26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Бугун бозорга ўхшайди...

...Шўролар давридан фарқли ўлароқ, инсонлар яхши ва ёмоннинг, савоб ва гуноҳнинг фарқига боришади. Бироқ, айнан шундай пайтда тарозидан уриб қолишнинг жуда кенг тарқалгани таажжубга солади...

Бозор кўп, гоҳида қайси бозорга боришни ўйлаб қоласиз. Аммо кўпинча, яқинроғини танлайсиз. Сўнг, бундан афсусланасиз. Танлаш имконияти кенг эмас, нархлар баландроқ, сотувчиларнинг тарозиси эса...

Ҳар сафар Ленгер шаҳридаги марказий деҳқон бозорига бориб, сабзавот ва мева харид қилганимдан сўнг шуни англаб етдимки, сотувчилар харидимнинг чамаси йигирма фоизини уриб қолишган. Яъни, олти килограмм деб олган картошка беш килограмм, тўрт килограмм пиёз уч килограммдан хиёл ошиқроқ чиқди. Демак, ўша куни бозорда беш минг тенге сарф қилиб, тўрт минг тенгега мева-сабзавот олибман, пешана терим билан қийналиб топган қолган мингни эса қўшқўллаб, кимларгадир бериб юборибман. Бу фақат менинг шахсий фикрим бўлса қанийди, бозордаги аксарият харидорлар доим шундай арз қилиб юришади. 

Мен бозордаги барча сотувчилар тарозидан уриб қолади, деган фикрдан йироқман, бироқ, ким билан сўзлашманг, бозорлардаги тарозиларнинг саксон фоизи сотувчиларнинг фойдасига ишлашини таъкидлашади.

Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” асаридаги “Бугун бозорга ўхшайди, етимлар зор қақшайди”, деган қўшиғи беихтиёр ёдингизга тушиб, тарозидан уриш етимлар учун қанчалик оғир эканини ҳис қиласиз. 

 Тарозидан уриб қолиш, бу янги иллат эмас. Эски замонларда ҳам авж олган бу қусурни йўқ қилиш учун Аллоҳ ўз каломида аниқ айтиб қўйган: «(Ўлчов ва тарозидан) уриб қолгувчи кимсаларга ҳалокат бўлгай!» (Мутаффифун, 1). Бу нарса – гуноҳ, катта гуноҳ! Лекин бозорни гуллатиб юрган «ошиғи олчи» сотувчиларга бунинг аҳамияти йўқдек.

Собиқ Иттифоқ даврида ушбу иллат асосан дўконлардаги сотувчиларининг ҳунари эди. Ота-онасини «сен» деса ҳам, дўкон сотувчисини «сиз» дейдиган тақчиллик даврларида озиқ-овқат сотиб олганининг ўзига хурсанд бўлган одамлар учун тарозидан уриб қолиш катта нарсадек туюлмасди. Ваҳоланки, ўша даврда беш тийин уриб қолгани учун бир неча йилларга қамалиб кетганлар кўп бўлган. Аммо бозорларимиздан ҳали имон кўтарилмаган эди. Одамлар озиқ-овқатдан уришдан ҳайиқишган, гуноҳидан қўрқишган. Аллоҳга беадад шукрки, ҳозирги даврда юртимизда инсофли, имон-эътиқодли инсонлар жуда кўп. Совет давридан фарқли ўлароқ, инсонлар яхши ва ёмоннинг, савоб ва гуноҳнинг фарқига боришади. Бироқ, айнан шундай пайтда тарозидан уриб қолиш жуда кенг тарқалгани таажжубга солади. Энг ачинарлиси, бу оддий ҳол бўлиб қолди ва «уддабурроларимиз» ўз кирдикорлари ҳақида ҳеч кимдан уялмай ва ҳайиқмай, мақтаниб гапиришади. Балки, авваллари бозордаги сотувчилар қамалиб кетишдан қўрқишгандир, буни биз ҳозир айтолмаймиз. Аммо ҳозир мабодо қандайдир мўъжиза билан сотувчининг тарозидан уриб қолишини исботлаб берсак ҳам, у оддий жарима тўлаб қутулиб кетади. Шунда ҳам пулни ўзининг киссасидан тўламайди – сиз билан менинг пулимдан яна кўпроқ уриб қолади, тамом-вассалом. Қарабсизки, эртаси куни яна бозорда «менинг тарозим ҳалол», деб, юзида табассум билан савдо қилишни давом эттираверади.

