26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Парвона

Мен қандай ҳайвонман?

Бир ривоят бор. Унда бир қария бозорнинг дарвозаси олдига туриб олиб, «одам бўл», «одам бўл», теб, такрорлайвераркан. Толиби илм бу қария билан қизиқиб қолади ва сўрайди:

– Отахон, дарвозанинг олдига туриб олиб, «одам бўл, одам бўл» деяверасиз, мабодо, касал эмасмисиз?

– Оллоҳга шукур, касал эмасман. «Одам бўл», дейишимнинг сабабини айтсам ҳам ишонмайсан. Шунинг учун мана бу қўзойнакни тақиб кўр, – деб кўзойнагини унга берибди. 

Толиби илм бозорга кириб кетаётган одамларни кўриб, оғзи ланг очилиб қолибди. Чунки, одамлар кўзойнакда бири тулки, бири бўри, бири айиқ ва бошқа ҳайвон бўлиб кўринарди. 

– Бўлди, энди кўзойнакни бер. Сиримдан хабар топдинг, энди мени бу шаҳарда бошқа кўрмайсан, – деб, қария бир зумда кўздан ғойиб бўлибди. 

Йигит унинг орқасидан бақирганича қолибди:

– Отахон, илтимос, айтиб кетинг, мен қандай ҳайвонман!

Қанча тушунтирмасанг, ўзини ҳақман, деб ҳисоблайдиган ўжар одамларни ўша қариянинг кўзойнагида кўришнинг ҳожати йўқ. Ижтимоий тармоқда бир блогер билан тўйлардаги исрофгарчилик, дабдабабозлик ҳақида баҳслашиб қолдик. Тўғри гапни тушунишни истамай, алоқани узиб қўйди.

Ўша кўзойнакда бир-бири билан уришаётган, тарозидан алдаётган, қатиқни қаймоқ, қиёмни асал, дея алдаб сотаётган одамлар қандай ҳайвон бўлиб кўринар экан, деб ўйладим. Юксак технологиялар замони эмасми, балки, яқин йилларда олимлар бундай кўзойнакни ҳам ихтиро қилишар. 

Васвасадан қачон қутуламиз?

Бозорда савдо қилаётганларнинг кўпи қорин ғамида эмас, тўй қилиш, ўғил уйлантирш ёки қиз узатиш ташвишида. Ҳожибой Тожибоев таъбири билан айтганда, пул топаман, деб, васвасага тушиб қолганлар, улар. Пулим кўпайса, соғлигимни мустаҳкамлайман, санаторий, курортларга бораман, деб, ният қилган одамни учратиш қийин, бозорда. Улар тўйни орзу-ҳавас, деб билишади. Бу эса орзу-ҳавас ниқобидаги васваса. Зеро, орзу-ҳавас деганлари одамга роҳат-фароғат бағишлаши керак. Тўй – чи? «Тўй қилган одамга қирқ кун тегма», деймиз. «Тўй қилдим, елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди», деймиз. Шундай экан, бизнинг орзу-ҳавасларимиз елкамизда доим тоғ бўлиб турар эканда? «Фарзандлар ташвишида юрибмизда, бу ерда», дейишади бозорчилар. Фарзандининг ташвишини қиладиган одам ўғли ёки қизи мактабда қандай ўқиётгани, ҳафталаб чет давлатларга чиқиб кетганида нима иш билан шуғуллангани, кимлар билан дўстлашгани билан қизиқмайдими?

Фаросат бўлмаса...

Яна бир аянчли ҳол. «Елкадаги тоғ» ағдарилгани билан, кўп ўтмай, ёш оилалар ажрашиб кетишяпти. Сабаби нимада, деб ўйлайсиз? Тўйга пул йиғамизу, фарзандларимизга оила одоби, эр-хотин, қайнона-келин муносабатлари, рўзғор сирларини ўргатмаймиз. Ҳатто, фаросат алифбосини ўргатмаймиз. Тўйни ўтказдик – қутулдик, деб ўйлаймиз. «Қизимга юзта кўйлак, миллион тенгелик мебель қилдим», дейдиган оналар кўп. Лекин «қизимга фаросатли бўлишни, имон, эътиқодни ўргатдим», деб мақтанадиган оналарни ҳеч учратмадик.

