнинг их­ти­ро­­лари самара берса, йирик миқ­дор­да рағ­­­­­батлантирувчи мукофот бери­ларди. Чунки, янги нав яратиш учун зироат­шуноснинг ўн йиллаб вақти кетарди. Нав самара берсагина рағбатлантириларди. Шунинг учун ҳар ким ҳам бу ишнинг бошини тутишга рози бўлавермасди.

Бир воқеани айтиб берай. Бир куни  Сариоғоч туманидаги Телман номли жа­моа хўжалигига ҚР Комфирқаси биринчи котиби Динмухаммед Қўнаев келди. Уни “красноводопадская 210” навли буғдой етиштирилаётган далага олиб бордик. Йирик  бошоқлар доннинг оғирлигидан эгилиб турарди. Қўнаев нав муаллифи билан қизиқди. Биз Андрей Фёдорович Марко эканини айтиб, кўп ўтмай, партия раҳбари билан уни юзлаштирдик. Ан­дрей Фёдорович меҳнатининг юксак баҳоланганидан кўзига ёш олди. 

Динмухаммед  Ахмедули Маркога 20 минг сўм мукофот пули беришни топширди. Бу шу давр учун катта маблағ  эди. Жануб­да ўнлаб таниқли селекционерлар етишиб чиққан. Шулардан бири – арпанинг тўрт нави, шу жумладан, “байшешек”нинг  му­­­­­­аллифи оддий агроном Садирбай Бай­туғанов. Бу навга ҳозир ҳам Ўрта Осиё давлатларида талаб катта. Агроном  ҳат­то номзодлик диссертациясини ҳам ёз­маган, лекин яратган янги нави учун унга олимлик даражаси берилган. Элбоши ўз мактубларида рақобатбардош бўлиш, рақобатбардош  ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, шунинг натижасида 30та ри­­­­­­­­­­­­­­­­­­вожланган мамлакат қаторига кириш ва­­­­­­­­­­­­­­­­­зифасини юклади. Қишлоқ хўжалик  экин­лари ҳосилдорлиги ва сифатини орт­ти­риш учун эса  кўп ҳолларда илм-фанга, янги, замонавий технологияларни қўллай олишга боғлиқ.  

Мирзабаев билан суҳбатлашиб бўлгач,  Карл Анзельмдан ғўзани кўчат усулида  етиштириш ҳақида батафсил гапириб  бе­ришини илтимос қилдим.  

– Балки, сиз ихтиро қилган усул ер майдони унча катта бўлмаган деҳқонларни қизиқтириб қолар? – сўрадим ундан.

– Мен бу усулнинг муаллифи эмасман. Биз фақат Сариоғоч туманидаги хўжалик­ларда тажриба  ўтказдик, холос. Унда Бўлат Мирзабекули ҳам иштирок этди. Бу усулни хитойлик пахтакорлар кўп йиллардан бери қўллаб келишмоқда. Чигит аввал турли органик ўғитлар, пахта тозалаш заводлари чиқиндилари ва тупроқ билан тўлдирилган тувакчаларга экилади. Улардаги ўғит бир томондан тупроқни озиқлантириб, бо­йитса, иккинчи томондан, кўчатларга куч бериб, турли касалликларга бардошли бўлишини таъминлайди. Даст­­­­­­аввал, ўрта толали “С4727” навини иссиқ­­­хонадаги тувакчаларга экдик, 4-5-куни улар униб чиқди. Апрельнинг биринчи ўнкунлигида бўйи 15-20 сантиметрга етган кўчатларни далага экдик. Кузатувлар кўрсатдики, 40 кундан кейин ерга чигит ҳолида экилган ғўзалардан ўзиб кетди, бўйи баланд  ва ҳосилдорлиги 20 фоиз юқори бўлди. Сентябрнинг биринчи ўнкунлигида машина теримига киришилди. Шу усулда ингичка толали пахта етиштириш ҳам мумкин. Иқлимнинг ўзгариши туфайли пахта етиш­тириш йилдан йилга қийинлашиб бо­раётгани сир эмас. Шунинг учун фақат янги нав излаш билан чегараланиб қол­масдан, янги, жадал технологияларни ҳам излаш мақсадга мувофиқ. Давлат  миқёсида Ўзбекистон қишлоқ хўжалик  олий ўқув юртлари билан алоқа ўрна­тиб, селекционер мутахассисларни тайёр­лаш, пахта кластерига асос солиш, қозо­ғистонлик пахтакорларнинг ўзбекис­тонлик ҳамкасблари билан учрашиб, тажриба ал­машиши учун имконият яратиш масалалари ҳам долзарб.

Авазхон АБДУФАТТОҲ, 2018-06-12, 10:44 177
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.