26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Оқ халатли бахтиёр она

2017 йилнинг «Энг яхши болалар невролог-шифокори» унвонига сазовор бўлган ҳамюртимиз, кўплаб болаларнинг жонини сақлашда фидойилик кўрсатган олий тоифали болалар невропатолог-шифокори Илмира Маҳмуджон қизи Болтабоева мана 30 йилдирки тиббиёт соҳасида тер тўкмоқда. 

У 1983-1989 йиллари Ўрта Осиё педиатрия институтида таҳсил олган шифокор интернатурани Шимкент шаҳридаги вилоят клиник касалхонасида ўтади. 

1990 йилдан шаҳар 2-сонли болалар поликлиникасида болалар невропатологи бўлиб фаолият юритган Илмира шу йили ҳамшаҳари – фармацевт Зайниддин Раҳмиддин ўғли Болтабоев билан турмуш ришталарини боғлаб, катта оилага келин бўлиб тушди. 1996 йилдан бугунги кунга қадар вилоят кўп тармоқли болалар касалхонасида болалар невропатолог-шифокори бўлиб ишлаб келаётган И. Болтабоева 2010-2013 йиллари шу даргоҳда болалар неврологияси бўлимини самарали бошқарди. 2008 ва 2014 йиллари 2-сонли Москва Тиббиёт Академиясида болалар нейрофизиологияси бўйича бир ойлик курсида малака оширган Илмира Маҳмуджон қизи бугунги кунда болалар нейрофизиологияси соҳасида вилоятимизда саноқли мутахассислардан бири. 2011 йили айнан шу соҳа бўйича Новосибирск Тиббиёт университетида яна 4 ойлик малака ошириш курсларида билимини оширди. Алмати ва Астана шаҳарларида болалар неврологияси, Тошкент Тиббиёт Академиясида болаларни игна билан даволаш махсус курсларида таҳсил олиб, ўз устида мунтазам ишламоқда. 

У вилоят болалар касалхонасида фаолият юритибгина қолмай, 1998-2009 йиллар мобайнида вилоят санитария авиацияси таркибида вилоятимизнинг олис нуқталаридан SOS сигналини қабул қилиб, оғир дардга мубтало бўлган болаларга тиббий ёрдам кўрсатиб келди. 2009 йилдан эса “Мейир” хусусий клиникасида ҳам болалар невропатологи сифатида ишлаб келмоқда. Меҳнат фаолияти мобайнида кўплаб фахрий ёрлиқлар ва дипломлар билан тақдирланган. 

“Менинг олий ўқув юртида таҳсил олишим ва шундай шарафли касб соҳиби бўлишимга замин ҳозирлаган раҳматли падарибузрукворим, кўп йиллар вилоят телерадио тармоғида раҳбарлик лавозимида ишлаган таниқли алоқачи Маҳмуджон Маҳкам ўғли Эшметов ва меҳрибон онажоним Ирисой ҳожи Йўлдош қизи билан фахрланаман. Улар биз – Раҳимжон акам, Раҳима ҳамда Вазира сингилларим ва менинг олий маълумотли бўлишимизга шароит яратиб бердилар. Биз ота-оналаримиз билан ҳамиша ғурурланамиз. Уларнинг ҳақига доимо дуо қилиб, оёқлари остига поёндоз ёзамиз. Ўзим бугун буви мақомига эришган бўлсам-да, ҳануз онамнинг маслаҳатларига зорман. Отам раҳматли бизнинг суянчиғимиз, маслаҳатгўйимиз эди. Начора, Оллоҳнинг иродаси экан, ўтган йили боқийликка риҳлат қилди. Ота-оналарни қадрлаш, уларнинг хизматида бўлиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз”, – дейди И. Болтабаева. 

Илмира Маҳмуджон қизи оиласи қучоғида бахтини топган она. Унинг хонадони турфа гуллар, бутасимон дарахтлар ва яшил олам бир-бирига уйғунликда гўзал бир манзарани кашф қилмоқда. Илмира опанинг “Буларнинг барчасини хўжайиним иккимиз қилдик”, деган сўзлари у кишига нисбатан ҳурматимни юз чандон оширди. 

Ўғли Диёржон молия соҳасини тамомлаган, тадбиркорлик билан машғул. Оқила ва гўзал қизи Тахминахон эса ота касби фармацевтикани танлаган, провизор, “Зерде” компанияси дорихонаси мудири ўринбосари бўлиб ишламоқда. Оила сариштаси – келини Шаҳзодахон Ойбек номли 14-ўрта мактабда логопед. Оилада жажжи невара Комронбек вояга етмоқда. Суюкли ёр ва севимли буви, фаолиятда ҳурмат-эътиборга сазовор касб соҳиби бўлишдан ортиқ бахт борми, бу дунёда?! Ана шундай бахтиёр оналарга доимо таъзим қилиб қоламиз. 

С. ТУРСУНМАТОВ, 2018-06-14, 10:24 979
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.