26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Таниқли олим, истеъдодли раҳбар, машҳур жарроҳ

Қайси соҳа бўлмасин, бир вақтнинг ўзида назария ва амалиётни бирга юритиш осон иш эмас. Зеро, илм бошқа, ҳаёт бошқа... Кимдир моҳир тадбиркор, кимдир тажрибали муҳандис, кимдир моҳир қурувчи бўлиши мумкин. Аммо омад фақат меҳнатсевар, мақсадга интилувчан, том маънода заҳматкаш шахсларга насиб этади. 

Таниқли жарроҳ, машҳур олим ва истеъдодли раҳбар, А. Яссавий номидаги ХҚТУ Шимкент тиббиёт институтининг “Травматология-ортопедия ҳамда онкология” кафедраси мудири Амирхан Баймағамбетов салкам қирқ йил мобайнида тиббиёт соҳасида фаолият кўрсатиб келмоқда. 

Унинг нафақат устозлик ва жарроҳлик фаолияти, балки вилоятимизда дастлабки хусусий таълим масканини очиб, малакали кадрлар тайёрлашдаги хизмати ҳам алоҳида эътиборга сазовордир. У мамлакатимизда бозор иқтисодиёти муносабатлари эндигина шаклланган мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ хусусий коллеж очишни режалади. Бу – узоқни кўзлаб қилинган хайрли иш эди. Мана, орадан 10 йилдан зиёд вақт ўтди. Қийинчилик ва машаққатлар ортда қолди, эндиликда ушбу эзгу ният рўёбга чиқди.

l l l

Мамлакатимизда соғликни сақлаш соҳасига катта эътибор қаратилмоқда. Зеро, ҳозирги куннинг долзарб масаласи – соғлом турмуш тарзини шакллантириш, фуқаролар саломатлигини асраш, баркамол авлод тарбиялаш. Амирхан оға ҳам бу ишга баракали ҳисса қўшмоқда.

Бу борада ҳаётдаги яқин маслакдоши, маслаҳатчиси, умрини таълим соҳасига бағишлаган раҳматли волидаи муҳтарамаси Айғаним ая билан маслаҳатлашганида, у коллежни Сайрамда очишни тавсия этади.   

– Сайрам – муқаддас жой, мўътабар маскан. Сайрам учун меҳнат қилишдан чарчама... Янги ишингни ўша ерда бошласанг, адашмайсан. Эзгу ишингни Оллоҳ қўлласин! – дея оқ фотиҳасини берганди ўшанда ая. 

... Амирхан Кемелқулули Тулкибош туманининг Састўбе қишлоғи яқинидаги Киров номли жамоа ҳўжалигининг Қайиршақти бўлимида таваллуд топди.

Унинг болалиги Орис дарёсининг сўлим соҳилларида ўтди. Тенгқурлари қатори чанг кўчада югуриб, булоқ сувида чўмилди, тоғ ҳавосидан нафас олди. Ёлғиз ўғил ота-онасининг, сингиллари Салтанат ва Мархабатларнинг суянчиғи, ишонгани эди. Волидаи муҳтарамаси қишлоқдаги мактабда ўқитувчи, сўнгра 40 йил директор лавозимида ишлаган, падари бузруквори эса уруш қатнашчиси эди. Улар фарзандларининг ютуқларини кўриб, қувонишди, олға қараб интилишига далда беришди.

Амирхан илмга чанқоқ, мақсад сари интилувчан бола бўлди. Шу туфайли тиббиёт соҳасини танлаб, катта ишга бел боғлади. Қишлоқдаги Абай номидаги ўрта мактабни имтиёзли битиргач, Алмати тиббиёт институтининг “Даволаш иши” факультетига ўқишга кирди. Ўғлининг шифокор бўлаётганидан, айниқса, падари бузруквори Кемелқул ота жуда хурсанд эди. Афсуски, фарзандининг ўқишни тугаллаб, диплом олганини кўриш унга насиб этмади.

Амирхан нуфузли даргоҳни битиргач, Шимкент вилоят клиника касалхонасида интернатурани ўтади. 1982 йили эса “Тез ёрдам” касалхонасига жарроҳ сифатида ишга қабулланди. Илмга чанқоқлик уни назария билан чуқурроқ шуғулланишга ундади. 1985-1987 йилларда Москва шаҳридаги Бутуниттифоқ жарроҳлик марказида жарроҳликдан ординатурани ўтади. 1986-1990 йилларда аспирантурада таҳсил олиб, номзодлик диссертациясини ёқлади.

У 1987-1992 йилларда Шимкент “Тез ёрдам касалхонаси”да хизмат қилди. 1992-1998 йиллар орасида ўқишни давом эттириб, докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1999 йилдан эса А. Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университетининг жарроҳлик кафедрасини бошқарди.

