26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Яшил иқтисодиётга – яшил чироқ

Қозоғистоннинг барча минтақаларида «Индустрия харитаси» бўйича иш олиб борилмоқда. 2013 йил 30 май куни Президент Фармони билан қабул қилинган «Қозоғистонни яшил иқтисодиётга ўтказиш концепцияси» ушбу дадил қадамнинг дебочаси бўлди. Президентимизнинг «100 аниқ қадам» Миллат дастурида ўз аксини топган концепция бўйича юқорида қайд этилган ишлар 2050 йилгача 3 босқичда амалга оширилади. Ва бу ҳаракат Қозоғистоннинг 30та ривожланган, атроф-муҳити тоза, табиий заҳилари исроф қилинмайдиган мамлакатлар қаторига киришига кенг йўл очади.

Вилоятимизда янгиланган энергия манбаларига оид 14та лойиҳа амалга оширилмоқда. Умумий қуввати 173,3 МВтни ташкил этадиган 10та лойиҳани 2025 йилгача жорий этиш режаланган.

«Яшил иқтисодиёт»га ўтишдан мақсад – нафақат иқтисодиётни мустаҳкамлаш, балки халқ фаровонлигини ошириш ҳамдир. Ҳукуматнинг ҳисоб-китоби бўйича иқтисодиётнинг «яшил янгиланиши» натижасида 2030 йилга бориб юртимизда 400-600 минг янги иш ўринлари очилади, 2050 йилга бориб, 3 фоизли ялпи миллий маҳсулотга эришамиз. «Яшил иқтисодиёт» дастури халқ хўжалигининг барча жабҳаларини қамраб олади.

Давлатимиз раҳбари Н. Назарбаевнинг “Тўртинчи саноат инқилоби шароитларида ривожланишнинг янги имкониятлари” Мактубида 2030 йилга бориб Қозоғистондаги муқобил энергия улушини 30 фоизга етказиш вазифаси белгиланди. 2017 йилда эса 1,1 миллиард кВт-соатга яқин “яшил” энергия ишлаб чиқарилди. 

Қишлоқ хўжалиги ва тўртинчи саноат инқилоби 

Вилоятимизда “Яшил иқтисодиёт” концепциясини амалга татбиқ этиш мақсадида асосий етти вазифа белгиланган эди. Ушбу режага биноан, минтақада жорий йили 7,8 минг гектар ерда томчилатиб суғориш усули қўлланилса, 643 гектарда ёмғирлатиб суғориш усули қўлланилди. Шунингдек, минтақада обикор майдонларни кенгайтириш мақсадида 2та сув ҳавзаси ишга туширилди. 

Келажакда Ўрдабоши тумани ва Туркистон шаҳрида умумий сиғими 57,2 млн. куб метрни ташкил этадиган иккита янги сув ҳавзаси барпо этилади. 

Бугунги кунда вилоятимизда яйловларни сув билан таъминлаш учун қудуқлар қазиш ишлари давом этмоқда. 2017 йили 167та қудуқ қазилиб, уларнинг 105таси субсидияланди. 2018 йилги режа бўйича вилоятимизда 120 қудуқ қазилади, 2019 йили уларнинг сони 200тага етказилади.

Жаҳон иқтисодиёти экологик жиҳатдан тоза, туганмас ва қайта тиклануви энергия манбаларидан тобора кўпроқ фойдаланишга интилмоқда. Элбоши таъкидлаганидай, индустрлаштириш янги технологияларни жорий этиш дарғасига айланиши ва бу ўзгаришларни, энг аввало, одамлар, истеъмолчиларнинг ўзлари ҳис қилишлари керак. Ана шундагина экологик жиҳатдан тоза турмуш тарзи кундалик меъёрга айланади.

Сўзоқ туманида қуёш электростанцияси барпо этилади

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Германиянинг «GreenEnergy 3000 Ho*ding» компанияси туман ҳокимлиги билан шартнома имзоланган. Бунга компаниянинг Қозоғистондаги вакили Ақилбек Саматули ва туман ҳокими Мақсад Исаевнинг икки томонлама учрашувида эришилди.

Бугунги кунда мазкур холдингнинг Сўзоқ туман филиали – «ЮКСЭС-50» МЧБ қурилиш ишларини бошлашга тайёр. Тегишли ҳужжатлар тайёрланса, станцияни бунёд этиш ишларини жорий йил ноябрь ойида бошлаб, 200га яқин одамни иш билан таъминлаш кўзда тутилган.

Шуни таъкидлаш жоизки, 50МВт электр энергияси ишлаб чиқарадиган лойиҳа «KEGOC» ҲЖнинг муассислигида амалга оширилади.

