26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Дилхирож (ҳикоя)

Каримберди Тўрамурод – таҳририятимиз меҳмони

Каримберди Тўрамуродов 1960 йил 15 апрелда Самарқанд вилояти Ургут туманининг Дўстлик қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университети ва Тошкент давлат маданият институтини тугатган. 20 йил туғилиб ўсган қишлоғидаги мактабда дарс берган, қишлоқ маданият уйида ишлаган. 2003 йилдан бошлаб «Бекажон» газетасида ишлаган. «Гунг қиз», «Синфдошлари йўқ одам», «Худоёров йигитлари», «Жийда гули», «Дилхирож», «Майда безори қария» китоблари муаллифи. «Ота», «Чақмоқ», «Сабринисо» каби фильмлар ва «Жийда гули» телесериали сценарийи муаллифи. Қуйида муаллифнинг “Дилхирож” ҳикоясини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

– Менга қара, ука, сен ўзи ҳақиқий қўшиқчи бўлмоқчимисан ёки қишлоқдаги тўйларда чиқиб, икки-учта ашула айтиш билан кифояланиб юрмоқчимисан? – сўраб қолди поччам бир куни.

– Қўшиқчи бўлмоқчиман, – дедим ва қарорим қатъийлигини билдириш учун шоша-пиша орзуларимни ҳам санаб ташладим. – Катта-катта тўйларни ўтказсам, дейман, байрамларда чиқиб, қўшиқларим билан минг-минглаб одамларни қойил қилсам, дейман. Мен ҳам катта санъаткорлардай Тошкентга бориб, телевизорларга чиқсам, дейман. “Халқлар дўстлиги” саройида концерт берсам, дейман.

– “Халқлар дўстлиги”ни қўйиб тур, – деди поччам. – Телевизор, радиога чиқиш ҳам қийин иш эмас. Ўзим ёрдам бераман. Қароринг қатъий бўлса, ҳаммасига эришасан. Аммо энг қийини тўй. “Халқлар дўстлиги”да концерт берганинг билан, радио-телевидениега ҳар куни чиққанинг билан одамлар тўйига айтмаса бир пулда, ука. Ана, ҳалиги семиз йигит, оти нимайди? Ҳа, ўша. Қачон телевизорни қўйсанг, шу чиқади. Ҳар байрамда шу чиқади. Аммо бировнинг тўйида кўрдингми? Баракалла! Халқ тан олмаса, қийинда, ука.

– Нима қил дейсиз, почча?

– Халққа ёқадиган қўшиқларни ўрган. Халқ дегани бу фақат жаласойлик дегани эмас. Жаласойнинг тўйи “Энажон қаранг-қаранг» билан, нари борса, “Ёрам биё” билан ўтади. 

Аммо туманимизнинг марказига ёки Ғўс, Камангарон, Вағашти сингари энг катта қишлоқларига бориб, бу қўшиқларни айтсанг, уриб ўлдиришади. Улар “Мақом”ни эшитишади. Қадимги ашулаларни эшитишади. Енгил-елпи ашулаларни эшитишмайди. “Муножот”ни, “Ушшоқ“ни сўрашади. “Куйгай”ни, “Гиря”ни сўрашади. Ғўсга борсанг “Бебоқча”ю “Насруллойи”ни сўрашади. Саксонга кирган чоллари ҳам сен айтган, телевизордан тушмайдиган ҳофизларингдан кўп билади “Мақом”ни. Яхшироқ айтадиям.

– Тўйларида шўх қўшиқлар айтиб, рақсгаям тушишадими ёки фақат мақом эшитишадими?

– Энди, ука, улар санъат деб “Мақом”ни тан олишади. Ўйин- кулгу қилишларига келсак, ўйин-кулгу, базм қилишади. Аёлларининг тўйи алоҳида, эркакларники алоҳида. Тўйда аёллар ўйнамайди. Раққосаям бўлмайди. Эркаклар ашула айтади. Эркаклар ўйнайди. Ашулаям эркакча, рақс ҳам эркакча. Улар қарсак чалиб, ашула айтиб, ҳаммани ўйнатиб юборадиган “Бешқарсак” деган ансамблни тузганда, ҳозир чет элма-чет эл юрган ансамблларингдаги фолклорчиларингнинг оталари ҳам туғилмаган эди.

– Ҳа, ишқилиб шўх ашула ҳам эшитар экан-ку, – дедим енгил нафас олиб.

