26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Тақиқларда меҳмондорчилик мезонлари

Абайнинг донолиги, Ауезовнинг уламолиги, Жамбил­­­нинг қўшиқлари ва Қурманғазининг куйлари асрлар қаъри­­­­­­­­­­дан ке­­­­­­­­­лаётган боболар саси – бу бизнинг маънавий мада­­­­­ния­­­­ти­­­миз­нинг бир парчасигина. 

Нурсултан НАЗАРБАЕВ. “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш”.

Газетамизда Буюк Даштда асрлар бўйи тўпланган тақиқлар ҳақида туркум мақолалалар бердик. Ўрта Осиё халқлари миллий дунёқарашининг шаклланишида муҳим ўрин эгаллаган, Ўрта аср­лардаёқ мусулмон халқлари маънавий бойлигининг қайнар бу­лоғига айланган тақиқлардан яна 60тасини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Улар  меҳмон  ва таомланиш одобига бағишланган.

1. Дастурхон атрофида бирор жойингни қашлама.

Абул Баракот ал-Ғаззийдан ҳикоя қилиш­­ларича, Халифа Маъмуннинг олдида биров қўлини ювган. Таом кечиккан. У қўлини бошига узатганида, Маъмун унга деган экан: “Қўлингни қайтадан ювгин!”. Ўша кимса қўлини яна ювганидан сўнг қўлини соқолига теккизган. Шунда Маъмун яна унга: “Қўлингни юв!”, деган ва “Нонни тоза қўл билан  ушлаш мумкин, холос”, деб айтган.

2. Таом келганда жамоатдан аввал таомга ташланма. Таом келтирилганда  ҳам, ҳеч ким таклиф қилмаса, унга қўл чўзма.

3. Таомни кечиктирма. 

4. Дастурхон атрофида ноўрин ҳазил қилма. 

Ҳикоя қилишларича, меҳмонларга  хурмо қўйибдилар. Улардан биттаси барча еган хурмоларининг данагини бошқасининг олдига қўйибди. Ҳатто унинг олдида ҳеч кимнинг олдида тўпланмаган хурмо да­­­нак­лари тўп бўлибди. Биринчи одам уй соҳибига қараб: “Эй саййидим, фалончининг хурмоларни кўп ейишини кўрдингизми? Ҳеч кимнинг олдида бунчалик данак йиғилмаган”, дебди. Шериги уй соҳибига қараб: “Аллоҳ сизни саломат қилсин, тақсир, мен шунча кўп хурмо егандирман. Лекин мана бу аҳмоқ хурмоларни данаги билан еб қўйди”. Жамоат роса кулди, бировни обрўсизлантирмоқчи бўлганнинг ўзи хижолатга қолди.

5. Чақирилган жойга кечикиб борма.

Чақирилган жойга кечроқ борган одам уй эгасини ҳам, дўстларини ҳам оч қол­­­диради, уларни қийин аҳволга солиб қўяди. Унинг жазоси кечиккан одамни кутмай ейишни бошлаб юбораверсинлар. Агар у бефаросат бўлса, унга адаб бўлиши учун, агар у тушунадиган бўлса, танбеҳ бў­лиши учун буни қасддан қилиб кўр­синлар. Чақирувга жавоб бериш ва у ерга кечикмасдан бориш ҳақида хабар ҳам келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзи бор: “Кимки таомга чақирилса, унга (дарҳол) ижобат қилсин. Агар у рўзадор бўлмаса, есин. Рўзадор бўлса, (соҳиби хонадонни) дуо қилсин”. Шундай экан, рўзадорники чақириққа бориши буюрилаётган экан, рўзадор эмас одам, кечикишига нимага мумкин бўларкан?! Вазир ал-Бармакийнинг ноиби бир йигит эди. Унга мактуб ёзиб юборди. У кечикди. Ҳатто элчи ҳам хафа бўлиб, кутаверишдан зерикиб кетди. Тайёр дўстларни ҳам қийин аҳволга солиб қўйди. Эрталабки кундузи қорайиб кетди. Очлик эса ўртаб юборди. Ичдаги олов ошхонадаги олов билан бир неча марта ёниб-ўчди. Шунда вазир деди: “учта нарса қувватдан кетади: зиё бермайдиган чироқ, кечикадиган элчи ва келганлар кутадиган дастурхон”.