Авваллари «қўл тарози – ўғри тарози», деб ҳисобланарди. Кўпчилик қўл тарозиси ёрдамида савдо қилаётганлардан ҳеч нарса ҳарид қилмасликка интиларди. Ҳозирда улардан кам фойдаланишади. Уддабурро сотувчиларимиз икки паллали тарозини ҳам, айтса ишонмассиз, электрон тарозиларни ҳам «бузиб қўйиб», бемалол уриб қолмоқдалар, Бирор-бир маҳсулотнинг нархи юқорилигини оғзингизга олсангиз, ўзлари ҳам «Менинг тарозим ҳалол, арзонроқ сотаётганлар тарозидан уриб қолади», дейишади.

Ҳатто бир сафар кўриниши файзлигина онахон тарозидан уришини очиқчасига, уялмай-нетмай тан олди. «Тарозингиз ҳалолми, ишқилиб», деб сўраганимни биламан, «Тоза тарозида тортсам, арзон сотмасдим», деб қолсалар бўладими. Қаранг, ёшларни яхшиликка ундайдиган, эзгуликка бошлайдиган, гуноҳдан қайтариб, савобга бошлаш учун дуо қилиши лозим бўлган онахон шу ишни қилса, ёшлардан нима талаб қилиш мумкин?!

Отанг – бозор, онанг – бозор, деймизу, сотувчининг нопоклигини, тарозидан уриб қолганини билиб туриб ҳам индамайдиган аҳволга тушдик. Ўзимиз ва оила аъзоларимиз ризқининг бир қисми бўлган пулни сотувчига жилмайиб топширамиз-да, кетидан; «Раҳмат, бозорингизни берсин», деб қўшиб ҳам қўямиз. Юқорида айтилганлардан кўриниб турибдики, мазкур қусурни ҳам куч билан, ҳам тарбия билан енгса бўлади. Қуйидаги оддий ҳақиқатлар тарозидан урувчилар билан курашишда ёрдам берса, ажабмас:

1. Авваламбор, қўл тарозисида савдо қилувчиларга яқинлашманг. Ўзининг боғи ёки ҳовлисидан озгина маҳсулотини сотишга олиб чиққани туфайли бозор идорасига тарози учун пул тўлагиси келмаётгани баҳона бўла олмайди. Атроф тўла тарози. Ёнида савдо қилаётган одамнинг тарозисида ўлчаб олишига ҳеч ким йўқ демаса керак.

 2. Ярим қоп ёки қопнинг тагида сабзавот сотаётганларнинг арзон нархига учманг. Сабзавот сотиш учун келган инсон, маълумки, маҳсулотини катта ҳажмда олиб келади. Ярим ёки чорак қопгина, арзон нархда савдо қилаётганларнинг аксарияти (таъкидлаб ўтаман, ҳаммаси эмас), фойдани асосан тарозидан кўришади. Гапимни нотўғрига чиқаришдан аввал ўйлаб кўринг, бўлмаса улар деҳқондан ҳам арзонроқ нархда сотиб, қандай фойда кўришади?

 3. Сотиб олган маҳсулотингизни дўконлардаги электрон тарозиларда ўлчаб, текшириб кўринг. Замонанинг зайли билан ҳозирги кунда дўкон тарозиларига бемалол ишонсангиз бўлади. Агар сизни алдаган бўлишса, маҳсулотни эгасига топшириб, пулингизни қайтариб олинг ва сотувчини мулзам қилинг. Бироқ, очиғини айтганда, тарозидан уришни касб қилиб олганларга бу нарса таъсир қилмаса керак.

