26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Гуноҳсиз гуноҳкор

Қорамурт қишлоғида Лузумий номидаги “Қорамурт” ижодий уюшмаси аъзоларининг навбатдаги машғулоти ўтди. Унда уюшма раҳбари Ғуломжон Қўрғонбоев жорий йилнинг октябрь ойида араб ва форс тиллари билимдони, ўзбек миллий мумтоз адабиётининг забардаст намояндаларидан бири Абдулҳамид Лузумийнинг 118 йиллигини кенг жамоатчилик билан нишонлаб ўтишини маълум қилди.

Шу муносабат билан Абдулҳамид Лузумий ҳақида эшитган, билган-кўрганларини муштарийларга баён этишни лозим кўрди.

Махсумнинг ташрифи

 

Ўтган асрнинг ўрталарида бир куни раҳматли дадам Муҳиддин Норметов эрталабки нонуштадан сўнг, онамиз Адолатга Қорижон(Сайдикарим қорини шундай аташарди)никига Чимкентдан Абдулҳамид махсум келибди, деб шоша-пиша уйдан чиқиб кетди. Кейинроқ, амакимнинг ўғли Турсунбой дўстим билан ўйин баҳона мен ҳам боғ оралаб бораётган эдим, анор-анжирзорлар ёнида, тўкин дастурхон атрофидаги давра тўрида ўтирган қисқа мўйловли зиёли меҳмон отахонга кўзим тушди. Меҳмонларга салом бергач, шу атрофда ўйнаб юриб, уларнинг суҳбатидан қисман бўлса ҳам баҳраманд бўлганман. Бу мўътабар инсоннинг ўқиган шеър, ғазал, муҳаммас, амру-маъруфлари, шунингдек, қатағонлик йиллари ва сургунликда бошдан ўтказган мудҳиш ҳаёти тўғрисидаги ҳангомаларини бошқалар қатори Иброҳим бобо (адамнинг амакиси), адам ва бошқалар қунт билан тинглашар эди. Сабаби, отамнинг укаси Ҳусниддин амакимнинг тақдири ҳам меҳмон тақдирига ўхшаш бўлиб, у киши Троцкийчи “хоин” сифатида Узоқ Сибирга сургун қилинган, дадаси эса 1937 йили қорамуртлик учликлар томонидан уйдирма айблар асосида бир тунда ҳибсга олиниб, Шимкентдаги қамоқхоналардан бирига қамалганидан бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Аслида бувамиз 1937 йилнинг 31 августида қатл қилинганлиги 1989 йилда (оқланган пайтда) маълум бўлади. Шу сабабли бўлса керак, амаким, дадам ва оиламизнинг бошқа аъзоларида бувамиз Сибирга сургун қилинган бўлса, тириклигига ишонч, умид бор эди. Меҳмондан бу ҳақда сўралганда, домла Сибирда соғ-омон бўлса, яқинда келиб қолар, деб умидворларни юпатар эди.

 

Абдулҳамид Лузумий тўғрисида нима биламиз?

 

Абдулҳамид Қосим ўғли 1900 йили Жанубий Қозоғистон вилоятининг Қорамурт қишлоғида таваллуд топган.

Отаси мулла Қосим ўқимишли, илм-фанни севган маърифатпарвар инсон бўлган. Онаси эса ўғли Абдулҳамид етти ёшга тўлганда вафот этади. Кенжа ўғлининг зийрак ва ўткир зеҳнини кўрган отаси уни ўқита бошлайди. Шу тариқа, Абдулҳамид ўн икки ёшгача отасининг ёрдамида “Ҳафтияк”, “Қуръон”, “Сўфи Оллоёр”, “Хожа Ҳофиз” китобларини ўқиб, саводини чиқаради. Кейин мулла Қосим ўғлини Шимкент шаҳридаги мударрис Муҳаммад Собирхон домла ҳузурига ўқишга юборади.

