26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
СЎНГСЎЗ ёки ёзилмаган КИРИШ СЎЗИ ҳақида маҳзун баён

Анча йиллик изланишлар ҳамда тўлғанишлар маҳсули ўлароқ, туркий халқлар тарихи, адабиёти муаммоларига бағишланган кўп жилдлик «Туркистон тўплами» устида иш бошлаганимни аксарият китобхонлар билишса керак. Тўпламнинг биринчи жилди  туркиялик  таниқли адабиётшунос олим ва давлат арбоби Камол Зайбекнинг «Туркистондан – Тур­кистонгача» сарлавҳали   кириш сўзи билан  нашр  этилди.  Аммо, иккинчи жилд...

Иккинчи жилд китобхонлар қўлига кириш сўзисиз етиб борди. Мазкур китоб туркий адабиётнинг атоқли намояндаси, мумтоз адиб Одил Ёқубовнинг ки­риш сўзи билан бошланиши керак эди. Бир учрашувда Одил оғага «Тур­кистон тўплами» номи билан кўп жилд­лик тадқиқотларимни нашрга тайёр­лаётганимни айтганимда оға бу ишим­ни маъқуллабгина қолмасдан, кутил­маганда, «Унда мен тўпламингга кириш сўзи ёзиб берайин-да», – деб қолди. Яшириб нима қилдим, улуғ адибнинг тадқиқотимга бўлган эътибори, илти­фотидан ўзимни йўқотиб қўяй дегандим. Оғанинг ваъдасидан руҳланиб, қўлёзма устида ўзгача бир илҳом билан ишла­ганим ёдимда. Шундай қилиб, «Туркистон тўплами»нинг навбатдаги китоби нашрга тайёр бўлди. Кириш сўзи эса йўқ. Уни ёзадиган оғага қисмат фурсат бермади. Китоб нашрга тайёр бўлганида Одил оға юриб келаётган шарафли йўл Аллоҳнинг ҳукми ила ниҳоясиша етганди. Илож борми? Йўқ. Банданинг айтгани эмас, Аллоҳнинг айтгани бўлади. Ардоқли оғамизнинг азасига кўздан ёш тўкдик. Қардошлик, шогирдлик туйғуси ила у кишини хотирлаб: «Одил десалар одил жон эди...» деган видолашув сўзимизни ҳам ёздик.

Одил оға Олмаотага тез-тез от бошини буриб турарди. Оға туркий оламнинг мумтоз адиби бўлиб шуҳрат қозонгандан кейин ҳам киндик қони томган Туркистон шаҳри ва умуман, бутун қозоқ заминига фарзандлик туйғуси билан боғланган эди. Шу боисдан унинг асарларида, албатта, бир-икки қозоқ қаҳрамонлари ҳам аралашиб юрарди. У илдизи бир ўзбек-қозоқ халқларининг Ал Форобий, Улуғбек каби буюк сиймолари ҳақида йирик асарлар яратди. Бу асарларни қозоқ дўсти – таржимон ва олим Кўпай Сейдаханов қозоқчага маҳорат ила таржима қилди. «Улуғ­­­бек хазинаси»ни таржима қилаётган пай­тимиди, ҳайтовур, Кўпай оғаникида Одил оға билан танишганман.

Дастурхон тепасида хизмат қилиб юриб, адибнинг билимдонлигию, одам­шаван­­далигига ҳайрон қолган эдим. «Мен ҳам тур­­­­кистонликман. Иним бўлдинг, Қулбек», – деди Кўбакенг мени у киши билан таништирганида. 

Олмаотага келса, меҳмонхонага жой­ла­шиб улгурмасидан қадрдони Кўпай оғани ахтаришга тушарди. Саломи бизга ҳам тез-тез етиб келарди. «Улуғбек хазинаси» қозоқ тилида нашр этилганида, «Таржимон муддаоси – тил такомиллиги» сарлавҳали мақола ёзиб, «Қозоқ ада­биёти» гезетасида эълон қилгандим. Роман ўз композицияси ва мазмуни, шунингдек, романий тафаккурининг теранлиги билан мени мафтун этганди. Юракдаги ўйларимнинг бари қоғозга тушдими-йўқми, билмадим, мақолани таржимон Кўпай оға орқали олган Одил оға Тошкентдан менга атайин қўнғироқ қилиб, миннатдорчилик билдирган эди. Оғанинг камтарлиги, одамийлиги ҳам ўзгача эди-да!

