26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Жангчининг дафтари

Ғарбий Украина. Кеч куз. Поезд деразасидан Карпат тоғлари, сап-сариқ япроқли дарахтлар кўзга ташланади. Бу бетакрор гўзалликни кўриб, мафтункор манзарадан сеҳрланиб қолдим ва машҳур бир мусаввирнинг кузга бағишланган суратларини эсладим. Қишлоғимдан олисларда яшаб, илк бор Ватан соғинчини ҳис қилгандим ўшанда. Бир вақт уйқу элита бошлади. Поезднинг кескин тўхташидан уйғониб кетдим. 

– Нима бўлди? – сўрадим Львов шаҳридан мен билан бирга йўлга чиққан аскар Тўлқиндан..

– Ҳозир биламиз, – деб, ташқарига чиқиб кетди у. 

Қайтиб кириб, жаладан кейин йўлнинг ишдан чиққани ва анча вақт туришимиз мумкинлигини айтди. 

– Аттанг, уйга тезроқ борсам, дегандим.

– Қаерда хизмат қилдингиз?

– Бу муҳим эмас. Муҳими, хизматда тобландим, ҳақиқий йигитга айландим. 

– Энди нима қилмоқчисиз?

– Ўқийман, электротехника бўйича мутахассис бўлмоқчиман. Ўзингиз ким бўлмоқчисиз?

Мен икки йил ҳарбий дивизия газетасида ишлаганимни, университетда журналистика факультетида ўқишимни айтдим. 

– Қизиқ. Эрталаб бир журналистни учратсам, яхши бўларди, деб ният қилган эдим.

– Нега? Бирон сабаби борми?

– Албатта бор. Сўз билан етказа олмайман. Яхшиси, бир жангчининг эсдаликларини сизга берай. Ўқиб чиқсангиз. Манзилимизга етгунимизча ҳали анча бор, – деб жомадонидан қалин дафтарни чиқариб, менга берди. 

Мен дарров уни ўқишга киришдим. 

“Кеча институтга имтиҳон топшириб, йиқилдим. Бугун шаҳардаги истироҳат боғига келдим. Одам камроқ ерни топиб, скамейкага ўтирдим. Бир вақт буталар орасидан кучукча чиқиб вовуллади ва секин орқага тисарила бошлади. Мен унинг орқасидан бордим. Мана, у эгасининг ёнига келди. Соч-соқоли оппоқ қария экан. Унинг ўнг қўли чўнтагида, чап қўли билан сурат чизаётган экан, шунинг учун юзини кўра олмадим. У қоғоздан бошини кўтармай, кучукчасини чақирди:

– Бўйноқ, қаёқларда юрибсан?

Берилиб чизаётган рассомнинг олдига ўтиб, ҳайратдан саломимни ҳам унутиб қўйдим. Унинг бир қўли йўқ эди. 

Танишдик. Мақсуд ака ўнг томонига ишора қилиб, деди:

– Уруш, ука, уруш. Мактабни энди тугатган йилим хизматга чақирилдим. Бир йил ўтмай, уруш бошланди. Биз, Ўрта Осиёдан борганлар ҳужумга ўтаётганда танкларнинг олдида югуриб борардик. Тирик қалқон эдикда. Бир вақт бомба портлади. Қарасам, ўнг қўлим йўқ. Яхшиям бир қўлим омон қолибди. Икки оёғидан ажралганлар ҳам бўлди. 

У сурат чизишда давом этардию, лекин аввалги шижоатдан асар ҳам қолмаганди. Унинг қўллари қалтирай бошлади. Қаттиқ ҳаяжонланаётгани сезилиб турарди. Мен собиқ жангчининг эски ярасини тирнаб юбордимми, деб хавотирга тушдим. Кечирим сўрамоқчи ҳам бўлдим. 

– У кунларни унутиб бўлармиди, – давом этди у. – Бизнинг авлодга осон кечмади. Лекин, мана, умрим ҳам тугаб боряпти, бир одамга бўлса ҳам ҳақиқатни айтишга қарор қилдим. 

– Қайси ҳақиқатни? – қизиқдим мен.

– Қўлимни жангда йўқотдим, деб шунча йиллардан бери ҳаммани алдаб келгандим. 

– ?

– Ўқ тегиб, ҳушимдан кетган эканман. Асир тушдим. Кейин концлагерга олиб кетишди. Менинг ва ёнимдаги икки йигитнинг рассом эканлигини билишгач, сурат чизиш учун мўйқалам ва бўёқлар тўлдирилган махсус ясси қути олиб келиб беришди.

– Сизларга эрталабгача муҳлат, – деди немис зобити. – Совет Иттифоқини қоралайдиган яхши плакат чизиб берасизлар. Кейин биз уччалангизни қўйиб юборамиз. Бошингиз оққан томонга кетаверасизлар. Лекин улгурмасангиз, аяб ўтирмаймиз! – деб бир хонага қамаб қўйишди. 

Улгурдик. Лекин биз ҳам немисларни аяб ўтирмай, шундай плакат чиздикки, уни кўриб, катта унвонли зобитлар ҳам мум тишлаб қолишди. Унда Гитлернинг юрагига Қизил армия аскарининг ханжари урилган ҳолат тасвирланган эди. 

Кейин нима бўлганини эслашнинг ўзи оғир. Аямай калтаклашди. Ёнимдаги икки аскар тепкидан жон беришди. Мен омон қолдиму, лекин бошқа сурат чизмасин, деб, ўнг қўлимни кесиб ташлашди. Кўп вақт ўтмай, қочиб кетиб, партизанларга қўшилдим. Сўнг қўлим билан чизишни ўргандим. Асирликдан кейинги озодлик, ҳаётга муҳаббат менга куч берганди, ўшанда. Полтава, Херсон, Тернополь шаҳарлари яқинида партизанлар отряди билан бирга фашистларга кўп маротаба қақшатқич зарба бердик. 

...Тинчликнинг қадрига етишимиз керак. Ҳаётимиз янада гўзал, юртимиз тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин десак, ҳар бир инсон юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаб, эл корига камарбаста бўла билиши керак”. 

Ҳикоя шу ерда тугаган эди. 

Дафтарни бир четга қўйиб, Тўлқиндан сўрадим:

– Ўзингиз ёздингизми?

– Йўқ, журналист бўлишни орзу қилиб юрган бир дўстим ёзган.

– Унда нега бу дафтар сизда?

– У билан бир йил хизматдош бўлдим. Исми Фарёз. Хизматни Афғонистонда давом эттираман, деб, полк командирига ариза ёзаётганида ушбу дафтарни менга эсдаликка берган эди. Ундан бир марта хат олдим, Қандаҳорга борганини ёзган эди. Кейин дўстимнинг ҳалок бўлгани ҳақида хабар келди. 

Поезд тезликни ошириб, ўрмонлар орасидан ўта бошлади. Полтавага яқинлашаётганимизда кўз олдимдан бу ердаги қонли жанглар, Мақсуд ака, унинг концлагердаги азобли кунлари, Фарёзнинг бегона юртда қолиб кетган жисми, эриша олмаган орзулари ўта бошлади. 

Дафтардаги “Тинчликнинг қадрига етишимиз керак. Ҳаётимиз янада гўзал, юртимиз тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин десак, ҳар бир инсон юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаб, эл корига камарбаста бўла билиши керак”, сўзлари Элбошининг “тинчлик қарор топган юртда фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, натижада, жамият ҳар томонлама юксалиб, ривожланади”, деган ибораси билан уйғунлашиб кетган эди гўё. 

Авазхон АБДУФАТТОҲ, 2018-07-16, 10:25 714
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.