26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Саксонда ҳам пешқадам

Бу инсон киндик қони томган манзилга биринчи бўлиб ичимли сув олиб келган. Унинг саъй-ҳаракати билан Энгельс номли мактаб кираверишида ковланган қудуқдан мотор ёрдамида сув чиқарилиб, аҳолига берилганди. Икки йилдан сўнг – 1960 йилда колхоз радиоузелчиси Қўрғонбой Дўсметов тавсияси билан Қизилсув даҳасига радио олиб келган Мираҳмад ака Ашурметов энди электр ҳақида ўйлай бошлади. Кўп ўтмай, бу эзгу иш ҳам амалга оширилди. Бунда вилоятни электрлаштирган сайрамлик ажойиб мутахассис, раҳматли Озод ака Мўминхўжаев кўмаклашганди.

Бу йил 5 августда саксон ёшини қарши олаётган мақоламиз қаҳрамони ҳамон сафда. У одатдагидек, ажралмас, бир умрлик дўсти, улфати, “туғма” табиб Сидиқ ака Тожихонов билан мўъжазгина шафтолизорда суҳбатлашиб ўтиришган экан. 

Мираҳмад ака энди олма уруғидан ниҳоллар етиштираётган экан. Донаси фалон пулдан сотилаётган кўчатлар бу ерда бепул кўпайтирилаётганига ҳавасимиз келди. Устига-устак, шунча ниҳолни ўзи пайванд қилаётганига қойил қолдик. Етилган меваларнинг димоқни ёрувчи иси суҳбатимизга шира қўшди.

Мурғак ёшидан меҳнат билан тиллашган, арава ҳайдаб, бошоқ териб, бурчоқ еб, вояга етган йигитга худди ўзига ўхшаган Унсуной исмли қиз учраб, оила қуришди. Буни қарангки, йиллар давомида саккиз қиз, икки ўғил кўришиб, ўзларига уч марта жаннат эшигини “очишди”. “Юрак ютиб” невара-эваралар ҳақида сўрадик. Уларнинг сони 51 нафар экан! 

Бизни қувонтирган яна бир жиҳат – акамиз 55 ёшида сувчи сифатида нафақага чиқишга муяссар бўлибди. Шу кунга қадар доимо ҳаракатда бўлган Мираҳмад ака бирон марта ҳам касалхона “юзи”ни кўрмабди. 51 нафар улфатидан қолган 9 оғайниси билан тез-тез учрашиб туради.

– Бўлангиз, ўртоғим, нафақадаги моҳир ўқитувчи Турдимат Одилметов орқали яқиндан таниб, сизга ўхшашга ҳаракат қилиб юрардик. Ўшандаги мотоциклингиз ҳали ҳам борми? 

– Э, э, Қорамуртдан тухум ўтказиб олган мотоциклимни айтяпсан, чоғи? Ҳа, 50 ёшли “Иж” ҳамон кунимизга яраб турибди... Опангни кўпроқ “Матиз”имда олиб юраман.

– Уйингизга дўстим билан кўп борганмиз. Ўшанда волидаи муҳтарамангиз, раҳматли Маржон ая ўзининг ўта юмшоқфеъллиги билан дунёдаги энг ҳокисор она сифатида гавдаланган эди...

– Тўғри, онамиздаги ушбу фазилат қизларимизга ўтганидан ниҳоятда хурсандмиз. Бугунги кунда уларнинг барчаси ўз хонадонларининг муносиб бекалари ҳисобланишади.

– Шу ўринда бир гапни айтай, – дея суҳбатга аралашади Сидиқ ака, – дўстим ҳовлисида уч туп “маржон” деб аталадиган гул-дарахтни парваришламоқда. Табобат оламида “Чёрная бузина” номи билан маълум ва машҳур ушбу ўсимлик кўп дардларга даво.

...Қизилсув қишлоғида камтаргина, хокисоргина, оддийгина инсон Мираҳмад аканинг шинамгина хонадонини танимайдиган, билмайдиган оила аъзоларини ҳурмат қилмайдиган одам йўқ. Илойим, барча кексаларимиз ана шундай қарийверишсин... 

Ҳавазмат ҚЎЧҚОРОВ, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, 2018-07-17, 10:45 565
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.