6. Таомни иссиқлай  ема. Совушини кут. Иссиқ овқат  ошқозонни, ичакларни куйдиради.

7. Луқмани оғзинга солиб, яхши чайна­­­­­­­­­­­масдан ютма.  Очкўзлик ва нафси бузуқ­­ликнинг энг катта аломати мана шудир. Бу ишнинг иккита зарари бор. Биринчиси, таом тишлар ёрдамида яхшилаб чайналмаса, унинг озуқавийлиги ва қуввати кам бўлади. Иккинчиси, янчилмаган ва бўлакларга ажралмаган нарсани ошқозон ҳазм қилиши қийин кечади.

8. Луқмани қўлинг билан катта қилиб олма.

9. Луқмани ютиб бўлмай, гапирма. Чай­наш асносида гапларни тўла англаб ҳам бўлмайди. 

10. Овқатни шапиллатиб ема.  Чайнаш асносида лабларингни тўла юммасдан, бир-биридан тез-тез юмиб-очсанг, ёқимсиз овоз чиқади. Одоб шуки, ёнида ўтирган ҳам ҳеч нарса эшитмасин.

11. Луқмани сўриб, шимиб ўтирма. 

12. Луқмани оғзига солаётиб, баъзи  бар­моқ­­­­­­ларини оғзига тиқадиган одам – бефа­­­­­росат одам. 

13. Бармоқларингни ялама. Бармоқларни дастурхонга қўйилган сочиққа артган маъқул.

14. Овқатланиб ўтирганда луқмани тамо­ман ютиб бўлмасдан  сув ичма. 

15. Уй соҳиби таомдан камчилик қилса, арз қилма. 

Масалан, ширгуруч еяётган  одам: “Бу таом жуда фойдали. Агар уни шакар билан истеъмол  қилинса, фойдаси кўпроқ, ҳазмга ёрдам бўларди”, дейди. Уй эгаси  изтиробга тушади ва шакар келтиришга қийналади. Мана шу ҳам, озгина бўлса-да, таомдан зор­ланишнинг бир туридир. Хонадон соҳиби келтиришга ҳаракат қилади, лекин топа олмаса, хижолат чекади…

16. Иссиқ луқмани еб, унинг совушини истаб, оғзинг билан пуфлама.

17. Ўзингга узоқ турган дастурхондан  овқатланма. Дастурхон тарафга қўлларини чўзишга ва  унга қараб эгилишга, букчайишга мажбур бўлган одам  бачкана кўринади.

18. Луқмасини таомнинг ёғли жойига  ботириб, бошқа тарафига кураб олувчи одам ҳақида кўп латифалар чиққан.

19. Ейиш асносида сув идишнинг бал­доғини (қулоқ-дастасини) қўлингнинг ёғи  билан ифлос қилма. 

Одоб шуки, қўлингни таом сочиғига арт, сўнг сув идишини жимжилоқ бармоғинг билан тут ёки остидан ушла.

20. Одамнинг кўнглини айнитувчи ҳаракат қилма. Луқмани шимаётганингда ёғнинг ярми ташқарида қолиб,  эзилиб, томчиламасин.

21. Дастурхон устида еб ўтирганлар эшит­ганида кўнгиллари беҳузур бўладиган нар­саларни гапирма. Касалликлар, чип­қонлар, йиринглар, қайт қилишлар, ах­латлар ва шунга ўхшашлар ҳақида гапирувчи жирканч ким­­­­­­­садир. Шунингдек, еб ўтирганда бурнини тортаверадиган, тупураверадиган, кўзини артаверадиган одам ҳам шундайдир.

22. Таомнинг айбларини айтма.“Бу қовурдоқнинг думба ёғи куйиб кетибди”, “Бу овқатнинг тузи кўп бўлибди ёки пишмай қолибди ёки ширин эмас экан” каби гапларни гапирма.

23. Ёнингдаги одамларга эътибор бер. Одоб шуки, баъзан гўшт ва шунга ўх­шашларни ёнингдагига илтифот қилиб тур. Сув ичишдан аввал ёнингдагига сув таклиф қил. Ейиш-ичишдаги одоб ёши: катталар  дастурхон атрофидагилардан аввал таомга қўл узатиши лозим.

24.Қаншаридан шўрва кабилар кийимига, дастурхонга ёки олдидаги сочиққа оғзидан  томадиган, тўкилаверадиган ҳолатлар одам­нинг кўнглини айнитувчи ҳаракатдир.

