26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Умр ўтмоқдадир , дарё мисоли

Эсиз, болаликни қолдириб, ортда,

Умр ўтмоқдадир, дарё мисоли.

Қолдириб-қолдирмай, из, бу ҳаётда

Умр ўтмоқдадир, дарё мисоли.

Ривоят қилишларича, Аллоҳ таоло ер юзидаги барча жонзотларга умр тақ­симлаб беришни бошлаганда, одамга ҳам, эшакка ҳам, итга ҳам 40 йилдан умр берилибди. Кейин уларнинг вазифалари тақсимланибди. Одамга тирикчилик учун деҳқончилик қилиб, чорвачилик билан шуғулланасан, бунёдкорлик ишлари ҳам сенга топширилади, насл қолдириб, фар­зандларингга тўғри тарбия берасан, уларни ҳам уйли-жойли қиласан, қиз чиқариб, ўғил уйлантирасан, – деган вазифалар юклангач, инсон:

– Яратган эгам, буларнинг ҳаммасига 40 йил етмайдику,  деган экан.

Эшак ўз вазифаларини эшитиб, «Менга бундай ҳаёт берилса, унинг ярми ҳам етади, ярмини инсонга ато этинг», – дебди. Ит ҳам умрининг ярмидан воз кечибди ва унинг 20 йили инсонга насиб этибди. Шу-шу, одам ўзининг 40 йил умрини роҳат-фароғатда ўтказаркан. 40 йилдан кейин эшакнинг умри бошланиб, оиласи учун эшакдай ишлар экан. 60дан кейин итнинг умри бошланиб, худди итга ўхшаб, уйига боғ­ланиб колар, берса еб, бермаса қараб ўтириб, уй қўриқлашдан бошқа ишга ярамай қоларкан. 

Албатта, бу ривоят, лекин инсон ҳаётига нақадар яқин. Бинобарин, мана шу қисқа умрнинг ҳам қадрига етмаяпмиз, баъзида.

Инсоннинг яратилиши, яшаши ва якун топиши табиат қонунидир, дунёда ҳеч нарса абадий эмас. Инсон умри ҳам ҳи­соб-ки­­­­­­­­­­­тоблидир. Мозийдан бизгача етиб келган манбаларда айтилишича, қадимда инсоннинг энг кам умри юз-икки юз йил атрофида кечган.

Замону даврларнинг ўтиши билан бани одам кибру ҳаволаниб, жаҳолат, қабоҳат, разолатга юз тутиб, бир-бирига бўҳтону туҳмат қилишга, яъни гумроҳликка дучор бўлдики, оқибатда умр қисқарди.

Хўш, умрни нима қисқартиради?

Бунинг омиллари кўп. Қашшоқлик (шу жумладан, маънавий), ичкиликбозлик, ги­ёҳ­­­­­­­­­­­­вандлик, касаллик, ҳасад ва ҳ.к. Энг ра­­зил ёв – нафсга қул бўлишдир. Ҳаёт­­нинг синалган сабоғи шундан далолат бе­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­радики, дунёдаги ҳар қандай иллат, адо­­­­­­­­­­­­­ватлар нафс билан ҳасад балосидан ке­либ чиқади. Уларнинг одамлар ўртасида ҳакалак отиб ёйилиши залолатга, тўғри  йўлдан адашишга, шахсиятпарастликка, по­рахўрликка, ўзгалар меҳнати ҳисобидан мол-дунё тўплашга ружу қўйишга, ҳаром-хариш ейишга, текинтомоқликка олиб бо­ради. Наҳотки, ўзини ақлу фаросатда юк­сак ҳисоблайдиган инсон шундоқ ҳам қисқа умрини нопок­­­­­­­­ликларга сарфласа?

Демак, биз нафақат умрни узайтириш, балки, унинг қадрига етиш ҳақида ҳам ўйлашимиз зарур. Ота-боболаримиз  ма­тонатли, сабр-бардошли, иродали, меҳ­натидан роҳат кила оладиган, дили пок, нияти соф, жасоратли инсонлар бўлган. Лекин очиқ гап, айримларимиз умр қадрини билмаймиз, бу шошилинч ҳаётда оила, бола-чақа, турмуш-рўзғор ташвишлари, деб, жонимизни жабборга берамиз, асабла­римизни бекорга эговлаймиз.

Аслида ҳуда-беҳуда, майда-чуйда гап­ларни орқага ташлаб, бир-биримизнинг айбу гуноҳимизни кечириб, ғийбат-кул­­фат чиқариб юргандан кўра, аҳил-иноқ бўлиб, ҳаётни ширин ўтказиш, ўзаро дил­каш-у дардкаш бўлиб яшаш нақадар гў­зал ва ибратдир. Ахир бу ҳаёт барчага ғанимат. Доно кексаларимиз ҳам “Бу дунё бир меҳ­монхона, ҳамма навбат билан меҳ­­мондек келади ва меҳмондек кетади”, де­йишларида катта ҳикмат бор.

Афсуски, инсон боласи куч-қувватга тўлиб, саломат­­­лиги яхши пайтида унинг қадрига етмайди. Дунёнинг ҳамма ишларига бемалол улгурадигандек юраверади. Алишер Навоий бобомиз ибораси билан айтганда “Умр гулшанининг баҳори” ва “ҳаёт шабистонининг наҳори” жуда тез ўтиб кетганини киши пайқамай ҳам қолади.

Халқимизда “Ёшликда билганинг – тошга ёзганинг, қариликда билганинг – музга ёз­ганинг”, деган нақл бор. Умрнинг олтин чоғида фурсатни беҳуда, тараллабедод  билан ўтказмай, инсоний аҳлоқ-одоб, му­о­­­мала-муносабат, касбу-ҳунар, ширин­су­ханлик ва одилликни ихлос-эътиқод би­лан ўрганиб олинса, одам учун бир умрга унутилмас одатга айланади. Бу эса, ҳаётда яхши ва мазмунли яшаш учун доим ойдин, равшан йўлларни очиб беради.

Фикримни шоирнинг сўзлари билан якунлайман: 

Ҳар тонгда тўрғайдан олдин уйғониб,

Чаманлар яратиш ишқида ёниб,

Бирда-чи, эътиқод, имондан тониб,

Умр ўтмоқдадир, дарё мисоли.

Кексалик мўралаб, эшик қоқмокда,

Болалик қайтадан қайтарилмокда...

Биздан эрта кунга нелар қолмокда?

Умр ўтмоқдадир, дарё мисоли.

Отабой РАҲИМҒОЗИЕВ, 2018-09-17, 10:52 163
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.