Одил оғанинг қозоқ адабиётининг тўнғич авлоди – Мухтор Ауезов, Сабит Муқанов, Ғабит Мусреповларга бўлган эҳтироми ўзгача бўлиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси сифа­тида улар таваллудининг юз йиллигини Тошкентда ажойиб тўйга айлан­­­тириб, нишоналган эди. Шундай тўйларнинг бирида Қозоғистон Ёзувчилар уюш­маси котиби Қалаубек Турсунқулов бош­чилигидаги делегация таркибида Тош­кентга бориб, унда мумтоз адибла­римиз ҳақида маърузалар қилган йигитлик чоғларим ёдимга тушиб кетади. Ундай кезларда тўй тизгини Одил оғанинг қўлида бўлиб, у кишининг қозоқ адабиёти классиклари ҳақида айтган хоти­ралари теран мазмун ва тафаккурга йўғрилган ҳикоя бўлиб эшитиларди. Қардош элнинг мумтоз ёзувчиси топиб айтган сўзларни тинглаб ўтириб, роҳатланардим.

Бу – Одил оғанинг қозоқ ёзувчиларига бўлган самимий меҳри, юксак эҳтироми белгиси эди. Бу меҳр, эҳтиромнинг сами­мийлигига кейин ҳам кўп бора гу­воҳ бўлганман. 2000 йилдамикан, Аб­дужамил оға Нурпеисов Чимкентга келди. У киши Ўзбекистонга бормоқчи экан. Вилоят ҳокимимиз Бердибек Сапарбаев меҳмонни сафарда кузатиб боришни, одатдагидай, менга топширди. Абекенинг халтасида ўн минг доллар. Ўзбекистондаги олий ўқув юртларининг бирида тарихчи-профессор бўлиб, у киши Мухтор Ауезовнинг шу пайтгача номаълум мактубларини кўз қорачиғидай сақлар эмиш. Бу- Муқангнинг, тақдир тақозосига кўра, Ўзбекистонга бориб қолган қозоқ қизига ёзган мактублари экан. Ўша қиз република Соғлиқни сақлаш вазирининг муовини даражасига етиб, ўрта ёшларда ҳаётдан кўз юмган, вафотидан олдин ёзувчининг хатларини ҳалиги профессорга омонат қолдирганмиш. Мактубларни Абдужамил оғамиз сотиб олиб, Қозоғистонга олиб қайтмоқчи. Гапнинг очиғи, оғани Тошкентга сафарга бошлаб боришдан аввал Одил оғага қўнғироқ қилдим. Оға, албатта, Абекедай дўстининг Тошкентга меҳмон бўлиб келишини чин дилдан хоҳлади. Баъзи бир мулоҳазаларимни айтганимдан кейин. Одил оға ҳалиги тарихчини Сариғочга бошлаб келадиган, биз у киши билан Чимкентдан борадиган бўлдик. 

 Одил оға тарихчини топиб, Сарио­ғочга бошлаб келди. У киши айрим мактубларнинг мазмунини айтиб, баъзиларидан сўзма-сўз иқтибослар келтириб, оғаларнинг кўнглига чўғ таш­лайди. Иккала қаламкаш кўзлари ёниб, ҳаяжондан: «Э-э-э!» – дея энтикишади. Улар энтиикшгани сайин у киши ҳаволаниб, керилади. Одил оға билан Абдужамил оға тарихчини кўндириш учун бири қозоқча, иккинчиси ўзбекчалаб, куйиб-пишиб сўз­лашади. Аммо ўша киши пихини ёрган тош-метин экан. Хуллас, музокарадан натижа чиқмай, оғаларнинг ҳаракатлари зое кетди. Ўшанда мен Одил оғанинг куйиб-ёнишидан Ауезовга меҳри чексизлигига гувоҳ бўлган эдим.

Тақдир ҳайдаб, Олмаотадан Жану­бий Қозоғистонга кўчиб бордим. Ша­ҳар, вилоят ҳокимликларида ўрта бўғин раҳбари бўлдим. Аҳмад Ясса­вий номидаги халқаро қозоқ-турк уни­верситетида ишладим. Одил оға Носир дўсти билан Чимкентга ке­либ, саломлашиб кетишади. Ҳар кел­ган­ларида мени ҳам Тош­кентга меҳонга таклиф қилишади. Баъзан «Туркистонга бирга борайлик», – дейишади, ҳазиллари ярашимли қўш оғам. Биргалашиб жўнаймиз Одил оғанинг туғилган қишлоғи – Қарноққа. Бир гал Қарноқдаги катта сой ёқалаб борар эканмиз: «Бола кезимда манов сойда оқиб кетаёзганман», – деб эслади Одил оға. «Сойда оқиб кет­га­­­­­нингизда ўзбекнинг бир ёзувчиси кем­­тик бўларди», – деди Носир оға юзи­га қайғули тус бериб. «Ўзбекнинггина эмас, бутун туркнинг бир ёзувчиси...» – дея, Носир оғанинг сўзига «тузатиш» киритаман. Тўғриси ҳам шундай-да. Одил Ёқубов – қардош ўзбек халқига Ойбекдан кейин, том маънода, мумтоз роман берган ёзувчи. Айниқса унинг «Улуғбек хазинаси» романи ҳақида фикр юритганимизда ушбу баҳонинг тўғрилигига имон келтирамиз... 