“Ота-онанинг қадри ҳамма вақт баланд тутилган. Ота ўтирган уйнинг томига ҳеч қачон фарзанд оёқ босмаган. Болалари олдида эру хотин баланд овозда гапиришмаган. Аёлни аяшган. Унга келажакнинг давомчиси, хонадоннинг файзи деб қаралган. Қизми-ўғилми, отанинг кўзига тик қарамаган. Ҳатто қайнота-қайнонанинг олдида келин боласини суйиб, эркалашни ўзига уят деб санаган. Тўнғичининг номини айтиб чақиришни ҳам ўзига эп кўрмаган. Бу бир маънавият. Юксак бир қадрият. Ҳозир ушбу қоидаларнинг қайси бирига амал қилаяпмиз?”, – ёзади блогер Дилфуза Бердиева. 

Миллион тенгега мебель, 100та кўйлак

Тўйларимиз эса, ҳали-ҳамон кимўзар пойгаси, ўзини кўрсатиш мусобақаси. Қурби етганлар бу пойганинг бошида, қурби етмаганлар қарз сиртмоғида. 

Яқинда таҳририятимизга бир отахон келиб, маслаҳат сўради. 

– Қўшнимнинг болалари оч, хонадонларга бориб, нон сўраб юришади, – деди у. – Улар оч бўлгандан кейин, мен ҳам уйда қозон остирмай қўйдим. Овқатнинг ҳиди уйида ҳеч вақоси йўқ қўшнининг уйига чиқса, гуноҳ бўлади. 

– Қўни-қўшни келишиб, бир кун-бир кун овқат чиқариб турсангизлар бўлмайдими? – сўрадим ундан. 

– Келиним олиб чиққан экан, қайтариб юборишибди. «Мен сенларга гадоймидим, овқат чиқазасанлар», деб жеркиб ҳам берибди. 

Бу отахонга маслаҳатни газетхонларимиз беради, деб ўйлаймиз. Қиссадан ҳисса шуки, «кимўзар тўй»ларнинг «чавандозлари» «мен қизимнинг сепига миллион тенгелик мебель, 100та кўйлак олсам, камхарж қўшним нима қилади?», деб ўйлаб кўрсалар, нур устига нур бўларди.

Тараққиётга тўсиқ бўлаётган иллат

Ўзбек этномаданият бирлашмалари йиғилишларида бу масалалар кўп маротаба муҳокама қилинди, уларда тўй ўтказиш жилови аёлларнинг қўлида экани айтилмоқда. Хотин «дадаси, пул кетса кетсин, обрў кетмасин», деса, эр ноилож, «хўп» дейди. Натижада, одамлар емай-ичмай, соғлигини йўқотиб, йиллар давомида йиққанини бир кунда совуриб юборишяпти. Бу эса, исроф, савоб эмас, гуноҳ. Шунинг учун европаликлар «топганини» фарзандлар келажаги, соғлиги, ўқишига сарфлашади. Шунинг учун улар олдинлаб кетиб, элимизга уларнинг технологиялари олиб кирилмоқда. Шунинг учун мамлакатимизда етук мутахассислар етишмаяпти. Бизда баъзи ота-оналар «ўқиб, шаҳар олиб берармиди”, деб фарзандларига битта китоб ҳам олиб беришмайди. Хорижда зўр мутахассис ўқиб чиққан китобларнинг саноғига ета олмаймиз. Демак, Абдулла Авлоний бобомиз «тўй балоси», деб атаган иллат халқимизнинг келажагига тўсиқ бўлиб турибди. Мақоламиз бошидаги ривоятда келтирилган кўзойнакка қайтсак. Хонавайрон, барбод бўлишини билиб туриб, ўзини ўша ўт, ўша чўққа урган одам қандай ҳайвон бўлиб кўринар экан? Балки, “парвона”дир?

Авазхон АБДУФАТТОҲ, 2018-08-22, 10:49 148
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.