26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Нотавон кўнгил ноласи

Ҳозирги Нариманов кўчасида илгари пастқам уйлар кўп бўлар эди. Улар шунчалик хароб ва хилма-хил эдики, бир қарашда энгаги ерга тегиб турган тишлари сийрак кампирни эслатарди. Пойдевори икки қарич бундай уйлар урушдан кейин қурилган бўлиб, ўз даврида анча замонавий ҳисобланарди. 

Сирти кўк, яшил бўёқларга бўялган, ёғоч эшиклари ғийқиллаб очиладиган бундай хонадонлар шаҳарда ҳозир ҳам битта-иккита учраб қолади. Улар узоқ ўтмишдан бир лавҳа каби киши диққатини тортади. 

Мен ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеалар худди мана шу ғариб хонадонларнинг бирида бўлиб ўтган. 

Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихида мудҳиш из қолдирди. У туфайли жабр кўрмаган биронта оила қолмади.

Шаддод, бир гапириб, ўн куладиган Зуҳра ҳам эридан “қора хат” олгач, мунғайиб, қадди букилиб қолди. Етти яшар ўғли Раҳматуллони ва беш яшар қизи Раҳимани овсини Зарифага ташлаб, ўзи эртадан кечгача даладан бери келмади, бутун аламини меҳнатдан олди. 

Даладан кўпинча ўғли билан қизи ухлаб қолганда келар, уларнинг жингалак сочларини силаб, пешонасидан ўпиб, пичирлаб, болаларининг камолини кўрсатишни Аллоҳдан сўрар, эридан жудо қилган босқинчи Гитлерни қарғаб, ўксиб-ўксиб йиғлаб оларди.

Шу тариқа йиллар ўтди. Зуҳра эрининг ҳалок бўлганини билса ҳам умрининг сўнгига қадар уни кутиб яшади, болаларини ўйлаб, бошқа турмуш қилмади.

Фарзандлар вояга етиб, қизи Раҳима Тошкентда ўқиб келди, шаҳардаги бообрў хонадонлардан бирига узатилди. 

Энди Зуҳранинг бирдан бир орзуси ўғли Раҳматуллони уйлантириб, невара суйиш эди. 

Орзуси ушалди ҳам. Келини Манзура кутганидан ҳам зиёда чиқди. Эрталаб туриб, айвон ва ҳовлиларни супуриб-сидириб, чиннидай қилиб қўяди. Сигир-бузоқларга ўғли билан бирга қараб, сигирни соғиб, сутини банкаларга қуйиб, қўшниларга элтиб беради. Ёшларнинг илиқ муносабатини кўриб, онанинг кўнгли яйрайди. Лекин баъзан рўпарў келганда, келин худди гуноҳкордек кўзларини олиб қочади. Бунинг сабаби аён: келин бўлиб тушганига ярим йилдан ошди-ю, лекин бўйида бўлмаяпти.

Кунлар шу зайлда ўтаверди. Зуҳра келинидан хурсанд, беш вақт намозида дуо қилар, Яратгандан унга фарзанд сўрарди.

Бир-иккита “жонкуярлар” маслаҳат ҳам беришди:

– Ёлғиз ўғлингиз фарзандсиз ўтадими, ё бола асраб олишсин, ё бошқасига уйлантиринг. 

– Ҳар тўкисда бир айб, бу ҳам бўлса Худонинг бизга кўрсатаётган синовидир-да айланайлар, – дерди Зуҳра.

Дарҳақиқат, инсон боласи Яратган эгам пешанасига битган ёзмишни кўрмасдан қолмас экан. Манзура келин беш эмас, ўн эмас, ўн икки йил деганда оналик бахтига муяссар бўлди. Зуҳранинг қувончи чексиз эди. Эл-юртга дастурхон ёзиб, набирасига Интизор деб исм қўйди. Икки йилдан кейин келини яна қайнонасига қувонч сийлади. Иккинчи набираси Наргиз бўлди. 

Зуҳра опа набираларини еру кўкка ишонмас, узоқ кутгани учунми, жуда эҳтиёт қиларди. Сал олисга отланса, худди полапонларини қирғий олиб кетадигандай орқасига қарай-қарай кетарди.

Айниқса, Наргизни ҳаддан ташқари эркалатар, ота-онасига ҳам ишонмасди. Қиш кунлари мактабга борадиган бўлса, қўл аравага ўтқазиб, устини одеял билан ўраб, ўзи элтиб қўярди.

Йиллар ўтиб, қизлар бўй етди. Бувиси невараларининг ўқишга киришини хоҳламади. Интизор ип-газлама комбинатига ишга жойлашди, икки йилдан сўнг ўзи билан бирга ишлайдиган Равшан исмли йигитга турмушга бердилар. 

Наргиз эса бувисига берилган кўп қаватли уйда у билан бирга яшай бошлади. Ўнинчи синфда ўқиб юрганида Қувайтдан келган араб тили муаллимларидан сабоқ олди. Ҳадемай араб тилида ҳам бемалол гаплашадиган бўлди. Устозлари уни Эски шаҳардаги масжидга таржимон қилиб ишга қабул қилдилар. 

Наргиз ҳаётидан мамнун эди. Жонидан ортиқ кўрувчи бувижониси, ҳеч кимга ишонмайдиган ота-онаси бор, яқинда эгиз жиянларга хола ҳам бўлди. Келгусида ўзи ҳам яхши йигитга турмушга чиқсаю ҳаммаларини хурсанд қилса...

Лекин мағрур, унча-мунча йигитни писанд қилмайдиган қизнинг турмушга чиқиши ҳам антиқа бўлди.

Унинг синфдош дугонаси Мунира Наргизни жуда-жуда яхши кўрар, онасига, опасига айтмаган сирларини фақат у билан бўлишарди. 

Бир куни у Наргиздан тикувчиникига бирга бориб келишни сўранди.

Наргиз рози бўлди. Улар якшанба куни учрашишди. Мунира сочини чиройли турмаклаб олган, нимпушти крепдешин кўйлаги ва оқ туфлиси ўзига жуда ярашиб турарди. 

Дугонасининг ясан-тусан қилиб олганини кўрган Наргиз бир нарсани сезгандай бўлди: Мунира – ошиқ.

Улар Насиба чеварнинг уйини осонгина топишди. 

Дарвозани қулоқлари каттароқ, сочлари қошига тушиб турган, дўрдоқ лаблари ўзига ярашган новча йигит очди. 

Мақсадни билгач:

– Ойим қўшниникига чиқиб кетувди, ҳозир келиб қолади, – деди у. 

Наргиз дугонасининг қулоғига аста шивирлади:

– Қулоғини айтмаса, чидаса бўлади! 

– Секин, эшитиб қолса, уят эмасми, – дерди истиҳола қилиб Мунира.

Дугоналар ҳовли ўртасига қўйилган стол ёнидаги курсиларга ўтирдилар. Столда ярим палла тарвуз, патнисда нон, қанд-қурс бор эди. Наргиз куннинг иссиғида чанқадими, ё коса қилиб сўйилган қип-қизил тарвуз иштаҳасини очдими, бир бўлагини оғзига солди.

 – Ол, е, барибир шу уйга келин бўласан-ку, насибанг шу кундан бошлаб қўшилсин, – дедию ўзи хохолаб кулиб юборди.

Наргиз Мунирага тегишиб турганида эшик очилиб, чит халат кийган, зулукдек қошлари остидаги ўткир кўзлари чақнаб турган аёл кириб келди. Қизлар билан саломлашгач, Мунирадан андаза ола бошлади. 