Оғанинг «Оқ қушлар, оппоқ қушлар» романини «Шарқ юлдузи» журналида ўзбек тилида ўқиган эдим. Тўлиқ тушунмаган бўлсам-да, ўша чала тушу­­нишимнинг ўзи Одил оғани чинакам романист сифатида ҳурмат қилишимга сабабчи бўлганди. Уни Кўпай Сейдаханов қозоқ тилига ўгирмоқчи бўлиб иш бошлаганди, бироқ улгурмади. Ажал ўқи Кўпай оғани ҳам орамиздан юлиб кетди.

Одил оғанинг асарлари оламнинг кўплаган тилларига таржима қилинган. Уларнинг ҳар бири ўзбек адабиётининг, шунингдек, туркий олам адабиётининг фахрига айланиб, умум обрўмизга хизмат қилаётгани ҳақиқат. Умрни сарфлаб, у кишининг қаламидан чиққан асарларнинг деярли барчасини ўқиган бир китобхон ва адабиётшунос сифатида Одил Ёқубовни туркий халқлар адабиётининг фахри деб биламан.

Камтарликни четга суриб айтадиган бўлсам, каминанинг Туркистонда нишон­ланган 50 йиллик тўйига Ўзбекистондан иккала оғам етиб келишди. Тўйдаги ҳазил қўшиб сўзлаган гаплари, аскиялари, тиллога бергусиз самимий тилакларининг барчаси тасмага туширилган ҳолда кўз қорачиғидай асралмоқда. Оғалар шарофатидан ўша нурли, файзиёб кунларни унутиб бўлар­канми?!

Одил оғанинг саксон йиллик тўйини Туркистонда тўйладик. Шаҳримиздаги Хожа Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университетида ўта завқли учрашув бўлиб ўтди. Бош маърузачи – Носир Фозилов. Биз ҳам билганимизни айтдик. Ўшанда Одил Ёқубовнинг бутун туркий оламга маълум ва машҳурлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Университетда таълим ола­ётг­­­­­­ан турли туркий давлатлардан келган талабалар оғамизнинг асарларини билиб, сўйлашди, ўзини қадрдон ёзувчи сифатида суйиб сўзлашди. 

Биз Одил оға билан Трукистон зами­нида кўп марта юзлашдик. У киши Тур­кистонга Чингиз дўсти билан ҳам, овул­доши ҳам дўсти – Носир Фозилов билан ҳам бирга келарди. Келган сайин оғаларимни туғилган қишлоқларига олиб бориб, киндик қони томган табаррук тупроққа ағанатиб олардик. Улар Тур­кистонга келганларида ер босиб юрган думалоқ бошли бандалардай эмас, эл қалбида яшовчи фаришталардай ардоқлар эдик. У адабиёт оламининг қанотли оққуш қаламкаши эди. Эҳ, дунё-эй!

Одил оғанинг овози қулоғимга эши­тилади. У киши оҳиста сўйлаб ўтирибди. «Қулбек, мен сенга бир ҳангома айтиб берайин, – дейди у. – Сен Сабит оғанинг тадқиқотчисисан. Уйингда оғанинг ноёб-ноёб суратларини кўряпман. Манов Носир ўзбек тилига таржима қилдирган Сабит оға ҳақидаги китобингда ёзилганларидан биладиганларим кўпроқ. Осиё-Африка ёзувчилари конференцияси бўлиб ўтди. Ўшанда Сабит оға келди-да: «Йигитлар! Мен қозоқ ёзувчиларининг оқ­со­­­қолиман. Барчангизни меҳмонхонага ча­қиргани келдим. Юринглар. Одил, сен бошлаб юр, – деди. Борасанми, бормайсанми? – деган гап йўқ. Сабит оға чақириб турса, қан­дай бормаймиз? Биз елиб жўнадик. Ора­мизда қанча чет эллик ёзувчилар ҳам бор. Барчамизни ресторанга бошлаб борди. Мазали таом, сифатли шароб...Вой-бўй! Тор­­­­­тинмаларинг, – деб қўяди, раҳматли. Ях­­­­­­шилаб ичиб-едик.