“Яшил” технологияларни сармоялаш муҳим 

Вилоятимизда хитойлик тадбиркорлар 200 МВт кучга эга электр станцияси қуришни мўлжаллашмоқда. Бу иншоот Ўтрор туманида бунёд этилади. 

Ушбу лойиҳа учун ҳокимлик 300 гектар ер ажратди ва зарур инфратузилмалар билан таъминлай бошлади. «Қуёш нури» станцияси энергетика хавфсизлигини таъминлайди.

Харажатларни чиқариб олгач, сармоядорлар уни Қозоғистонга топширади.

Астанада ўтган ЭКСПО-2017 кўргазмасининг асосий мавзуси – яшил иқтисодиёт бўлганлиги бежиз эмас. Йилда 300 кунгача қуёш нур сочиб турадиган минтақамизда бу лойиҳанинг амалга оширилиши улкан фойда келтиради.

Шуни таъкидлаш керакки, вилоятимизда иқтисодий ривожланиш суръати анча юқори. Янги корхоналар очилмоқда, инновациявий лойиҳалар тарғиб этилмоқда. Буларнинг барчаси электр энергиясига бўлган эҳтиёжни янада оширади. Муқобил энергия манбаларининг ишга тушиши бу муаммони ҳал этишда жуда муҳим.

Қизиқарли рақамлар 

Қозоғистон жанубидага «Бурное» қуёш энергия станцияси йилига 50 МВт қувват ишлаб чиқади.

* * *

Германияда ишлаб чиқарилган муқобил энергия истеъмолчилари учун махсус қонун қабулланган. Унга кўра, бундай тадбиркорлардан энергия сотиб олган доимий мижозларнинг харажатларидан бир қисми давлат томонидан қопланади. Муқобил энергия қанча кўп ишлаб чиқарилса, давлат шу қадар кўп маблағ ажратади. Масалан, 2016 йил 8 май куни юз берган кучли шамол ва чарақлаб турган қуёшнинг хизмати туфайли истеъмолчиларга давлат тўлаган пул электр қуввати харажатидан ошиб кетган.

* * *

Поликремний (қуёш энергиясини электр қувватига айлантиришда қўлланиладиган асосий модда)нинг бир килограмми 2008 йилда 475 АҚШ долларига нархланган бўлса, 2015 йилда ўртача 17 доллардан сотилган.

* * *

Бешта давлат – Германия, Япония, Хитой, Италия ва АҚШ жаҳонда қуёш ёрдамида олинаётган электр энергиясининг 70 фоизини ишлаб чиқаради.

* * *

Жаҳонда 500 Гигаватт атрофида электр энергияси қуёш нуридан олинади.

* * *

Қуёш энергиясини поликремний ёрдамида электр энергиясига айлантиришдан ташқари, гелиотермал усул ҳам мавжуд. Бунда маълум майдонни эгаллаган кўзгулар тизими қуёш нурини сув минорасига йўналтиради. Миноранинг қуйи қисмидаги сув буғланиб, юқорига ҳаракатланади. Сувнинг юқорига ва (совугач) пастга ҳаракатланиши натижасида электр энергияси чиқади.

* * *

Қуёш нури ёрдамида қозон қайнатадиган ўчоқлар 150 даражагача иссиқлик бера олади, уларнинг таннархи эса 7-10 долларни ташкил қилади.

* * *

1981 йилда учувчи Раул Маккрейди So*ar Cha**enger деб аталган самолётда 258 километр масофани учиб ўтди. Самолёт фақат Қуёш энергияси ёрдамида ҳаракатланди, унинг тезлиги 48 километр-соатни ташкил этди. 2010 йилда учган  So*ar Impu*se самолёти 24 соат тинимсиз парвоз қилишга улгурди. Бугунги кунда қатор мамлакатлар ҳарбийлари ойлар (балки йиллар) давомида муаллақ туриши мумкин бўлган учувчисиз парвоз қилувчи аппаратлар лойиҳалари устида ишламоқдалар.

* * *

2017 йилнинг охирига келиб, жаҳонда Қуёш нури ёрдамида 77 ГВт энергия ишлаб чиқарилди. 

* * *

Вилоятимизда тикланувчи энергия манбалари асосида ишловчи «Очистной», «Ақбай», «Акcу-Энерго», «Акбай» каби корхоналар мавжуд.

* * *

200 мегаватт электр энергияси олиш учун иссиқлик электр станциялари 100 тоннадан зиёд кўмир ёқиши керак.

* * *

2020 йилга бориб Европа мамлакатларидан баъзилари ишлатаётган электр энергиясининг 20 фоизини такрор тикланувчи манбалардан олиш ниятида. Албатта, нефть ва газнинг баҳоси кескин пасайиб кетмаса.

Нодир ТОЖИМЕТОВ, 2018-07-26, 11:01 166
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.