Анвар Рустамов – исми шарифи ва амалга ошираётган ишлари сўнги бир йил давомида ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган ҳамюртларимиздан бири. Асосан, Ютуб тармоғидаги ўз блогида ҳисори қўйларга оид видеолавҳаларни жойлаштириб, 10 мингга яқин обуначи орасида чорвадорликка қизиқиш ҳисларини жунбушга келтира олган шахс.
Газетхонларимиз орасида қишлоқ хўжалиги соҳасига мансуб шахслар борлигини ва ниҳоят, ҳар биримиз учун қўйчиликнинг бегона эмаслигини ҳисобга олган ҳолда қаҳрамонимизни мусоҳабага чорладик.
– Аввало, ўзингиз ҳақингизда қисқача маълумот берсангиз.
– Ёшим 46да. Шимкент шаҳрида зиёлилар оиласида дунёга келганман. Дадам инженер, онам соғликни сақлаш соҳасида меҳнат қилган. Ҳуқуқшуносман. Мутахассислигим бўйича турли ташкилотларда ишладим. Бугунги кунда тадбиркорликда ўзимни синаб келмоқдаман. Уч фарзанднинг отасиман.
– Ҳисори қўй боқишга қизиқиш қачон пайдо бўлди?
– 2016 йили ҳисори қўйлар етиштирувчи таниқли шахсдан 480 бош қўзи сотиб олдим. 2017 йилнинг ярмигача уларни деярли кўрмадим – яйловда чўпонлар боқишди. Июль ойида уларни кўргач, қизиқишим орта бошлади. Ҳозирги вақтда 300 бош асл зотли совлиғимиз бор. Ўтган йил сўнгида илк бор уларни сунъий йўл билан қочириб, бу йил наслдор қўзилар олдик. Сунъий урчитиш қурол-аслаҳаларини олиб келиб, шахсан ўзим ўрганиб, амалга оширмоқдаман.
Менга ҳисори қўйлар жуда ёқади. Чунки, бу зотли қўйларда бошқаларда учрамайдиган устунликлар кўп. Гавдасининг катталиги, тез ривожланиши, қишдаги совуқни, мавсумий қийинчиликларни осон енгиши ва ҳоказолар. Бошқа қўйларнинг ҳам ўзига яраша хусусиятлари бор. Эдилбой зотли қўйлар ҳам кўплаб боқилади. Улар совуққа чидамли бўлиб, қалин, шохдор бўлади. Ҳисорининг эса жуни қисқа, шохи деярли йўқ бўлгани боис, ривожланиш асосан ҳажмининг катталашишига сарфланади. Бизнинг минтақамизга энг қулайи – ҳисори қўйлар.
– Бизнес борасида ҳисори қўйларни боқишнинг қандай афзалликлари бор? Нархи қанча? Уларни қаерлардан сотиб олиш мумкин?
– Шуни таъкидлаш жоизки, биз наслчилик йўналишида иш юритамиз. Асосан, шу йўл билан туғилган зотдор қўй ва қўчқорларни сотамиз. Бизнес учун хомашё етиштириб берамиз. Харидорларимиз 300 бошдан зиёд қўйга эга йирик чорвадорлар. Улар бизнинг қўчқорларимизни олиб ўз молларини йириклаштиришга эришишмоқда.
Бир қўчқор орқали йил давомида 1200-1300 қўйни сунъий урчитиш мумкин. Дюар идиши ёрдамида унинг уруғлари олиниб, музлатиб қўйилса, 5-6 минг оналик қўйни бир вақтда урчитишга бўлади. Оддий математика.
Масалан, оддий тўқлилар 20 кг. гўшт берса, ҳисори зотлиси 25 кг. беради. Мана шу 5 кг. фарқ минг бошда 5 тонна дегани. 5 тонна гўштни 1200 тенгедан ҳисобласак йилига 6 млн. тенге бўлади. Бир қўчқордан 5-6 йил давомида урчитиш учун фойдаланса бўлади. Демак, бир қўчқор беш йилда 30 млн. тенге қўшимча фойда келтириши мумкин. Ҳисоблай олган тадбиркорлар буни дарров тушуниб олади. Мана шунинг учун ҳам зотдор, ҳар жиҳатдан етук қўчқорлар 6-6,5 минг АҚШ долларигача баҳоланади. Бир ёшли ҳисори қўчқор 100 кг. вазнга эга бўла олади.
Ҳозирги вақтда биз уруғчилик материаллари банкини тузишни режалаштиряпмиз. Ҳисори зотли энг сара қўчқорларнинг уруғлари махсус контейнерларда сақланади. Масалан, куни кеча Американинг Калифорния штати Лос-Анжелес шаҳридан харидор келди. Исми Рудольф экан. Илгарироқ Германия, Бангладеш, Туркия, Жанубий Корея, Украина давлатларидан харидорлар хабарлашишганди. Ҳаммасига ҳам ҳисори зотли уруғлари керак. Негаки, бу зот ўн йилликлар давомида селекция йўли билан олинган. Ҳеч қандай ГМО йўқ. Бир сўз билан айтганда, ҳисори – қўйлар орасидаги “бройлер” ҳисобланади. Қизиғи шундаки, ҳисори қўйларнинг ватани ҳисобланган Тожикистонда ҳисориларнинг жуссаси кичрайиб кетган. Қозоғистондаги ҳисорилар эса иқлим ва бошқа омиллар натижасида йириклигича қолди. Бизда, асосан, қора рангли ҳисори қўйлар етиштирилмоқда. Қирғизистонда қизил рангли қўйлар боқишади. Қора рангли ҳисори қўйлар чидамлилиги ва гўштининг вазни бўйича устун туради.
