26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Қозоғим – қардошим, ўзбегим – ўз оғам

Евроосиёнинг “юраги”да жойлашган минтақамиз халқларини минг йиллик қардошлик ҳамда яхши қўшничилик ришталари боғлаб туради. Ўзаро яқин алоқалар, очиқ мулоқот қадим анъаналарнинг бугунги глобал дунёда янги кўринишларда намоён бўлишини талаб этади. Шундан келиб чиқиб, эндиликда турли соҳаларда муносабатларнинг фаоллашгани эзгу мақсад – минтақа халқларининг янада яқинлашишига хизмат қилмоқда.

Ўзбек ва қозоқ халқларининг қавму қариндошлик, дўсту биродарлик муносабатлари тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Эндиликда Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон давлатлари ўртасида дўстона алоқа ва стратегик ҳамкорлик тили, дини, урф-одати, адабиёти ҳамда маданиятлари муштараклигига таянган ҳолда изчил равнақ топмоқда.

Яхши қўшничилик, яқин шериклик, ўзаро тенглик, ҳамфикрлилик ва юксак ишонч каби устувор тамойилларни сингдирган Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон Республикалари ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома (2013 йил) ҳамда бошқа қатор ҳужжатлар асосида давлатлар ўртасидаги муносабатлар тобора мустаҳкамланмоқда.

Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандда ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тарақ­қиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро анжуманда минтақамиздаги долзарб масалаларни мамлакатимизнинг саъй-ҳаракатларини умумий масъулият тамойили асосида бирлаштириш орқалигина ҳал этиш мумкин, дея таъкидлаган эди. Ана шундай умумий муаммоларни ҳал қилишнинг йўлларини биргаликда излаб топишга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлар Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларини Қозоғистон пойтахти Астана шаҳри томон чорлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган ўзаро таклифлар бўйича учрашувларни мунтазам ташкил этиш ташаббуси Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултан Назарбаев томонидан қўллаб-қувватланди.

Халқаро сиёсий масалаларда ҳам Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон бир-бири­ни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Мам­лакатларимиз икки томонлама ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ЕХҲТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби қатор нуфузли тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик қилмоқда.

Айниқса, сўнгги пайтларда Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ҳамда ўзаро интилишлари туфайли азалий дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида, ҳақиқатан ҳам, улкан натижаларга эришилди.

Овули аралаш, қўйи қўралаш

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг минтақа давлатлари интеграцияси йўлидаги саъй-ҳаракатлари, Қозоғистон раҳбари Нурсултан Назарбаев билан бирга халқлар ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш бора­сидаги ташаббуслари ҳар икки юрт аҳлини мамнун этмоқда.

– Қардош икки халқ дўстлиги мустаҳкам­ланаверсин!, – дейди Қозоғистон миллий аграр университети проффессори, алма­тилик Серғали Мирзақулов. – Ахир қуёшли ўлкада қўшни бу икки элни “Овули аралаш, қўйи қўралаш”, деб бежиз аташмаган. Бугунги кунда бизнинг университетимизда 78 нафар ўзбекистонлик йигит-қиз таҳсил оляпти. Қозоғистонлик тенгдошлари билан бирга, билимларини чархлаб, миллий урф-одатлари, маданиятини тарғиб қилиб юрган бу ёшларга қараб, чин дилдан қувонасан, киши.

Ўзбек ва қозоқ олимлари, йирик корхона­лар ҳамда ташкилотлар раҳбарлари иш­ти­рокида сўнгги янгиликлар билан ўртоқлашиш, тажриба алмашиш бўйича ан­жу­манлар, семинар ва учрашувлар ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақида сўзлаган Серғали оға бу ҳақда ҳали матбуотда чиқишлар қилиш орзусини ҳам яширмади.

Навоий ва Абай – ижодлари муштарак даҳолар

Ўзбек ҳамда қозоқ халқлари тарихида буюк мутафаккирлар, атоқли фан ва санъат арбоблари, олимлар, ёзувчи ҳамда шоирларни самимий дўстлик ришталари боғлаб турган.

Яқин кунларда Лев Гумилев номидаги Евроосиё миллий университетида Алишер Навоий номидаги ўзбек адабиёти ва маданияти маркази очилади. Мазкур марказ университетнинг “Қозоғистон Республикаси Тўнғич Президенти”, “ЮНЕСКО кафедраси”, “Қозоғистон халқи Ассамблеяси” каби махсус аудиториялар қаторидан жой олади. Шимкент шаҳрида эса Алишер Навоий боғи барпо этилади. 

