26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ибратга лойиқ таълим маскани

Шимкентнинг Қоратепа даҳасидаги Е. Юсупов номли мактабни 2007 йилдан буён тажрибали ва моҳир раҳбар Ҳулкар Жамолова бошқариб келмоқда. Ҳозирги кунда ушбу таълим масканида жами 1567 ўқувчи билим олмоқда, уларга 134 устоз таълим ва тарбия беради.

Мактаб собиқ иттифоқ даврида рус тилида таълим берувчи маскан сифатида танилди. Мутасадди ташкилотлар буни ўша даврдаги катта корхоналардан бири саналган “Сайрам” таъмирлаш-механика заводи”да фаолият кўрсатган турли миллат вакилларининг хоҳишидан келиб чиққан ҳолда амалга оширган бўлса ажаб эмас. 

Унинг тарихига назар солсак, – қишлоқдаги эски масжид ўрнида 1936 йилда бошланғич мактаб сифатида очилган. Таомилга кўра, унга “халқлар отаси” Сталиннинг номи берилади. Даргоҳга Тошкент шаҳридаги “Рабфак” билим юртини тугатган Икромхон Умархўжаев директор этиб тайинланади. Мактабни кенгайтириш, қўшимча бино қуриш ўша даврдаги асосий муаммо эди. 1946 йили Сайрамсув дарёси ёнида ҳашар йўли билан янги мактаб қурилади ва 7 йиллик мактабга айлантирилиб, унга немис коммунистларининг раҳнамоси Эрнест Тельман номи берилади.

1969 йили раҳбарликка келган Отабек Жамоловнинг хизматларини алоҳида таъкидлаш ўринли. У, айниқса, мактаб янги биноси қурилишидаги жонбозлиги билан ҳамқишлоқларининг эътиборига сазовор бўлган. 1976 йили “Коммунизм” жамоа хўжалиги ва “Сайрам” таъмирлаш-механика заводи”нинг маблағи эвазига янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилади.

Мустақиллик йилларида мактаб номини ўзгартиришга доир турли таклифлар билдирилди. Ниҳоят, 1998 йили ўтган асрнинг 20-30 йилларида шўролар ҳокимиятини тиклашда жонбозлик кўрсатган атоқли шахс Ғ. Муратбаев билан бир сафда, ўлка комсомол ва фирқа ташкилотларида самарали меҳнат қилган шу қишлоқ фарзанди, кўп йиллик ҳалол меҳнати билан обрў ва эътибор қозонган Есекей Юсупов номи берилди.

Меҳнат фаолиятини шу жамоада оддий ўқитувчиликдан бошлаган Ҳ. Жамолова раҳбарликка келгач, диққат-эътиборни, биринчи навбатда, тартиб ва интизомни мустаҳкамлаш, билим сифатини оширишга қаратди. Жонкуяр ва оқила раҳбар жамоада эътибор қозонди. 2008 йили ҳамқишлоқлари ишонч билдириб, уни Сайрам туман маслаҳатига депутат этиб сайлашди. Сўнг, халқ ноиби қишлоқни ободонлаштириш тадбирларига ҳам салмоқли ҳисса қўшди. 

“Теракзор” маҳалласида янги касалхона бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди, кўчалар таъмирланди. Яна бир муҳим ишнинг бош-қошида бўлди – 2012 йили 124-сонли мактаб ҳам қурилиб, фойдаланишга берилди. 

Е. Юсупов номли мактабдан 30дан зиёд ўқитувчи, 300 нафар ўқувчи янги масканга кўчишди...

Ўтган йили эса мактаб жамоасининг кўп йиллик орзуси амалга ошди – қўшимча бино қурилди. Кенг ошхона, шинам фан кабинетлари, спорт зали ва замонавий синф хоналари давр талабига мос.

Сир эмаски, муваффақиятлар ўз-ўзидан келмайди. Қаерда изланиш, тинимсиз меҳнат бўлса, ютуқ ҳам ўша жойда бўлади. Бу ўринда, авваламбор, устозларнинг фидойилигини таъкидлаш жоиз. Дарҳақиқат, 2015 йили ЯМТ натижаларига кўра, илм даргоҳи республикадаги “Юз илғор мактаб” қаторидан жой олди. Бу борада кўрсаткич йилдан-йилга яхшиланмоқда. 

