26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ҳар кимки жафо қилса...

1950 йил. Асқад мактабни тугатиб, институтга киришга тайёрланаётган эди. Бир даврада ўтирганда «Москвич-400» машинаси конструкцияси Германиянинг «Опел Кадетт» машинасидан кўчирилганини айтди. Кимдир буни давлат хавфсизлиги ходимларига етказибди. Уни 158-модда (немис техникасини мақташ) билан «ватан хоини» сифатида қамоққа олишди. Сталиннинг ўлими туфайли у уч йилдан сўнг озод қилинди. Давлат раҳбарларига тинимсиз ёзган хатларининг ёрдами тегдими, 1958 йили оқланди ва педагогика институтига ўқишга кирди. Физика-математика факультетини қизил диплом билан тугатган йигитни институтда олиб қолишмоқчи бўлишди, лекин оилавий шароити туфайли бу таклифни Асқад рад этди. Қишлоғига келиб, мактабда ишлай бошлади. Илм масканида ўлкашунослик тўгарагига раҳбарлик қилиб, таътил пайтларида ўқувчиларни собиқ ССЖИнинг деярли барча шаҳарларига олиб борди. Ҳар йили ёзда икки ой дам олишни тоғда ўтказишни одатга айлантирди, Ибн Синонинг китобларини ўқиб-ўрганиб, доривор гиёҳлар билан ҳамқишлоқларини даволай бошлади. Тоғ ҳавоси, доимо ҳаракатда бўлиш унинг соғлигини мустаҳкамлади, шунинг учун у ҳозир ҳам бақувват. 

Отахондан яқинда хат олдик. У киши ўн йил муқаддам Хитойга борганда юз берган бир воқеани ёзиб юборибди. Қуйида ушбу хатнинг мазмунини эътиборингизга ҳавола қиламиз. 

«2008 йили тадбиркор ўғлим Ҳамидулла Хитойга кетишга тараддудланаётган эди.

 – Мени ҳам олиб кет, – дедим.

– Жоним билан, дада, сиз бизни дунёнинг деярли барча шаҳарларига олиб боргансиз, Хитой нима бўлибди, ҳали Америкага ҳам борамиз, – деб, хурсанд бўлди ўғлим. 

Хитойдаги бозорларнинг бирида юрган эдик, кўзим икки қўл, икки оёғи йўқ бир кишига тушди. 

– Ўғлим, юр, шу бечорга бир оз пул ташлаб кетайлик. Ёши ҳам ўтиб қолган экан, оёқ-қўли бутунлар ҳам қийналади бу ёшда. Не-не азоблар билан кун кечираётгандир.

Ногироннинг олдига бориб, кўзига тикилдиму, уни танигандай бўлдим, хаёлим олис 50 йилларга кетди, қамоқхонадаги воқеалар, азоб ва қийноқлар кўз олдимдан кинотасмадаги каби ўта бошлади. 

... Ўшанда қамалганимга бир йил бўлган эди. Қаттиқ тумов бўлиб, иситмам 40 даражагача кўтарилди. Эрталаб бригадирга ишга чиқолмаслигимни, дарҳол шифокорга боришим кераклигини айтдим. У истамайгина санитария бўлимига олиб борди. Дўхтир қон босимимни ўлчаб, бригадирга деди:

– Бу маҳбус соппа-соғ, ишга олиб кетаверишингиз мумкин.

У билан айтишиб ўтиришнинг фойдаси йўқлигини тушундим.

– Аҳволимни кўриб турибсиз, мени турма бошлиғининг олдига олиб боринг, – деб илтимос қилдим. У анчагача кўнмай турдида, кейин турма бошлиғи Мардоновнинг хонасига олиб кирди.

Бошлиқ мени кўриб, истеҳзоли жилмайди:

– Хўш, эшоннинг боласи, ишга бормай, бу ерда нима қилиб юрибсан? – сўради у.

– Қаттиқ шамоллабман, бугун ишлай олмайман. Бир кун дам олиш беринг, эртага, худо хоҳласа, тузалиб қоламан. 

– Бекорларни айтибсан! – деди у столга муштини уриб. – Сен соппа-соғсан, ҳозир менга шифокор телефон қилди. Менинг иситмам кўтарилиб, ранггим оқарди, ерга ўтириб олдим.

– Энди артистлик қиляпсанми, маҳбус Омонов! 

– Қўлингиздан келиб турибди, бир марта ёрдам беринг, бир марта ишдан олиб қолинг, кейин сизнинг олдингизга умуман келмайман. Ҳозир ишга бориб, йиқилиб қолсам, назоратчилар таёқ билан уриб, тепкилашади.