25. Косага бурнинг тегадиган даражада эгилма.

26. Шундай одамлар ҳам бор: у ўтирган дастурхонни шундай еб тозалайдики, суякдан бошқа нарса қолмайди. Нима нарсага кўзи тушиб қолса, уни еяверади. Таомларни танлаб ўтирмайди. Бошқаларга ҳам қара­­­­­майди, худди дастурхондаги нарсалар бош­қалар учун эмасдек.

27. Шундай одамлар ҳам бор:  туради-да, енгини шимариб, дастурхон олдида ишга киришиб кетади: дастурхонни тўғрилайди, таом идишларини тартибга солади. Бу меҳмоннинг иши, деб ўйлайди. Аслида ундай эмас. Балки, мезбон ҳар бир нарсани ўз ўрнида қўйишларини кутиб туриш керак.

28.  Гўштнинг энг яхши  жойини ўз олдингга тортиб олма. 

29. Чақирилмаган жойга борма.  Тўсатдан кириб бориш ҳаромдир. 

30. Луқмани оғзингга солганингда чак­кангда дўнглик кўринмасин. Луқмани кичик ол, бундан сақланган ва суннатга мувофиқ овқатланган бўласан.

31. Ўзингни очофат қилиб кўрсатишдан тийил. 

Луқмани тўхтаб-тўхтаб е ва  дастур­хондан ҳамма билан бирдай  қўзғал.

32. Очофатлик  билан еб,  олдингга нон ушоқларини сочиб, тўкиб ташлама.

33. Ҳали оғиздагини яхши чайнаб, ютиб бўлмасдан аввал уни тайёрлаб турма.  Жағ ҳам чайнашдан бўшамаса, кўз бошқа луқмага қаратилган бўлмасин.

34. Чўкка тушиб эгилиб, ўзингни ейишга ташлама.

35. Агар балиқ ейдиган бўлсанг, суяк, қилтаноқларини олишга эринма. Кўп ҳолат­­­­­ларда ҳалқумига суяк тиқилиб, қадалиб қолганини кўрамиз. 

36. Қўлингдаги луқмани тозалайверма, артаверма.

37. Таом келишидан олдин ёки одамлар ейишни бошлашдан аввал дастурхон билан, майда ликопчалар ва шунга ўхшашлар билан ўйнаб ўтирма. 

38.  Таомланиш ўртасида овоз чиқариб  Аллоҳ таолога ҳамду сано айтилмайди.

39. Иссиқ таом егандан сўнг муздек сув ичма, тишларни ҳалок қиласан.

40. Шўрвада луқмангни (нонларни) теб­ратиб, айлантираверма.

41. Шўрва ичаётганингда нонни қошиқ ўрнида ишлатма. 

42. Бошқаларнинг олдида турган  емиш­ларга назарингни қаратма. 

43.  Кўзинг билан даврадагиларнинг луқма олишларини ва ейишларини кузатма. 

44. Таом келадиган томонга (эшикка) қа­райверма, худди яна бошқа таомларни ҳам  хоҳлаётгандек,  тўймаганлигингни ифода қи­ла­ётгандек.

45. Овқатни дастурхонга ва кийимларингга томизма.

46. Гўштни бўлаётганингда даврадош­ларингга сачраб кетмасин.

47. Дастурхоннинг четига ёки қошиққа суякнинг илигини чиқариш учун урма.  Ёғи  даврадошларингнинг кийимларига сачраши мумкин. Гоҳида дастурхон тешилади, қошиқ синиб қолади ёки дастурхон йиртилади.

48. Меҳмондорчиликда суякнинг  илигини чиқарма. Уни тақиллатиб,  шимиб, сўрма.

49. Нонни бир қўлинг билан синдирма.

50. Луқмани ҳалқумингга олишда  оғзингга  бармоқларингни тиқма. Худди қайт қилмоқчи бўлган одамга ўхшаб қолма. 

51. Таомнинг каттароқ бир бўлагини хонадон соҳибининг болаларига тарқатма. Бу таомланиш одобидан эмас, албатта. Балки, суннатга ҳам хилофдир. Шунингдек, суннат шуки, дастурхон атрофида мушук ва шунга ўхшашларни овқатлантирмасин, боқмасин. Чунки, бунақа ишлар уй эгасининг вазифасидир.