– Шўх ашуланинг ҳам ашуласи бор, ука, – деди поччам. – Шўх ашулада ҳам маъно-матра бўлиши керак. “Лазги”нинг сўзларини бир қара, қандай улуғ сўзлар. “Жонон бўламан деб”, “Мустаҳзод”ларнинг сўзини қара, қандай пурмаъно сўзлар. Аммо ҳақиқий эркаклар ўйнайдиган қўшиқ қайси, айтайми? “Дилхирож”! Ашуланинг эркагиям “Дилхирож”, эркакнинг ашуласиям “Дилхирож”! Сўзни қара:

Давр жавридан тану жонимда роҳат қолмади,

Сурати ҳолимда осори фароғат қолмади. 

Меҳнату ғам чекмакка минбаъд тоқат қолмади, 

Раҳм қил, давлатли султоним, мурувват чоғидур.

Поччамнинг тўйларда санъаткорлардан доим “Дилхирож”ни  сўраши бежиз эмас экан-да. “Дилхирож” куйланган тўйларда поччамнинг эшилиб рақсга тушганлари, “Дилхирож”ни қойил қилиб айтган ҳофизларга чўнтагидаги бор пулини қистириб юборганлари кўз олдимга келди. “Дилхирож” айтганлар ичида Хайрулла Лутфуллаевнигина тан оларди. Кейин “Бешқарсак”чиларни, Мажидхонни, Турсунхонни.

“Шуҳратни уйлантирсам Хайрулла Лутфуллаевни олиб келаман, ўшанда кўрасизлар ҳақиқий “Дилхирож”ни, ўшанда кўрасизлар менинг қандай рақсга  тушишимни”, дерди суҳбатларда.

– Хуллас, гап шу, мақомдан ўн бешта, Шерали Жўраевдан йигирмата, Комилжон Отаниёзов, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқовлардан бештадан ашула ёдлайсан. “Дилхирож”ни айтиб берасан, бўлди. Ўзим сени тўйларга олиб чиқаман!

* * *

Поччам ваъдасида турди. Мени ўз “имтиҳони”дан ўтказиб олгач, қишлоғимиздаги Қурбон исмли доирачини ва Абдуназар исмли гармончини олиб, бир ўртоғиникига тўйга олиб борди. Ўртоғи ҳам, тўйхонадагилар ҳам хурсанд бўлишди. Поччамнинг ҳам кўнгли тўлди. Биз ҳам хурсанд эдик. Йигирма беш сўмдан пул олганимизга эмас, бизнинг қўшиқларимизни эшитишганига.

Поччамнинг ўртоқлари жудаям кўп эди. Биз кетма-кет тўйларга чиқа бошладик. Кейинчалик хизмат доирамиз кенгайиб, қўшни туманлар, ҳатто бошқа вилоятларга ҳам ҳафталаб тўйларга бора бошладик. Менга маза эди, бошқа ҳофизларга ўхшаб созанда ё раққоса излаб юрмас эдим. Ҳаммасини поччам ҳал қиларди. Яхшироқ созанда чиқибди, деб эшитса, топиб, тўйга олиб келарди. Санъати, одоби ёқса, биз билан бирга юраверарди.

Тўй қилувчилар ҳам аксарият ҳолларда поччам билан келишиб, тўй кунини у кишининг ён дафтарига ёздириб кетишаверарди. Қолганини поччамнинг ўзи ҳал қиларди.

Хуллас, тўйларгаям бордик, орада радиога, телевизоргаям чиқдик. “Халқлар дўстлиги”да чиқиш эса армон бўлиб қолди. Ундан бошқа армонлар ҳам кам эмасди.

* * *

Поччам кутилмаганда озиб кета бошлади. Аввалига ўқтин-ўқтин ўқчийдиган поччам кейинчалик овқат еса қайт қиладиган бўлиб қолди.

Самарқанддаги энг номдор касалхонада узоқ даволанди. Ҳар гал борсам, касалликдан, дори–дармондан, ҳатто турмуш икир-чикирларидан ҳам деярли гаплашмасдик. Суҳбатларимиз санъат ҳақида, қўшиқчилик ҳақида бўларди. Улар узоқ, мени ҳамшира чиқариб юборгунича давом этарди.

– Ҳалиги “Тойбола”ни айтган йигит яхши ашула қипти-я, ука, “Ўғил бола” деган. Кеча радиодан эшитдим.