– Мен нега халқ душманига ёрдам беришим керак? Ишга борасан, дедим, борасан. Бу ерда менинг айтганим бўлади. 

Шунда мен ноилож дедим:

– Ишга бормайман! Энди менга барибир. Гаупвахтага юборасизми, карцерга қаматасизми, билганингизни қилинг. 

Мардонов сержантни чақириб, мени карцерга қамашни буюрди. Оллоҳдан шифо сўраб, 15 кун цемент полда ётсам ҳам, карцердан тузалиб чиқдим. Кейин Мардонов ётоқхонани тинтаётиб, ёстиғим остидан Навоийнинг «Ғазаллар» китобини топиб олиб, уни йиртиб ташлагани, ўзимни қамчи билан ургани эсимда. 

– Навоийни ўқийдиларми? Унинг ким бўлганини биласанми, нодон? У намоз ўқиган, намозхон шоир бўлган. Бугундан бошлаб, менинг муассасамда диндор шоирларнинг китобларини ўқиш ман этилади!

 Мен Навоийдан ёдлаб олган қуйидаги сатрларни ўқиб бердим:

– Ҳар кишиким топса даврон ичра жоҳу эътибор

Ким, анинг зотида бедоду ситам бўлғай қилиғ.

Яхшилиғ гар қилмаса, бори ёмонлиғ қилмаса

Ким, ёмонлиғ қилмаса, қилғанча бордур яхшилиғ.

– Мени шу шеърларнинг маъносига тушунади, деб ўйлаяпсанми, галварс? Одамга ўхшаб тушунтир, нима демоқчисан?

– Ҳазратнинг талқинларига кўра, биринчи байтда «кимки замон кишиларининг эътиборини қозонган бўлса, қандайдир бир мансаб-мартабаларга кўтарилган бўлса, унинг фитратида, албатта, адолатсизлик (бедод) қилиш, жабр-ситам кўргазиш хусусияти мавжуд бўлади (эҳтимол, шу хусусияти туфайли мансабу мартабаларга кўтарилади)», деганлар. Иккинчи байтда эса «бинобарин, замоннинг каттами-кичикми мансаб-мартабасига эга бўлган бир кишисидан ҳеч қачон яхшилик кутиш керак эмас, ундай одам ёмонлик қилмаса - шунга шукур лозим; чунки, мансаб ва шон-шуҳрат эгаларининг ёмонлик қилмагани - яхшилик қилганига тенгдир».

Яна: 

Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ

Ким, ки ондин яхши йўқ – кўз тутма ондин яхшилиғ.

Яъники, ҳеч ким бу дунё аҳлидан яхшилик кўрган эмас; бас шундай экан энг яхши иш - улардан яхшилик кутмасликдир!

– Бу гапларинг билан сен Совет ҳукуматига қарши чиқдинг. Яна 15 суткага ўтиргинг келяпти чоғи? 

Мардоновнинг «марҳамати» билан яна 15 кун карцерда ўтириб чиқдим.

Бугун, мана, мени шундай қийноқларга солиб, ҳузур қилган Мардоновни аянчли аҳволда кўрдим. 

– Мени танидингизми, Омоновман. Ўша, қаттиқ шамоллаганимда сиздан ёрдам сўраб борган Омоновман. Ким сизни бу аҳволга солди?

Нарида невараларидан бири кузатиб турган экан, югуриб, олдимизга келди.

– Бобом гапира олмайди. Лекин қулоғи эшитади, – деди у. – Сиз бобомни танийсизми? 

– Албатта танийман, – дедим мен унга. – Бобонг билан яхши дўст эдик, у менга бир неча марта ёрдам бериб, ҳаётимни сақлаб қолган. Шунинг учун садақанинг каттасини бугун мен бераман, –деб, неварасининг қўлига 50 доллар ушлатдим. 

– Бу ерда яшаётганларингизга қанча бўлди? – сўрадим ундан. 

– Бобом 60-йилларда кўчиб келган экан. Шундан бери Хитойдамиз. 

Мен Мардоновга қараб, Навоийдан ўқидим:

Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,

Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.

Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,

Булбулға тикондек ошён бўлмас эмиш.

Унинг кўзларида ёш қалқди. Мен бу кутилмаган учрашувдан қаттиқ таъсирландим. Баногоҳ, Мирзо Бобурнинг қуйидаги байтлари ёдимга тушди:

Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур,

Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур.

Яхши киши кўрмагай ёмонлик ҳаргиз,

Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидур».  

Авазхон АБДУФАТТОҲ, 2018-06-19, 10:50 641
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.