26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Лоқайдликнинг баҳоси

Ривоятга ўхшаш бир воқеани эшитгандим. Бадавлат кишилардан бирининг эшигини тиланчи тақиллатиб, садақа сўрабди. Тиланчи бир танга сўраса уй эгаси унга юз танга бериб жўнатибди. Шунда унинг хизматкори ҳайрон бўлиб, хўжайинидан бунинг сабабини сўраганда, ўша бадавлат одам:

 – Тиланчи ўз аҳволидан келиб чиқиб, бир танга сўради, мен эса ўз даражамда юз танга бердим, – деган экан.

 Бугун айрим юртдошларимизни кузатиб, биз тобора хасис бўлиб кетмаяпмизмикан, деб ҳам ўйланиб қоламиз. Биз бу ерда фақат моддий ёрдамни назарда тутмаяпмиз, албатта. Бир кишига яхши гап гапириш, кимнингдир кўнглини кўтариш, қайсидир чорасизга далда бериш ҳам ҳиммат аслида. Ўрганиб қолдик...

 Ҳар куни ишга бориш учун кўчага чиқасиз, жамоат транспортидан фойдаланасиз. Йўл-йўлакай катта-кичик ёшдаги турфа касб ва феълга эга инсонларни учратасиз.

 Улар орасида ниҳоятда жиддий, таъбир жоиз бўлса, бутун дунё юкини елкасига ортиб олгандек, серташвиш қиёфадагилар ҳам, биров оёғимни босиб олса мазза қилиб уришардим, деб жанжалга баҳона изловчилар ҳам, шунчаки лоқайд ва бепарволар ҳам учраб туради. 

***

Айрим ёшларимиз автобус ўриндиғига жойлашиб ўтиришаркан, катта ёшли одамга жой бўшатиш тугул, бир-бирларига қараб: «Қари одамлар уйда мазза қилиб ўтиришса бўлмайдими-а?», деб норозилик билдириб ҳам қўядилар. 

***

– Ўғлим, пулим уйда қолиб кетибди, касалхонага кетаётган эдим, илтимос, олиб кет, деб, бир онахон ҳайдовчига ялинди.

– Боринг, сиздақаларнинг саноғи йўқ, – деб ҳайдовчи уни автобусга чиқармади. Биронта йўловчи «онахон, чиқинг, пулини мен тўлаб юбораман», демади. 

Йўлларда ҳайдовчидан ҳам, йўловчидан ҳам ҳиммат кутмасликка ўрганиб қолдик... 

***

Нафақадорлар одатда нафақа пули келадиган куни банкка борадилар. Уларнинг ҳам ўзларига яраша сарф-харажатлари, мўлжаллаган режалари бор. Лекин банк ёки почта ходимларининг ҳаммаси ҳам бирдек эмас. Қарилик қурсин, баъзи кексаларнинг қўли қалтирайди, баъзиларининг қулоғи яхши эшитмайди. Уларнинг барчаси ҳам икки оғиз ширин сўзга, яхши муомалага ташна. «Болаларимга оғирлигим тушмасин», дейдиган кексаларнинг кўпи нафақа пулига кўз тикиб яшайди. 

«Ишқилиб, бугун пул берсин-да», деган илинждаги онахон банк ходимидан: «Пул борми, болам, пенсия берасизларми?» деб сўради. Банк ишларига оид муҳим масалаларни гўёки ўзи ҳал қиладигандек алпоздаги, кеккайган ёш ходима беписанд жавоб қилди: 

 – Қаёқдан билай! Ана навбатга бориб, кутиб туринг!

Кекса онахон яхши эшитмади шекилли, қайта сўради.

– Ўтириб туринг деяпманку! - зардаланди ходима. 

– Кейин ҳамкасбига ўгирилди-да, деди:

– Гап уқмайди-я! Шунақа қариялардан тўйдим-да... 

Умуман, одамлар билан ишлайдиган соҳа вакилларининг бироз феъли кенг, ўзлари серҳиммат бўлишлари керак. Йўқ, шунақа ҳоллар бўладики, баъзан ўз ҳақингни олиш учун ўзингни устозидан яхшироқ баҳо қўйишини сўраётган иккичи талабадек тутишга мажбур бўласан!

***

Ота билан «ҳисоб-китоб» қилаётган фарзандлар ҳам учраб турар экан. Бир куни машина тўхтатиб, ҳайдовчидан манзилимга олиб бориб қўйишини сўрадим. У рози бўлди. Йўлда гапдан-гап чиқиб, ҳайдовчи ҳасрат қилди:

– Бир куни эрталаб ўғлим «Бир айланиб келай, машинангизни бериб туринг» деса, йўқ дея олмадим. Тушдан кейин келиб, «Дада, машинангизга бир эҳтиёт қисм ўрнатдим, пулини беринг», деди. «Пулим камроқ эди, дада, сиз бериб туринг», деса ҳам майли эди. Йўқ, у буйруқ оҳангида «Беринг!» деди. 

