26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қалби дарё Шерали

Сўнгги вақтда телевидение, радио ҳамда вақтли матбуотларда ҳомийлар, саховатпеша инсонлар ҳақида кўп ва хўп айтилмоқда. Элбоши ҳам ишбилармонларни тадбиркорликнинг ижтимоий масъулияти доирасида фаолликка чақирмоқда. Бу борада Шимкент шаҳрида қатор иншоотлар қад ростлади. Орамизда эзгу ишларни бажариб, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиб, лекин уни кўз-кўз қилишни истамайдиган ҳақиқий тадбиркорлар етарли. 

“Тассай құс” МЧБ раҳбари Шерали Усмонов ҳам шулар сирасидан. У сўнгги йилларда ҳеч ким ўйламаган ишларни амалга оширмоқда...

Бир вақтлар минтақада донг таратган “Орзу” гуруҳини ҳанузгача одамлар гапириб юради. Сайрамга электр гитара, зарбли электр мусиқа асбобларини олиб кирган дастанинг солисти Бобир Ҳакимжоновнинг қўшиқларини шинавандалар ҳамон хиргойи қилиб юришади. Ана шу Бобир ака маҳалладошим. Бир куни турмуш ўртоғи – Шимкент “тез тиббий ёрдам” хизматининг Сайрам бўлими катта ҳамшираси Ҳафиза ая билан уйининг олдида учрашиб қолдим. Улар улфати Шерали Усмоновнинг сахийлиги ҳақида тўлиб-тошиб гапираркан, жўралар номидан газета орқали унга миннатдорчилик билдириш истаклари борлигини айтишди.

Аввало, шуни таъкидлаш керакки, Сайрамнинг Кўктерак маҳалласидаги 1964-65 йилларда таваллуд топган улфатларнинг Янги Йил тантанасида бир-бирига яхши тилаклар айтиши ўзгача анъанага айланган. Самарқанд саёҳати ҳам айнан байрам тилакларидан бири эди. Шунда тадбиркор Шерали Усмонов улфатларини турмуш ўртоқлари билан Шарқ гавҳари – Самарқанд шаҳрига саёҳат ва зиёратга олиб боришни дилига тугиб қўйган бўлса, ажабмас. 

Шундай қилиб, улфат-дўстлар Шерали Усмонов ҳомийлигида 2017 йили илк бора Самарқанд шаҳрига саёҳат қилдилар.

– Апрель ойида 17 нафар улфат жуфти-ҳалоллари билан сафарга чиқдик. Собир дўстимиз Португалияда бўлганлиги боис, ўғли билан турмуш ўртоғи, раҳматли Азамат дўстимизнинг рафиқаси ҳам ўғли билан йўлга отланишди. 

Мен Самарқандга биринчи марта бораётганим учун ҳаяжонланардим. Чунки, бу шаҳарга бориш болалик орзуим эди. Хуллас, бизни чегарадан ўтган жойда махсус автобус кутиб олди. Самарқанддаги “Зилол Бахт” меҳмонхонасига оилавий жойлашдик. Эртаси куни дунёни лол қолдирган тарихий обидалар, қадамжоларни экскурсовод ёрдамида мириқиб томоша қилдик, – дейди Бобир ака.

– Ҳамма саёҳат ёки зиёратга жамоаси ё оиласи билан боради. Қўшни давлатдагилар бир улфат эканлигимизни билиб, ҳаваси келди, – дейди Ҳафиза ая ҳаяжонини яширмай. – Айниқса, саёҳатимизга тадбиркор Шерали ҳомийлик қилаётганини эшитиб, унинг шаънига мақтовлар ёғдиришди. Биз шундай қалби дарё, саҳоватли инсон билан улфатлигимиздан фахрланамиз. Саёҳатимизни режа асосида уюштиргани Шералининг ўзбекистонликлар билан алоқаси яхшилигини исботлаб берди. Менда Регистон майдони катта таассурот қолдирди, Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат қилиш ҳам кўнглимизга таскин берди.

Жорий йилнинг 17-19 май кунлари улфатлар Шерали Усмонов ҳомийлигида Бухорои Шарифни зиёрат қилишди. Йўл олис бўлганлиги сабабли, бу гал зиёратчилар тез юрар поездда кўзланган манзилга етиб олишди. Бухородаги энг муҳташам –“Grand Bukhoro Hotel” меҳмонхонаси уларга хизмат кўрсатган. Исмоил Сомоний мақбараси, Лаби ҳовуз, Амирнинг қароргоҳи, Насриддин Афандининг ёдгорлиги сингари тарихий қадамжоларни томоша қилган улфатлар туғилган гўшасига руҳиятлари кўтарилган ҳолда қайтишди. 

Суҳбатдошларим сахийқалб ҳамюртларимиз – Шерали Усмонов ва унинг умр йўлдоши Барчинойга миннатдорчилик билдиришди. 

Ота-боболаримизда “Бирни берсанг, Худо сенга мингни берсин!”, деган ажойиб нақл бор. Бундай эзгу ишларни амалга оширган Шерали Султонбой ўғлининг тадбиркорлик фаолияти бундан юз чандон зиёда бўлишини ким ҳам истамайди, дейсиз.

Маҳалладошларимнинг айтишича, Шерали Усмонов уюштирадиган навбатдаги сафар – Ҳаж зиёрати бўлиши мумкин. 

Насиб қилса, ана шу кунлар ҳам йироқ эмас...

Хуршид ҚЎЧҚОРОВ, 2018-06-19, 10:54 841
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.