Тикувчининг уйидан чиқиб, дугоналар тўғри бекат олдидаги газли сув дўконидан музқаймоқ олдилар. 

Наргиз Мунирага қараб, яна шайтонлиги тутди-ю: 

– Йигитинг чакки эмас, фақат қулоқларини айтмасанг, – дедию кулиб юборди.

Мунира қизариб кетган юзини қуёшдан тўсиб:

– Устимдан кулма, Ойбек ака менга жудаям ёқади, – деди.

 Икки дугона ҳазил-ҳузул билан маҳаллаларига қандоқ етиб келганларини билмай қолишди.

Орадан икки ҳафта ўтди.

Наргиз ишхонасига яқинлашар экан, қўлида чиннигул тутган Ойбекка кўзи тушди. Кулгидан ўзини аранг тўхтатди. 

– Яхшимисиз, Наргиз, сизда гапим бор эди, – деди Ойбек қулоғигача қизариб.

– Эшитаман, – деди у Ойбекка менсимайроқ қараб.

– Манави гуллар сизга, – деди йигит довдираб. 

– Кечирасиз, бу гулларни дугонам Мунирага олиб боринг. Менга эса сиздақа, лапашанг йигитлар умуман ёқмайди, – дедию шарт бурилиб, масжидга кириб кетди.

Йигит анча турди, сўнг ўзидан-ўзи ижирғаниб кетдими, ахлат қутига гулдастани улоқтириб, орқасига бурилди.

Қизлар тикувчининг уйига боришганида Ойбек қўранинг ичида ўтириб, Наргизни роса кузатган экан. Келишган қадди қомати, оқ сариқдан келган юзига ярашган кўзлар, қундуз қошлар, қайрилма киприклар, чаккасидаги кулгичлар – ҳамма-ҳаммаси йигитнинг хаёлини ўғирлаган эди. Орқаси билан битта бўлиб турган қўнғир сочларини айтмайсизми?

Қизлар кетишгач, онаси: 

– Қалай, мен танлаган келин тузук эканми? – деб сўради. 

– Йўқ, – деди кўзларини лўқ қилиб Ойбек. – Умуман ёқмади. 

– Ҳув отангга ўхшамай қуриб кет. Энди келин олиб, оғиримни енгил қиламанми, десам. Бор, йўқол, кўзимга кўринма! – деди онаси дағдаға қилиб.

Ойбек беш қиздан кейинги ёлғиз ўғил эди. Онасининг феълини яхши билгани учун ортиқча гапирмади, индамай кўчага чиқиб кетди. Болаликдан бир нонни бўлиб еган оғайниси Акмалнинг уйига борди. 

Хайрият, дўсти уйда экан. Салом-аликдан сўнг:

– Қани, гапир, нима бўлди, даданг яна ичишни бошладими? – сўради Акмал.

 – Йўғ-е, ойим бир қиз топган эканлар, шунга уйланасан, деб туриб олди, – деди у.

 – Ота-оналар доим фарзандига яхшилик тилайди. Балки у яхши қиздир, гаплашиб кўра қолмайсанми, бирор еринг камайиб қолмайди-ку, – деди Акмал ҳам қизишиб. 

– Кўрдим, менга унақа қизлар ёқмайди, худди мушукка ўхшайди, суйкалувчан қизларни эса жиним суймайди.

– Ие, унда сизга қанақа қизлар ёқади? – деди Акмал.

– Оғайни, улар иккита эди. Ойим келин қиламан деган қиз дугонаси билан келибди, – дедию дудуқланиб қолди. – Шу... дугонаси...менга ёқди.

Акмалнинг оғайнисига раҳми келди. Лекин ота-онага қаршилик кўрсатиш ҳам яхши эмаслигини у яхши биларди. 

Ойбек дўстининг уйидан ярим тунда қайтди. 

Кунлардан бир куни Ойбек ишдан келдию, нари-бери молларга қараб, янги жинси шимини, қора кўйлагини кийди, туфлисини ҳам ялтиратиб, онасига “кетдим”, дея ишора қилди. 

У бир кун аввал онаси орқали Мунирадан Наргизнинг қаерда ишлашини билиб олган эди.

Ойбек Наргизни чиндан ёқтириб қолганди. Бироқ қизга дуч келганда ёш боладай довдираб қолар, қулоғининг учигача қизариб кетар, нима деётганини ўзи ҳам билмасди.

Наргиз эса ҳар гал уни кўрганда жиғибийрон бўларди. 

Ойбек бу чиройли, кибор қизнинг кўнглига йўл топишни билмай қийналарди. 

Бу орада йигитнинг ота-онаси Наргизларнинг уйига икки марта келиб кетди. 

Зуҳра опа қудаларни “неварам хоҳламаса, уни зўрлаб беролмайман, бу дунёга келиб топган шу иккитагина набирагинам, уларниям зўрға тилаб олганман”, – деб қайтарарди. 

– Турингни ел емасин, бошқа қиз қуриб қолганми, нима бало, пишмайдиган савдо, овора бўлма, – деди онаси энсаси қотиб ўғлига.

– Уйлансам, фақат шу қизга уйланаман, бўлмаса... тоқ ўтаман, – деди Ойбек бир нуқтага тикилиб.

Йигит ҳар куни масжид олдида Наргизани кутиб турар, унга гул, қутидаги энг сара шоколодлардан олиб борарди.

Қиз гулларни йигитнинг юзига улоқтирар, шоколадларни ариққа оқизиб юборар, куракда турмайдиган сўзлар билан уни ҳақорат қиларди. Чунки Наргиз Ойбекка турмушга чиқиш тугул у билан гаплашишни ҳам истамас эди. 

– Одам ҳам шунчалик сурбет бўладими, итга ҳам кет десанг, кетади-ку, сиз, нима бало, сўз таъсир қилмайдиган қанақа худбинсиз, – дерди қиз жаҳлдан юзлари қизариб.

 – Қанча тўполон қилсанг ҳам барибир сени яхши кўраман ва сенга уйланаман, гап тамом, вассалом!

Ахийри қиз “синди”.

Зуҳра опа бутун йиққан-терганини набирасининг сарпосига сарф қилди. Раҳматулла ака билан Манзура опа фақат тўй дастурхонини ёзишди. Тўй чиройли ўтди. 

Наргиз ҳам Ойбек акасига ўрганиб кетди. Улар бир-бирини бирон сония кўрмаса туролмайдиган, бир-бирини соғиниб яшайдиган бўлиб қолишди. 

Насиба опа ҳам ўғли учун келинини қабул қилишга мажбур бўлди. Лекин фурсат топди дегунча Наргизни чақиб-чақиб олишга, уни камситишга, ишларидан хато топишга уринарди. Бекордан-бекорга дашном бериб, ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ қиларди. Устига устак, бўйида бўлгач, келиннинг бошқоронғиси оғир кечди. Уй ишларини бажаришга мадори қолмас, кўз олди қоронғилашиб, боши айланиб кетарди.

Ана шундай пайтда қайнона ҳовлини бошига кўтариб шанғилларди:

 – Ордона қолсин бунақа келинни, эшигимга келибдики, бирон бир соғ куни йўқ. Уйига олиб бориб ташла, бунақа бедаво керакмас. 

Наргиз бироз беҳуш ётар, қайнонасининг зардали товушидан аранг ўзига келиб, тепасида жовдираб турган Ойбек акасини кўриб, хўрлиги келиб кетарди. 

– Уйга кетаман, бувимнинг олдида беш-олти кун дамимни олсам, ўзимга келиб қоламан. Уйнинг иши қочмас, – деди  бир куни зўрға нафас оларкан.

