26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Санъатни саодат билган ижодкор

“Султон Работ” ва “Парвоз” гуруҳлари асосчиси, ўнлаб таниқли ўзбек яккахон хонандаларига устозлик қилган санъаткор, Тўлебий туман маданият бўлими ходими Толибжон Холметов пайғамбар ёшида. Унинг ҳаёт йўлига назар соладиган бўлсак, Султонработ қишлоғида туғилиб ўсган, 40 йилдирки, санъат соҳасида. Шимкент шаҳрида техникумни тугатиб, 1975 йили Москва шаҳрида йигитлик бурчини ўтади.

Ленинградда совет савдоси институтининг иқтисод факультетини тугатиб, матлубот соҳасида ишлади. Санъатдаги илк қадамини Совет Иттифоқи Қуролли кучлари тасарруфидаги «Голубые береты» дастасида бошлаган. Хизмати муносиб баҳоланиб, 2011 йил 10 сентябрда унга “Қозоғистон Республикаси санъат арбоби” унвони берилди. Маданият вазири унга эсдалик совғалар ва кўкрак нишонини тақдим этди.

Бир вақтлар «Санамлар», “Шароб”, ”Даврага туш” каби қўшиқлар билан ўзбек эстрадаси юлдузига айланган Одилжон Каримовга устозлик қилган ҳам у. Ўзбекистон халқ артисти, МДҲ еттита давлатида хизмат кўрсатган артист Фаррух Зокиров уни кўриб, “бир-биримизга шунчалик ўхшар эканмизки, бизни кўрганлар ака-ука деб ўйлайди”, деган. Йиллар ўтиб, “қалбимиз ҳам, ниятларимиз ҳам эгизак экан”, деганини фахр билан эслайди. 

Биров билса, биров билмайди, «Бауржан-шоу»га продюсерлик қилиб, Ўрта Осиёга танитган ҳам у. Т. Холметов устозлик қилган ўнлаб хонандалар бугунги кунда ҳаётий муваффақиятларга эришган. Ўзи ижтимоий тармоқлардаги фаол блогерларнинг бирига айланган.

– “Нодон ўтмиши билан ўзини овутади, ақли калта келажаги билан, ақлли бугунги куни билан фахрланади” деган қанотли иборани ёзибсиз, – сўраймиз санъаткордан. – Демак, танлаган йўлингиздан афсус чеккан вақтларингиз бўлмагандир...

– Агар бирор бир санъаткор мен мана шу касбни танлаганимдан ҳеч қачон афсус чекмаганман, деса, у ёлғон гапирган бўлади. Демак, у ижод қилмаган, касбнинг оғриқларини юрагидан ўтказмаган, ҳеч қанақа тўсиқларга дуч келмаган. Ҳар қандай санъаткорнинг ҳам йиллар ўтган сари имкониятлари тораяди. Менинг ҳаётда эришган катта муваффақиятларим бор. Ҳамиша унинг хаёли билан яшайман. “Нодон ўтмиши билан ўзини овутади”, дегани – ўтмишда эришган муваффақиятлари билан чекланиб, бугунги кунда қўл қовуштириб ўтирган, ҳаётдан орқада қолишни ихтиёр қилган одамлар ҳақида айтилган. Инсон ҳамиша ҳаракатда, интилишда бўлиши керак.

– Бугунги эстрадага муносабатингиз...

– Мустақиллик йилларида ёш истеъдодларни излаб топиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, эстрада қўшиқчилик санъатини дунёга танитиш ишлари кенг миқёсда йўлга қўйилиб, давлатимиз томонидан она заминимизни улуғловчи, ёшларимиз қалбида Ватанга муҳаббат туйғуларини уйғотувчи, бадиий жиҳатдан етук асарлар яратиш вазифалари белгиланди. “Жас қанат”, “Азия дауысы”, “Офарин” кўрик-танловлари бунинг далили. Бироқ эстрада санъатида миллий асосга эга бўлган халқчил услубни шакллантириш жараёни суст кечаётгани, аччиқ бўлса-да, ҳақиқат. Миллий анъаналаримизга, ахлоқ-одоб қоидаларига мутлақо тўғри келмайдиган клиплар, турли тиллардаги сўзларни қориштириб ёки талаффузни атайлаб бузиб айтиш каби номуносиб ҳаракатларни айрим ёш ижрочилар ўзи учун қандайдир «янгича услуб» деб билаётгани, менимча, санъатни, унинг моҳияти ва аҳамиятини тушунмасликдан бошқа нарса эмас. Зеро, катта саҳнага чиқаётган ҳар бир хонанда ўзига-ўзи «Мен нимани ва ким учун куйлаяпман, мухлислар менинг қўшиқларимни тинглаяптими?» – деган саволни бериб туриши керак. Ёш хонандалар, биринчи навбатда, мусиқий саводхонликка, бадиий сўзга, талаффузга жиддий эътибор қаратишлари керак. Қолаверса, бизда азал-азалдан давом этиб келаётган устоз-шогирд анъаналари мавжуд. Халқимиз «Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар», деб бежиз айтмаган. Баъзан ҳали ўзи шогирд даражасида бўлган хонандаларни «устозим» деб юрган ёшлар ҳам учраб турибди. Ваҳоланки, эрта-индин чин маънода санъаткор бўламан, деган ёш истеъдод эгаси тўғри йўлни топа билиши учун устоз санъаткорлар этагидан тутиши, улардан ўрнак олиши ниҳоятда муҳим.

– Фарзандларингиздан Нодиршоҳ ота касбини танлаган. Ўзига хос, ёқимли овозга эга бўлиб, ўзбек, қозоқ, шарқ қўшиқларини маромига етказиб куйламоқда, Қозоғистоннинг бир қанча телеканаллари у ижро этган қўшиқларни намойиш этиб келмоқда. Ўз ёшлик даврингиз билан ҳозирги даврнинг фарқини нечоғлик ҳис қилмоқдасиз?

– Ёшлик давримизда рубоб билан доира ёрдамида бадиий ҳаваскорларимиз куй-қўшиқлар ижро этган бўлса, ҳозирги ёшларимиз учун замонавий мусиқа асбобларининг барчаси муҳайё. Фақат излан, ўрган, ижод қил. Нодиршоҳнинг ўз студияси бор, янги асарлар яратмоқда, ундан умидимиз катта. Шунингдек, неварамиз Феруза ижро этган “Мени мафтун этди ўшал Намангон” қўшиғи ҳам санъатсеварлар томонидан илиқ кутиб олинди ва телевидение орқали намойиш этилмоқда. У кўпгина кўрик-танловларда иштирок этиб келмоқда, 7 ёшидан шу йўлни танлаган. Фарзандларим Нодиршоҳнинг 4, Азизнинг икки ўғли бор. 

– Оилангизга бахт, ишларингизга ривож тилаб қоламиз!

 

Баҳорой ДЎСМАТОВА, 2018-06-21, 10:35 1085
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.