Муҳаммад Собирхон домла Бухорои шарифдаги мадрасаларда таҳсил кўрган, илмли киши бўлиб, кўплаб шогирдларга, жумладан, Абдулҳамид Лузумий, мулла Абдулғани Қодиров, Ҳусан қори Нуралиев ва бошқаларга сабоқ берган меҳрибон устоз бўлган экан. Домланинг фарзандлари бўлмагач, Абдулҳамидни отасидан вафоти олдидан фарзандликка сўраб олади. Шундан сўнг Абдулҳамид домланинг уйида ҳам фарзанд, ҳам шогирд бўлиб таҳсил олади. А. Лузумий устози Собирхон домла ҳақида шундай ёзади:

Адиби асл устози замона,

Улуми шаръиға гўё хизона

Ғариби ё етим бўлса қачонким,

Талатуб айлагай чин ота-она.

Шу пайтдан бошлаб, то умрининг охиригача Абдулҳамид Лузумий Қосимов-Собиров қўш фамилия билан ана шу масканда яшаб, ижод этди. Унинг ўзбек, форс, араб ва турк тилларидаги қўлёзмалари тақдир тақозоси билан йўқолган ёки...

Лузумий Навоий, Фузулий девонларини, Муқимий, Фурқат, Абдулла, Авлоний ва бошқа шоирларнинг шеърларини қайта-қайта мутолаа қилган, уларга мухаммаслар битган.

У буюк Навоийни ўзига устоз деб билган ва “Гар Навоийни манга устоз десам ёлғон эмас, яъни ман шогирдини шогирдини шогирдиман”, – деганлари мутлақо ҳақиқат бўлган.

Абдулҳамид домла 1928-1937 йилларда Чимкент пойафзал фабрикасида этикдўз бўлиб ишлади. 1937 йили қатағон қилиниб, 8 йил сургун(Сибирь)да бўлиб, қийинчиликларни бошдан ўтказади. Бу ҳақда:

Дўстлар, эшитингиз бул ҳикоятим,

Дунёдан қилган бир оз шикоятим,

Қийинлик китобларин кўриб ёзган

Кўнгилни дафтаридан ривоятим.

Минг тўққиз юз ўттиз еттининг сўнгги

Йигирма саккизинчи август эрди.

Қамоққа олди мани НКВД,

Соат бир-икки вақт эрди тунги.

Болалар муни кўриб дириллади,

Қўрқушуб яна бирдан чириллади.

Қарамай ўнг-сўнггига нагон олиб,

Олдига солиб мани зириллади.

Келтуриб КПЗга қамаб қўйди.

Ҳуқуқим, ихтиёрим барин йўйди

Бўлмаган саволларни жавобидин

Қийналиб тирикликдан жоним тўйди, – дейди.

1945 йили 8 йиллик муддатини даҳшатли Сибирда ўтагач, соғ-омон ўз юртига қайтади ва 1951 йилгача косибчилик касбини давом эттиради. “Бор бўлсанг кўролмайди, йўқ бўлсанг беролмайдиган” “оғайнилари”, домланинг устидан яна шикоят ёзиб, уни уч йил сургунда ҳаёт кечиришга мажбур этади.

Гуноҳсиз гуноҳкор Абдулҳамид Лузумий 1957 йили оқланади.

Абдулҳамид Лузумийнинг ижодига назар солар эканмиз, унинг табаррук қўли билан битилган шеър, ғазал ва муножотларида барча яхшилик ва эзгуликлар, тафаккур даражамизга мос одоб-аҳлоқ, меҳр-оқибат, имон-эътиқод белгилари одамийликнинг ўзига хос фазилатлари қаламга олинган.

Лузумийнинг ҳозирги замон ўзбек адабиётида аруз (шеър тузилишида узун ва қисқа бўғинларнинг маълум тартибда алмашиб келишига асосланган вазн тузилиши)даги ижоди ҳам таҳсинга лойиқ ва ибратлидир.

Айниқса, унинг “Муножот”, “Сибирда айтилган муножот”, “Фузулий ғазалига мухаммас”лари, умр йўлдоши Зайнабга аталган бағишлов ва ғазали, “Сенсиз ўтган бир кеча бир йилдин ортуқдур манга” каби шеър ва ғазалларида устознинг сўз ишлатиш санъати, маъно товланишлари беҳад нозиклик билан амалга оширилганлигининг гувоҳи бўламиз.