Қозоқ шоири ҳамда мутаффаккири Абай Қўнанбаев ижодий меросини кенг ўрганиш бўйича Ўзбекистонда кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонлик ўқувчилар ўртасида “Абай асарларининг билимдони” иншолар кўрик-танловининг ўтказилиши, таълим муассасаларида таниқли шоир ҳамда ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар уюштирилиши буюк Абайга эҳтиром ифодасидир.

– Тошкентнинг марказий кўчаларидан бири Абай Қўнанбаев номида эканлиги, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси биноси олдида буюк шоирнинг муҳташам ҳайкали қад ростлаб турганини яхши биламиз, – дейди шимкентлик шифокор, оқин Абдусадиқ Тулеев. – Ўзбекистон раҳбарининг қарорида Абай сингари улуғ алломаларнинг ўлмас мероси халқларимиз учун янада муҳим маъно ҳамда аҳамият касб этади, деган сўзларни ўқиб, дилларимиз яйради.

Абай Қўнанбаев Шарқнинг буюк мута­факкири, ўзбек шоири Алишер Навоий каби бебаҳо мерос қолдирган. Унинг ўз­бек халқига меҳру муҳаббати юксак бўл­ган. “Насиҳатлар” китобининг “Иккинчи сўзи”да Абай: “Ўзбек деҳқони етиштирмаган ўсимликнинг ўзи йўқ, улар ясамаган буюм йўқ. Аҳилликда яшашади, адоват қўз­ғамайди. Таниқли бойлари, билимдон муллалари, ҳунармандлик ва мўл-кўллик дейсизми, боадаблик дейсизми – ҳаммаси уларда бор”, дея ўзбек халқига юксак баҳо берган.

Абай Ҳазрат Алишер Навоийни ўзига устоз деб билган, истеъдодига таъзим қилган. Навоий ва Абай турли замонларда яшаган бўлсалар ҳам, авваламбор, ўз халқининг буюк келажагини ўйлаб, адолатга интилиб, эзгу мақсадлар йўлида ижод қилганлар. Алишер Навоийнинг “Йигитликда йиғ илмнинг маҳзани, Қарилик чоғи харж қилғил ани”, деган ҳикматига Абайнинг:

Қизиқма ҳар нарсага,

Ҳунарли бўлсанг, тур, отлан.

Сен ҳам – бир ғишт, дунёга

Кемтигин топ ва бор, қалан! – деган сатрлари ҳамоҳангдир.

Дўстлик чегара билмайди

Қардош республика халқлари бирли­гининг ноёб моделини шакллантиришда Қозоғистон халқи Ассамблеяси муҳим ўрин тутади. Унинг бош вазифаси давлатнинг миллатлараро сиёсатини амалга ошириш, мамлакатда ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлаш, давлат ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг этнослараро муносабатлар соҳасидаги ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини юксалтиришдир.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар йил сайин мустаҳкамланиб бормоқда. Сўнгги пайтда икки қардош мамлакат раҳбарларининг турли дара­жадаги учрашувлари мамлакатлар ўрта­сидаги кўприкни, шериклик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бежиз ўзбеклар “Қозоғим – қардошим”, қозоқлар эса “Ўзбегим – ўз оғам” дейишмаган.

Халқларимиз ўртасида турли соҳа­лар­да ҳамкорлик алоқалари ҳамда ўза­ро меҳмондорчиликка бориб-келиш учун барча йўллар очилди. Ана шундай ижобий силжишлар натижасида ўтган йили дастлаб Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятидан бир гуруҳ фаоллар Жамбил вилоятига боришган бўлса, орадан бир оз вақт ўтиб, жамбилликлар Ўзбекистонда бўлишди. Мазкур учрашувлар давомида ишлаб чиқарувчилар учун кўргазмалар, анжуманлар ташкил этилди. Яқиндагина республика газетаси таҳририяти жамоа аъзолари Жанубий Қозоғистон вилоятининг муқаддас қадамжоларини зиёрат қилиб қайтишди. Ана шундай эзгу ишларни амалга оширишда ҳар иккала халқ фаолларига муваффақиятлар тилаймиз.

Ўткир РАҲМАТОВ, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” республика газетасининг бош муҳаррири, 2018-07-05, 11:15
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.