26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Ҳамон сафда

Алоқа ва ахборот ходимлари куни арафасида газетамизнинг жонкуяр ва фидойи жамоатчи мухбирлари тўғрисида бирон нарса ёзишни лозим топдим. Назаримда, улар бошқалар ҳақида кўп ёзишади-ю, аммо муштарийларимиз ушбу муаллифлар ҳақида етарли маълумотга эга эмас. Газетамиз билан яқин ҳамкорлик қилаётган қаламкашлар эса талайгина. 

Элимиздаги ўзбек журналистикасига баракали ҳисса қўшиб келаётган шахслар қаторида таниқли устоз, газетамизнинг жамоатчи мухбири Иброҳимжон Тожибоевнинг ўз ўрни бор. Зеро, унинг бу соҳадаги фаолиятига ярим асрдан ошди.

У Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида таълим олиб, меҳнат фаолиятини шу даргоҳда ўқитувчиликдан бошлади. Оилавий шароит туфайли қишлоққа қайтгач, дастлаб, собиқ Калинин (ҳозирги Ю. Сарёмий номли мактаб-лицей) номли мактабда ўқитувчи, 1970 йилдан Оқсувкентдаги 2-сонли спорт мактабида йўриқчи, сўнг, Сайрам туман таълим бўлимида услубиятчи, 1994-2010 йилларда эса қишлоқдаги 4-сонли спорт мактабининг директори лавозимида самарали меҳнат қилди.

Иброҳимжон ака табиатан жуда камтар, одамохун, фидойи, бир сўзли ва адолатли шахс. Юриш-туриши, маданияти, муомаласи, кийиниши билан ҳамқишлоқлари орасида обрў ва эътибор қозонган, доимо соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиши билан барчага ўрнак.

У жамоат ишларида ҳам фаол. 1994-2000 йилларда Сайрам ва Қоратепа қишлоқлари ўзбек этномаданият марказига етакчилик қилиб, миллий анъаналар ва қадриятларни тиклашда жонбозлик кўрсатган. 2009 йилдан фахрий ҳордиққа чиққан бўлишига қарамай, Иброҳимжон ака ҳамон сафда – 12-сонли спорт мактабида ёшларга мураббийлик қилиб келмоқда. 

– Спорт мактабида ўтган тадбирлар ҳақида дарҳол ёзишга ўрганганман. Ёзмасам, виждоним қийналади. Ўзимни қўярга жой топмай қоламан, – дейди устоз.

Унинг ёшларнинг спортдаги ютуқлари, шунингдек, бошқа турли мавзулардаги ибратли ва мазмунли мақолалари оммавий ахборот воситаларида мунтазам чиқиб туради.

Спорт соҳасини ривожлантиришдаги самарали фаолияти учун у “Қозоғистон Республикаси Мустақиллигига – 25 йил”, “Елеүлі еңбегі үшін” медаллари, “Қозоғистон маорифи аълочиси”, “Қозоғистонда хизмат кўрсатган спорт арбоби” унвонлари, республика ва вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаларининг “Жамоат фидойиси” ҳамда “Жамоат фахрийси” кўкрак нишонлари, вилоят, туман таълим бўлимларининг фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалари билан тақдирланган.

Газетамиз жонкуяри, устоз ва жамоатчи мухбир вазифаларини шараф билан адо этаётган И. Тожибоевни касбий байрами билан қутлаб, унга мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик, ижодий фаолиятида муваффақиятлар тилаймиз!

 

Қаламкашлар, бор бўлинг!

Кундалик ҳаётимиз ва турмушимиздаги барча янгиликлар билан йиллар давомида таништириб, дунёқарашимизнинг кенгайишига йўл очаётган, энг яқин ва қадрдон дўстимизга айланишга ҳам улгурган вилоятимизда миллатимиз фахрига айланган ижодкорлар, уларга ҳамнафас бўлиб келаётган қаламкаш дўстларимизни Матбуот ходимлари куни билан чин дилдан табриклаймиз. Азиз қаламкашлар! Қаламингиз ўткир, мақолаларингиз мазмун ва моҳияти янада теран ва газетхонлар кўнглидан чиқадиган, уларни ўйлантирадиган ва тўғри хулоса ҳамда муросага йўллайдиган бўлсин. Ижодингизни ўқиб касбий маҳоратингизга ижобий баҳо берсинлар. Ўшанда сиз вақтингизни, илму билимингизни бекорга сарфламаганингизга амин бўласиз, ўзингизда янги куч ва иродани юзага келтирасиз, рўзномаларимизга бўлган иштиёқингиз янада мукаммал ва ишонарли бўлишига эришасиз. Касбий байрамингиз муборак бўлсин!

И. ТОЖИБОЕВ,

жамоатчи мухбиримиз.

З. МЎМИНЖОНОВ, 2018-06-28, 10:51 147
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.