Зўр қўшиқ бўпти. Одамнинг ўйнагиси келади. Ётган жойимда ўйнадим. Шўх ашула қилсанг, ана шунақа қил!

– Раиснинг тўйи эсингдами, – деб қолди бир гал. – Аммо санъаткорларини ёмон уялтирувдим, эсингдами? Тошкентдан келган ҳофизи “Дилхирож”ни айтолмас экан. Уч–тўрт марта бориб “Дилхирож”ни айтинг, ҳофиз, илтимос”, деб пул қистириб келдим. Охири, “Ака, у қўшиқни айтолмайман, билмайман, замонавийроқларидан сўранг”, деди. 

Аччиғим чиқиб кетди. Шартта микрофонни олиб, “Раис бобо, “Дилхирож”ни билмайдиган артистни Тошкентдай жойдан олиб келдингизми? Ундан кўра Қамариддинни хизматга айтсангиз, дуруст эмасмиди”, дедим. Кейин “Э, сизга беш кетмадим”, деб бир даста пулни Тошкентдан келган артистнинг устидан сочиб, тўйхонадан чиқиб кетувдим.

– Аммо сенинг тўйингда яйровдик, – деди поччам пича ўйлаб ётиб. – Шерали ўғлингнинг суннат тўйида ҳофизман дегани келувди. Аммо кечқурун “Бешқарсак”чилар келишди. Ўзиям “Дилхирож”ни беш марта айттирдикми, олти марта айттирдикми, эсимда йўқ. Ана ўшанда рақсга тушишнинг хуморидан чиққанмиз-а?

Кун бўйи чарчаганларимиз ҳам чиқиб кетувди ўшанда. Опангга “Ҳақиқий қўшиқ “Дилхирож”, ўйнасанг “Дилхирож”га ўйна”, деб униям роса рақсга туширганман. Бир опкеб, видеосини қўйиб берасан-да.

Бир сафар борсам “Уйга олиб кетинглар”, деб қолди.

– Ҳали соғайиб кетмадингизку, – дедим жудаям озиб кетган поччамнинг сўлғин юзларига қараб.

– Энди бўлди, – деди поччам. – Ўз уйимда, бола-чақамнинг олдида жон берай.

– Нега унақа дейсиз, нафасингизни иссиқ қилинг, – дедим хафа бўлиб.

– Ука, хафа бўлишнинг, ғамга ботишнинг ҳожати йўқ. Худога шукр, эркак бўлиб дунёга келдим, эркакдай яшадим. 

Энди ўлимни ҳам эркакдай қарши олиш керак. Менинг дардим бедаво, келганимдаёқ билганман, ошқозоним рак бўлганини. Уйга борганда опангга “Поччам рак экан”, деб айтиб қўйма. “Бирор ҳафта дам олиб кетгани келди”, деб қўявер. Рак десанг, опанг бу ғамни кўтаролмайди.

Поччамни уйга олиб бордик. Кечқурун олдига кираётсам, опам енгимдан тортиб тайинлади:

– Тағин поччангга дўхтирларнинг “Бу киши рак, тузалмайди, бир ҳафталик умри қолган”, деганини айтиб қўйма.

Раклигини билса, умидсизликка тушади, бу дарднинг юкини кўтара олмайди.

Ўшанда ўзимни тутолмадим. Ана ўшанда йиғладим. Узоқ йиғладим. Поччамнинг рак эканига эмас, кўз олдимизда поччамизнинг эриб бораётган шамдек умр нури сўнаётганига ҳам эмас, поччамнинг ўзи билган дардини опамга айтмай, уни аяётганига, опам ҳам ҳаммага аён ҳақиқатни эрига айтмай ,уни ўзича аяётганига йиғладим. “Оллоҳ бунча иродани одамзодга қаердан берди”, деб йиғладим. “Сўнгги нафасларида ҳам опамни авайлаш, аяш  учун поччам кучни қаердан олди”, деб йиғладим. “Меҳр-муҳаббатнинг чеки-чегараси  қаерда”, деб йиғладим.

***

“Бир ҳафталик умри қолганмиш”.

Бу гап ҳамма ёққа тарқалди. Тез тарқалди. Ёшу қари, эркагу аёл, қариндошу бегона касални кўргани, аслида поччам билан видолашгани кела бошлашди. Зеро, поччам қишлоқнинг эркаси эди. Уни ҳамма яхши кўрарди. Поччам ҳам элга хизмати сингган йигит эди. Ёшу қарининг хизматини беминнат қиларди.