Ойбек буни онасига айтган эди, Насиба опа ошхонада косани қошиққа, қошиқни то­­­­воққа уриб, шанғиллай бошлади: 

– Ер ютгур, жувон ўлгур, битта сенми бола кўтарган, бошида билувдим шунақа бўлишини. Яхшиямки гектар-гектар ер­ни чопиб, ўтоқ ўтамайсан. Тан­­­­­­­дирда нон ёпиб, ўчоқда овқат пиширмайсан. Бор-йўғи тўрт-беш хонани йиғиштириб, тайёр газда овқат қилганинг бўлмаса. Олиб бориб ташла уйига жувон ўлгурни, касал келин керак эмас менга. Лаш-луши билан олиб бориб ташла, керак бўлса боқиб олишсин, қизларини...

Ойбек Наргизга: “Бирон ҳаф­та уйингга бориб келақол... Ойимни биласанку, ҳозир жаҳл устида, бир пасда тушади. Жо­ним, хафа бўлма, мен сени жонимдан ортиқ  кўраман”. 

Эрининг ширин гапларидан Наргизнинг кўнгли бўшаб кетди, ўзини тўхтатолмай йиғлаб юбор­ди. 

Шу куни тушликка шўрва қил­ди. Ошхонани яхшилаб йи­ғиштирди. Ҳовли-кўчаларни супуриб-сидирди. Кирларни ювиб, қуриган-қуриганини даз­моллади. Соат бешларда бур­нидан тортса йиқилгудай бўлиб, хонасига кирди.

Ойбек хотинининг ки­йим­­­­­ларини сумкага сола бошлади. 

Нар­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­гиз­­­­­­­­нинг боши лўқиллар, кўз ол­­­­­­­ди қоронғилашиб, киндик ат­­­рофи пастга тортиб-тортиб оғрирди. 

Чевархонадан толиқиб, кўз­лари киртайиб чиққан Насиба опа ошхонага ўтди. Қозоннинг қопқоғи очилганини эшитган Наргиз сакраб ўрнидан туриб, ошхонага югурди. 

–  Ётавер, бир қошиқ заҳарни ўзим ҳам қуйиб ичаман, – деди киноя билан қайнона. 

Ойбек онасининг аччиқ гапини эшитдию, юраги бир қалқиб тушди. Лекин ўзини тутиб: 

– Ойи, келинингиз бир-икки кун бувисиникида дам олиб келсин... 

Ойбекнинг сўнгги гапи бўғ­зида қолди. Насиба опа косани “тақ” этиб столга қўйдию сайрай бошлади. 

 – Вой, мангина ўлай, нима иш қилибдики, бунинг чарчаса, газда овқат қилса, иссиқ сув, совуқ суви тайёр турса...Эр­талаб айтдим, бу сенга хотин бўлиб ёлчитмайди, олиб бориб ташла, бутун лаш-луши билан...

Шу куни кечқурун эр-хо­тин Зуҳра бувиникига йўл ол­дилар. Йўл-йўлакай бир-бир­ларига бир оғиз сўз қот­ма­дилар. Наргиз автобуснинг ой­­­­­­­­на тарафида кўчага қараб, ун­сиз йиғлаб бо­рарди. Ярим со­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­атча юришгач, автобус ша­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­ҳар четидаги кўп қаватли би­но­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­лар олдида тўх­тади. 

Зуҳра ая уларни кўриб, шо­шиб қолди:

– Вой бўйларингдан айланиб кетай, гиргиттон бўлай, ўзим ҳам соғиниб ўтирувдим, эрталабдан бери ўнг елкам учаётувди, сенинг келишингга эканда, қи­­­­­зим. Эсим қурсин, сиз яхши юрибсизми, ўғлим. Дада ва ойингизнинг соғликлари яхшими, олис-яқиндаги қариндош-уруғ тинч-омонми?

– Ҳаммалари яхши юриб­­­дилар, ойим ва дадам сизга салом айтиб юбордилар. 

Наргиз уч-тўрт кун буви­си­никида бўлди. Ойбек икки мар­­­­­­­та келиб кетди. У тушкун аҳ­волда эди. Негадир Наргизга қўпол гапирди. Буни пайқаган Зуҳра опа куёв боласини ол­дига ўтирғизиб:

– Тинчликми, нима бўляпти? – деб сўради у.

– Қизингизнинг инжиқ­ликлари кўпайиб кетди. Ойимнинг кўнг­­­­­­­­­лини олол­ма­япти, устига ус­­­­­так бошқо­рон­ғилиги ортиқча бўляпти.

– Ҳа, шунақа, одамдан одам пайдо бўлиши осон эмас. Озгина сабр қилсангиз, ҳаммаси изга тушиб кетади-ку, болам.

 – Жонга тегди, уйда ҳаловат йўқ, – деди Ойбек бир нуқтага тикилиб. 

Наргиз эрининг гапини эшит­гач, анграйиб қолди. 

– Бўл, йиғиштир, кечга зиё­фатим бор, – деди у тўн­ғиллаб.

Ойбек келса, қозонни оча­миз, деб ўйлаган Зуҳра ая куёвининг  муомаласини кў­риб, энсаси қотди, гап-сўзсиз индамай бир товоққа гўштли қилиб ош сузди. Салафан қоп­чиққа  иккита нон ҳам солди. 

Наргизнинг юраги пўкил­ла­ганча йўлга тушди. У эри би­­­­­лан ёнма-ён борар экан, бир кунда нима ўзгара қолганига ҳайрон эди.

Қайнонаси айвонда кўйлак этагини тикиб ўтирган экан.

– Ассалому алайкум, ойи, – деб сўрашишга энгашган келинни Насиба опа нари тур,  деб итариб юборди. 

– Бувижонингга мени ёмон­лаб, хуморингдан чиқдингми? 

Наргиз шундоқ бўлишини биларди, шу сабабдан буви­сининг уйига боргиси келмаган эди. Аммо тишини-тишига қўйди. 

Фасллар келинчаги баҳор ўз сепини кўз-кўз қилиб, борлиқ ям-яшил либос кийганда, бол­арилар ўрик, олма, гилос гул­ларининг хушбўй ҳидларини атрофга таратганда, яъни, май ойида биринчи фарзанд  дун­ёга келди. Унга Муаттар деб исм қўйишди. Ҳомиладорлик пайтидаги тумовми, уйдаги жан­жалларнинг оқибатими, чақалоқ йиғлоқи бўлиб туғилди.

У кечаю кундуз тинмас, Нар­гиз уни ҳеч овутолмас эди. Чевархонада туриб қайнона шанғилларди: “Етти кечада жин теккан бунга, чакагини ўчир”. 

Наргиз қизининг тагини қайта-қайта алмаштирар, елим сўр­ғичли бутилкада сут берар, ле­кин кичкинтой тинай демасди.  Худо урганни, пайғамбар ҳам ҳассаси билан туртаркан, де­ганларидай, кўкраги ҳам бир кечада шишиб кетди. Унинг оғриқдан жони қийналар, уйда­гилардан бирортаси унга ёрдам берай демасди.

– Ҳа, онанинг қадрини она бўлганда биласан, сени ҳам ана шундай қилиб боққан, бир болани эплолмайсану тағин эрга текканинга ўлайми. Бошида айтдим-а, бу ҳеч нимани ёлчит­майди, на қўлидан бир иш келади, на бола боқишни би­лади, – дерди қайнона тупугини сачратиб.

Охири бўлмади, Наргизни “тез ёрдам” кечаси касалхонага олиб кетди. Чақалоқ тинмай йиғларди. Қайнонанинг эсхонаси чиқиб кетди.

