26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Фахриддин ҚОРАТОЕВ: “Астана – Ватанимиз юраги, истиқлолнинг таянчи”

Сувли ва нурли ернинг ҳеч қачон эгасиз, элсиз бўлмаслиги маълум. Тўлқинлари мавжланиб оқаётган Есил дарёси соҳилида қанча шаҳар, аҳоли манзиллари бўлмади дейсиз?! Шафқатсиз асрлар, таҳликали даврлар қурбони бўлиб, ер юзидан йўқолиб кетган шаҳарлар озми? Даврлар силсиласига теран назар ташлаган тарихчилар очган ўзгача янгиликлар элни эътиборсиз қолдирмайди. Шулардан бири Астана шаҳри остидан топилган ўрта асрга мансуб Бўзўқ шаҳарчаси. Яъни, бу топилма шу ерда талай шаҳарлар ва манзиллар бўлганини исботлаб беради. Элбоши “Мустақиллик даври” китобида янги пойтахт элнинг ўтмиши билан келажагини бирлаштирганини таъкидлаб ўтган. Астана – қозоқ халқининг бир неча асрлар бўйи узоқ кутган ҳамда муваффақиятли рўёбга чиққан орзуси. У кечаги тарихни бугунги муваффақиятларимиз билан давом эттирмоқда. 

Бугунги кўркам шаҳримизнинг пойдевори қачон тикланган, деган маълумотга эътибор қаратсак, 1832 йил Есил дарёсининг соҳили, Қараўткел яқинида Ақмўла шаҳри қурилиб, 1863 йили 16 июлда у минтақавий шаҳар сифатида расмий турда тасдиқланган. 1960 йил декабрда Ақмўла Қозоғистоннинг қўриқ ерларни ўзлаштирадиган барча вилоятларининг маркази деб эълон қилинди. Шаҳар 1961 йилгача Ақмўла, 1961-1992 йиллари Целиноград деб аталди. 1992 йили Ақмўла тарихий номини қайтариб олди. 

1990 йилларнинг бошида Президент топшириғи бўйича пойтахт бўлишга муносиб шаҳарларга таҳлил юритилди, улар ҳамма томонлама текширилди. Бу ҳақда Элбоши ўзининг “Мустақиллик даври” китобида: “Номзод шаҳарнинг географик ҳолати ҳам, табиати ва иқлими ҳам, ижтимоий-иқтисодий, ҳарбий-стратегик, транспорт ҳамда муҳандислик инфратузилмаси, қурилиши, демографик, илмий ҳамда маданий ривожланиш имкониятлари ҳам пойтахтга қўйиладиган талабларга муносиб бўлиши шарт эди. Ҳар томонлама таҳлил этиб келганда, пойтахтликка энг лойиғи Ақмўла бўлиб чиқди”, деб ёзади. Мана, Элбошининг танлови! 

Ақмўла 1997 йилнинг 10 декабридан бошлаб, Қозоғистон Республикаси пойтахти, деб эълон қилинди. 1998 йил 6 майда Қозоғистон Президенти Н. А. Назарбаев Фармони билан шаҳар номи Астана деб ўзгартирилди. Бош шаҳримизнинг “Астана” деб номланиши сирини Элбоши ўзининг “Қозоғистон йўли” китобида шундай тушунтиради: “Бу шаҳар, Қозоғистоннинг янги пойтахти, менинг ифтихорим эди, шунинг учун унинг номи ҳар хил аталишига йўл қўймас эдим. Унда Ақмўлани қандай атаган, аниқроқ айтганда, қандай қайта атаган маъқул? Бу ном нафақат қозоғистонликлар, элимиздаги барча миллат ва элатларга, шунингдек, хорижликларга ҳам манзур бўлиши керак... Бир сафар тунда, аниқроғи, соат тунги иккиларда Астана деган ном бирдан ҳаёлимга келиб, ўзимга жуда ёқиб тушди. Астана деганимиз – Астана!” Қозоқча жуда чиройли эшитилади. Салмоқли, қисқа ҳам аниқ, оҳангдор. Русчада ҳам, инглиз тилида ҳам шундай эшитилади. Бу номда мардлик, мустаҳкамлик, аниқлик бор”.

