26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Низомхон аканинг эзгу ишлари

Қозоғистонда хизмат кўрсатган қурувчи, таниқли тадбиркор, сахий инсон Низомхон Сулаймонов “Балапан” давлат дастурини амалга оширишга бел боғлаган, хайрли ва савоб ишлари билан элга танилган шахслардан.

Яқинда Шимкент шаҳрининг Исфижоб даҳасида Низомхон аканинг шахсий маблағи эвазига қурилган “Арофат” болалар боғчаси фойдаланишга берилди. Гап шундаки, 500 ўринли мазкур болалар боғчаси ёнида замонавий талаблар асосида жиҳозланган 300 ўринли хусусий “Арофат” бошланғич мактабининг очилиши ҳам оламшумул воқеа бўлди.

Тадбирни “Гул Астана” болалар боғчаси услубиятчиси Зулфира Ортиқматова очаркан, Элбоши Н. Назарбаевнинг доно ва оқилона сиёсати туфайли ёш авлодни баркамол, ҳар томонлама ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганига урғу берди. 

Дарвоқе, Н. Сулаймонов узоқ йиллар Шимкент шаҳридаги “РСУ-1” қурилиш корхонасини бошқарган, ҳозирги кунда нафақада бўлса ҳам, қурилиш ишларини давом эттираётган фарзандларига бош-қош, шунингдек, 6та хусусий болалар боғчаларига раҳбарлик қилмоқда, жамоат ишларида фаол. У таълим муассасалари, тиббиёт пунктлари, болалар боғчалари ва масжидларга хайрия ёрдамини кўрсатиб келмоқда.

Кўп йиллик самарали меҳнатлари эвазига Низомхон Сулаймонов Қозоғистон Президенти Фармонига кўра, “Парасат” ордени, Қозоғистон халқи Ассамблеясининг “Бирлик” медали, вилоят ҳокимининг, Сайрам ва Тўлебий туманлари ҳокимликларининг фахрий ёрлиқлари, вилоят соғликни сақлаш бошқармаси, “Нұр Отан” партияси вилоят ва шаҳар филиалларининг ташаккурномалари билан тақдирланган, шунингдек, аъло меҳнати учун сертификатига сазовор бўлган... 

Низомхон ака қурган иншоотлар қисқа муддатда битказилади, сифати эса доим юқори. Жумладан, “Жамолой она”, “Жон-Болажон”, “Гул-Астана”, “Сулаймон ота”, “Назира она” болалар боғчалари қаторига қўшилган “Арофат” болалалар боғчаси ҳам қарийб тўрт ой мобайнида қурилди. Мазкур муассасаларда жами 3 мингдан зиёд бола тарбияланмоқда, 600 нафар одам эса доимий иш билан таъминланган.

Тадбиркорнинг ёш авлодни тарбиялашга қўшаётган салмоқли ҳиссасига тадбирда иштирок этган меҳмонлар ҳам алоҳида урғу беришди. Жумладан, Тошкент тиббиёт академияси доценти, Низомхон аканинг оғаси Оловхон Сулаймонов, Шимкент шаҳар маслаҳати депутати Ҳусанхон Аҳмадхонов, “Нұр Отан” партияси Сайрам филиали раиси Бахтиёр Юсупов, Сайрам даҳаси тўбебийи Қурвонбой Шамшиметов, А. Яссавий номли ИЧШ раиси Сайдазимхон Эралиев, 12-сонли спорт мактаби услубиятчиси Иброҳимжон Тожибоев, вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси, вилоят маслаҳати депутати Бадриддин Нишонқулов, М. Маметова номли мактаб директори Аҳмадвой Ниёзов, Қаратау туман ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Файзаҳмад Нурматовлар Низомхон Сулаймоновнинг залворли фаолиятига юксак баҳо беришди ва унга, у бошқараётган жамоа ва оиласи шаънига дил сўзларини армуғон этишди. Астана шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Шерзод Пўлатов ҳам фикрини ҳаяжон билан баён қилди: “Низомхон аканинг болалар боғчаларини очиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга лойиқ. Ота-боболаримиз “Бола тарбияси бешикдан бошланади”, деб бежиз айтишмаган. Унинг ушбу ишлари бугунги кундаги давлат сиёсатига ҳамоҳангдир.

Низомхон акани республика даражасидаги давлат мукофотларига тавсия этиш мақсадга мувофиқдир. Мана шундай шахслар бор экан Қозоғистоннинг келажаги янада ёрқин бўлади”.

Мазкур бошланғич мактабнинг очилиш сабабини Н. Сулаймоновнинг ўзи қуйидагича изоҳлади:

– Шу кунгача Пахтакор ва Исфижоб мавзеларидаги ёшлар Бозорқопқа даҳасидаги рус тилида таълим берадиган Е. Юсупов номли мактабга қатнаб ўқишди. “Шундай мактабни Исфижоб даҳасида очсак, қандай бўларкин?” - дея вилоят ва шаҳар таълим бўлимларига мурожаат қилдик. Бу таклиф улар томонидан қўллаб-қувватланди. 

