26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Қардошлик ғояси – янги ташаббусларга илҳомлантиради

Яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат тамойиллари ҳар доим Шарқ халқларининг ўзига хос хусусиятлари бўлиб келган. Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар негизига айланган улар нафақат Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари, шунингдек, бутун жаҳон ҳамжамияти учун намуна бўлиб хизмат қилади.

2018 йилни Қозоғистонда Ўзбекистон йили, 2019 йилни Ўзбекистонда Қозоғистон йили деб эълон қилиш ҳақидаги Юртбошиларимизнинг қарорлари самимийлик ҳамда ўзаро ҳурматнинг ёрқин намунаси ва далили эканлигига шак-шубҳа йўқ. 

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтиш муҳимки, Элбошимиз, Қозоғистон Республикасининг Тўнғич Президенти Нурсултан Назарбаевнинг мамлакатларимиз ўртасидаги қардошликни мустаҳкамлаш ғояси ва Қозоғистонда Ўзбекистон йилини эълон қилиши икки мамлакат аҳолиси ўртасида ижобий муносабат туғдирибгина қолмай, ушбу ғоя янги ташаббусларга, шу жумладан, бошқа қўшнилар билан муносабатларни яхшилашга ҳам илҳомлантирди. Мазкур ғояни Қозоғистондаги ўзбек этноси вакиллари ва Ўзбекистонда истиқомат қилувчи қозоқ миллати вакиллари зўр қувонч ва миннатдорчилик билан қабул қилганларини таъкидлаб ўтиш жоиз. 

Халқларимизни яқинлаштириш ташаббусини кўтариб чиққан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ҳам раҳматлар айтсак арзийди. Чунончи, унинг буюк қозоқ мутафаккири ва алломаси Абай Қунанбаев меросини тарғиб қилиш ҳамда кенг ўрганиш ғояси Қозоғистон халқи томонидан мамнуният билан кутиб олинди. 

Илгарироқ, 2013 йилда Тошкент шаҳрида буюк маърифатпарвар Абай ҳайкали ўрнатилган ва Қозоғистон Республикаси Элчихонаси жойлашган кўчага унинг номи берилган эди. Ғалаба байрами арафасида эса генерал Собир Раҳимовнинг ҳайкали ўзининг асл жойига қайтарилди. Бу воқеа, шубҳасиз, қаҳрамонларимиз ва бутун қозоқ халқига ҳурмат-эҳтиром белгисидир. 

Қозоғистонда Ўзбекистон йили муносабати билан ташкил этилаётган тадбирларда Ўзбекистон томони ҳам фаол қатнашаётганини қайд этиш лозим. Масалан, шу йил май ойида Астанада ўтган Халқаро китоблар кўргазмасида Ўзбекистон фахрий меҳмон сифатида кўрсатилди ва энг олий мукофотга сазовор бўлди. Ҳақиқатан ҳам ушбу кўргазмадаги ўзбеклар жамоасининг таёргарлик даражасини кўриб, қойил қолдик. Унинг асосий қисми, мазмуни, безатилиши ва расмий очилиш маросими кўргазма меҳмонлари ҳамда қатнашчиларини лол қолдирди. Натижада бош соврин ҳақли равишда Ўзбекистон павильонига топширилди. Ўзбекистон Элчихонасини Алматидан Астанага кўчириш ва Қозоғистон томонидан ажратилган ҳудудда янги бино қурилишини бошлаш ҳақидаги шошилинч қарор ҳам қўшниларимизнинг эзгу ва жиддий ниятидан далолат беради. 

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш иши мунтазам олиб борилмоқда. Бу ишнинг бошида эса Қозоғистон халқи Ассамблеяси турибди. Ушбу дўстлик ва бирлик институтининг тажрибасини ўрганиш учун кўплаб мамлакатлардан вакиллар келишяпти. Қўшниларимиз ҳам бундан мустасно эмас. 

2018 йил июнь ойида тасдиқланган чет элларда истиқомат қилувчи ватандошлар билан ҳамкорлик ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат сиёсати концепцияси, шунингдек, Қозоғистон халқи Ассамблеяси раҳбарлигида ишлаб чиқилаётган Л. Н. Гумилев номидаги Евроосиё миллий университети қошида А. Навоий номидаги ўзбек адабиёти ва маданияти марказини барпо этиш лойиҳаси ҳам эътиборга лойиқ.

Республика ўзбек этнобирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамиятининг ишини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. У узоқ йиллар мобайнида икки қардош халқни яқинлаштириш борасида изчил фаолият олиб бормоқда. Астана куни доирасида ҳамжамият Қозоғистон халқи Ассамблеяси раҳбарлиги ҳамда Астана шаҳар ҳокимлигининг бевосита қўллови билан “Палов Party – Астананинг 20 йиллигига 20 қозон палов” хайрия тадбирини ташкил этади. У 6 июль куни Астанадаги Талабалар хиёбонида ўтади. Фурсатдан фойдаланиб, пойтахт аҳолиси ва меҳмонларини мазали ўзбек паловидан тотиб кетишга таклиф қиламан. 

Барча ватандошларни Астананинг 20 йиллиги билан қизғин қутлайман ва Ўзбекистон Президентининг Астанага навбатдаги ташрифи икки халқ қардошлиги руҳини янада кўтаради ва қозоқ-ўзбек муносабатларини тобора мустаҳкамлашга замин бўлади, деб ўйлайман. 

Шерзод ПЎЛАТОВ, Астана шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси, ҚР Президенти ҳузуридаги Ижтимоий тафаккурни янгилаш дастурини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия аъзоси, 2018-07-05, 11:50 145
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.