“Ҳу онангга ўхшамай, ҳар бало бўл”,  деб қарғади. Чақалоқ баттар авжига чиқарди. 

– Беринг менга, – деди Ойбек онасининг қилиғидан ранжиб.  У негадир хотиржам эди. У қи­зининг кийимларини сумкага жойладию Зуҳра аянинг уйига йўл олди.

Бечора кампир набира куёвни қўлида чақалоқ билан кўрдию тили калимага келмай қолди. 

– Наргизнинг иссиғи кўта­ри­либ, касалхонага тушиб қол­ди, – деди у чақалоқни диван­га ётқизар экан, – чақалоқ шу ерда бўла турсин. 

Зуҳра опа эвара қизни пар­вариш қила бошлади.

Наргиз ўн кун касалхонада ётиб даволанди. Тажри­­ба­сиз­ликданми, ё асаблари панд бердими, ҳар ҳолда қизини эплаб эмизолмади. Сути қо­тиб қолгач, шифокорлар ик­кала кўкрагини жарроҳи қил­дилар. Наргиз кундан-кунга соғайиб, қизини сўрай бош­лади. Чақалоғи бувисининг уйида эканлигига ишонч ҳосил қилгач, кўнгли бироз таскин топди. Лекин уйидагиларини – қайнонасини, эрини ўйлаган сари юраги орқага тортади. Айниқса, ҳар бир сўзни кесатиқ билан айтадиган қайнонасини эслаганда уйи жаҳаннамдай кўринади, битта қизини маҳкам бағрига босиб, тоқ  ўтишга ҳам рози бўлиб кетади. Эри ка­салхонага ҳар икки кунда бир келадию  тўрсайиб ўтиради, ҳол-аҳвол сўраш ўрнига ҳадеб “уф” тортади.  

Душанба куни Нар­­­­гизни ка­сал­хонадан чиқардилар. Уни олиб кетиш учун Зуҳра ая би­лан Ойбек келишди. У қизини кўрдию эмизолмаганидан ўки­ниб, йиғлаб юборди. 

Зуҳра ая набирасини чақа­лоғи билан уйига олиб бориб қўйди. Аммо қудаси салом-аликни ҳам йиғиштириб, бақи­риб берди.  

– Олиб кет, қизингни, касал боқишга тобим йўқ, боласи ҳам сенларга сийлов!

Зуҳра ая бировнинг олдида бошини эгмаган аёл эди. Лекин невараси бахти учун ғурурдан ҳам кечди:

– Қизим бояқиш эшикдан киргандан қарғаяпсиз, қуда. Иссиқ жон бўлгандан кейин бир кун соғ, бир кун касал бў­лади-да. Белини тикиб олсин, хизматингизни қилади, ўртада бола бор, шу норасидани увол қилманг, жоним тасаддуқ сизга.

– Бунақа касал келин ке­ракмас, ҳозир олиб кетасиз. Ойбек қизингиз билан яша­майди, вассалом.

– Қуда, айланай сиздан, набирагинамнинг умрини хазон қилманг, – дедию Зуҳра ая ўпкаси тўлиб йиғлаб юборди.

Охири чидай олмади: 

– Қизимни шундай хор қилгандан ўлганим ортиқ. Юр, олдимга туш, икки хона уй, нафақам учаламизга етади. Гап уқмас, юзсиз одамлар би­лан яшагандан кўра, юртнинг бири бўларсан. Тўғри туриб, тўғри юрсанг, ахийри бир куни ёруғликка чиқарсан... 

– Бувижон, сиз бораверинг, мен ҳеч қаёққа кетмайман. Пе­шанамдагини кўраман, ажа­лим шуларнинг қўлида бўлса, майли, мен розиман.

Зуҳра ая набирасини бағрига босиб, йиғлай-йиғлай уйига қайтди.

Орадан анча вақт ўтди. Бироқ эр-хотин ўртасидаги дарз борган сари чуқурлашиб борарди. Ой­бекнинг ишлари орқага тортиб, топиш-тутишида барака бўлмай қолди. У кунига ичиб келар, хотинини дўппослар, куракда тур­майдиган сўзлар билан ҳақо­рат қиларди.  

Наргизнинг кўзлари ичига ботиб, қоқ суяк бўлиб қолди. Юрак ўйноғи касалига учради. Боши симиллаб оғрир, овқат еса кўнгли беҳузур бўла бошларди. У иккинчи фарзандига бош­қоронғи эди.

Уч ойгача ҳомиласини уй­дагилардан яширди. Бир ўйи ундан воз кечмоқчи бўлди, лекин бундай катта гуноҳни бўйнига олишни истамади. Буни қайнонаси билгач, ит кунини бошига солди. 

Наргиз икки ўт орасида қол­ган эди. Устига устак Ойбек уйда қўлига илинган нарсани сотадиган одат чиқарди. Нар­гизнинг тилла тақинчоқлари ҳам бирин-кетин йўқола бошлади. Бунинг сабабини бир ойдан кейин билди. Ойбек қарта ўй­нар, топган-тутганини қиморга ютқазиб, ўзи ўлардай маст аҳволда уйга келар экан. 

Куз. Негадир бу йил совуқ эрта тушди. Октябрнинг бош­ларидаёқ ёмғир аралаш қор ёғди. Айрим дарахтларнинг барглари сарғаймаёқ эринчоқ қорни қаршиладилар. Ана шундай рутубатли, дилгир кун­ларнинг бирида Ойбекнинг хонадонида ўғил фарзанд ту­ғилди. Уйдагилар ўғил туққан келинни бориб кўришни, унга исм қўйиб, туғуруқхонадан  олиб чиқишни хаёлига ҳам кел­тир­масдилар.

Бир ҳафта ўтгач, Наргизни туғуруқхонадан бувиси, дадаси ва ойиси олиб чиқишди. Янги меҳмонга Азизбек деб исм қў­йишди.

 – Қизим, ҳадеб куяверма, бир боланг иккита бўлди. Эрингдан ҳам, қайнонангдан ҳам фойда йўқ, энди  болани яхшилаб пар­вариш  қил,  – деди кампир бахт­сиз набирасини қучоқлаб.

Орадан икки ой ўтгач, Ойбек Зуҳра аянинг уйига келди. Кўз­лари қизариб кетган, устлари кир-чир, сочлари ҳам бир аҳ­волда.  

Хотинининг орқасига яши­ринган қизини кўрдию негадир хўрлиги келди.

– Келинг, – деди Наргиз эри­нинг юзига қарамасликка ҳа­ракат қилиб. Ойбек хона ўр­­­тасидаги стулга бориб ўтирди, сўнг: 

– Сизларни олиб кетгани кел­дим, – деди.

– Наргиз ҳеч қаёққа бормайди, сочидан судраб уриш ёки тепиб, ҳаммаёғини кўкартириш учун олиб кетасизми? Бас, етар! Эр­тага бориб, судга ариза беради, сиз билан ажрашади, –  деди буви. 

Ойбек кампирдан бундай гап­ларни кутмаган эди, дов­дираб қолди.

 – Кечиринг, бошқа қайта­рилмайди, заводга ишга кирдим. Бола-чақамни ўзим боқаман, ҳеч кимнинг қўлига қаратмайман, – деди  минғирлаб.

Наргиз эрининг бир кунмас бир куни келишини билар, бироқ ўзи хўрланган, эридан тепки еган уйга боришни истамас  эди. 

Ойбек хотинининг елкасидан қучиб: 

– Юр, уйга кетамиз, ҳамма­сини бошқатдан бошлаймиз, – дерди. 