Жаҳлим чиқиб кетди. «Ҳа, мен сенга машинани текинга бердим-ку» дедим кесатиб. Ўғлим без бўлиб туриб: «Ҳа энди, сиз отасиз-да», деса бўладими! Ота дегани болаларига бор-будини қўшқўллаб бераверсин-у, болалар отага ўтиб кетган пулини ҳисоб-китоб қилсин экан-да!.. Ахир мен уни катта қилдим, боқдим, уйлантириб, уй-жой қилиб бердим. Етмаганига машина ҳам олиб бердим. Буларнинг ҳаммасини пулга чақса, неча пул бўлади?! Мана энди бугун машинамга ўрнатган арзимас матоҳининг пулини талаб қиляпти... 

 Ҳайдовчига «Хафа бўлманг» дедим-у, бошқа сўз тополмадим. Топа олмасдим ҳам.

 Умуман бу каби суҳбатлар кейинги вақтда тез-тез қулоққа чалиняпти. Хўш, ота-онанинг фарзандга қилган ҳар бир хизматини пулга чақиб, баҳолаб бўладими? Бир ота-она ўнта болани боқади, ўнта бола битта ота-онани боқолмайди, деган гап наҳотки тўғри бўлса? 

– Ўғлимдан «Худойига машинангда олиб бориб келасанми?», деб сўрагандим, у: «Дада, хафа бўлманг-у, машинамда бензин йўқ эди», деб жавоб берди, – дейди яна бир отахон. – Ўзига керак бўлса, топарди-я. Нимага бизга бирор нарса зарур бўлса, фарзандларимиз шу каби жавоб беришдан ҳеч хижолат чекмайдилар?.. 

Қизиғ-а, биз кичкинагина фарзандимизнинг оғзидан чиққанини муҳайё қилишга тайёр турамиз-у, тобора кексайиб бораётган, биздан бирор нарса сўрашга ийманадиган ота-онамиз илтимосини бажаришга шошилмаймиз. Ўғлимизга ўртоқлари билан яйрасин, деб «гап» қилиб берамиз-у, ота-онамизни бирор жойга саёҳат қилгани олиб боришга ҳафсала қилмаймиз.

 Фарзандимиз серҳимматлигимиздан безиб кетганда, ота-онамиз эътиборсизлигимиздан азоб чекади. Ота-онадан алоҳида яшайдиган фарзандлар уларни кўришга ҳадеганда фурсат тополмаймиз. Вақт ажратиб, ота-онамиз ҳузурига борсак ҳам уларнинг ғанимат дийдорига тўйиб қолишга, олтинга тенг насиҳатларини эшитишга ҳафсала қилмаймиз. Ўз муаммоларимизни тезгина гапириб, «Бўлди энди мендан кўмак сўрай кўрманг» дегандек, тезроқ кетиш пайида бўламиз. Шунчалик беҳимматмизки, бизнинг дийдоримизга зор ота-онамиз кўзини эшикка термултириб қўйиб, ўткинчи ҳавасларга умрни зое қиламиз. Бизнинг ёрдамимизга, суҳбатимизга ташна яқинларимизни сўнгги манзилга кузатгач эса, «серҳиммат» бўлиб элга дастурхон ёзамиз, қўйлар сўйиб, ош берамиз. Вақтида берилмаган ёрдам, узатилмаган қўл, очилмаган бағир, кўрсатилмаган ёрдам, айтилмаган изҳорлар ўрнига ош бериб, гўёки виждонимиз олдида ўзимизни оқлагандек бўламиз...

***

Тилимизда «доғ» деган тушунча бор. Доғнинг давоси совун, дейишади. Бироқ, шундай доғлар борки, энг қимматбаҳо совун ҳам уни кетказа олмайди. Бу – инсоннинг ўз шаънига, ота-онаси, аждодлари, миллати, Ватани шаънига туширган доғдир.

Жалолиддин Румий ҳазратлари таъбири билан айтганда, покдамон киши нафис ипак мато кабидир. Унга теккан тирноқдек доғ ҳам кўзга хунук кўринади. Латофати ва нафосати, муҳаббати ва садоқати, оналик меҳри туфайли улуғларимиз томонидан Яратганнинг мўъжизаси, дея таърифу тавсиф этилган аёл ҳам ҳарир матога ўхшайди. Кўзимизга нур, қалбимизга сурур, хонадонимизга ҳузур бахш этгувчи бу хилқатни бегона назарлардан, турмушнинг залворли юки-ю, ҳаётнинг аччиқ эпкинларидан ҳимоя қилишга интиламиз. Аммо ҳаммасини ҳам эмас...