Жорий ўқув йилида ушбу даргоҳни жами 54 ўқувчи тамомласа, улардан 10 нафари “Олтин белги”га даъвогар ва жами 44 ўқувчи ЯМТ топширади. Бу – яхши кўрсаткич! Таълим даргоҳини турли йилларда битирган ўқувчилар эндиликда Назарбаев университетида, шунингдек, Хитой, Туркия давлатлари, Астана, Алмати, Қарағанди, Тараз, Кўкшетов, Туркистон шаҳарларида таҳсил олишмоқда.

Мактабнинг обрў-эътибори фидокор ва жонкуяр устозларнинг машаққатли меҳнатлари самарасидир. Пешқадам устозлардан Бауиржан Рауаилов, Умида Ходиматова, Мавлуда Шопўлатова, Ирина Опрева, Гўзал Ирисова, Зулфия ва Марҳабо Умиржоновалар, Шарофиддин Баҳромов, Баҳодир Дўсматов, Рихси Шомадиева, Мухтабар Мирзаҳмадова, Гўзал Ҳусанова, Лобар Дўсматова, Фотима Назанова, Ҳамро Исломбоевалар узоқ йиллардан буён фидокорона меҳнат қилиб келишмоқда.

Мактабда узоқ йиллар ишлаган, ҳозирги кунда фахрий ҳордиқдаги устозларга алоҳида эҳтиром ва ҳурмат кўрсатилади. Улар иштирокида ижодий учрашувлар, турли мавзуда баҳс ва мунозаралар ўтказилади. Турли тадбирларни юқори савияда ва уюшқоқли ташкил этишда мактаб ота-оналар қўмитаси ва маҳалла фаолларининг беғараз ёрдамини алоҳида таъкидлаш ўринли. 

Ота-оналар қўмитаси раиси Саид Анорматов, жумладан, шундай дейди: “Элбошимиз Н. Назарбаевнинг доно ва оқилона сиёсати туфайли тинч-осуда умр суряпмиз. Зеро, мамлакатимизда ёшларнинг чуқур ва ҳар томонлама билим олишлари учун барча шароитлар яратилган. 

Илм масканида ўз касбини севган фидойи устозлар меҳнат қилишади. Улардан миннатдормиз. Раҳбарият, устозлар меҳнатидан кўнглимиз тўқ. Жамоага омад ва зафарлар тилаймиз!”

Бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам мактаб, устозлар зиммасига юксак масъулият юкланган. Улкан мақсадлар йўлида изланаётган, самарали натижаларга эришиш учун бетиним тер тўкаётган Е. Юсупов номли мактаб жамоасига муваффақият тилаб қоламиз! 

Доим бирга, ҳамкормиз!

Илм даргоҳининг оқила ва моҳир ташкилотчиси, ўз ишининг билимдони Ҳулкар Жамолова етакчилигида катта ютуқларга эришаётгани бежиз эмас. Биргина мисол – битирувчиларнинг аксарияти нуфузли олий ўқув юртларига ўқишга кириб, грант асосида билим олишяпти. Бу республика даражасида ҳам эътироф этилган.

Камина 13 йил мобайнида ота-оналар қўмитасига раислик қилдим. Мактаб ҳаёти билан жуда яхши танишман. Эндиликда ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси сифатида ҳамкорликда турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказяпмиз. Тадбирларга таклиф этишса, бажонидил иштирок этаман. Мактабга борсам, кўнглим яйрайди: ҳовли, синфхоналар, даҳлизлар доимо тоза, озода, саранжом-саришта. Ҳавас қилиб, таҳсин айтаман!

Фарзандларим шу мактабда таҳсил олишиб, ҳаётда ўз ўринларини эгаллашди, эндиликда набираларим ўқишяпти. Жамоага омад тилайман!

Абдумутал ИСРОИЛОВ,

“Гулистон” маҳалла қўмитаси раиси.

Шимкент шаҳри,

Билингвал таълим уфқлари

Элбоши Н. А. Назарбаевнинг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” дастурий мақоласида таъкидланганидек, мактабимизда ёшларнинг касб танлаши учун мақсадли ва онгли фаолият юритишга йўллаш усули қўлланилмоқда.