Наргиз гап-сўзсиз нарса­лари­ни йиғиштира бошлади. 

 – Қизим, ўнг қулоғинг ва сўнг қулоғинг билан эшит. Агар яна кўзингда ёшинг, оғзингда ошинг билан келадиган бўлсанг, мендан яхшилик кутма. Эринг одам бўлмайди, мени айтди дерсан, хотинини хўрлаб, фар­зандларини кераксиз қилган  эркак барибир одам бўлмайди, эсинг борида этагингни ёп, – дерди Зуҳра ая куюниб.

–  Бувижон, болаларимнинг отасиз ўсишини истамайман, нима бўлса, пешанамдагини кўраман, – деди Наргиз буви­сини қучоқлаб.

Ойбек хотин-болаларини олиб, уйига кетди. Қайн­­онанинг кундаликдаги минғир-минғирларини айт­маганда ҳаёти бироз изга тушгандай бўлди. Эри ҳам ичишни ташлади. Маошини уйга олиб келадиган бўлди. 

Лекин орадан анча вақт ўтгач, узатилган қайин­синглиси эри билан  аразлашиб уйга келдию, яна уриш-тўполон бошланди. Насиба опа куёв боласини, қудасини қарғар, шундоқ қизининг умри хазон бўлганидан зорланарди. 

Наргизнинг умри яна дўзахга айланди.

Ойбек  бола-чақасини олиб ижара уйга чиқиб кетди. Рус кампирнинг уйида яшай бошлашди. Аммо у яна кеч келадиган одат чиқарди. Соч-соқоллари ўсиб, кийимлари бир аҳволда тонгга яқин уйга келадию ёстиғининг тагига пичоқ қўйиб ётади. Тун бўйи алаҳ­сираб чиқади. Шу орада ўғли бир ёшга тўлди. Лекин Ойбекнинг кеч қайтиши, гоҳида уйга бутунлай келмай қолиши Наргизни ташвишлантира бошлади.

 Бир куни тонгги бешда уйғониб, тепасида унга тикилиб ўтирган жингалак сочли ширакайф йигитчани кўрдию, эсхонаси  чиқиб кетаёзди.  

– Келинойи, акам сизни ютқазиб қўйди, ҳақимни шу ерда берасизми ё бошқа хонага чиқамизми? – деди йигит кўзлари сузилиб.

Чексиз нафрат  Наргизга куч бердими, у  ёстиғининг тагидан Ойбекнинг суяк сопли катта пичоғини олиб, йигитга ўқталди.  

– Йўқол бу ердан аблаҳ, ҳозир кетмасанг, ё сен ўласан, ё мен!

Йигит сўкинганича қочиб кетди. 

Наргиз тишлари тақиллаб, вужуди титрар, нима бўлганини ҳали ҳам яхши англамаётган эди. Кўрпадан бошини чиқариб ётган қизига кўзи тушдию, ҳўнграб юборди:

– Пешанам қурсин, қандоқ кунларга қолдим, ўз хотинини қиморга ютқазган эркакдан нима кутиш мумкин. Аҳмоқ бошим, нега қайтиб келдим, энди нима қиламан, бувим мени кечирмайди... 

Ойбек мутлақо ўзгармади. Наргизнинг бутун тилла тақинчоқларини, ота-онаси қилиб берган хориж жиҳозларини қиморга ютқазди.

Наргиз ноилож қайнонасининг уйига қайтиб келди. Насиба опа уни итдай талади, лекин шўрлик келиннинг борадиган жойи йўқ эди. У ғиринг деб оғиз очмади, қайнонасининг гаплари суяк-суягидан ўтса ҳам тишини-тишига қўйди. 

Бир ҳафта ичида болаларини боғчага бериб, ўзи заводга ишга кирди. 

Муаттар биринчи синфга борди. Наргиз заводда тунги сменада ишлар, кундузи эса қаҳвахонада идиш-товоқ юварди. 

Ўғли Азизбекнинг дам-бадам иссиғи кўтарилиб, ётиб қолиши уни ташвишлантирар  эди. У бир куни онасига овқатдан кейин кўнгли айнишини, бели симиллаб оғришини, ўшанда оёқлари ҳам ўзига бўйсунмай қўйишини айтди. Олти яшар ўғлининг саломатлиги уни ташвишга солди. Уни шифокорга кўрсатди. Врач боланинг ўнг буйраги ишламаётганини  айтди. Наргиз йўл-йўлакай йиғлаб келди. Уйга келгач, қайнонасига бор гапни айтди. Насиба опа бобиллаб берди. 

– Касалдан касал туғилади, энди мен нима қилай, сенга берадиган бир тийиним йўқ, бойвучча бувижонинг, гапини бермайдиган ота-онанг борку,  ўшаларга айт! 

Наргиз индамади.  

Азизбек бир ойча болалар касалхонасида  даво­ланди. Эварасининг касалхонада ёлғиз ётганини эшитган Зуҳра ая уйда ўтиролмади, эшикни қулфладию нафақа пулларини рўмолчага тугиб, етиб келди. Катта бувисини кўргач, Азизбекнинг кўзлари қувончдан порлаб кетди. 

Зуҳра ая касалхонада ётиб, эварасини янги бия сути, турли доривор гиёҳлар билан даволади. Азизбек кундан-кунга тўлишиб, юзига қизиллик югуриб, ўзини енгил ҳис қила бошлади. Ўғлининг соғайиб, тетик­­­лашаётганини кўрган Наргиз бувисини қучоқлаб : 

– Яхшиямки сиз борсиз, бувижон, Худойим умрин­гизни узун қилсин, – деди.

– Мени ҳам бир умрга бойлаб қўйгани йўқ, эртага думалаб кетсам, аҳволинг нима кечади, болам, – дерди кўз ёшларини рўмолчасига артиб.

 – Йўқ, сиз ўлмайсиз, менинг болаларим вояга етгунча мана шундай чопқиллаб юрасиз. Чунки сиз менинг суянган тоғим, ишонган боғимсиз.

– Мени эшит, бу дунёда ҳаммамиз меҳмонмиз, эртага вақти соатим тугаб, боқийлик бўлсам, менинг уйимга кўчиб кел. Кўчада саргардон бўлма, бировга кунинг  қолмасин. Уйни сенинг номингга ўтказиб бераман. Агар ундан айрилсанг, кўчада қоласан, – деди буви Азизбекни қучоқлаб. 

Азизбек касалхонада бир ойча даволанди. Зуҳра аянинг саъй-ҳаракатлари билан касалликнинг олди олинди. Она болани Зуҳра ая таксида уйига кузатиб қўйди. 

– Уйга киринг, – деди Наргиз бувисига.

 Зуҳра опа қудасини кўргиси келмаса ҳам Азизбек қўлидан тортқилагач, киришга мажбур бўлди.

Чевархонадан чиққан Насиба опа  башарасини бужмайтирдию  ошхонага кириб кетди.

– Майли, қизим, мен борай, қайнонанга ёмон кўрин­маёқ  кета қолай, – деди кампир қудасининг қилиғидан ранжиб.

Наргиз ҳам  бувисини ортиқча қийнамади.

Зуҳра ая негадир ўзини нохуш сеза бошлади. Автобусга ўтирар экан, боши айланиб, юраги гурсиллаб ураётганини англади. Уйига етиб келгунича қора терга тушиб, кўнгли беҳузур бўлди. Ваннахонага кирдию қайт қилди. Юз-қўлларини ювиб, таҳорат олди. Залда турган жойнамозга бориб, икки ракат намоз ўқиди. 

