26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Элини севган инсон

Орамизда шундай инсонлар борки, улар ернинг ҳар қаричини муқаддас билиб, бош­қа­­­­­ларни ҳам уни ардоқлашга, севишга, эъзозлашга, унда астойдил меҳнат қилиб, ҳосил ундиришга даъват этади.

Ана шундайлардан бири ўзининг ҳалол меҳнати билан нафақат вилоят, балки республикада ҳам таниқли, эл ардоқлаган инсон Бозорбой Кўчаровдир.

1944 йили 1 январда Жиззах вилояти, Фориш тумани Можарм қишлоғида таваллуд топган Бозорбой ака 1956 йили Мақтаарал туманига Мирзачўлни ўзлаштириш мақсадида Ҳукумат қарори билан кўчиб келган 72 хонадон таркибида бўлган. 

Меҳнат фаолиятини 1972 йили Тошкент Давлат университети (ҳозирги Миллий университет)нинг ўзбек филологияси факультетини тамомлагач, Жетисай туманидаги Жданов номидаги 38-сонли ўрта мактабда бошланғич синф ўқитувчиси сифатида бошлади. 1986-1988 йилларда шу мактабда илмий мудир, мактаб директори лавозимларида ишлади. 1988-1990 йилларда туман партия қўмитаси йўриқчиси, колхоз раисининг ўринбосари бўлиб фаолият юритди. 

1993-1994 йиллари М. Ғабдуллин номидаги ўрта мак­таб директори, 1994 йилдан нафақага чиққунга қадар Мақтаарал туманининг М. Турсунзода номидаги ўрта мактабда директор бўлиб ишлади. Ҳозирги кунда нафақада бўлишига қарамай, Гулистон аҳоли манзилида бийлик вазифасини адо этмоқда.

Ишбилармон, ўз ишига пухта одамларни атрофига жамлаб, оз фурсат ичида туманни вилоят, қолаверса рес­­публика миқёсида танитишга улгурди.

Таҳририятимизга келган Бозорбой акани кўрган ҳар қандай инсон ундаги оддийликни, одамийликни ўзида мужассамлаштиришга ҳаракат қилади. Мени лол қолдирган энг яхши хусусиятларидан бири, ширинсуханлиги, камтаринлиги, одамлар билан тез тил топишиб кетиши эди. 

– Қишлоқда одамлар 60 чақирим узоқликдаги масжидга бориб намоз ўқишарди. Қишлоғимизга масжид қуриш ниятида юрардим. Оилам, маҳалла оқсоқоллари билан маслаҳатлашиб, одамларнинг олисини яқин қилиш мақсадида масжид ва 500 кишига мўлжалланган тўйхона қурдик. Оилалар, элатлар тинч-тотув бўлса, бизга ундан ортиқ бахтнинг кераги йўқ. Шунинг учун ҳам тўйхонамизга “Дўстлик” деб ном қўйдик, – дейди отахон биз билан суҳбатда. 

Инсоннинг қадр-қиммати унинг ақлий ва жисмоний қобилиятига қараб баҳоланади. Ҳалол меҳнат билан Бозорбой ака ҳаётда катта муваффақиятларга эришди. У “Меҳнат фахрийси” медали, 1998 йили “Қозоғистон Республикаси халқ маорифи аълочиси”, 2016 йили “И. Алтинсарин” ва “Илғор ходим” кўкрак нишонлари билан тақдирланди. “Мустақилликка – 25 йил”, “Халқ ҳурмати” медалларига сазовор бўлган. Жорий йил 21 июнда Жанубий Қозоғистон вилоят маслаҳатининг қарори билан Бозорбой Кўчаров “Жанубий Қозоғистон вилоятининг фахрий фуқароси” унвонига эга бўлди. 

Ҳалол меҳнатдан топилган ризқ-неъмат – ҳаёт зий­­­нати. Шундай экан, юрт равнақи ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ота­хонга ҳавас қилса арзийди. 

Ҳаётнинг гашти меҳнатда, меҳнатнинг роҳати эса оилавий тинч-тотувликда, фароғатдадир. 

 Бозорбой ака турмуш ўртоғи Иқбол ая билан 1963 йили турмуш қуриб, олти ўғилни вояга етказиб, фидойи инсонлар қилиб тарбиялашди. 

Ўғиллари Музаффар, Мунаввар қишлоқ хўжалигининг етук мутахассислари, 60 га. ерда деҳқончилик билан шуғул­ланишади. Анвар Турсунзода номли мактабда лаборант, Юсуф Ғ. Мусирепов номли мактабда жис­моний тарбия ўқитувчиси, Зафар ва Юнуслар эса катта акалари билан биргаликда далада меҳнат қилиб келишмоқда. Келинлари Санобар, Дилфуза, Раънолар ҳам мактабда устозлик қилишади. Малика ва Дилбар уй бекалари. Кенжа келин Гулчеҳра болалар боғчасида тарбиячи. 35 нафар невара, 6 эвара оиланинг қувончи. 

– 20 йилдан буён қишлоқ бийиман. Аҳолини ичимли суви билан таъминладик. 2020 йили қишлоқни газлаштириш ҳақида ҳокимликнинг қарори бор. Насиб этса, бизнинг қишлоққа ҳам “зангори олов” етиб келади, – дейди отахон. 

Дарҳақиқат, орамиздаги одамларнинг бахти ҳалол меҳнат эвазига бунёд бўлиши ҳаммага равшан. Обрў-эътибор, ҳурмат, иззатнинг ҳам тожи фақат меҳнатда. 

Ўз қадр-қимматини меҳнатдан топиб, одам­ларга самимий муносабатда бўлиб, дўстлик ришта­­­­ларини мус­таҳкамлаб келаётган, ёшлардан панд-насиҳатларини аямаётган Бозорбой акага узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаймиз. Сиз каби вилоятнинг фахри бўлган инсонлар кўпайишини Яратгандан сўраб қоламиз. 

Унвон муборак бўлсин!

Дилбар САЪДУЛЛА қизи., 2018-07-17, 10:47 709
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.