26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Муроджон Абубакиров: “Шиорим – ҳалоллик, одиллик”

Қорабулоқ қишлоғи республикага жуда кўп таниқли шахсларни eтказиб берган. Ҳаётини билимга, ижодга, халқнинг фаровон ҳаётига бағишлаган шахслардан Иристой Қўчқортоев, Собиржон Юсуфалиев, Юсуфжон Сайдалиев, ҚР Парламенти мажлиси депутати Фахриддин Қоратоев, вилоят маслаҳати депутати, вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Бадриддин Нишонқулов, Ҳамроқул Давронбеков ва Соатой Камоловаларнинг самарали фаолиятини келажак авлодга чинакам ибрат қилиб кўрсатиш мумкин. 

Ана шундай шахслар қаторида журналист, моҳир таржимон, “Жанубий Қозоғистон” вилоят  ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррирининг ўринбосари Муроджон Абубакировнинг номини ҳам тилга олиш мумкин.

Касбий байрам муносабати билан устозни суҳбатга чорладим.

– Инсоннинг энг гўзал онлари, бу – болалиги. Сиз серфарзанд оилада тарбия топгансиз. Ота-онангизнинг қандай хислатлари сизга кўпроқ юққан?

 – Дадам раҳматли, Абдунаби Абубакиров ҳалол инсон эдилар. Биз, фарзандларга ҳам фақат ҳалолликни, бировнинг ҳақидан қўрқишни ҳамда барчага адолатли бўлишни ўргатдилар. Нафақага чиққунга қадар Қорабулоқ қишлоғидаги Ҳамза номли ўрта мактабда тарих, жамиятшунослик ва ҳуқуқшунослик фанларидан сабоқ бердилар. Дадамнинг бизга бақириб-чақириб танбеҳ берганларини ҳеч эслолмайман. Бирор бир ножўя иш қилиб қўйсак, онамнинг “бу ишингни отанг билмасин”, дейишларининг ўзи кифоя эди. 

Оилада иккинчи фарзанд бўлиб туғилдим. Ёшлигимдан китобга ўч эдим. Айниқса, халқ оғзаки ижодидан эртаклар, ўзбек адабиёти номояндаларидан Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”, Ойбекнинг “Қутлуғ қон”, Саид Аҳмаднинг “Уфқ” трилогияси ҳамда Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовларнинг шеърлари, жаҳон адабиёти намуналари, рус миллий классикасидан Пушкин, Лермонтов ҳамда Чехов асарларини чин ихлос билан мутаала қилардим. 

– Айтингчи, адабиёт оламига кириб келишингизга кимнинг таъсири кучлироқ бўлган?

– 1981 йили 1 сентябрь куни мактаб остонасидан ҳатладим. Биринчи ўқитувчим Хонзода Абдумавлонова эди. Катта опам ёрдамида мактабга бормаёқ хат-саводим чиққанди. Алифбедаги ҳарфлар, сўзлар менга таниш бўлгани учун ўқитувчим томонидан берилган топшириқни тез ва хатосиз бажарардим. Алифбени тугатиб, ўқиш китобини бошлаганимизда баъзи бир синфдошларим қийналар, мен эса уларга ёрдам беришга ошиқар эдим. Бу ишимни кўрган ўқитувчим мени бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатар, мендаги китобга бўлган меҳрни янада жонлантирар, кўпроқ бадиий китоблар ўқишга ундар эди. Юқори синфларда ҳам аъло баҳоларга ўқидим. Ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти ҳамда тарих, география, биология, жамиятшунослик ҳамда ҳуқуқшунослик дарсларини қизиқиш билан ўқир эдим. Мени адабиётга қизиқтирган ҳам биринчи устозим эди. 

– Биринчи мақолангиз қачон эълон қилинган? 

– Дастлабки мақолам 6-7-синфда ўқиб юрган пайтларимда “Гулхан” ва “Ленин учқуни”да эълон қилинган. Ўзим ўша газета ва журналларнинг доимий ўқувчиси бўлганман. Болаликдаги орзуим ҳамда мактабдаги устозларим Иристой Жумашев, Мамлакат Султонова ва бошқаларнинг саъй-ҳаракатлари мени Тошкент Давлат дорилфунининг журналистика факультетига етаклади.

– Талабалик йилларингиз ҳақида айтиб ўтсангиз.

– Талабалик йилларим жуда сермазмун ва қизиқарли ўтган. Биз асосан билимни чуқурроқ эгаллашга, билганларимизни дўстларимизга ўргатишдан чарчамас эдик. У пайтларда имтиҳонларга ухламай, туну кун тайёрланар, қисса ва романларни ўқиб, таҳлил қилиб, тимсолларга бадиий тавсифномалар берардик. Курсдошлар билан биргаликда бир-биримизни имтиҳондан ўтказардик. У пайтларда ҳозиргидек ҳамма нарса пул билан ўлчанмас, кишининг билими ва меҳнати қадрланар эди.

Биринчи курсдалигимда армия сафига чақирилдим. Семей вилоятининг Аягўз шаҳридаги автомобилчилар ротасида старшина вазифасини бажардим. 

– Дорилфунунни тамомлагач, иш топила қолдими?

– Ҳа, у пайтларда журналист кадрлар танқис эди. 

1984 йили “Меҳнат байроғи” газетасида таржимон, “Знамя труда”да масъул котиб ўринбосари вазифаларида ишладим.

Устозларим Юсуфжон Сайдалиев, Степан Бабенко, Александр Жилин, Ислом Абдунабиевдан ҳаёт сабоқларини, журналистиканинг сир-асрорларини ўргандим. 

– “Жанубий Қозоғистон” вилоят газетасининг дунёга келишида сизнинг ҳам хизматингиз бор экан, шу ҳақда айтиб ўтсангиз.

 – 1990 йили ноябрь ойида Шимкент шаҳар босмахонасида “Дўстлиги байроғи” газетасининг нишона сонини тунда чоп этдик. Сўнгра ўша рўзнома 1991 йил 5 апрелдан “Дўстлик байроғи” номи билан мунтазам, ҳафтада бир марта нашр этила бошлади. 

Мазкур таҳририятда масъул котиб, бош муҳаррир муовини 2006 йилдан 2015 йилгача директор-бош муҳаррир лавозимида фаолият юритдим. 

– Раҳбарлик қилган йилларингизда нималарга эришдингиз?

– Ҳафтада бир марта чоп этиладиган газета аввал икки, сўнгра уч марта муштарийлар хонадонига борадиган бўлди. Қозоқ ва рус тилларида чиқариладиган “Оңтүстік Қазақстан” ва “Южный Казахстан” рўзномалари билан мақоми тенглаштирилди. Обуначилар сони кўпайди. Газетада чиқаётган мақолалар сифати ва мазмуни ҳамда саҳифаларнинг безатилиши яхшиланди. Жамоа малакали кадрлар билан тўлдирилди. 

– Мароқли ва мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур! Сизни шахсан ўз номимдан ва ҳамкасблар номидан Алоқа ва ахборот ходимлари куни билан табриклайман. 

Оилангизга бахт, омад, фарзандлар камолини кўришни ҳамда ижодда юксак чўққилардан кўринишингизни тилаб қоламан. 

Саодат МЎМИНБОЙ қизи, 2018-06-28, 11:10 956
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.