Шу куни Раҳматулло ака ва Манзура опа аяни кўришга келишди. Қўнғироқ тугмасини босиб, анча туришди. Ая юзлари синиққан, кўзлари йиғидан қизарган бир аҳволда эшикни очди. 

– Ассалому алайкум, ойи, – деди ўғли елкасини тутиб.

– Ваалайкум ассалом, ўғлим, тинч-омон юрибсиз­­ларми?  – деди Зуҳра ая ўзини қувноқ тутишга ҳаракат қилиб.  

– Тинчликми, ойи, соғлигингиз яхшими? 

– Менку яхшиман, фақат Наргиздан кўнглим тинчимаяпти, ўғлим! – дедию йиғлаб юборди. 

 – Қизимнинг дарди ичида, на уйқусида тинчлик бор, на юриш-туришида. Қайнонаси ҳам бундоқ эгилай демайди, болам-бўтам қилса, набираларига қараб ўтирса бўладику, ахир. Йўқ, излагани жанжал, тирноқ остидан кир қидиради. Ойбек ҳам айниди, ажабтовур йўлга тушиб қолувди, яна бошлади эски одатини. Наргизнинг шўри қурисин, шамолни ҳам раво қилмай боққан эдим-а. Қаердан пайдо бўлди, бу Ойбек. Қизимни ўтга солдим, болам, эри эр бўлмайди, умрини хазон қилади. Битта йўли бор, уйни Наргизга хатлаб бераман. Мендан кейин унинг аҳволи нима кечади, билмайман. Жилла қуриса, бошпанаси бўлади, – дерди Зуҳра ая кўз ёшларини дастрўмолга артиб.

Буви айтган сўзининг устидан чиқдию ҳайитнинг биринчи куни вафот этди. Унинг жанозасига тумонат одам йиғилди.

Наргизга васият қилинган уйга катта опаси эри билан кўчиб келди. Наргиз эса  учинчи фарзандни кўрди, унга Бобуржон деб исм қўйишди. 

Наргиз учун ҳаёт бир мунча изга тушгандай бўлди. Қайинсинглиси ҳам эри билан ярашиб кетди. Лекин Ойбек ишсиз, кунига маст-аласт  бўлиб келади. Топиш-тутишида барака йўқ.

Орадан йиллар ўтди, кичик ўғли Бобуржон бу йил мактабга боради. Муаттар ҳам катта қиз бўлиб қолди, уй ишларида онасига ёрдамчи. Лекин Ойбек ўнгланмади. 

Наргиз тушликка мастава тайёрламоқчи бўлди. Гўштни яхшилаб ювиб, майдалаб тўғради. Гўшт, пиёз, помидорни бирга қовурди. Қозонга қайнаган сув қуйди, кичкина пиёлада мошни солиб, сўнгра туз ташлади. Қозон қайнагач, кўпигини олиб, ўтини паст қилиб қўйди.  

Шу онда эшик олди қий-чув бўлиб кетди. Муаттар ранги оқариб, чопиб кирди.  

– Ойи, укам, – дедию ҳушидан кетди.

– Вой, ўлмасам, укангга нима қилди? – дедию ташқарига отилди. 

Қўшниси Карим ака Бобуржонни кўтариб олган,  унинг оғзидан қон сизиб оқарди. Наргиз дод солганча, боласига  ёпишди. 

– Ўзингни бос, келин, болангни машина уриб кетди,  “тез ёрдам” чақир, вақт кетяпти, – деди у.

Наргиз чўнтагидан қўл телефонини олдию “тез ёрдам”га қўнғироқ қилди. Негадир жавоб бўлмади. Шу пайт дарвозага суяниб турган қўшниси Элмирани кўрди. Унинг рангги докадай оқариб кетган эди. 

Карим ака Элмирага бақирди:

– Нега серрайиб турибсан, такси чақир, вақтни қўлдан  бермайлик, бола нобуд бўлади.

Наргиз нима бўлаётганини англамас, атрофга жовдираб қарарди.

Биринчи тўхтаган “Жигули”да  касалхонага етиб келишганда бола беҳуш эди.

Шифокорлар зудлик билан “жонлантириш” бўлимига олиб кириб кетдилар.

Наргиз шу куни ойиси билан касалхонада қолди. Эртаси куни “жонлантириш” бўлими шифокорлари билан гаплашди.

– Боланинг ўпкаси, жигари эзилган, кўп қон йўқотган. Ҳозир беҳуш, фақат юраги ишлаб турибди.

 Наргизнинг кўнгли бир фалокатни сезгандай бўлди, шифокорнинг орқасидан бориб:

– Боламни кўрсам бўладими? – деди.

Наргизни  боласининг олдига ҳамшира бошлаб борди. Унинг оғзида кислород, қоп-қора чатма қошлари қийилиб, узун-узун қайрилма киприклари юзига соя ташлаб турарди. Наргиз боласининг юз-кўзларидан ўпа бошлади. 

– Тойчоғим, мени кечир, сени асраёлмадим.  Жон болам, жоним болам, фақат онангни ташлаб кетма, сенсиз ўлиб қоламан. Куйган онангни баттар куйдирма, жон болам.

– Бўлди, чиқинг, болани қийнаб қўясиз, – деди ҳамшира Наргизнинг қўлидан тортиб. 

 – Яна озгина боламнинг олдида турай, ҳидларини ҳидлаб олай, – деди кўз ёшларини тиёлмай. 

 – Бўлди чиқинг, ҳозир гап эшитаман, – деди ҳамшира кўзлари олайиб.

Наргиз ноилож чиқишга мажбур бўлди. У бўлимдан чиққанида дадаси ва ойиси даҳлизда кутиб турган экан.

Наргизга тинчлантирадиган укол қилишди. У туш кўрди. Атроф ям-яшил, қир-адирларда чучмўмалар, лолақизғалдоқлар қулф уриб очилиб ётганмиш. Томлари оппоқ бир уйдан бувиси чиқиб келибди. Наргизга қараб, бошини чайқабди, бироқ лом-мим демабди. Олдига югуриб келаётган Бобуржонни қучоқлаб, юз-кўзларидан ўпиб, қўлларидан ушлаб, бошлаб кетибди... 

У атрофдаги шивир-шивирдан уйғониб кетди. Дада ва ойиси, катта опаси унга тикилиб туришган экан.

– Боламга нима бўлди, – деди  Наргиз телбаларча чинқириб.

– Ўзингни бос, сабрли бўл, – деди дадаси ерга қараб. 

– Бобуржондан айрилиб қолдик, қизим, – деди Манзура опа.   

– Тушим...тушим ўнгидан келибди ойи, боламни бувим етаклаб кетди.  Биласизми, ойи, бувим шунақа таъна билан бошини чайқадики, унинг қарашидан  уқдимки, болани асрай олмадинг, деди. Бундай таъна-дашномга қандай чидайман. Ўғлимнинг ўлимига мен сабабчиман. Уй ишларини қила қолай деб, чопқиллаб югуриб юрган ўғлимдан айрилиб қолдим. Бу кунимдан  ўлганим яхши, яшагим келмаяпти, ўғлим, мени ҳам олиб кет, – дерди у уввос солиб.

 – Қизим, дод-вой қилганинг билан фойдаси йўқ, ундан кўра онанг билан уйга бораверинглар. Мен қоғозларни тўғрилаб... – Раҳматулло ака у ёғини айтолмади. Ўзи ҳам ҳўнграб юборди.

 – Дада, сиздан бир илтимос, ўғлимни ўзимизнинг уйдан чиқарсак, – деди Наргиз йиғидан қизариб кетган кўзларини базўр очиб.  

