26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Севги ва билим ўлимдан устун

(Адҳам ва Зулфия севгиси)

Мусофир, дарбадар, кимсасиз-табиб, олим, фозил бир шахс шайх Абу Али (Ҳусайн) халқ ўртасида афсонавий қаҳрамонга айланган эди. Унинг шифосида шоҳу гадо баробар эди. Шу боис, унинг бир шифолаш-ҳикоясини сизларга ҳавола этамиз.

– Адҳам Зулфияни бир кўришдаёқ севиб қолди. Аммо бу севги бахтсизликка мубтало эди. Чунки кимсасиз, бирорта нарсаси йўқ, девона, яккаш бир йигит бу бадавлат хўжа хонадонига куёв бўлармиди.

Зулфия ҳам Адҳамга кўнгил берди. Севишганларнинг муҳаббати тўғрисидаги гап шаҳарга ёйилиб кетди. Зулфиянинг отаси қизини ҳеч ёққа чиқармасликни буюрди. Қиз муттасил қўриқчилар тафтишида. Унга ўз севгилиси тўғрисида ўйлаш ҳам ман этилди.

Шу йўсинда ойлар ўтди. Умидсизлик, айрилиқ исканжасида тутқунлик Зулфиянинг нафис юрагини тимдалай-тимдалай охири бу юракни уришдан тўхтатди. Зулфиялар ҳовлисида дод-фарёд кўтарилди. Покиза севгининг маъсума қурбони катта қабристондаги улкан мақбарада ўз абадий ўрнига жойлаштирилди.

Бечора Адҳам кўчаларда тентирашни тарк этди. У мақбарани макон этди. Бу ерда ошиқ севгилисининг жонсиз жасадига соқчи каби тикилиб ўтирар ва тинмай кўз ёши тўкарди. Зулфиянинг ота-онаси тақдирга тан беришганди.

Фақат Адҳам мақбарадан ҳеч қаёққа бормайди. У ҳамиша ўз ёрининг қошида гирён, унга бағишлаб шеърлар тўқийди, байтлар ўқийди.

Адҳам ва Зулфия воқеасидан икки-уч кун ўтгач, бу шаҳарда бир ёш табиб пайдо бўлди. У ҳақиқатан ҳам шайх Абу Али ибн Сино эди. Ҳалиги гаплар овоза бўлгандан сўнг табиб ўзини қаерга қўйишни билмасдан ниҳоят қабристонда беркинади. Чунки ҳокимнинг одамлари ҳар бир хонадондан уни қидира бошлаган эдилар. Қабристон эса чиндан холи жой эди. Абу Али гоҳ бир мақбарада, гоҳ бошқасида яшириниб, кун ўтказади. Эртаси Абу Али ибн Сино Зулфиянинг мақбарасига ўтади ва у ерда Адҳам билан учрашиб қолади.

Табиб билан ошиқ ўртасида бундай суҳбат бўлиб ўтади:

 – Сен кимсан, нега бу ерда макон тутдинг?

 – То ўлгунимча манзилгоҳим шу ерда бўлади. Чунки менинг жоним шу ерга кўмилган, – дейди табибга жавоб бериб Адҳам.

Улуғ табиб ва олижаноб инсон шайх Абу Али ўзининг дарбадарлигини унутди. У чин юракдан бу бечора ошиққа кўмаклашмоқ истади.

Табиб Зулфиянинг қандай касаллик туфайли вафот этганини билмоқчи бўлди. У мақбаранинг бир чеккасидаги тошларни кўчириб олиб, лаҳадни очди ва унинг ичига тушди. Адҳамда яна беҳушлик бошланиб, у мақбаранинг бир чеккасида чўзилиб ётар эди.

Абу Али лаҳад ичига тушгач, олдин ёқиб олган кичик бир машъални чуқурнинг бир бурчагига ўрнатди. Сўнг кафанга ўраб қўйилган марҳумнинг ёнига келиб, чўнқайди. У кафанни сал очиб, ўликнинг қўлини бўшатди ва томир ўрнини топиб, бармоқлари билан узоқ ушлаб турди.

Бир неча сония ўтди. Бирдан табиб ваҳима билан Зулфиянинг қўлини қўйиб юборди ва сакраб ундан четланди. Сўнгра сал эсини йиғиб олгач, бориб машъални олди ва яна Зулфиянинг ёнига қайтиб келди, унинг юзини очди, сўнг машъални тутиб, қизнинг гўзал чеҳрасига диққат билан боқди. Кейин у яна қизнинг қўлини олиб, томир уриш ўрнини пайпаслаб топди ва бармоқлари билан босиб, узоқ ушлаб турди. Бир неча фурсат  ўтди. Сўнг табиб тезда лаҳаддан чиқди.

Табиб керак дори-дармонларни олиб, яна мақбарага қайтди. Машъални ёқиб, лаҳад ичига тушди ва машъални бир қулай жойга ўрнатди. У яна Зулфиянинг қўлини ушлади ва узоқ вақт тек турди. Шундан сўнг Абу Али қатъият билан Зулфиянинг жасадини уни ўраган матолардан ажратиб олди. Табибнинг ҳаракатлари жиддий ва шошилинч эди. Чунки Зулфиянинг юраги жуда секин урар эди. Ҳозир табиб ўзи билан асбоблар, дори-дармонлар ва бир тиғни олиб келган эди. У аввал Зулфиядан қон чиқармоқчи бўлиб, уриниб кўрди. Сўнгра гул ёғи, сирка, денгиз пиёзи аралаштирилган малҳам билан унинг танасини ишқалай бошлади.  Бу жараён анча давом этди. Сўнгра табиб Зулфиянинг лабларини бармоқлари билан очиб, унга бир қанча муддат сув томизиб турди. Сўнгра бурнига денгиз пиёзини ҳидлатди. Табиб узоқ уринди. У зира, дала ялпизи, асал, денгиз пиёзи аралаштириб тайёрланган дориларни Зулфиянинг бурнига тутди, оғзига томизди: ханталдан қилинган ёғ билан бошини  ишқалади, оёқ ва қўлларини узоқ уқалади. Ўлим билан олишмоқда эди табиб. Аҳён-аҳёнда бир сезилар-сезилмас билинаётган томир тепиши қизда ҳали ҳаёт борлигини билдирар эди. Табибнинг муолажаси кўп давом этди. Табиб қатъият билан қизни ўлим чангалидан қутқармоққа интилар эди. Унинг узоқ уринишларидан кейин қизнинг томир уриши озгина жонланди.