Бу оддий рақамлар ортида қанча-қанча меҳнат ётибди, улар замирида қанча-қанча бедор тунлар яширинган... У қаерда ишламасин, ҳалол меҳнати, камтарлиги ва билими билан обрў-эътибор қозонди. А. Баймағамбетов 10дан зиёд ўқув қўлланмаларининг муаллифидир, унинг 140дан зиёд илмий мақолалари турли тилларда чоп этилган.

Унинг тиббиёт соҳасидаги хизматлари бесамар кетмади: 2011 йили “Фанга кўрсатган хизматлари учун” медали, 2015 йили эса ҚР Соғликни сақлаш вазирининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Амирхан оғанинг бундай ютуқларга эришишида оила аъзоларининг ҳам кўмаги каттадир. Рафиқаси Гулсим Садиқ қизи, 5 нафар фарзанд унинг хайрли ишларига доимо камарбаста бўлишди.

l l l

Амирхан Кемелқулулининг шу кунгача амалга оширган йирик ишларидан бири – 2007 йилда пойдевори тикланган “Сайрам” тиббиёт коллежидир. Қисқа фурсатда ўқув маскани тиббиёт соҳасига ўрта бўғин кадрларини тайёрлаб берадиган вилоятдаги етакчи ўқув юртларидан бирига айланди. У аввало, коллежнинг ўқув базасини мустаҳкамлаш, педагогик жамоани малакали мутахассислар билан таъминлашга катта эътибор берди. Коллежда нафақат Сайрам даҳаси, балки Шимкент шаҳри, қўшни Қорабулоқ, Қорамурт, Оқсувкент, Кўлкент ва бошқа қишлоқларнинг ёшлари ҳам таҳсил олишади. Дастлабки йилларда “Ҳамширалик”, “Даволаш иши”, “Стоматология” ихтисосликлари бўйича кадрлар тайёрланган бўлса, ҳозирда “Лаборатория иши” ва “Фармация” бўлимларига талабалар қабулланмоқда. Коллежда бугунги кунда мингдан зиёд талаба билим оляпти.

Талай шогирдлари эндиликда устози билан бир жамоада фаолият юритишмоқда. Жумладан, Алишер Собуров – коллеж директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, Қанат Кемелбеков – педиатрия ва акушерликдан дарс беради...

Ҳа, хайрли ва савоб ишларнинг бош-қошида юриш Амирхан оғанинг ҳаётий шиоридир. Сайрамда ўтадиган маданий-маърифий, спорт тадбирларига коллеж жамоаси муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ҳар йили кам таъминланган оила фарзандларига моддий ёрдам кўрсатилиб, бундай оилалардан чиққан ёшларга бепул ўқиш учун сертификатлар ҳам берилади.

Муҳими, талабаларнинг чуқур билим эгаллаши, маданий ҳордиқ олиши учун коллежда барча шароитлар яратилган. Ёпиқ спорт стадиони, ошхона, электрон кутубхона, замонавий мультимедиа кабинетлари, талабалар соғлигини текшириш учун тиббиёт пунктлари ишлаб турибди. Шу кунгача коллежни етти юзга яқин йигит-қиз битириб чиқди. Улар вилоятимизнинг турли тиббиёт муассасаларида самарали меҳнат қилишмоқда. 

Бағрикенг, яхшиликни ҳаётий шиорига айлантирган, сахийликни хуш кўрадиган Амирхан оға ўзи амалга оширган ишлардан фахрланиш ва қувонишга ҳақлидир. Сайрамлик меҳнат фахрийлари ва устозларнинг фикри бунинг далили:

– Амирхан Баймағамбетовни Сайрам равнақи учун хизмат қилаётган, ёшларнинг билимли бўлиши учун қайғураётган олижаноб шахс деб биламан, – дейди фахрий устоз, Енбекши туман ўзбек этномаданият бирлашмаси оқсоқоллар кенгашининг раиси Анормат Орзиқулов. 

Б. Содиқов номли тўлиқсиз ўрта мактаб директори Султонниёз Ёрматов эса дил сўзларини қуйидагича изҳор этди: “Қўли ва қалби очиқ, дилкаш инсон. Коллеж жамоаси номидан даҳадаги мактабларга бир неча маротаба хайрия кўмагини кўрсатди. Амирхан оғадек танти ва сахий инсонлар кўп бўлсин!”. 

Шу кунларда муборак 60 ёшини қарши олаётган Амирхан Кемелқулулини “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти номидан муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, келгуси фаолиятида омад ва зафарлар тилаймиз!

Зокиржон МЎМИНЖОНОВ, 2018-07-27, 19:42 737
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.