26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Бир чаманда туғилганмиз ёнма-ён

Ўзбек-қозоқ адабий  алоқаларига доир

Ўзбек-қозоқ халқларининг дўстлиги, адабиётларининг руҳий яқинлиги ҳақида гап борганида беихтиёр  Ғафур Ғуломнинг «Қозоқ элининг улуғ тўйи» шеъридаги қуйидаги мисралари  ёдимизга тушади:

Минг йилларга бар тутқазмас

Қардошлик тарихимиз.

Икки бошга бир манглайдай

Ярқироқ тақдирмиз.

Донишманд шоиримиз хўп топиб айтган. Зеро, аллома адибимизнинг ушбу ўхшатишида икки қондош, елкадош халқнинг азалий бирдамлигини акс эттирувчи муаззам бир достон кўламидаги маъно айтилган. Собит Муқановнинг «Яйловда  молимиз, тўшакда бошимиз  қўшилган» деган  сўзлари  ёки Шол оқиннинг:

«Ўзбекнинг униб-ўсган ери – гул-да!

Ўзбекдан ўтадиган  эл бормикан

Дўстлик, меҳр, садоқат, ширин тилда!

сўзлари бу  қардошликнинг яна  бир тасдиғидир.

Дарёлар ирмоқлардан қувват олиб, тўлиб-тошиб, теранлашганидек, адабиётлар ҳам, айниқса, тили бир, дили бир халқларнинг адабиётлари ҳам  ўзаро ҳамкорлик жараёнида бир-биридан қувват олиб, юксалиб боради. Ўзбек-қозоқ адабиётларидаги ўзаро ҳам­корлик жараёнини атоқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов шундай таъриф­лаган: «ХХ аср бошларида ўзбек адиби Абдулла Қодирий яратган романлар қозоқ ёзувчилари учун ҳам адабий мактаб  бўл­гани ҳақида Мухтор Ауезов кўп  ёзган...Қо­зоқ адабиётидаги эпиклик, халқ оғзаки ижодиётига мойиллик каби хислатлар асо­сан мумтоз адабиёт анъаналари руҳида шаклланган ўзбек  адабиётини  янада ёрқин ранглар билан бойитишга муносиб ҳисса қўшди. Икки халқ адабиёти вакилларини бамисоли эгизакка ўхшатиш мумкин, зеро, Мухтор Ауезов ва Ойбек, Ғафур Ғулом ва Собит Муқанов, Абдулла Тажибаев  ва Мир­темир, Абдулла Орипов ва Ўлжас Сулей­меновлар адабиёт майдонида бир-бирига  ҳамнафас бўлиб қалам  сурдилар...»

Адабий алоқларнинг ижодий самараси XIX асрнинг иккинчи ярмида яшаган қозоқ ёзма адабиётининг асосчиси, буюк мутафаккир шоир Абайнинг ижодида ёрқин намоён бўлганлигини кузатиш мумкин. Адиб кўп аср­лик тарихга эга шарқ мумтоз адабиёти, унинг буюк намояндалари Фирдавсий, Низомий, Саъдий, Ҳофиз Шерозий, шунингдек, Алишер Навоийни ўзига пир тутиб, уларнинг ижодидан руҳий мадад олганини ўн тўрт ёшидаёқ битган қуйидаги  тўртлигида   баён этади:

Фузулий, Шамсий, Сайқалий,

Навоий, Саъдий, Фирдавсий,

Ҳўжа Ҳофиз – бу ҳаммангиз,

Мадад беринг – қилмангиз осий.

Абай ўзининг «Нақлия»ларида ўзбек халқини кўп жиҳатдан  ўрнак  қилиб кўрсатади, ҳурмат билан тилга олади, ўзбеклардан чиққан алломаларни улуғлаб, халқимизнинг зироатда тенгсизлигини  таъкидлайди.

Қозоқ ва ўзбек адабиётидаги  ижодий ҳамкорлик, айниқса ўтган асрда юксак нуқ­­тага етди. Адабиётшунос олим Қалдибек  Сейдановнинг таъкидлашича, 1935 йилда Сакен Сейфуллин, Аҳмет Байтурсинов, Миржақип Дулатов, Султанмаммуд Тўрай­ғиров, Сабит Дўнантаев, Мағжан Жумабаев, Асқар Тўқмағанбетов каби  атоқли  қозоқ шоирларининг шеърлари Уйғун ва Миртемир таржимасида  «Қизил яйлов» номи билан Тошкентда чоп этилади. 1938 йилда Ғайратий шеърлари, Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари Абдулла Тажибаев  томонидан қозоқ тилига таржима қилинади.