Таъкидлаш жоизки, “Арофат” бошланғич мактабида таълим рус тилида бепул олиб борилади. Қозоқ, рус ва инглиз тиллари чуқур ўргатилади. Мактаб қошида узайтирилган кун гуруҳлари фаолият кўрсатади. Дарсдан кейин эса, ўқувчилар уй вазифаларини тайёрлашади, тилларни ўрганиш тўгаракларида шуғулланишади. Шунингдек, мактабда спорт машғулотлари, шаҳмат, шашка, хореография ва мусиқа тўгараклари мунтазам ишлайди. 

Шундан сўнг меҳмонлар болалар боғчаси ва “Арофат” бошланғич мактабини кўздан кечирдилар. Бу масканда ўқувчиларнинг чуқур ва пухта билим олиши учун ҳамма шароит мавжуд – кабинетлар компьютер, интерфаол доскалар билан жиҳозланган, руҳшунослик ва логопед хоналари, ёзги бассейн, спорт ва йиғилиш заллари, ошхона болалар учун мунтазир.

Низомхон ака таълим масканининг юқори малакали кадрлар билан бутланишига алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади. 

Тадбир мобайнида “Гул Астана” ва “Жон-болажон” болалар боғчалари тарбияланувчиларининг ўзбекча, қозоқча рақслари, Алишер Маҳкамжонов ижро этган инглизча қўшиқ, рус тилида янграган шеърлар томошабинларга манзур бўлди.

Тадбир болалар боғчасининг очилиши муносабати билан ёзилган худойи дастурхони билан якунланди.

***

Т. Пономарёва, “Арофат” болалар боғчасининг услубиятчиси: 

– Ушбу хусусий бошланғич мактаб ёшларимизнинг келажакда билимли ва рақобатбардош бўлиши йўлида қилинган дадил қадамдир. Бу масканда таълим олган ҳар бир ўқувчи чуқур билим ва заковат эгаси бўлишига шубҳа йўқ.

Б. Нишонқулов, Туркистон вилоят маслаҳати депутати:

– Низомхон ака ва рафиқаси Арофат Воҳид қизини болаларнинг бобоси ва момоси деб аташ мумкин. У қурган болалар боғчаларида 3 мингдан зиёд бола тарбияланмоқда. Ўтган йилларни қўшиб ҳисобласак, 5-6 минг бола тарбия олди, деганидир.

Ҳ. Аҳмадхонов, Шимкент шаҳар маслаҳати депутати:

– Бундан ўн йилча муқаддам Сайрамда фақат 70 ўринли, биргина “Бой ота” болалар боғчаси бўларди. Ҳар сафар аҳоли билан ўтадиган учрашувларда “Қачон боғча қурилади?, деган савол кўндаланг бўларди. Низомхон ака 2011 йилда собиқ Ленин номли жамоа хўжалигининг болалар боғчаси биносини сотиб олиб, қисқа муддат – 35 кунда тўла таъмирлади ва фойдаланишга топширди. У кейинги йилларда яна бир неча болалар боғчаларини қуриб, “Балапан” дастури ижросига баракали ҳисса қўшди. Савобли соҳани танлаган Низомхон акани замонимиз қаҳрамони, деб аташ ўринли. 

Ф. Нурматов, Қоратов туман ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси: 

– Низомхон ака “РСУ-1” қурилиш ташкилотини бошқарди. Бугунги кунгача ушбу қурилиш компанияси Сайрам, Тўлебий туманларида кўплаб таълим, тиббиёт муассасаларини қуриш ва таъмирлаш ишларида қатнашди. Қурилган иншоотларнинг барчаси сифатли, замонавий.

Бу диёрда кўп ишлар амалга оширилмоқда. Ёдимизда, “Гул Астана” болалар боғчасининг очилишига ўша пайтдаги Бош вазир К. Масимов келиб, амалга оширилган ишларга юксак баҳо берган эди. Ушбу муассасаларга вилоятнинг собиқ ҳокими А. Мирзахметов ҳам бир неча бор ташриф буюрган.

Мактаб ва болалар боғчаси давлат-хусусий ҳамкорлиги доирасида барпо этилди. Шу кунгача шаҳарда саккизта хусусий мактаб мавжуд бўлиб, тўққизинчиси Сайрам даҳасида очилди. 

З. МЎМИНЖОНОВ. Тасвирларда: тадбирдан лавҳалар. Тўлқин ЗИЁМАТОВ ва муаллиф суратлари, 2018-08-13, 10:20 262
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.