Жонланиш жуда секин бўлса-да, сал муттасиллик касб этди. 

Абу Али лаҳаддан мақбарага чиқди ва Адҳамнинг ёнига келди. Адҳам ҳамон ҳушсиз ётар эди. Табиб унга дори бериб, ҳидлатиб, ҳушига келтирди. Сўнг Адҳамга қараб, сўз бошлади:

– Сен, бахтли ошиқ экансан. Севгилинг билан бир даргоҳдасан, у билан ёнма-ёнсан.

Табиб Адҳамга Зулфиянинг аҳволини тушунтира бошлади. Севгилисининг ҳаёт эканлигини эшитиб, Адҳам яна ҳушидан кетди. Табиб  не машаққат билан уни яна ўзига келтирди. Сўнг  сўзида давом этди. Адҳам ҳамон эшитганларига ишонмас, у беҳушлик ва ҳушёрлик чегарасида эди. Ниҳоят табиб уни бир оз мўътадил ҳолга келтирди ва унга Зулфиянинг ҳали ҳам тўлиқ ҳаётга қайтмаганини, уни ҳаётга қайтармоқ учун Адҳамнинг ёрдами керак эканини тушунтирди. Зулфияда юз берган ҳолат ўлим эмас эди.

– Уни “летаргус” дейдилар, – деди табиб, у мия томирларида шиш пайдо бўлганидан юзага келади. Уни “совуқ сарсам” ҳам дейдилар. Бу ўлим эмас, касаллик, демак, уни даволаш мумкин. 

Табиб Адҳамга бу касалликнинг қандай даволанишини қисқача тушунтирди. Сўнг икковлон Зулфиянинг ёнига тушдилар. Муолажа давом этди. Адҳам табибнинг айтганларини қилар, Зулфиянинг бошини баландроқ кўтариб, оёқ-қўлларини уқалар, оғзига сув томизар эди. Табиб эса дорилар тайёрлаб, уларни Зулфиянинг баданига суртар, яна муолажа билан боғлиқ бошқа тадбирларни амалга оширар эди.

Зулфиянинг томир уриши тўла мўътадиллик касб этгач, улар қизни кўтариб, лаҳаддан мақбарага олиб чиқдилар. Бу ерда табиб ўзи келтирган тугунни очди ва ундан кийим олди. Адҳам ва табиб Зулфияга эркаклар кийимини кийгиздилар, сўнг уни кўтариб, мақбарадан ташқарига олиб чиқиб, бир дарахт остига ётқиздилар.

Табиб қизга секин тиғ урди. Бир оз қон чиқди. Шундан сўнг у Зулфияга бир дори ҳидлатди, қиз ётган жойида бир акса урди ва кўзини очди. Адҳам унинг оёғига ўзини ташлаб, фарёд кўтарди ва ҳушидан кетди. Табиб уни яна не бир машаққат билан ўзига келтирди.

Зулфияни даволаш яна бир неча кун давом этди. Кундузи улар мақбара ичида беркинар, кечалари эса қизни кўтариб, очиқ ҳавога олиб чиқар эдилар. Куз фасли бўлганидан ҳаво кундузи қаттиқ қизимас, тунлари эса анча салқин эди. Ниҳоят, Зулфия ўзига келди. 

Шайх Абу Али Адҳам билан Зулфияга бахтли турмуш тилади ва улар билан хайрлашди. Севишганларнинг қувончлари чексиз эди. Улар табибни  ғоят миннатдорлик билан кузатиб қолдилар. Сўнг севишганлар бу воқеадан ҳеч кимнинг воқиф эмаслигидан фойдаланиб, шаҳарнинг энг олис, қашшоқ одамлар яшайдиган бир чеккасидан жой топиб, фақирлик ва дарвешликда, аммо бахтли ҳаёт кечирмоққа киришдилар.

Ҳа, азизлар, оташин севги ва буюк олим, табиб Абу Алининг билимдонлиги, одамийлиги севилган қизни ўлимдан қутқариб қолди. Бу катта бахт, бундай одамлар минг йилда битта учрайдиган олижаноб инсонлардир.

Адҳам ва Зулфиянинг севги достони эса ҳозирги кунда ҳам инсонлар ҳаётида учраб туради, десак муболаға бўлмайди.

Шоир Ҳошим Порсо айтмоқчи:

Севишган дилларга бахт ҳамроҳ бўлсин, 

Бахтиёрлик нури оромгоҳ бўлсин.

Умр йўллари ҳам Қуёшу Ойдек, 

Нурафшон, мунаввар ҳам  порлоқ бўлсин. 

Нашрга тайёрлаган – Қурвонтой ТОШХЎЖАЕВ, жамоатчи мухбиримиз, 2018-06-28, 10:41 165
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.