26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Ўгай ота

Ҳарбий хизматни тугатиб, захирага чиққан Адҳамбек Шимкентга қайтиб келди. 

Ичига чироқ ёқса ёримайди. Бир йил муқаддам оиласидан айрилган – турмуш ўртоғи, ўғли ва қизи автоҳалокатда оламдан ўтишган. Қайғуни иш билан енгишга, қадрдон шаҳрида ўз бизнесини очишга қарор қилди. Аввал ҳужжатларини олиб, сотиб олган уйига рўйхатга туриш учун ҳарбий комиссариатга келди. Унинг таржимаи-ҳоли ва оилавий фожиасидан хабар топган ходима унга опасининг телефон рақамини берди. 

– Тақдирларингиз аянчли экан. Ирода опамнинг турмуши бузилган. Мактабда ишлайди. Уч ёшли қизи билан қолди. Балки, тақдирнинг ҳукми билан оила қуриб, ҳаётингизни бирга давом эттирарсизлар. 

Тақдир экан, улар оила қуришди. 

– Ойи, энди бу амаки менинг дадам бўладими? – сўради Маҳбуба онасидан Адҳамбекни кўрсатиб. 

Қуйиб қўйгандек онасига ўхшаган қизнинг бу гапини эшитиб, у беихтиёр жилмайди:

– Ҳа, энди сенинг даданг бўламан. Энди ҳаммамиз янги уйда яшаймиз. Катта боғимиз бор. Сенга кўп қуён олиб бераман. Қизалоқ «янги» дадасига талпинди. 

Шундай қилиб, Адҳамбек, Ирода, Маҳбуба учун умр дафтарининг янги саҳифалари очилди. Собиқ зобитнинг тадбиркорлик соҳасидаги ишлари юришиб кетди. У оиласидан орттириб, топган-тутганини эҳтиёжмандларга ҳомийлик ёрдами сифатида бериб турди. 

Йиллар шу тарзда ўтиб, Маҳбуба мактабни ҳам тугатди. Қадди-қомати келишган, чиройда тенгги йўқ қизга совчилар кела бошлади. Шулардан бири – Тоҳиржон Маҳбубага ёқди. Ўз уйи бўлмаса ҳам, олий маълумотли, ҳуқуқшунос. Тўй ўтиб, биринчи фарзанд – Машҳура дунёга келди. Қизалоқ касалманд бўлгани сабабли унинг ёнида бўлиш учун бувиси – Ирода ишдан бўшади. Қизи институтга ўқишга кирди. Кўп ўтмай, иккинчи фарзанди – Шоҳида туғилди. Шифокорлар унинг соғлиги ҳам ночорлигини айтишди. Икки фарзанди ҳам касал Маҳбуба ҳали Астанага, ҳали Москвага қатнаб, оиласи моддий жиҳатдан қийналиб қолди, ҳатто, ижара пулини тўлай олмай қолган кунлар бўлди. Ҳатто Тоҳиржон очган хусусий корхона ҳам касодга учради. 

Машҳура ўгай отасига келиб, кредитга уй олиб беришни илтимос қилди. 

– Биздан кейин мана шу уй сизларники бўлади. Ҳозир, амаллаб туринглар, – деб, уни қайтариб юборди.

Тохир кунларнинг бирида оиласидан воз кечиб, Маҳбубани ташлаб кетди. 

– Сен куйинма, қизим, деди Адҳамбек ўгай қизига. – Биз доимо ёнингда бўламиз. Дарҳақиқат, ундан, невараларидан моддий ёрдамини аямади. 

Бир куни Ироданинг аҳволи оғирлашиб, ётиб қолди. Адҳамбек унга бир пиёла сув олиб кетаётган эди, Маҳбуба йўлини тўсди:

– Сиз бизга алоҳида уй олиб бермаганингиз учун Тоҳиржон ташлаб кетди. Ҳаётимни сиз заҳарладингиз, – деди у.

Кутилмаган ноҳақ айбловдан Адҳамбекнинг қўлидаги пиёла ерга тушиб, синди. У ҳеч нарса демай, ўз хонасига кириб кетди. Туни билан ухлай олмади. «Нега бундай бўлди? Ахир уни ўз қизимдан ортиқ кўриб, тарбиялаган эдимку? Нега шунчалик бефаросат бўлиб чиқди?» , ўйлади у.

Эртасига онасининг аҳволи яхшиланди, Маҳбуба эса ҳеч нарса бўлмагандай, нонушта тайёрлаб, ота-онаси ва қизларини дастурхонга чақирди. 

Вақт ўтиб, невараларининг ҳам бўйи етиб қолди. Маҳбуба бошқа турмуш қурмади. Унинг сўнгги пайтларда хомуш юрганини кўриб, Адҳамбек:

– Қизим, сенга нима бўлди, чиройинг очилмайди, ё бирон жойинг оғрияптими?

– Мен сизнинг қизингиз эмасман. Ўз отамни излаб топдим. Энди сиз кетишингиз керак!

Қария қаттиқ оғриқдан юрагини чангаллаб қолди. 

– Мана, кўрдингизми, эртага ётиб қолсангиз, бир одам сиз билан овора бўлиши керак.

Неваралари ҳам онасининг ёнини олишди. 

Иродага у ҳеч нарса демади, лекин хотини нима бўлганини тушунди. Адҳамбекни қучди.

– Юр, қишлоққа кетайлик, – деди хотинига. – Ота--онамдан қолган уй бор, шу ерда яшаймиз. 

Ирода кўнмади. 

– Қизимни, невараларимни бу аҳволда ташлаб кета олмайман, – жавоб берди у. 

– Айтингчи, нега бундай бўляпти? – савол йўллабди Ирода. – Эрим билан 30 йил аҳил-иноқ яшадим. Бундан ортиқ бахтнинг кераги йўқ. Ҳозир қизим ва невараларим уни қариялар уйига топширишимни талаб қилишяпти. Қизим ўз отасини топибди. Унинг хотини вафот этганига анча бўлибди, кўчада садақа сўраб юрган экан. Уни шу уйга олиб келайлик, деяпти. Мен бунга ҳеч қачон кўнмайман.

Адҳамбек отани ҳам бир куни учратдим. 

– «Ҳамма бахтли оилалар бир-бирига ўхшайди», деб ёзган эди Лев Толстой. Яна ҳар бир бахтсиз оила ўзича бахтсиз экани ҳам рост, – дедим мен.

– Мен ўзимни бахтсиз деб ҳисобламайман. Бир қизни вояга етказган жаннати бўлади, дейилади исломий манбаларда. Мен уч қизни вояга етказдим. Улар, бахтимга соғ-саломат. Ўлгунимча Оллоҳдан уларнинг бахтини сўраб ўтаман. Ҳарбий хизматда кўп маротаба қийин аҳволга тушганман, ҳаммасини енгиб чиққанман. Ўйлайманки, бу қийинчиликлар ҳам вақтинча. Қизим ва невараларимга инсоф бериб қолар, иншааллоҳ...

А. АБДУФАТТОҲ, 2018-06-14, 10:14 177
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.