26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Қарилик гашти

ёхуд 8 гектар ерда қабристон барпо этган отахон

Орзиқиб кутган ойларнинг султони бўлмиш Рўзаи Рамазон ҳам ниҳоясига етиб, муборак ҳайит арафасида – қутлуғ кунларда қариялар ҳолидан хабар олиш, қариндош-уруғларни йўқлаш ўзбекона маданиятимизнинг бир кўриниши. Анъанага мувофиқ, бу гал ҳам ажойиб ишлар муаллифи бўлган отахон билан ҳамсуҳбат бўлиб, у билан мусоҳаба юритиш мақсадида кўҳна ва навқирон Қорабулоқ қишлоғига ташриф буюрдим.

91 ёшни қоралаган мўйсафид қишлоқдаги ёши улуғ қариялардан саналади. Атиги 3-синфнигина тамомлаган Абдазим Алметов 13 ёшидан «Қайнарбулоқ» жамоа хўжалиги далаларида меҳнат қилди, от-аравада Чимкентдан керосин ташиб, халққа ёруғлик улашди. 1943 йилдан то нафақага чиққунга қадар ғалла, пахта ва маккажўхори далаларида мироблик қилди. Орада бир неча йил мобайнида пахта бригадасида табелчи бўлиб ҳам ишлади. Ҳалол меҳнати билан халқ орасида обрў-эътибор қозонган А. Алметов уруш майдонларига озиқ-овқат, кийим-кечак етказиб беришда фаоллик кўрсатди. Отаси Алмат Ўсмон ўғли Сталинград остонасидаги жангларда мардларча ҳалок бўлганлиги, оилани боқиш унинг зиммасига тушганлиги боис, икки баравар меҳнат қилишига тўғри келди. Кунни тунга улаб, мироблик касбини қадр тутди, оила тебратди. 

1987 йили фахрий ҳордиққа чиққан отахон қўл қовуштириб ўтиришни ўзига эп кўрмади. Донгдор хўжаликдан 8 гектар лалми бўш ерни ижарага олиб, атрофини ўради, боғу роғ яратиб, обод қабристонга айлантирди. Мабодо йўлингиз Қорабулоқдан Кўлкент қишлоғи томон тушгудек бўлса, чап томонда гуркираган дарахтлар билан қуршалган «Абдазим ота Алмат ўғли» қабристонига кўзингиз тушади. «Қабристонларни зиёрат қилинг, уларни обод этинг. Зеро, у сизларга охиратни эслатиб тургувчидир», деган муборак ҳадиси-шарифга амал қилган отахон ўзгалар каби ўз оиласи, фарзандлари учун мевали боғ яратиб, фойда кўриш илинжида тер тўкмади. Балки у инсон учун энг қадрли – Яратганнинг марҳаматидан умидвор ҳолда боқий дунёси учун охират озиғини яратди. Ҳа, Абдазим ота қанчадан-қанча тадбиркорларимизнинг хаёлига ҳам кириб чиқмайдиган табаррук ишни амалга оширди. Ана шунинг ўзи унинг қандай инсон эканлигидан, олижаноблигидан далолат беради. Албатта, унга бу улуғ ва савобли иши учун ҳар қанча таъзим қилсак ҳам ярашади. 

Абдазим ота шахсий ҳаётда икки марта оила қуриб, 7 ўғил, 5 қизни муносиб вояга етказди. Бугунги кунда улардан 48 невара, 116 эвара, 8 чевара кўрганлиги, келин-куёвлар билан қўшиб ҳисоблаганда, Алметовлар хонадонида бир вақтнинг ўзида 255 нафар одам йиғилишини эшитиб, аниқроғи, ҳавасимиз келди. 

Ҳа, катта бир сулоланинг тожу тахти бўлмиш Абдазим ота бугун доимо қўли дуода, фарзандлари, невара-эваралари камолини Яратгандан тилаб ўтиради. 

Шундай бахтли кунларни кўра олмаган аёлларининг бу ёруғ дунёни барвақт тарк этиши отахоннинг дилини хижил қилади. Аёллари Саодат Холмурод қизи ва Нишоной Каримқул қизи хўжалик далаларида меҳнат қилган фронторти фахрийлари эди. Қизлари Ҳурматой, Иззатой, Эркиной ва Шаҳлолар ўз хонадонларининг саришта бекалари. Барно эса Мирзо Улуғбек номли таълим даргоҳида бошланғич синф муаллимаси. Ўғиллари Ирисали, Сайдали, Иристой, Бахтиёр, Зафар ва Қодиржонлар деҳқончилик ва мол бўрдоқилаш ҳадисини олган фермерлардан. Яна бир ўғли раҳматли Баҳромжон эса атиги 28 ёшида бу ёруғ дунёни тарк этди. 

Қишлоқнинг мўйсафиди билан хайрлашарканмиз, унга сиҳат-саломатлик тилаб, ҳадемай аср юзини кўриш насиб этишини, ана ўшанда яна юзлашишни ният қилдик. Қарияларимиз –  бизнинг бахтимиз. Қарияси бор юртда барака бўлади.

Оллоҳ Таоло уларга узоқ умр берсин!

С. ТУРСУНМАТОВ, 2018-06-21, 10:41 151
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.