1945 йили қозоқ халқининг улуғ шоири Абай таваллудининг юз йиллиги муносабати билан оқиннинг танланган асарлари Миртемир, Уйғун, Ғулом Шоди таржималарида илк бор ўзбек тилида нашр этилади. Шундан буён Абай асарлари қайта-қайта нашр этилмоқда, турли муаллифлар томонидан таржима қилинаётир. Абай Қунанбаев ижодий меросини ўрганиш  ва тарғиб қилиш бўйича 2018  йил 13 март куни Ўзбекистон Республикаси Пре­зидентининг қарори эълон қилинди. Бу хужжат ўзбек-қозоқ адабий алоқалари  янги босқичга кўтариладиган давр келганидан далолат, дейиш мумкин.

Ўзбек-қозоқ адабий алоқаларининг  мус­­­­­­таҳ­­­­­­­­­­­­камланишида қозоқ адабиётидан  қил­ган кўплаб таржималари, шунингдек, қозоқ ижодкорлари билан самимий дўстона муно­сабатлари билан «Ўзбек-қозоқ халқининг олтин кўприги», деган фахрий эътирофга сазовор  бўлган устоз адиб Носир Фози­ловнинг хизматлари беқиёсдир. 1953 йилда ёш адиб Носир Фозилов атоқли қозоқ ёзувчиси Сабит Муқановнинг «Ҳаёт мактаби» номли  автобиографик романини, 1956 йилда эса Ғабиден Мустафиннинг «Қарағанда» рома­нини ўзбек тилига ўгириб, нашр эттирди. Ўтган асрнинг  50-йиллари охирида  Мухтар Ауезовнинг «Абай йўли» тетралогияси Зумрад таржимасида ўзбек тилида нашр этилишида Носир Фозиловнинг ҳам хизматлари катта бўлган, яъни у устоз Миртемир билан ҳам­корликда асар таржимасининг таҳрири устида фаол қатнашган. 1958 йилда Қалмахан Абдиқадировнинг «Ҳожимуқон» қиссаси  ҳам Носир Фозилов таржимасида ўзбек тилида нашр этилади. Афсонавий шуҳратга эга бўлган қозоқ паҳлавони Ҳожимуқон сий­моси ўзбек халқига ҳам суюкли бўлгани туфайли мазкур қисса Ўзбекистонда  олти марта чоп қилинди. Моҳир таржимон 1978 йилда Сабит Муқановнинг «Чўлоқ полвон» қиссасини тар­жима қилди. Миллатнинг орияти, қадри учун курашда жонини қурбон қилган қозоқ паҳлавони, истеъдодли бастакор Чўлоқ полвон ҳақидаги қизиқарли қисса ҳам Ўзбекистонда уч марта, Қозоғистоннинг «Мектеп» нашриётида ўзбек тилида бир марта нашр этилди. Ғабит Мусреповнинг «Қозоқ солдати», Сабит Муқа­новнинг «Чў­­­­­­пон боласи» романлари, Абайнинг тан­ланган асарлари Миртемир, Носир Фо­зилов, Саидаҳмад Худойберганов, Раз­­­зоқ Абдурашидов таржимасида ўзбек ўқув­чиларига  етиб борди.

Ўзбек томошабинлари қозоғистонлик  адибларнинг кўплаб драматик асарларидан баҳраманд бўлишган. Жумладан, Мухтар Ауезовнинг «Абай», Ғабит Мусреповнинг «Ипак қиз», Абдулла Тажибаевнинг «Кўта­­рилган гумбаз», Шакен Аймановнинг  Абайнинг болалиги ҳақидаги «Абай – эл фарзанди», Қуандиқ Шанғитбаевнинг «Жон қизлар», Алтиншаш Жаханованинг «Ҳазрати аёл» драматик асарлари мамлакатимиз қатор театр­ларида саҳналаштирилган. Шунинг­дек, Дулат Исабековнинг «Эски уйдаги икки  учрашув» драмаси, «Бир ҳайкал можа­роси» трагикомедияси, «Бонапартнинг уй­ланиши», Сўфи Сматаевнинг «Бойвучча, тўқол дегандек...» комедиялари, Қалтай Му­­­­ҳа­меджановнинг «Биз фариштамизми?»,  Шер­хан Муртазанинг «Сталинга хат»,  Ерсин Қўйбағаровнинг «Бола ва тиланчи», Раҳимжон Ўтарбаевнинг «Султон Бейбарс», «Мен сизни сотмаганман» трагедиялари ҳамда «Уйланиш осонми?», «Қиёфадош» комедиялари ўзбек тилига таржима қилинди.

