26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Болаларнинг севикли шифокори – 80 ёшда

Умрининг 51 йилдан зиёдини бемор болаларни даволашга бағишлаган ва шу туфайли эл-юрт ҳурмат-иззатини қозонган моҳир шифокор, халқимизнинг ардоқли фарзанди Раҳимжон Юнусов яқинда ўзининг муборак 80 ёши ҳамда умр йўлдоши Зуҳрахон Султон қизи билан оила қурганига 55 йил тўлишини оила-аъзолари, дўсту биродарлари ва қариндош-уруғлари билан нишонлайди. 

Шу муносабат билан ибратли оила соҳиби, соҳа ривожига салмоқли ҳисса қўшган туғма истеъдод эгаси, шунингдек, “Жанубий Қозоғистон” газетасининг жонкуяри ва доимий муштарийси Раҳимжон Юнусов тўғрисида қалам тебратишни жоиз кўрдик.

Раҳимжон Ҳошим ўғли 1938 йил 21 сентябрда Шимкент шаҳри, Эски шаҳар даҳаси, Меҳнат кўчасида истиқомат қилувчи Нурбуви ая ва Ҳошим Юнусовлар оиласида таваллуд топиб, вояга етди. 1956 йили Улуғбек номли ўрта мактабни аъло баҳоларга тамомлагач, Чимкент тиббиёт техникумида ўқишини давом эттириб, фельдшерлик касбини эгаллади ва икки йил мутахассислиги бўйича ишлади. Сўнг Тошкент тиббиёт институтининг педиатрия факультетида ўқиб, шифокорлик касбининг очилмаган қирраларини мукаммал ўзлаштирди.

Меҳнат фаолиятини 1967 йили шаҳримиздаги вилоят болалар касалхонасида бошлаган Раҳимжон Ҳошим ўғли бир йилдан сўнг Алмати шаҳридаги малака ошириш институтида 6 ой ўқиб, болалар неврологияси мутахассислиги бўйича малакасини оширади. Ўқишдан қайтгач, болалар касалхонасида асаб тизими касалликлари бўйича шифокор-невролог бўлиб ишлай бошлайди.

1978 йилдан 2006 йилгача касалхона неврология бўлимини бошқарган Р. Юнусов 2007 йилдан бошлаб шаҳримиздаги таниқли шифо маскани “С. Маханов клиникаси”да ишламоқда.

– Бундай мураккаб ва шарафли касбни танлашга ким туртки бўлди? Сизни “доктор Айболит” ҳам дейишаркан, шу ростми?

– Ушбу касбни танлашимга ўша пайтда Тошкент шаҳрида тиббиёт соҳасида меҳнат қилиб, элга танилган ҳамюрт-оғаларим, таниқли невропатологлар: Ғозивой Соипов ва Шомурод Шомансуровларнинг йўриқлари ҳамда ўзимнинг шу соҳага бўлган қизиқишим сабаб бўлди, дея оламан. Олган билимимни амалда қўллаб, беморларга малакали хизмат кўрсатишда менга устозлик қилган, кўп йиллар неврология бўлимини бошқарган УВУ қатнашчиси Регина Борисовна Каминскаянинг номини ҳар доим ҳурмат билан тилга оламан ва уни ўзимнинг ҳақиқий устозим деб биламан. Неврология соҳасини мукаммал эгаллашимда Москва, Тошкент, Алмати шаҳарларида малакамни ошириб, олган тажрибаларим қўл келганлигини алоҳида атаб ўтгим келади. Болалар касалхонасида ишлаган пайтимизда ҳар йили мингдан зиёд ўғил-қизларни даволаб, уларнинг оилалари қувончига шерик бўлганмиз. Шунинг учундир, балки, беморларим менинг исми-шарифимни билмасада “Доктор Айболит” сифатида танишарди.

Бундай шарафга эришиш ҳар бир шифокор учун катта бахт.

Олий тоифали шифокор 

Р. Юнусовнинг соғликни сақлаш соҳасидаги кўп йиллик салмоқли ва серқирра меҳнати Республика соғликни сақлаш вазирлиги ҳамда вилоят соғликни сақлаш бошқармаси томонидан бир неча бор “Фахрий ёрлиқ”лар ва “Алғис хат”лар билан тақдирланган.

Ибратли оилада икки ўғил, бир қиз муносиб тарбияланиб, вояга етишди. Ўғилларидан: Комилжон – қурувчи-муҳандис, Дониёр – технолог-муҳандис, қизи – Гулнора ота касбини эъзозлаб, бугунги кунда вилоят болалар касалхонасида логопед-дефектолог бўлиб фаолият юритмоқда.

80 ёшини қарши олаётган устоз шифокор бугун ҳам тетик ва бардам, ҳар куни кўплаб беморлар дилига оро бағишлаб, фаолият юритмоқда.

Беш нафар невара, икки эвара оғушида фаровон ҳаёт кечираётган ҳурматли оғамиз Раҳимжон Юнусовни муборак 80 ёши ҳамда Зуҳрахон ая билан оила қурганига 55 йил тўлиши муносабати билан самимий табриклаймиз ва унга узоқ умр, мустаҳкам соғлик тилаймиз.

Ҳ. МУҲИДДИНОВ, 2018-09-17, 10:26 825
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.