26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Юз билан юзлашаётган мактабда

Туркистон шаҳридаги билим даргоҳларидан энг кексаси – пойдевори 1918 йили қаланган Ҳамза номли мактаб ҳисобланади. 1918 йилдан бери мактабга Зуфар Бадилов, Абдумусо Замонбоев, Зайниддин Восидов, Ҳошим Мўминов, Нурбадал Маматраимов, Аҳмад Анорбоев, Райим Ғофуров, Поччахон Баратов, Абдуҳошим Жумадуллаев, Гулнора Мирзаметова каби заҳматкаш устозлар раҳбарлик қилишди. 2003 йилдан бошлаб эса ушбу улуғ даргоҳга Замир Олимжон ўғли Муҳаммаджонов раҳбарлик қилиб, келаси йили нишонланадиган бир асрлик анжуманга мактаб жамоаси, ота-оналар ҳамкорлигида ҳозирлик кўрмоқда. 

Тарбиявий, тарихий аҳамияти улкан ушбу тадбирга мактабнинг ҳар бир устози, ходими, битирувчиси, собиқ ўқувчиси муносиб ҳисса қўшишга бел боғлаган. Шаҳар марказида жойлашган, ёз фаслида анвойи гулларга бурканиб, ажиб ва сўлим кўринадиган Ҳамза номли мактабда жуда кўп тарихий шахслар – Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари Қурбонбой Ирисбеков, Расул Исетов, Файзулла Йўлдошев ҳамда Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари Эргаш Иззатуллаев, Майшай Абенова, Яссавий мақбарасидаги дошқозоннинг Ленинграддаги Эрмитаждан олиб келинишига кўп хизмати синган Эркин Жўрабеков каби жуда кўплаб инсонлар таҳсил олишган. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Бугунги авлод кекса бўғин – ота-боболарининг эзгу ишларидан ибрат олиб, сифатли таълим ва тарбияда илғорликни қўлдан бермай келмоқда. 

Элбошимиз Н. Назарбаев тарихий ҳужжатларида ифтихор билан қайд этганидек, мустақил Қозоғистонда 1300дан зиёд соғликни сақлаш муассасаси, 1700 дан зиёд муҳташам мактаб биноси бунёд этилди. Бундай фаровонликка Қозоғистон илгари эришган эмас. Аҳолининг ўртача умр ёши ҳам ўсган. 

Тоғнинг улуғворлиги олисдан яққол сезилади, деганларидек, бугунги фаровон ҳаёт билан қийинчилиги мўл ўтмишни қисман қиёслаб ўтсак. Мактабнинг собиқ ўқувчиси, ёзувчи Муҳаммаджон Хайруллаевнинг ижодида илгариги ҳаёт шундай тасвирланади: «Уруш йиллари қиш қаттиқ келар, синфхоналар яхши иситилмас эди. Кўмир йўқ, ёзда ғамланган 4-5 арава саксовул-ёвшан қиш чиқмай тамом бўлади. Синфимиз ўртасига ўрнатилган чорбурчак эски тунука печканинг тешик ва тирқишларидан шамол бўлган кунлари тутун қайтиб, кўзимизни ачитиб, нафасимизни бўғар эди. Аммо хонамиз қанчалик тутунга тўлмасин, эшикни очишга сира-сира унамасдик. Аччиқ совуқдан аччиқ тутунни афзал кўрардик. Мактабда ҳар куни ўқувчиларга катталиги гугурт қутисидай келадиган нон бериларди. Одатда, нон, ўқувчилар дарсни ташлаб кетишмасин, деб учинчи соат дарсдан сўнг улашиларди. Ўша куни мактабга келолмаган болаларнинг улушини тўплаб, касал бўлиб қолган синфдошларимизга элтиб берардик....” 

Табаррук Туркистондаги биз тавсифлаётган кўҳна билим даргоҳини ишбилармон, қатор йиллар шаҳар ҳокимлиги девонида, бошқарув тизимида ишлаб, тажриба орттирган Замир Муҳаммаджонов бошқармоқда. Унинг маориф соҳасидаги самарали меҳнатлари шаҳар, вилоят, республика даражасида «Алғыс хат» лар, «Энг яхши мактаб директори», «Жаңа заман талабы – жаңашыл басшы» фахрий ёрлиқлари, «Қозоғистон Халқи Ассамблеясига – 20 йил», «Талғат Бигелдинов», «Білім беру ісінің құрметті қызметкері», «Өнегелі азамат» кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Тажрибали раҳбар бошқараётган мактабда 150 нафар заҳматкаш устоз 1592 ўқувчига сифатли таълим-тарбия бериш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда. Директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарлари Дилбар Дийметова, Баҳодир Исмоилов, тарбиявий ишлар бўйича ўринбосарлари Гулбаҳор Йўлдошева, Дилрабо Зайниддинова, бошланғич синфлар бўйича ўринбосарлари Матлуба Файзиметова, Умида Шонабаева, ташкиллаштирувчи педагог Илмира Ортиқова, касаба уюшма қўмитаси раиси Бахтиёр Абдураимовлар раҳбарлигида ўқитувчилар амалга ошираётган ишлар салмоқли. Устоз психолог Саодат Мирзаметова, Ойбек Маҳмудовлар ўқувчилар билан ўтказаётган тренинг машғулотларининг ҳам, шубҳасиз, аҳамияти зўр. 