Сўнгги беш йилда Жанубий Қозоғистон вилоятининг Шимкент шаҳридаги ўз­бек театрида атоқли адиб Муҳаммад Али­нинг «Навоий ва Бойқаро» драмаси, Сай­лаубай Жумағулов, Мирпўлат Мирзо ва Эр­кин Хушвақтовнинг пьесалари ҳам  саҳна­лаштирилди.

Тўқсонинчи йилларда қозоқ адиби Са­бит Дўсановнинг «Қалбимдаги дардим ме­­­нинг», «Арвона» қисса ва ҳикоялари Но­сир Фозилов ва Музаффар Аҳмад таржи­­­масида, адабиётшунос олим ва ёзувчи Қул­­бек Ергўбекнинг Сабит Муқанов ижодига бағишланган «Ёзувчи ижодхонасида» номли улкан монографияси, қозоқ шоири ва эссеисти Эсанғали Равшановнинг «Қушлар – бизнинг дўстимиз» эсселар тўплами, 2013 йилда Са­бит Дўсановнинг «Қашқир ули­ган тун» романи Меҳмонқул Исломқулов таржимасида ўзбек тилида нашр этилди. Айни пайтда таржимон шу адибнинг қозоқ халқининг юз йиллик тарихи қамралган «Йи­гирманчи аср» тетралогияси таржимаси устида  ишламоқда.

 2005 йилда шоир Мирпўлат Мирзо эллик нафар қозоқ шоирларининг шеърларини «Қозоқ шеърияти антологияси» рукнида «Сай­ра, дўмбирам!» номи билан Ғафур Ғу­­лом номидаги нашриётда, 2007 йилда эса, қозоқ адбиларининг насрий асарлари Носир Фозилов, Саидаҳмад Худойберганов, Раҳимжон Отаев, Ҳусан Рўзиматов таржи­масида «Тириклик қўшиғи» номи билан «Шарқ» нашриётида чоп этилган. 2013 йилда «Жаҳон адабиёти» журналининг ўнинчи сони  тўлиғича қозоқ адабиёти ва санъатидаги йи­рик намояндаларининг асарларига бағиш­ланди.

2018 йилнинг Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб номланиши муносабати билан шоир ва таржимон Янгибой Қўчқоров ташаббуси билан ўзбек китобхонларига Абайдан бош­лаб замонавий қозоқ шеъриятининг ис­теъдодли намояндалари асарларидан иборат «Кўнгилдаги қирқ қўшиқ» тўплами тақдим этилди.

Қозоқ-ўзбек адабий алоқларига катта хизмати сингган ўзбекистонлик уч на­фар адибимизнинг ижодий меҳнатлари Қозо­ғис­тонда эътироф этилиб, юксак қадр­ланди. Атоқли адиб, заҳматкаш таржимон Носир Фозилов Қозоғистон Президентининг «Тинчлик  ва  маънавий  ҳамжиҳатлиги учун» мукофоти, шунингдек, Қозоғистон Ёзув­чилари уюшмасининг Бейимбет Майлин ҳамда  Халқаро «Алаш» мукофотлари билан тақдирланди, шоир Мирпўлат Мирзо «Алаш», ёзувчи Меҳмон Исломқулов «Алаш» ҳамда «Арғумоқ» адабий мукофотлари билан тақдирландилар.