 4. Буниси кўпроқ илтимосга тўғри келади. Бозорлардаги мутасаддиларимиздан илтимос қилардик, бозорларнинг бир неча жойларида назорат тарозилари ўрнатилса. Иложи бўлса, электрон тарозилар. Токи, харидорлар сотиб олган маҳсулотларини узоққа бормай, текшириб кўриш имконига эга бўлардилар.

 Бир куни уйга бозор-ўчар қилиб, фарзандларимга совға-салом олиб келдим. Ўғлим мен пулни қандай ишлаб топишимни сўраб қолди. Эринмай, тушунтириб бердим. Тарозидан урувчи ўз фарзандига нима дер экан? «Мен, одамлар ўз ота-оналари, ака-ука, опа-сингиллари, ва фарзандларига олган нарсаларини уларнинг оғзидан юлиб сенга олиб келдим, ўғлим», дермикан? Агар бирор-бир киши ўғирлик қилса ундан ўғрилигини билиб, сотиб олган киши ҳам, уни яширган инсон ҳам ўғрига шерик сифатида жиноятчи бўлади. Ўйлаб кўрайлик, бу қоида бизнинг ҳолатимизга ҳам алоқадормикин? Тарозидан уриш жиноятми? Ҳа, жиноят! Биз буни биламизми? Биламиз! Демак, биз ҳам унга шерикмиз. Очиқчасига айтишдан уяламиз, андиша қиламиз. «Арзимаган ўн, йигирма тенге, деб, талашамизми?», деймизда, ҳеч нарса билмаган кишидек ўз йўлимизга равона бўламиз. Гап пулда эмас. Унинг қанчалигида ҳам эмас. Агар, биз кичик бир қоидабузарликка кўзимизни юмсак, ҳаққимизни талаб қилмасак, унга ўрганиб қоламиз. Бу кейинчалик одатий ҳолга айланади. Кейин эса, каттароқ иллатга кўзимизни юмамиз. Сўнгра бошқа бир жиноят ҳар кунги ҳаётимизга кириб келади. Қарабсиз-ки, қаллоблик ва фосиқлик, жаҳолат ва қабоҳат, мунофиқлик жамиятнинг бир қисмига айланади. Бу баландпарвоз сўзлар эмас. Афсуски, ҳақиқат. «Одамлар алдоқчи бўлиб кетаяпти!», деб бонг урамиз-у, ўзимиз бунга биринчи бўлиб кўзимизни юмамиз.

 Шукрки, инсофли, тарбияли инсонлар юртимизда кўп. Агар, болага ёшлигидан тарозидан уриш нафақат қонунбузарлик, балки улкан гуноҳлиги уқтирилса, бола ушбу қусурдан ўғирликдан жиркангани каби жирканса, бу иш маъмурий жазодан ҳам самаралироқ натижа беради. Чунки, бирор-бир касални авжига чиқариб, даволагандан кўра, аломатлари кўринганидаёқ унинг олдини олган маъқул эмасми!? Мен ушбу мақола билан вилоятимизнинг бозор мутасаддиларини ёмонламоқчи эмасман. Аксинча, улардан хурсандман. Сўнгги пайтларда бозорларимизда харидорларни қувонтирувчи ўзгаришлар бўлмокда. Бозорларимиз анча тартибга келиб, “бозор” ўзининг «ит эгасини танимайди» деган маъносини йўқотиб бормоқда. Энди навбат сотувчиларга. Майли, тарозидан уришда харидорлардан уялманг, майли, маъмурий жазодан ҳам қўрқманг, фақат Яратганнинг сўзларини эсланг: «(Ўлчов ва тарозидан) уриб қолгучи кимсаларга ҳалокат бўлгай!» («Мутаффифун» сураси, 1-оят). Айни сиз ҳар мақомга йўрғалатаётган тарозингиз эртага ўзингизнинг савоб ва гуноҳингизни ўлчашини ҳам унутманг, азизлар!..

Авазхон АБДУФАТТОҲ, 2018-07-31, 14:40 763
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.