26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Жаннати дадажон

Тобут одамлар елкасида қўлма-қўл борар, бир қизалоқ нималар бўлаётганини тушунмай «адажон, менам бораман» деб эргашиб йиғламаганни ҳам йиғлатарди. Гўдак отасини қаерга олиб кетишаётганини билганда шундай дермиди? 

Майитни қабристонга қўйиб келдик ҳамки гўдак йиғидан тўхтамаган, ҳар бир эркакка ёпишиб, адажонисини сўрарди: «Адажоним қани, нимага сизлар билан келмади?» Аммо ҳеч ким унга «адажонинг ўлиб қолди, уни кўмиб келдик», дея олмасди. Юрагим тўлиб, сабрим чидамай, унга бир нималар деб малҳам бўлгим келди. Аста бориб, қизчанинг қўлидан тутдим. У умид билан менга тикилди. Кўзларининг ичи қизариб, юраги куйиб, лаблари ёрилиб кетибди. Бир чеккага бошладим. У саволларига жавоб топадигандек жон деб менга эргашди. Сув ичирдим, сал ўзига келди. Ниҳоят, шунча одам ичида унга эътибор қиладиган одам топилдида. Пинжимга тиқилиб, оғир хўрсинди. 

– Худони биласанми қизим? – деб бармоқларим билан сочларини тарадим. У менга шошиб қарадида: 

– Худо битта, адажоним айтган, – деди бийронгина қилиб. 

– Адажонинг шунақа деган бўлса, барака топсин, у жаннати одам экан, дедим. – Эслаб кўрчи, адажонинг Худойим ҳақида яна нималар деган? 

– Худони айтганини қилишни...

Суҳбатимиз Аллоҳдан бошланиб, қалов топа бошлади.

– Э, баракалла, – дедим астойдил қувониб, сен мен ўйлагандан ҳам ақлли қиз экансан. Адажонинг тўғри айтибди, Худонинг айтганини ҳамма қилиши керак. Мана Худо адажонингни бу ёққа кел, бандам, деб, олдига чақирди. Адажонинг хўп деб кетди. 

– Лолани адасини нимага чақирмади, Воҳидни адаси юрибди-ку, – қайта пиқиллашга тушди қизча.

– Унақа деб бўлмайдида, қизалоғим. Худо ўзи хоҳлаган одамларини чақириб олади, сени адажонингни хоҳлабдими, шунга чақириб олдида.

– Худо адажонимни яхши кўрадими? 

– Бўлмасамчи, сендек қизчасига Худони танитадию, ёмон кўрадими?

– Дода, – деди у эркаланиб, Худо Жаннатда турадими?

– Воҳ, Жаннатниям биласанми?

– Биламан, дадажоним айтганлар, Худонинг айтганини қилсанг, Жаннатга тушасан, деганлар... 

– Айтдимку сенга, адажонинг жаннати экан, деб...

– Дода! Дадажоним қайтиб келадими? 

– Ана холос, жаннатга ҳамма кирсам, дейди ю, сен қайтиб келишни айтасан?

– У ерда дадажоним касал бўлмайдими?

– Бўлмайди!

– Ойим билан кўргани борамизми? 

– Худо хоҳласа борасизлар қизим, борасизлар.

– Қачон борамиз?

– Худо чақиргандада, асалим.

– Қачон чақиради?

– Унисини билмадим. Қачон чақиришни Худонинг ўзи билади.

– Дода?

– Лаббай, қизим.

– Лола билан Воҳид адажонимни сўрашса, жаннатга кетган дейми? 

– Ҳа, ҳа... шундай дегин, албатта, шундай дегин, доно қизим. – Энди менга айтчи, адажониси жаннатга кетган қизлар йиғлайдими, йиғламайди а? У иккиланиброқ, бош қимирлатди. 

Йиғламаслик ваъдасини олдим.

Уч кун аза ичида қизчани кузатдим. У йиғламади. Адаси унга Худони танитиб, Жаннати бўладию, йиғлайдими?

Эркин МАЛИК, 2018-07-26, 10:37 155
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.