***

Азалдан маълумки, бепарво одам душмандан ҳам хавфлироқдир. Чунки душманнинг кимлиги, асл қиёфаси сиз учун олдиндан маълум. Бироқ лоқайд ва бепарво одамнинг қиёфасини бирданига билиб бўлмайди.

«Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туришлари туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади»

 Тўлебий тумани маслаҳатининг навбатдаги сессиясида мана шу гаплар депутат С. Мамбетқулов томонидан яна бир бор такрорланиб, тумандаги бир қанча қишлоқларда ишсизлик авж олиб, ёшлар кечқурунлари ичкилик ичиб, безорилик қилаётгани айтилди. Ҳамдўстлик давлатларидаги тўнтаришлар лоқайдлик ва ношукурлик оқибати эканлиги қайд этилди.

 Дарҳақиқат, 2011 йилдан буён араб давлатларида давом этаётган можаролар сабабларини кўп таҳлилчилар ташқи кучлар таъсири, тенгсизлик, камбағаллик, уюшган жиноятчилик ва ишсизлик, деб баҳоламоқда. Лекин, аслида нотинчликнинг туб илдизи бефарқлик ва ношукурликка бориб тақалади.

Фуқаролар бепарво бўлиб қолишининг охир-оқибати фожиадир. Баъзи кимсаларнинг ёвузликка қўл уришлари лоқайдлик натижаси эканини асло унутмаслик керак. Тобора кучайиб бораётган бундай иллатларга қарши доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш бугунги кун талабидир.

 Лоқайдлик ва ношукрлик осойишталикка таҳдид солаётган иллатлардандир. Бундай таҳдидлар жамият аъзоларида ўз тараққиёт йўлига нисбатан ишончсизлик ва парокандаликни келтириб чиқаради. Пировардида одамни ўзи туғилиб ўсган юрти ва халқидан тонишга, кўриб туриб кўрмасликка олиш, ҳамма нарсага лоқайд бўлган шахсга айланишига олиб келади. Шу сабабли, аввало, ёшларни бундай таҳдидларга нисбатан муросасиз бўлишга тайёрлаш зарур. Бунинг учун уларга таҳдидларнинг кирдикорлари ва аянчли оқибатлари ҳақида батафсил маълумот бериш керак.

– Бугун кишиларга “бировнинг ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бетараф ва бепарво қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшайдиган” одамлардан қўрқиш кераклигини, улардан яхшилик чиқмаслигини тушунтириш керак,—деди депутат С. Мамбетқулов.— Шунингдек, уларнинг Ватанига ҳам, эл-юртига ҳам фойдаси тегмаслигини, аксинча зарари бўлишини, мамлакат тақдирига бегоналардек қараб туришини, ундайлардан атрофдагилар доимо ҳушёр яшашларини уқтириш лозим. Ёшларимизни бир зум бўлса-да эътибордан четда қолдирмаслигимиз лозим, агар биз улар билан шуғулланмасак, “бошқалар” шуғулланиши ва акс ҳолда кейин кеч бўлиши мумкин. Чунки азалдан маълумки, бепарво одам душмандан ҳам хавфлироқдир. 

Мақолани Абу Ҳомид Ғаззолийнинг «Мукошафат-ул қулуб» асаридан парча келтириш билан ниҳоялаймиз. «Инсон нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этиши, балки унга ношукурлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланиши, келиб чиқиши мумкин нотинчликнинг олдини олишда ҳам фаол иштирок этиши лозим».

Айрим давлатларда бўлаётган ўзаро тўқнашувлар ва қарама-қаршиликларнинг яна бир сабаби ношукурчилик оқибатидир. Шунингдек, шукроналикнинг акси бўлган, ношукрлик, жамиятда илдиз отиб кетиш хавфи катта бўлган маънавий таҳдиддир. Бундай инсонларни динимиз ҳам қоралайди: «Оллоҳ Расули буюради: Оллоҳнинг қавмларига аталган бир талай неъматлари бор. Қавмлар бир-бирларининг эҳтиёжларини таъмин этган ҳамда бир-бирларининг дардларини аритган ва аритаётган вақтларда бу неъматларни уларга беришда давом этади. 

Бир-бирларини севмай, бир-бирини чалиб йиқитишга ўта бошлаган вақтларда уларга бераётган неъматларини тўхтатиб, бошқа аҳил қавмларга беради».

Ўзини шу муқаддас Ватаннинг фаровонлиги учун дахлдор деб биладиган ҳар бир киши тинчликнинг моҳиятини нафақат яхши англайди, балки шунга муносиб ҳиссасини қўшади. Албатта, фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, уни асраб – авайлаш зиммамиздаги улкан масъулиятдир.

А. АБДУФАТТОҲ, 2018-08-16, 10:59 149
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.