26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Бойлик бахт келтирадими?

Бойлар камбағал-фақирлардан бахтлироқ яшашадими? Пул, мол-дунё инсонга чинакамига саодат келтира оладими? Ана шу каби саволлар инсоният яралганидан бери барчани ўйлантириб  келади. Биз ҳам мана шу саволлар билан бир гуруҳ ҳамюртларимизга мурожаат қилдик. Қуйида улардан баъзиларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Маҳмуджон ИСЛОМБЕКОВ, тадбиркор:

–  Ҳаёт инсонга берилган бир имтиҳон, холос. Киши  ундан ақл-фаросат билан фойдаланиши керак. Чунки, ҳар бир одам  эртага бой бўлиб қолиши мумкин. Аксинча, кечагина бойлигининг ҳидига маст бўлиб, ўзини қўйгани жой тополмай, шошиб қолган кимса бир лаҳзада фақирга айланиб қолиши мумкин. Шахсан ўзим бундай воқеаларга кўп гувоҳ бўлганман. Масалан, отасидан қолган катта дунёни шамолга совургандай, айшу ишратга берилиб, кейин гадойнинг ҳолига тушиб қолган фарзандларни биламан. Катта мол-дунё топса ҳам, хотинининг бефаросатлиги туфайли ундан айрилганларни биламан. Бир бурда нонга зор бўлиб, қишда далада қолган лавлагини териб, оиласини боққан ва ҳозирда бой-бадавлат бўлиб кетган инсонларни ҳам биламан. Лекин одамларнинг  бойлик ҳам, камбағаллик ҳам вақтинча эканлигини билавермаслиги жуда ачинарли ҳол.

Маҳбуба АҲМЕДОВА, олий ўқув юрти  талабаси:

– Мен бир ҳурматли инсонни биламан, у кўп йиллар мактабда директор бўлиб ишлаган. Унинг икки ўғли иттифоқ даврида заводда ишлаган, отахон ўғилларидан мамнун эди. Бироз вақт улар ишсиз қолишди, отахон шунда ҳам ўғилларидан нолимади, аксинча, уларнинг меҳр-оқибатли ва одамохун бўлиб, қийинчиликларни мардона енгаётганидан мамнун эди. Лекин улар оғир юк машинасини ижарага олиб, чет элларга юк таший бошлагандан кейин муаммо бошланди. Ўғиллари бир йилда ўзларига шахсий юк машинаси сотиб олишди. Жарақ-жарақ пул кела бошлагач, отахон ўғилларини таниёлмай қолди. Улар шунчалик ўзгариб кетишдики, ота-онанинг сўзини сўз демай, қинғир йўлларга кириб кетишди. Ҳозир ҳам отахон уларни бу йўлдан қайтара олмаяпти. Кўп пул  топиб келишяпти, лекин мол-дунё фарзандларини имондан айиряпти, улар охиратни ўйламай  қўйишди. Бирорта заводда ишлаб, оила тебратишга етадиган пул топиб турса, улар ўзгармасмиди, дейди отахон куйиниб. Шундай экан, мен бойлик бахт келтиради, деган сўзга ишонмайман. Баъзан бахтсизлик ҳам келтиради, дейишса, ишонаман.

Ҳали ўн олтига ҳам тўлмаган фарзандига қим­матбаҳо машина ҳайдатиб қўйган ота ўз ўғлига кўрсатаётган меҳрининг атиги юздан бир қисми қайтадими, йўқми, билармикан? Бундай тарбия кўрган болаларнинг кўпи ҳақида эшитганмиз, отаси қаригач, уни одам ўрнида кўришмайди, оёқ учи билан кўрсатишади, ҳатто, қариялар уйига олиб бориб ташлашдан ҳам тоймайдилар. Ҳозир улар отасини бойлиги учун, даромад манбаи бўлгани учун «соғин сигир» сифатида «ҳурмат қилади». Агар сиз шу машинани ўғлингизга олиб бермасангиз, у сизни ҳурмат қилмай қўярмиди? Америкадаги миллионерлар ҳаётидан олинган лавҳага қулоқ тутинг. Миллионер ўз ўғлига ҳатто велосипед ҳам олиб бермас экан. «Ўзинг ишлаб топ», деркан. Улар ошхона, қаҳвахоналарда ошпазларга ёрдам бериб, ё газета сотиб бўлса ҳам пул топишаркан. «Дада, велосипед олишга бир доллар етмаяпти, бериб туринг, илтимос», деса ҳам бермас экан. Чунки, озгина бўлса ҳам пулни осонликча қўлга киритган ўғил эртага унинг қадрига етмайди, сочиб юборади, деб ҳисобларкан.

Гўзал СОТИМОВА, уй бекаси:

 – Бойлик ҳамма вақт ҳам бахт келтиравермайди. Агар одам катта бойликка эга бўлиб, имонидан айриладиган бўлса, менимча, бу шартга кўпчилик ҳамюртларимиз кўнмаган бўларди, бунга ишончим комил. Менинг фикримча, тожу тахт, мол-давлат мўл насиб этмаган одамлар ўз тақдиридан нолимасликлари керак, зеро, шоир айтганидай, «пок юрсанг,  шунинг ўзи тожу-тахт ва молу-давлат». 

Ҳаммага топганининг баракасини берсин. Буюргандан ортиғи бўлмайди, ахир. Бор  пулнинг қадрига етишнинг ўзи молу давлат эмасми?

 

Сўнгги суҳбатдошимизнинг гапига тўлиқ қўшиламиз ва сизларнинг фикр-мулоҳазаларингизни кутиб қола­миз.

 

Б. ДЎСМАТОВА ёзиб олди., 2018-09-18, 12:38
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.