Эл маркази Арқа тўрига кўчиб келган йили шаҳар аҳолисининг сони 290 минг чамасида эди. 2018 йилнинг 1 январидаги ҳисоб бўйича пойтахтда 1 млн. 032475 одамнинг истиқомат қилиши аниқланди. 20 йил ичида шаҳар ҳудуди 258 квадрат чақиримдан 800 квадрат чақиримга кенгайди. Ўтган давр ичида Астананинг савдо-иқтисодий салоҳияти бир неча баравар ўсди. Чунончи, сўнгги 20 йилда шаҳар ИЯМи 190 баравар ўсиб, 5 трлн. тенгени ташкил этди. Саноат 30 баравар ўсган! Кичик ва ўрта тадбиркорликнинг ишлаб чиқарган маҳсулоти 4 трлн. тенгега етди. Давлат бюджети тушумлари миқдори 80 бараварга ортиб, 1997 йили 13 млрд. тенге бўлса, ўтган йили 1 трлн. тенгени ташкил қилди. Европа ва Осиёнинг қоқ ўртасида жойлашган Астанамиз бугунги кунда бутун дунёнинг муаммоли масалалари муҳокама қилинадиган дунёвий музокаралар майдонига айлангани барчамизга маълум. Унинг тинчлик ва тинчликпарварлик мақсадидаги хизматлари таҳсинларга арзийди! Бунга ЕХҲТ Саммити, VII Қишки Осиё ўйинлари, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, Астана иқтисодий форумлари, Жаҳон ҳамда анъанавий динлар етакчиларининг съездларини мисол қилиш мумкин. Ўтган йили эса бутун дунёга шов-шувли тарихий воқеа – ЭКСПО – 2017 халқаро ихтисослаштирилган кўргазмасининг Астанада ўтиши жуда улкан ютуғимиз. Бу ҳам мустақил давлатимизнинг муваффақияти, Элбошимизнинг ушалган орзуси. Ушбу кўргазманинг тарихига назар солсак, бунгача Марказий Осиё, ҳатто МДҲ давлатларида ҳам бундай халқаро кўргазманинг байроғи ҳилпирамаган. Истиқлол йилларига эътибор берсак, элимиз I-II асрли йўлни босиб ўтгандек туюлади.

Албатта, бунинг барчаси доно сиёсатчи, жаҳон даражасидаги шахс, Қозоғистон Республикасининг Тўнғич Президенти – Элбоши Н. А. Назарбаев машаққатли меҳнати, самарали сиёсатининг мевасидир. 2018 йил – қозоғистонликлар учун ўта муҳим йил. Бугунги кунда Астана Ватанимизнинг юраги бўлиш билан бирга, элимизнинг кўзгусига, Осиё ҳамда бутундунё мамлакатларига машҳур шаҳарга айланди. Мана, шундай салмоқли муваффақиятларга тўла 20 йил ичида буюк Даштнинг киндиги – Сариарқа тўрида XXI аср дурдонаси, дунёвий мегаполис, гўзал шаҳар қад кўтарди. Астана – мустақиллигимизнинг меваси ҳамда бебаҳо ғалабаси, жаҳоннинг йирик мамлакатлари тан олган Қозоғистондек мустақил давлатнинг улкан шаҳри, муҳташам пойтахти! 

Замонавий таълим масканларининг муносиб мутахассислар тайёрлаши Астананинг жадал ривожланишидаги яна бир ютуғи саналади. Л. Н. Гумилёв номидаги Евроосиё миллий университети, Назарбаев университети, Қозоқ давлат ҳуқуқ университети, Аграр университет, Тиббиёт академияси, Қозоғистон муҳандислик-техника академияси, гуманитар ҳамда политехника коллежлари, Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Қозоғистон филиали каби кўплаб билим ўчоқлари иқтидорли ёшларнинг зеҳнини чархлаб, улкан ҳаётга йўлланма бермоқда. Умуман, давлатимиздаги машҳур олий ўқув юртларининг нуфузи ортиб, хориж университетларига тенглашиб бормоқда. Ёш авлоднинг билим олиб, малакали мутахассис бўлиб чиқиши учун барча имкониятлар мавжуд. Кутубхоналари ҳақида айтишга тил ожиз. Бу ердаги китобларни ўқиш учун навбатга туриш шарт эмас. Чунки, китобларнинг электрон нусхалари бор, ҳар бир талаба ўзининг уяли телефони ёки компьютерига кўчириб олиб, ўзига қулай вақтда ўқиши мумкин.