Келинг, яхшиси рақамларга мурожаат этайлик. 2014-2015 ўқув йилида ЯМТ синовларида мактабдан 14 ўқувчи қатнашиб, улар тўплаган ўртача балл кўрсаткичи 99,57ни ташкил этди. Икки ўқувчи «Олтин белги» соҳиби бўлди. 2015-2016 ўқув йилида ЯМТда иштирок этган ўқувчилар сони 30га қадар ортиб, ўртача балл 89,13 бўлди. Дилфуза Бобожонова, Мақсуда Абдалимовалар юқори билим савияларини далилладилар. 11 битирувчи олий ўқув юртларига грант асосида ўқишга кирди, 5 битирувчи эса ХҚТУ квотасига муяссар бўлди. 

Заҳматкаш устозларнинг фидокорона меҳнатлари муносиб баҳоланиб, 22 ўқитувчи «Білім беру ісінің үздігі», 18 ўқитувчи – «Білім шыны», 20 ўқитувчи «Үздік мұғалім» кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Ўқув-тарбия ишлари даражаси мактабда чораклар давомида ўтказиладиган фан ҳафталиклари, мактаб, шаҳар, вилоят миқёсидаги семинарларда яққол намоён бўлади. Бундай тадбирлар ўқитувчиларнинг дарсларда янги технология асосларидан фойдаланиш маҳоратини кўрсатади. Халқаро «Қозоғистон-Болгария», «Чернозирец Храбр» математика олимпиадаларида 3 йил давомида мактаб ўқувчилари фахрли ўринларга эришиб келмоқдалар. Жорий йилда ҳам 9-синф ўқувчиси Абдулаҳад Сардор иккинчи ўринни қўлга киритиб, кумуш медаль соҳиби бўлди. Республика миқёсида ўтказиладиган интеллектуал олимпиадаларда ҳам мактаб ўқувчилари фаол қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаб келмоқдалар. Ўқитувчиларнинг иш тажрибаси матбуот саҳифаларида мунтазам чоп этилиб, оммалаштирилади. 

Биология, кимё, рус тили, қозоқ тили ҳамда бошланғич синф ўқитувчиларининг илмий ишлари диққатга сазовор. Абай, Жумабаев, Мақатаев, Жансуғуров ўқишлари, Яссавийхонлик, Навоийхонлик танловларида ҳам юқори ўринларга эришилди. Жорий йилда математика, технология, қозоқ тили фанларидан мактаб директорлари учун семинарлар уюштирилди. Уларда кўплаб устозлар ўз маҳорати, билими, ташкилотчилик қобилиятларини намунали дарсларида кўрсата олдилар. «Санъат фестивали» танловида эса мактаб ўқувчилари уч йил қаторасига фахрли биринчи ўринни қўлдан бермай келмоқдалар. 

Спорт, туризм соҳасидаги ютуқлар вилоят миқёсидаги туризм беллашувида биринчи ва иккинчи ўринлар билан тақдирланганлиги, енгил атлетика, волейбол, баскетбол, шаҳмат, шашка, теннисдан эришилган зафарлар бу соҳадаги ишларнинг натижадорлигидан далолат беради. 

2013 – 2014 ўқув йилидан бошлаб шаҳардаги 4та мактабда, шу жумладан Ҳамза номли мактабда «Ўқувчи сонига қараб маблағ тақсимланиши» дастури бўйича иш юритилмоқда. Шунинг натижасида мактабда кўплаб тадбирлар, ўқув машғулотлари амалга оширилишида мактаб касаба уюшма қўмитаси раиси, «Білім берү ісінің үздігі», «Үздік кәсіподақ төрағасы» нишонлари соҳиби Бахтиёр Абдураимовнинг хизматлари беқиёсдир. У 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида касаба уюшма қўмитасини бошқариб келмоқда. Элбошимизнинг «Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш» мақоласида мамлакатимизнинг жаҳондаги ривожланган 30 давлат қаторидан ўрин олишида билимли ёшларнинг ҳиссаси муҳим эканлиги қайд этилган. Ҳамза номли мактаб мисолида билимнинг ўсиш жўшқинлиги яққол кўринади. Яъни, 2014 – 2015 ўқув йилида фан олимпиадаларида 11 ўқувчи иштирок этиб, барчаси совринли ўринларни эгаллашган, Саида Ваҳобова вилоятда 

совринли ўринга сазовор бўлган бўлса, 2015 – 2016 ўқув йилида фан олимпиадалари иштирокчилари сони икки баравар ошиб, 24 ўқувчини ташкил этди, улардан 22 нафари совринли ўринларни эгаллади. Ўтган ўқув йилида эса фан олимпиадаларида 33 ўқувчи иштирок этди, улардан 27 нафари фахрли биринчи учликдан ўрин олди. Жорий ўқув йилида 10 ўқитувчи фан олимпиадаларида иккинчи ўринни эгалладилар. 

Ҳамза номли мактаб жамоаси шаҳардаги Есимхан номли майдонда ўтказиладиган шаҳар миқёсидаги барча оммавий тадбирларда доимо фаол иштирок этишини ҳам таъкидлашимиз жоиз. Ўзбек этномаданият бирлашмасининг барча тадбирларига мактаб директори Замир Муҳаммаджонов, бошланғич ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Ҳусан Убайдуллаевлар раҳбарлигидаги ўқитувчилар, ўқувчилар жамоаси камарбаста. Мактаб жамоасининг кўплаб Фахрий ёрлиқ ҳамда мукофотларга сазовор бўлиши сабаби эса – сидқидилдан қилинган меҳнат. 

 

Суратларда: мактаб директори Замир Олимжон ўғли; директор ўринбосарлари билан кенгаш – маслаҳат чоғида; мактабнинг аҳил устозлар жамоаси.

 

Ш. МАДАЛИЕВ, 2017-05-29, 12:58 815
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.