Оқсоқоллар кенгашди. Мулла Сафар бобонинг гапи жўяли келди. Поччамнинг фотиҳали қизини узатишга қарор қилишди.

“Қиз бола бировнинг омонати. Отасининг кўзи очиқлигида олиб кетишсин. Қизини келинлик либосида кўриб, кўнгли хотиржам бўлсин”.

Поччам чиқолмади. Оёғига бош қўйган қизини ётган жойида дуо қилди.

Уч кун ўтиб, биз томонда талбон дейиладиган чарларни ҳам ўтказишга қарор қилишди.

“Хурсандчиликларни кўргани ғанимат. Қизиям талбондан кейин эмин-эркин келиб кетаверади”.

– Даврани ўзинг олиб борасан, – тайинлади поччам. – Мен ҳақимда кўп гапириб ётма. Опангни мақта. Опанг тилло аёл.

Опангнинг ўрнида тош бўлса, эриб кетарди. Опангни мақтайвер. Ўйнаб-кулсин, бечора. Менга қарайвериб, сиқилиб кетди ўзиям. Хизматга Қамариддинни чақиринглар, “Дилхирож”ни яхши айтади.

Чарлар барибир чарлар-да. Ёшлар ўйин-кулгуни ёқтиришади. Куй-қўшиқ авжида эди…

Оллоҳ поччамга қаердан куч берди, билмайман.

– Мени тўйхонага олиб чиқинглар, – деди поччам. – Қани, қизим қандай келин бўпти?

Икки киши икки ёнидан суяб, ёш болани юргизгандек авайлаб озиб, қуруқ суяги қолган поччамни даврага олиб чиқдик. Поччам тўғри келин-куёвнинг рўпарасига борди. Келин ҳам, куёв ҳам поччамга пешвоз чиқиб, таъзим қилишди.

– Барака топ, қизим, баракалла, – деди поччам уларга. – Илоё бахтли бўлинглар, қўша қаринглар!

Поччамнинг кўзларидан икки томчи ёш думалади. Балки улар севинч ёшларидир, аммо қараб турганлар буни ўзларича тушундилар. Чекка-чеккадан пиқиллаган йиғи товушлари эшитила бошлади.  Йиғлаганларни кўриб, бошқалар ҳам қўшилдилар.

– Тўй тўйдай бўлсин-да, жўралар, – деди поччам. – Қамариддинга айт, “Дилхирож”ни айтсин!

Қамариддин ҳам бир имодан тушунди. “Дилхирож” чалинди. Сўзлари айтила бошлаган дамда “Мени қўйиб юборинглар!”, деди поччам. Биз қўрқиб-қўрқиб қўлларимизни поччамнинг қўлтиғидан олдик. Поччам қўлларини кўтарди. Оёқларини “қайчи” қилиб рақс туша бошлади.

Ё қудратингдан! Поччам худди навқирон пайтларидагидек, соппа-соғ вақтларидагидек, тўй-ҳашамларни гулдиратиб юрган дамларидагидек кенг қулоч ёзиб, эркакчасига рақс тушарди.

Қамариддин бир қўлида микрофон, бир қўли билан кўз ёшларини артиб куйларди:

Ҳосилим барқи ҳаводисдан маломат доғидур, 

Маснадим кўйи маломатда фано тупроғидур…

Қайтар дунё экан. Бир вақтлар “Дилхирож”ни қойил қилган ҳофизнинг бошидан бор пулини сочган поччамнинг, “Дилхирож”га эркакча қилиб ўйнаган йигитлар бошидан бор пулини сочган поччамнинг бошидан пуллар сочилди, беармон сочилди.

Ана ўшанда ёмон йиғладим.

Ана ўшанда томоғимга бир нарса ёмон тиқилди.

Поччам қизини ва куёвини дуо қилди.

Биз келин-куёвни кузатиб, ичкарига кирдик. Опам поччамнинг бошини тиззалари устида ушлаганча жимгина кўз ёш тўкарди.

Поччам нимтабассум қилиб ётар, у ўзи айтгандек, ўлимни ҳам мардона, яъни, эркакчасига қарши олган эди.

Каримберди ТЎРАМУРОД, 2018-09-18, 12:19
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.