Бу борада жамоанинг ютуқлари мўл. Жумладан, жорий йил аввалида Москва шаҳрида ўтган халқаро илмий-амалий анжуманда директорнинг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Нигора Шомадиева ҳамда бошланғич синф ўқитувчиси Фотима Тўламетова етакчилигида 4 ўқувчи маърузалари билан қатнашиб, 10-“А” синф ўқувчиси Ш. Шораҳматов ҳамда 4-“В” синф ўқувчиси М. Миришкоровлар 1-ўрин, 9-“Б” синф ўқувчиси М. Низомхонов ҳамда 2-“Д” синф ўқувчиси Я. Расулматовалар 2-ўрин соҳиби бўлишди. Ф. Тўламатова 2-ўринга лойиқ, деб топилса, Н. Шомадиева Қаниш Сатбаев номидаги медаль билан тақдирланди.

Мактабда, шунингдек, қозоқ, инглиз, ўзбек ва рус тилларини чуқур ўрганишга жиддий эътибор қаратилган. Ўқувчилар чуқур билим, изланувчанлик, тилга муҳаббат туфайли кўплаб муваффақиятларга эришишмоқда.

ЕХҲТ билан ҳамкорликда билингвал таълимни жорий этиш юзасидан самарали тадбирлар юритиляпти. Директоримиз Ҳ. Жамолова ва қатор устозларимиз ушбу ташкилот уюштирган кўп тилли (қозоқ, рус ва инглиз) таълим дастури бўйича халқаро семинарга қатнашиб, махсус сертификат олишди. Турли мусобақа ва танловларда шогирдларимиз мунтазам қатнашиб, муваффақиятга сазовор бўлишмоқда. 

Масалан, ўтган йилнинг ноябрида шаҳар мактаблари ўқувчилари орасида ўтган фан олимпиадасида ўқувчилар барча фанлардан фаол қатнашиб, совринли ўринларни эгаллашди. 

Чидам ва сабр-қаноат билан амалга оширилган иш яхши натижа беради. Синфдошлари орасида чуқур билими, гўзал ахлоқ-одоби билан ажралиб турадиган ўқувчи Гулида Маҳаммаджонова шундай иқтидорга эга. 

У шаҳардаги 130 мактаб ўртасида инглиз тилидан ўтган олимпиадада 1-ўринни эгаллади ва вилоят миқёсида ҳам пешқадам бўлди. Гулида биринчи даражали диплом билан тақдирланиб, ўқувчиларининг республика фан олимпиадасида ҳам иштирок этди. Инглиз тили ўқитувчилари бирлашмаси раҳбари 

Г. Холиқова, моҳир ўқитувчи К. Шомадиевалар Г. Маҳаммаджонова билан пухта шуғулланишди. Натижада, у республикада ҳам олий ўрин соҳибаси бўлди.

Таълим масканида инглиз тилига бўлган қизиқишнинг йилдан-йилга ортиши қувонарли ҳол. Жумладан, «FLEX» дастури бўйича танлов ғолиби, 10-синф ўқувчиси Марсель Шомуҳсинов янги ўқув йилидан АҚШда таҳсил олади. 11-“А” синф ўқувчиси Карина Абдумўминова эса инглиз тилидан «IELTS» дастури синовидан ўтиб, Назарбаев Университетининг талабаси бўлди. 

Шаҳар мактаблари орасида ўтган «Қувноқлар ва зукколар» беллашувида ўқитувчи, жамоа сардори С. Сулаймонов, ўқитувчилар А. Йўлдошев Х. Ходиметов, Ш. Шомадиев ва фаол ўқувчилар Г. Маҳаммаджонова ва Д. Мусаевалар қатнашиб, 2-ўринни қўлга киритишди. 

Вақт бир жойда турмайди. Дарҳақиқат, юқори технологияларнинг ривожланиши билан инглиз тилини мукаммал ўзлаштирган мутахассисларга эҳтиёж ортмоқда. Таълим даргоҳларининг эндиги вазифаси – бу соҳага зарур бўлган, рақобатбардош ва замонавий мутахассислар етиштириш.

Гавҳар ҲОЛИҚОВА,

инглиз тили фани услубият 

бирлашмаси раҳбари.

 

 

2018-06-18, 10:21 742
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.