Абдулҳамид домла 1977 йил 7 январда узоқ давом этган хасталикдан сўнг вафот этди.

Унинг оғир қисмати, ҳаёт йўли, бетакрор ижоди бугунги ёш ижодкор, қолаверса, уни билган, кўрган ва унинг суҳбатидан баҳраманд бўлган инсонлар қалбида узоқ йиллар сақланажак.

Қадим юрт алломаси

(Шоир Абдулҳамид Лузумийнинг 118 йиллигига бағишлов)

 

Туркий қавмига мансубдир эли,

“Олтин бешик – она қишлоқ” чамани.

“Калонбоб” маскани – туғилган ери,

Шу диёрдан бошланади Ватани.

 

Эзгулик йўлида ташланган қадам,

Равона эттирди Чимкент шаҳрига.

Қабул этган мударрис бўлиб, ҳамдам,

Толибни ўргатди “Қуръон” шаҳрига.

 

Бухорода ўқиган Эшон домла,

Махсус мадрасасин Чимкентда очди.

Билимда ўткир, ширин муомала,

Абдулҳамидга меҳр нурини сочди.

 

Домлалар суҳбатин қизиқиб, тинглаб,

“Наҳв” ва “Сарф” илмидан терибди ҳикмат.

Тафаккур дурининг қимматин англаб,

Комил фикр эгасин этибди ҳурмат.

 

Пойафзал фабрикасида иш юритиб,

Касбу корликка ҳам қўйибди ҳавас.

Бошга тушган ғам-ғуссани унутиб,

Ҳаёт гаштин сурган экан бир нафас.

 

Қатағонлик йили ғавғога қолиб,

Иғвогарлар макрин аниқ билибди.

Эшон боласи деб, ҳибсга олиб,

Узоқ Сибирь томон сургун қилибди.

 

Ижтимоий ҳаётда яшаш пайтлари,

Одил фазилатнинг бўлган фидоси.

Ўн бир йил эрксизда битган байтлари,

Эди қатағон даврин қалб нидоси.

 

Юксак шеър санъатин эгаллаб, моҳир,

Турли жанрларда асар яратди.

Дилтортар битиги мақомга доир,

Куйлашиб ҳофизлар элга таратди.

 

Навоий шеърига мухаммас йўллаб,

Тасаввуф илмнинг билимдони бўлди.

“Муножот” ғазалида сабрини қўллаб,

Эл ичида қалби, ёғдуга тўлди.

 

Ёшликдан то нафақага чиққунча,

Шум тақдир қисматин азобин тортди.

Лек умрининг охирига етгунча,

“Девон” ёзишга иштиёқи ортди.

 

Халқимиз мулкидир, ҳар бир асари,

Барҳаёт сиймоси эслатар доим.

Муҳлислар қизиқиб, ўқиган сари,

Маънавий бойлигин берсин Худойим!

 

Фалсафий, зикру таъриф алломаси,

Инъом этган олтин мерос бир дунё.

Руҳият поклиги – буюк сиймоси,

Ҳидоят йўлида таратар зиё.

 

Ушалиб шоирнинг эзгу тилаги,

Ўзгариб жамият ҳурлиқо замон.

Турон аҳлин ғурурликда юраги,

Истиқлол иқболин этар намоён...

 

Лузумий шоирнинг бор невараси,

Ҳазин байт битикларин ёддан билган.

“Девон” чоп этишда бордир ҳиссаси,

Зоҳирахон бобо руҳин шод қилган.

 

Қадим юрт фахридир, аллома, шоир, 

“Шеърлар мажмуаси” ижод чашмаси.

Шогирдлар устознинг издоши ахир,

Номин рамзи – ижодий уюшмаси!

 

Ғуломжон Қўрғонбоев.

 Сайрам тумани. Қорамурт қишлоғи.

Ҳайитмат МУҲИДДИНОВ, 2018-06-18, 10:14 1652
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.