 – Йўқ, қизим, ақлга сиғадиган ишни қилиш керак. Барча маъракаларини уйингда ўтказамиз. Нима бўл­ганда ҳам эринг – отаси, қайнонанг – бувиси... 

– Йўқ, бормайман, энди у ерда қолган иккитасидан ҳам  айрилишни истамайман. Бобуржон шу ерга келганига уч кун бўлди. Қайси бири излаб келди? Қайн­онам ғийбат билан овора, эрим маишатдан бўшамайди.

 – Қизим, сен нима десанг шу, фақат Бобуржонни сўнгги йўлга туғилиб ўсган уйидан кузатайлик. Қол­ганини кейин гаплашамиз.

Манзура опа ва Наргиз эшикдан кириб боришганда ҳовлини супураётган Муаттар югуриб келди.

– Ойижон, Бобуржон тузукми, қачон чи­­­­­­­­­қади касалхонадан?

– Укангдан айрилиб қолдик, қизим. Бо­­­­­­­­­­буржон бизни ташлаб кетди, – дедию йиғлаб юборди.

Шу пайт ичкаридан соч-соқоллари ўсиб кетган, оёғида зўрға турган Ойбек кўринди. 

– Нима гап, қанж...қаёқларга йўқолиб кетдинг, уй ишларини ойимнинг ўзи қилиб юрибди, – деди у қулт этиб ютиниб.

Шу пайт Насиба опа чевархонанинг эшигини тарақлатиб очди. 

– Ҳа, келдингми, – деди киноя билан. – Бола қани, Элмира икки-уч марта кириб, Ойбекка аллақандай қоғозларга имзо қўйдириб юрувди.

– Нима?! – деди Наргиз кўзлари олайиб. 

– Қанақа қоғоз, қанақа имзо?! –  де­­­­­ди Наргиз бўғилиб. – Ўғлим... Бобур­­­­­­­­­­­­­­­жонимдан айрилиб қолдим-ку, – сиз бўлсангиз, кунига  маи­­­­­­шатдан бўша­­майсиз, қанақа отасиз!

– Ҳа, айтдима, бу касофат бир балони бошлайди, деб, ана ўзи ўлдириб, сендан кўряпти ўғлининг ўлимини ҳам.

Раҳматулло ака набирасининг барча маъракаларини ўтказди. Айниқса, оппоқ сурпга ўралган майитни ўз қўли билан ер қўйнига топшираркан, кўз ёшларини яширолмади. Елкалари силкиниб-сил­киниб йиғлади. 

– Катта йигит бўлиб, қабримга ўзинг тупроқ тортсанг бўлмасмиди, тойчоғим, – деб  ҳаммани йиғлатди.

Наргиз ўғлидан кейин бу уйда турол­маслигини англади. Қаерга қарамасин Бобуржоннинг овози эшитилаётгандек, юрса ҳам, турса ҳам кўз олдида унинг чеҳраси. 

Набирасининг сўнгги маъракасини ўтказгач, Раҳматулло ака қизи ва набира­ларини олиб уйига кетди. 

Қайнона ҳам, эр ҳам лом-мим де­йишмади. 

Наргиз икки ойча қўли ишга бормай ҳардамхаёл бўлиб, уззукун боласининг кийимларини бағрига босиб, ҳидлаб юрди. 

Бир куни туш кўрди. Тушида ўғли ан­ҳорда оқиб кетаётганмиш. У ҳадеб, ойи­жон, мени қутқаринг, дермиш. Наргиз шундай тезликда чопармишу анҳор бў­йига етолмасмиш. Соҳилда оппоқ кўйлак кийган бувиси турганмиш. Наргизга қа­раб:

– Боланг мен билан яхшигина юрган эди. Сен йиғлай-йиғлай сувга ғарқ қил­динг, – дермиш жаҳл билан.

Наргиз чўчиб уйғонди. Ҳамма ёқ қоп-қоронғи, соатга қараса, икки бўлибди. Боласини тушида кўрган эканда, нега сувда оқиб кетяпти?

Эртасига эрталаб тушини онасига айтди. 

– Айтдим сенга, сўзимга кирмадинг, мана энди болангнинг жони у ёқда қийналяпти. Йиғлай-йиғлай кўз ёшла­­рингга ғарқ қилдинг. Яратган эгам ҳам тилаганга ош беради, йиғлаганга ёш беради, қизим. Пешанага ёзганидан ортиғи бўлмайди, куйиб-пишганинг би­лан болангни қайтаролмайсан, энди қолганларнинг умрини сўра, ўзингни қўлга ол, – деди онаси қатъият билан.

Бир ойдан сўнг суд бўлди. Ўғлини машинада қоқиб кетган  қўшниси Элмира айбсиз деб топилди. Наргиз боласининг қайғуси билан андармон бўлиб юрган пайтида Ойбек арзимаган пул учун “ҳеч қандай даъвом йўқ” деган қоғозларга имзо чеккан экан. Шу сабабдан иш ха­мирдан қил суғургандек осонгина ҳал бўлди. Наргиз югуриб-елгани билан  қў­­­лидан ҳеч нарса келмади. Элмира ҳамма нарсани пул билан ҳал қилган эди.

Судда Бобуржон онаси ва яқинла­­рининг эътиборсизлиги туфайли шундай фалокатга учради, деб топилди. 

Наргиз чорасиз эди. Осмон йироқ, ер қаттиқ,  деганлари шу бўлса керак. 

У олти ойдан сўнг шаҳардаги қаҳва­хоналардан бирига ишга кирди. Бутун аламини ишдан олди. Қаҳвахона эгаси­­нинг ишончини оқлади, овқатларнинг турини кўпайтирди. Доимий мижозлар пайдо бўлди. Бир сўз билан айтганда, қаҳвахона иши бинойидек юришиб кетди.  

Аммо Азизбекнинг дарди яна ху­руж қилди. Боланинг ўнг буйрагини ал­маштириш, бунинг учун донор топиш  керак, дейишди. 

Наргиз ўғлининг соғлиги учун ҳамма нарсага тайёр эди. Лекин шунча катта пулни қаердан ва қандай топади? Ўзининг пули кундалик еб-ичишдан ортмайди, ота-онасининг нафақаси рўзғорга базўр етиб турибди. У ўйланиб-ўйланиб қаҳ­вахона хўжайини билан гаплашишга аҳд қилди. Гўзал опа Наргизни қизидек яхши кўрарди, унга қўлидан келганича ёрдам беришини айтди. Наргиз опани қучоқлаб йиғлаб юборди. 

– Ўғлим соғайиб кетса, бўлгани, яхши­лигингизни умрбод унутмайман, – деди. 

Наргиз ўғлини Алмати шаҳрида жар­роҳи қилдирди. Унга ўзи донор бўлди.  Азизбекка онасининг буйраги тўғри кел­ди. Операциядан олдин Наргиз ўғ­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­ли­нинг олдига кирди. Уни маҳкам қу­­­­­­­чоқлади. 

– Ўғлим, бардам бўл, ҳаммаси яхши бўлади. Сен ҳали юз ёшдан ошиб кетасан, тўйларингни қиламиз, болаларингни ўзим опичлаб катта қиламан, фақат қўрқ­­­­­­­­­­­­ма. Сен учун керак бўлса жонимни бе­­­­­­­­ришга ҳам тайёрман, фақат соғайиб кет­­­­­­­­­санг бўлгани!