Ўз навбатида Қозоғистонда ҳам  Абдулла Қаҳҳорнинг «Синчалак» қиссаси  Абен Сатибалдиев таржимасида, Ғафур  Ғуломнинг «Шум  бола» қиссаси  ва ҳикоялари Кўбей Сейдаханов таржимасида, Асқад Мухторнинг «Опа-сингиллар», Саид Аҳмаднинг «Уфқ» романлари, Уйғун, Миртемир, Зулфиянинг шеърий китоблари Қуандиқ Шанғитбаев таржимасида, Носир Фозиловнинг болалар ҳақидаги  ҳикоялари, «Оқим» қиссаси Абен Сатибалдиев, «Айни ёз» қиссаси Кўпей  Сейдаханов таржимасида нашр  этилган. 

Саид Аҳмаднинг «Келинлар  қўзғолони» комедияси Мухтор Авезов номидаги Қозо­ғистон Давлат академик драма театрида кўп йиллардан бери намойиш этиб келин­моқда. Шунингдек, шу театрда Тоғай Муроднинг «От кишнаган оқшом» асари асо­сида яратилган спектакль Ўзбекистон халқ артисти, истеъдодли режиссёр Олимжон Салимов томонидан муваффақиятли саҳна­лаш­тирилган.

2015 йилда «Ўзбекистон» нашриётида Абай Қунанбаевнинг 170 йиллиги муносабати  билан  Қалдибек  Сейданов ва Музаффар Аҳмад таҳрири остида буюк шоирнинг шеър, достон ва “насиҳат”ларидан иборат «Ёрқин юлдуз» номли янги тўплам нашр этилди. 2018 йилда Абайнинг янги таржима қилинган назмий  ва насрий асарлари, шоир ижодига бағишланган мақолалар тўплами нашрга тайёрланмоқда.

Ўзбекистонда бир миллиондан зиёд қозоқ қардошларимиз истиқомат қилишади. Улар орасида кўплаб истеъдодли шоирлар, ёзувчи, драматурглар қалам тебратишади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида Қозоқ адабиёти  кенгаши иш олиб бормоқда. Кенгаш фаолларидан истеъдодли шоир Маҳкамбой Ўмаров Қозо­ғистон  Ёзувчилар уюшмасига ҳам аъзо, Навоий вилоятидан Ойтуар Собиров, Наврўз­бай Жарбўсинов, Жарасқан Нурбаев, Ақча­гул Тўлаганова, Тошкентдан Қалдибек Сейданов, Серик Усенов, Ғуломзокир Юсупов, Ахан Ташметов, Абдулла Рустамов, Лола Жунусова, Бўрон Қидиров, Ойсулув Ахан қизи, Анор Налибаева, Эргаш Абдувалитов, Турсунмат Қалбаев, Анаргул Қалдибекова, Қуттибек Башаров, Турсунали Аҳмедов, Ай­дана Базарбаева каби истеъдодли қозоқ ижодкорлари  кенгаш ишида фаол иштирок  этишмоқда. 

Уларнинг ташаббуси билан Ватанимиз истиқлолининг 23 йиллиги муно­сабати  билан кенгаш Ўзбекистонда яшаб, қалам теб­­­­­ратаётган эллик олти нафар шоир ва ёзувчиларнинг қозоқ тилидаги «Нурафшон ўлка илҳомлари» номли назмий  ва насрий  асарлари тўплами чоп этилди. 2017 йилда эса  Ўзбекистон ва Қозоғистон республикалари  истиқлолининг 25 йиллигига бағишлаб кенгаш томонидан бир юз эллик нафар шоирнинг шеърлари жамланган «Ўзбекистонлик қозоқ шоирларининг антологияси», шоир ва носир Бўрон Қидировнинг «Замон» тарихий романи   қозоқ тилида нашр  қилинди.

Сўзимизни Абираш Жамишевнинг «Дўст­лигимиз» шеъридаги қуйидаги  сатрлар билан якунламоқчимизки, ўтмиши бир халқларнинг  келажаги  ҳам  бирдек дўстона бўлиши керак.

Тарихимиз,

Қонимиз  бир  азалдан.

Отамиз бир,

Онамиз бир,

Бус-бутун

Сени оғам  дейман, севиб мен дилдан.

Бир чаманда туғилганмиз ёнма-ён.

Меҳмон ИСЛОМҚУЛОВ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Қозоқ адабиёти кенгашининг масъул котиби, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси «Алаш» Халқаро адабий мукофотининг соҳиби. Адҳамбек АЛИМБЕКОВ, ТошДШИ доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, 2018-07-26, 10:53 1388
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.