Астана атрофида “яшил белбоғ” пайдо бўлди, режа бўйича барпо этилган ўрмонзорига эга. Яшил камар туфайли пойтахт бепоён ўлканинг марказидаги мўъжизага айланмоқда. Астана давлатимиз хавфсизлигини, геосиёсий эркинлиги, ҳудудининг мустаҳкамлигини кучайтирди. Элўрдани кўчириш мустақил Қозоғистон тарихидаги улкан ўзгаришлар даври бўлди ҳамда иқтисодиётимизнинг жадал ривожланиш стратегиясини таъминлади. Келажакда Астанада асрлар давомида Қозоғистон халқининг эркин фикри ва манфаатлари, орзу-умидлари ва мақсадлари амалга ошаверади. 

Элимизда ҳам, бутун дунёда ҳам Қозоғистоннинг муваффақиятларини намойиш этганда, Астанага тўхталмай илож йўқ. Бугунги кунда Астанага хорижлик меҳмонлар ҳам кўп келишади. Масалан, дунё мамлакатларининг қонун чиқарувчи органлари билан алоқа ўрнатган бизнинг Парламентда халқаро учрашувлар, форумлар тез-тез ўтказилиб туради. Шунингдек, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг аъзолари ҳам тез-тез келиб туришади. Делагация аъзолари Астананинг муҳташам иншоотлари ва кўркам кўчаларидан ҳайратга тушганларини яширмайдилар. Биз сафар дастурига мувофиқ, хорижлик ҳамкасбларимизни пойтахтнинг энг гўзал ва диққатга сазовор масканларига олиб борамиз. Қишда келган меҳмонлар кун совуқлигига қарамай, пойтахтни томоша қилиб, “Байтерек” мажмуасига кўтарилганига, Элбошининг панжаси туширилган жойга қўлларини қўйиб, унинг ёнидаги жаҳон динлари вакиллари ёзган тилакларга алоҳида эътибор қаратганларига ҳам гувоҳман. Меҳмонлар таассуротларини ўртоқлашаркан: “Авваллари Қозоғистонни Ер шари харитасидангина билсак, бугун мана ўз кўзимиз билан кўриб, танишиб қайтяпмиз. Бир олам таассурот олдик”, дея дил изҳорларини билдиришди. Бунга Элбошининг “Астана орқали биз янги Қозоғистонни бутун жаҳонга танитдик”, деган сўзи далил. 

Депутатлик фаолиятимгача, яъни, собиқ Жанубий Қозоғистон вилоятида меҳнат қилиб юрган кезларимда Элўрдага хизмат сафари билан бориб турардим. Илк бор Астанага 1999 йилда келганман. У пайтларда чап соҳил умуман йўқ эди. 2001 йили 29 январь куни Элбошимиз давлат хизматчиларини қутлади. Элимизнинг ҳар бир минтақасидан 35 нафар одам йиғилдик. Мен у пайтда Қорабулоқ қишлоғи ҳокими лавозимида эдим. Ўшанда Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултан Назарбаевнинг қўлидан олган мукофот ҳамда берилган топшириқлардан руҳланиб юртга қайтганмиз. 

Кейинчалик яна бир неча бор келдим. Ҳар сафар янги ўзгаришларга гувоҳ бўлдим. Кўчаларни пиёда кезиб, баланд, кўркам биноларга қизиқиб қарардим. 2016 йили Мажлисга депутат бўлиб сайланиб, пойтахтга кўчиб келдим. Бугун ушбу шаҳарнинг фуқароси сифатида мен ҳам Астана билан фахрланаман. Яна 20-30 йилда Астана оламга машҳур Лондон, Вашингтон каби шаҳарлардан қолишмайдиган, ўзининг ривожланиш хусусиятига, миллий қиёфасига эга улкан мегаполисга айланишига ишонаман. Чунки, Астана – Ватанимизнинг юраги, мустақиллигимиз таянчи!

Фахриддин ҚОРАТОЕВ, ҚР Парламенти Мажлисининг депутати, 2018-06-30, 17:14 2031
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.