Операция узоқ давом этди. Она ва бола жарроҳи хонасида ёнма-ён ётар, худди ухлаб ётгандек  сокин эдилар. Азизбек операциядан яхши чиқди. Лекин ҳаётнинг аёвсиз синовлари туфайли роса ҳолдан тойган  онанинг юраги панд бериб қўйди. Унинг қон босими  тушиб, юраги тўхтаб қолди.  

Жарроҳлар бир неча уринишдан сўнг  Наргизнинг юрагини электро шок  билан ишлатиб юборишди. У туш кўрди. Тушида бувиси беш-олти аёл билан супада ўтир­­ганмиш. Дастурхон ёзиғлик бўлиб, ун­­­да чиройли идишларда турли ноз-неъматлар қўйилганмиш.

Наргиз бувисига  талпинибди. У бўлса ёнидагиларга қараб, буни ким чақирди, дермиш.

Наргиз меҳрибон бувисининг бепарво­­­­­­лигидан жаҳли чиқиб: 

– Сизни соғиниб келсам, салом­­ла­шишга ҳам ярамадингиз, – дебди. 

Бувиси қошларини чимириб, бор йўлингдан қолма, сени бу ерга ҳеч ким чақиргани йўқ, деб ҳайдаб юборибди. 

Наргиз йиғлаб орқасига ўгрилибдию йўлида давом этибди.

У икки кундан сўнг кўзини очди. 

– Ўғлим, Азизбегим омонми? – унинг дастлабки саволи шу бўлди.

– Ҳаммаси яхши, фақат сизга гапириш мумкин эмас, – деди ҳамшира. 

Наргиз бошини кўтармоқчи эди, ма­дори етмади. У ўғлини кўргиси келар эди.

Кечга яқин Наргизни палатага чиқа­­ришди. 

Кечқурун Манзура опа қизининг ол­дида қолди, Раҳматулло ака эса уйга қайтиб кетди.

Эрталаб Наргиз даволовчи шифо­кордан ўғлини кўрсатишни сўради.

Наргиз ногиронлар аравачасида “жон­лантириш” бўлимига кирди. Ўғли сунъий йўл билан нафас олиб ётарди. Секин унинг олдига бордию оппоқ чойшаб остидан қўлини топиб, ўпди, ичида ўғ­лини соғ-омон сақлашни Оллоҳдан ўтиниб сўради.  

Она ва бола тўрт ой давомида касал­­­хонада даволанишди. Азизбекнинг жар­роҳи қилинган жойлари тез кунларда битиб кетди. Лекин Наргиз анча қийналди. Бироқ у ўғлининг омон қолганига суюнар, ўзи эса оғриқларга тишини тишига қўйиб чидар эди. 

Мана, Наргиз ва Азизбекнинг кўпдан буён кутган онлари ҳам етиб келди. Уларни касалхонадан чиқаришди. 

Манзура опа қизи ва ўғлини яхшилаб парвариш қила бошлади. Муаттар ҳам ойиси ва укасини кўриб, севинди. У мак­табни тамомлаб, тиббиёт коллежига ўқишга кирган эди. Бинобарин, Нар­­­­гизнинг оёқ узатиб ётишга вақти йўқ эди. Қизининг ўқишига, Азизбекнинг дори-дармонига  пул керак. 

Наргиз уйда бир ҳафтача бўлдию ишга тушиб кетди. Ҳаёт бироз изга тушгандай бўлди. У кечаю кундуз тинмай ишлаб, топган пулларини қизининг ўқишига тўлар, рўзғор кам-кўстини тўлдирарди. Қизи ҳам бўй етиб, совчилар эшик қоқа бошлади. 

Орадан йиллар ўтди. Муаттар тиббиёт олийгоҳини имтиёзли диплом билан тамомлади. Бу орада Наргизга шаҳар четидан уч хонали уй беришди. Азизбек ҳам тиббиёт коллежига ўқишга кирди. 

Муаттар энг нуфузли дорихоналардан бирида ишлай бошлади. У бутун куч-ғайратини севган касбига бағишлади. Инглиз тилини яхши билгани учун уни ҳамкасблари Ҳиндистонда ўтказиладиган анжуманга юборишди. У хориждан кат­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­та таассуротлар билан қайтди. Хориждаги ноёб дорилар тайёр­­­­лаш усулини ўрганиб, шу ерда ҳам чиқаришни мақсад қилиб қўйди. Ва бу ишга жон-дили билан киришди. Бир йил­­­­ча елиб-югуришлари ва уринишлари ҳисобига янги дорилар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бунга мутасадди корхоналар ҳам қизиқиш бил­дириб, раҳбарлар уни қўллаб-қув­­­­­ватлашларини айтишди.

Муаттарнинг қувончи чексиз эди. Унинг маъюс кўзлари шодликдан порлар, болаликдаги орзу-умидлари рўёбга чиқаётган эди. Унинг бир неча йиллик меҳнатлари, изланишлари зое кетмади. 

Орадан бироз вақт ўтиб, хизмат бо­бида дорихона соҳибининг ўғли Фар­­­рух билан танишиб, турмуш қуришга аҳд қилишди. 

Наргиз қизига никоҳ ўқилаётганида ўзини ушлаб туролмади, ичкари хонага кириб, ҳўнг-ҳўнг йиғлади. Қайнонасининг ситамлари, эрининг кўрсатган зулмлари, Бобуржоннинг ўлими, Азизбекнинг дард­­­­­­­га чалиниши, Алматида тўрт ой даво­­­мида даволангани – ҳамма-ҳаммаси видеолавҳадай кўз олдидан бирма-бир ўтди. Онасининг кўзида ёш билан ичкарига кириб кетганини кўрган Азизбек  секин кириб, олдига чўккалади.

– Ойижон, ҳаммаси ортда қолди, мана, ўзимизга яраша уйимиз  бор. Муаттар опамнинг  ўз оиласи бўлади. Эрта-индин мен ҳам дипломимни олсам, ишлайман. Сизни ўзим даволайман, фақат кулиб юрсангиз бас, – дея онасининг  қўлларини ўпди.

– Раҳмат, ўғлим, илойим барча қийин­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­чиликларимиз ортда қолгани рост бўл­­син, сенга ҳам яхши жойлардан ато қилсин. Болаларингни ўзим елкамда  катта қилай, – деди қувонч ёшларини яширолмай.

Шу пайт Манзура опа кириб: 

– Даданг Муаттарга ва куёвингга оқ фотиҳа беряпти, шундай қувончли кунда кўзёши қилиб ўтирибсанми, ундан кўра қизингга бахт тила, – де­ди.  

Наргиз яқинлари билан Муаттарни куёвникига узатиб боришди. Шириной опа елиб-югуриб қудаларга хизмат қилди. 

Мана, орадан анча йиллар ўтди. Қайнонаси Шириной опа на­­­­­­­­­фақага чиқ­қандан сўнг компания иш­­ларини Му­аттарнинг ўзи юритяпти. У уч  фар­­­занднинг онаси бўлди. Комапания маҳ­сулотларни хорижга экспорт қилиш янада кенгайди.

Шириной опа ва Наргиз нафақада. Улар фарзандлар ва набираларнинг бахтини, камолини кўриб, Яратган эгамга ҳамду санолар айтишади. Яқин кунларда Фаррух, Муаттар ва Азизбеклар Шири­ной опа ва Наргизни ҳаж сафарига юборишмоқчи.

Илойим, бу икки қуданинг тотувлиги минг йиллик, Муборак Қурбон ҳайити кунларида қилинадиган зиёратлари бехатар бўлсин!

Саодат ШАРИФБОЕВА, 2018-07-21, 12:26 918
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.