52. Хонадон соҳиби таомланаётган меҳ­монларни муттасил гапга тутиб, жавоб бе­риш­ларига  мажбур қилмаслиги керак.

53. У лабингнинг ташқи тарафини ялаш учун тилингни вақт-бевақт чиқараверма.

54. Очиқ кўриниб  турган гўшт парчасига бармоғингни теккизиб кўрма.

55. Шундай кимсалар ҳам бор: у тўйган кимса бўлиб, яна бошқа таом келиб қолса, (тўқ қорнини бўшатиш учун) ўзини мажбурлаб, қусади-да, ундан ҳам еб қолишга ҳаракат қилади.

56. Мезбон йилнинг оғир бўлганидан, нарх-наво қимматлаб кетгани, жуда қий­­­­налиб қолгани учун меҳмондан узр сўрай­­­­­­вермаслиги керак. Бу нарса таом ейи­лаётган вақтда ёки ундан аввалроқ бўлиши ниҳоятда қабиҳдир. Абул Айно ҳикоя қилади. “Араблардан баъзиси меникига меҳмон бўлиб келган эди. Ўша йили қаҳатчилик бўлганди. Мен унга узр айтдим, нархларнинг қийматлашуви натижасида ҳаёт яхши эмас­лигидан гапирдим. Шунда у қўлини кўтарди ва: “Меҳмонларга таом ҳозир бўлганида нарх-навонинг қиммат бўлганидан гапириш мурувватдан эмас!” деди. Мен унга узр айтдим. Еб-ичаверишини ўтиниб сўрадим. Афсуски, у шундай қилмади, хайр-маъзур қилиб жўнаб қолди.

57.Таом келтиришга меҳмондан рухсат сўралмайди. Чунончи, Абул Аъло (ал-Маъаррий) айтади: “Агар таомлантирмоқчи бўлсанг, меҳмонингдан сўрама!  Чунки, бундай қилиб сўрашинг, иштаҳани бўғиб қўйиши мумкин”. 

58. Дастурхон атрофида тирноғингни тозалама, сочингни тарама.

59. Меҳмон мезбонга, мезбон меҳмонга дардини айтмайди. 

60. Меҳмон мезбондан фотиҳа сўраб, дастурхондан туради. 

Ривоят: Бир чавандознинг тенгсиз тулпори бўлар экан. Отга кўп харидор чиқибди, ҳатто жониворнинг бўйи баравар тилла ҳам ваъда қилишибди, чавандоз тулпорини сотишга кўнмабди. Бошқа бир шаҳардаги чавандоз  отнинг шуҳратини эшитиб, бутун дунёйимни бериб бўлса ҳам сотиб оламан, деган ниятда йўлга чиқибди. Бир неча кун йўл босиб, шуҳратли от эгасининг уйига келибди. Қоронғида эшик тақиллатган меҳмонни чавандоз хуштавозелик билан кутиб олибди. Баъзиларга ўхшаб “Кечаси бировникига келиб, безовта қилишга уялмадими?!” деган маънода лабини бурмабди. Тонгга қадар зиёфат қилибди. Кундуз бўлибди. Меҳмон келиши сабабини айтмабди, мезбон сўрамабди. 

Меҳмондорчилик уч кун давом этибди. Меҳмон иззати битган куни муддаосини билдирибди. Буни эшитган ҳимматли мезбон бошини эгган ҳолда: “Мен отимни сизга сота олмайман”, дебди. Меҳмон ҳар қанча ялинса ҳам кўнмабди. Сабабини эса айтмабди. Меҳмон чавандоз ҳам алам, ҳам афсус билан изига қайтибди. Орадан вақт ўтиб, тулпорнинг шуҳрати сўнгандан кейингина меҳмондорчилик билан ўтган ўша уч кунда нима воқеа юз берганини англабди. Чавандознинг бисотида фақат биргина бебаҳо оти бор бўлиб,  ўзи ночор яшар экан. Меҳмон келганида дастурхонга қўядиган ҳеч нарсаси бўлмагани учун ҳеч кимга сотмаётгани, жонидан ортиқ кўрувчи ўша тулпорни сўйиб, меҳмонни сийлаган экан...

Авазхон АБДУФАТТОҲ тайёрлади, 2018-08-07, 11:01 1036
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.