Бир қарасам, Сабит оға киссасидан ҳам­­ённи чиқазиб, пул тўламоқчи. Ўрнимдан учиб турдим.

– Сабит оға, тўхтанг! Менга йўлингизни беринг! – дедим.

– Эй, Одил, бўлмайди. Сенларни таклиф қилган мен.

– Йўқ, Сабит оға, олди-берди қи­либ юрган қозоқ-ўзбек эмасмизми? Бу­нинг устига мен туркистонлиқман. Тур­кистоннинг йўли анча улуғ!

– Қўй, Одил, қўй!

– Сабит оға, ростини айтайми? Мен нега Сизнинг меҳмонларингизни кутгим кел­ганини? 

– Майли, айтақол.

– Агар болалигимда, Туркистонда Сизнинг «Жумбоқ ялов» романингизни қозоқ тилида ўқимаганимда, ёзувчи бўлмасдим. Илк бора ўша асарингизни ўқигач, ёзувчиликни ҳавас қилгандим. Ўшандан бери қанчалаб роман ёздим, қанча бор қалам ҳақи олдим. Ўша бола­лигимда севиб ўқиб, ёзувчилик йўлига бошлаган «Жумбоқ ялов» романи учун Сизга қалам ҳақи тўлагим келяпти»,– дедим. 

Хап, хап...бунинг яхши бўлмади-да, – деб туриб оға аранг кўнди. 

Қулбек, мен Сабит Муқановдай қозоқнинг улуғ ёзувчиси асарини ўқиб, ўшанинг таъси­рида адабиётга келганман. Бу билан фахр­ланаман...»

Одил оғанинг кўзида қандайдир мунг акс этди...Сўнг у киши: «Оғалар орамизда ҳамиша тирик юраверади деб ўйлар эканмиз», – деб ўкинч билан қўшимча қилди. 

Она Туркистон ўсиб кетяпти. Танимай қол­дик, – деди яна бир келганида. – «Сенлар Туркистонни гуллатиб юборибсанлар. Сабаби бор, сабаби бор, Туркистон гуллаши керак. Гуллаганда ҳам бутун туркий дунёнинг ҳам­дўстлик шаҳри бўлиб гуллаши керак! Бу – Одил оғанинг Туркистонга келгани сайин такрорлашдан чарчамайдиган сўзи эди. «Шу сенинг «Туркистонни «Туркистан» деб сўзлаб юришинг, «Туркистон тўплами» номида туркум китоблар нашр эттиришинг менга ёқади. Бу ишингни маъқуллаб, бир китобингга кириш сўзи ёзиб бераман» Бу – Одил оғанинг Туркистонга яна бир келганида айтган тилаги эди. 

«Кечаги шўролар пайтида ўзбек-қозоқ бир тан-бир жон бўлиб аралашиб кетгувчи эдик. Мустақил бўламиз деб аралашувларимз сийраклашиб боряптими, қалай ўзи? Биз ҳам кетармиз манов ёлғондан. Шундан ке­йин бориш-келиш, олиш-бериш камайиб бо­радими?». Бу – Одил оғанинг Туркистонга сўнгги бор келганидаги омонатдай сўзи эди. Мен жавоб тополмай, сукут сақладим.

Бу – Одил оғанинг киндиқ қони томган она юрти – Туркистонга сўнгги бор келиши эди. 

Ундан кейин алоқамиз телефон орқали давом этди. «Омонлик-соғлиқ сўрашув. Туркистонга Мурод бориб қайтар, менда вақт бўлмаяпти. Бир роман устида ишладим. Роман якунланди. Чарчаб қолдим. Шифохонага ётиб, даволанмоқчиман. Туркистонга кейин борарман...»

Турк дунёсининг фахри шифохонада кўз юмди.

У кишининг ажойиб асарлари, айта ол­маган армонлари, ёзиб улгурмаган сўзлари қолди ортида. Шулардан бири – «Туркистон тўплами»га ёзаман деган сўзбошиси. Сўзбоши ёзилмади, лекин  «Туркистон тўплами»нинг иккинчи китобини Одил Ёқубовнинг хотирасига бағишладик. Унга шунингдек, азиз оғамиз ҳақида эсдалик сўзимизни  қўшдик. Кириш сўз ёзилмади. Шу боис улуғ оғамиз,мумтоз адибни маҳзунлик билан эслаб, ушбу “Сўнгсўз” ёзилди. 

Қозоқ тилидан Меҳмон ИСЛОМҚУЛ ўғли таржимаси, 2018-08-01, 18:55 980
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.