Элбошимизга раҳмат, Қозоғистонда чорвачиликни ривожлантириш бўйича барча қулайликларни яратиб бермоқда. Асосан, Туркистон вилоятида, Сайрам, Байдибек, Сариоғоч, Чордара туманларида ҳисоричилик хўжаликлари кўпаймоқда. Шунингдек, Қизилўрда, Алмати ва бошқа бир қатор вилоятларда ҳам чорвадорлар ҳисори қўйларга қизиқиш билдиришмоқда. Эдилбой қўйлари майдалашиб кетгани боис, бугунда уларнинг ҳисори зоти билан чатиштириш орқали йириклаштиришга ҳаракат қилинмоқда.
Ҳисоричилик – бизнес тариқасида икки йўналишда юритилади. Юқорида айтганимдай, биз селекция товарларини етиштирамиз. Умуман олганда, Жанубий Қозоғистонда наслчиликка эътибор кучайди.
Гўшт етиштириш учун эса минг бошдан кўпроқ моли бор хўжаликлар керак. Гўштимиз асосан Эрон ва Хитой давлатларига экспорт қилинмоқда. Қозоғистон Республикаси Жаҳон савдо ташкилотининг мутлақ аъзоси бўлса, бизнинг табиий тоза маҳсулотимизнинг килоси жаҳон бозорида 30 доллардан сотиладиган бўлади. Чунки қўйларимиз адирдаги ўт-ўланларни еб, тоза оқар сувларни ичиб етилмоқда. Турли витаминлар билан тез суратда етиштирилган маҳсулотдан фарқи катта.
Уйда 10-20 бош мол билан бизнес қилишга бўлмайди. Қўшимча даромад манбаи сифатида боқса бўлади, албатта. Шахсан ўзим уйда мол боқишни тавсия қиламан. Пайғамбаримиздан (с.а.в.) “қўйда барака бор”, деган ҳадис келган. Кўпчилик буни пул, бойлик деб тушунишади. Бу хато фикр. Фараз қилинг, ишдан чарчаб-ҳориб, зўриқиш билан келган одам заҳрини хотини, бола-чақасидан олади. Бунинг ўрнига кийимини алмаштириб, молхонага борса, чарчоғи ўз-ўзидан кетади, овунади. Натижада хотиржамлик, сокинлик, оилада тинчлик, барқарорлик юзага келади. Ота-боболаримиз табиат билан узвий уйғунликда умр суришган. Мана шунинг ҳаммаси бизга ген орқали берилган. Ҳеч бўлмаганда томорқада товуқ боқиш ёки уйда аквариумда балиқ асраш керак.
Нархига келсак, биз урғочи қўзиларимизни 100 мингдан, тўқлиларни 120-150 минг тенге оралиғида сотамиз. Харидорлар олдиндан буюртма беришади. Кўкламда қўзиларни танлаб, белгилаб қўйиб, июнь ойида онасидан ажратган вақтда олиб кетишади. Бу йил илк бора қўзиларимизни чиплаб, рўйхатга олишни бошладик.
Харид масаласига келсак, Ютуб ижтимоий тармоғида блогимиз бор. Шу ердан барча маълумотларни олса бўлади.
– Бу йили илк бора уюштирилган ҳисори қўйлар халқаро танлови ҳақида айтиб берсангиз.
– Танлов илк бор Сайрам туманининг Кўлкент қишлоғида 26 август куни уюштирилди. Унда Озарбайжон, Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон республикалари билан бир қаторда, мамлакатимизнинг барча вилоятларидан меҳмонлар қатнашишди. Қирғизистондан катта делегация келди.
35 кишидан иборат ташкилий қўмита қурилди. Кўп ёшлар ўзлари келиб, қўнғироқ қилиб, ташкилий ишларда ёрдам бериш истакларини етказишди. Уларнинг қизиқишини кўриб, ўзим ҳам таажжубландим. Келган меҳмонларга дастурхон ёзишда “Нурзода” ДХ аъзоси Ҳусниддин Ҳалимжонов, Қувонч Миқтибоев, Аким Ўнғаров, Маҳмуд Алимов, Сухроб Умаровлар асосий ёрдам кўрсатдилар.
Танловда қатнаштирилган ҳисорилар уч номинацияда баҳоланиб, энг оғир вазн, энг баланд қўй ва экстриер, яъни ташқи кўринишига қараб танланди. Икки ёшгача ва ундан катта қўйлар орасида алоҳида танлов ўтказилди. Натижада, икки ёшгача бўлган ҳисорилар орасидаги танловда учта номинациянинг барида байдибеклик Ж. Сулеймановнинг қўчқорлари биринчиликка эга бўлди. Икки ёшдан катта қўйлар орасида эса сариоғочлик Қ. Миқтибоевнинг қўчқорлари ғолиб деб топилди.
Шунингдек, тадбир қатнашчиларининг ўзларига ёққан қўй-қўчқорларни сотиб олишига имкон яратдик.
– Келгуси режаларингиз қандай?
– Ҳар йили ёзнинг сўнгги куни ҳисори қўйларнинг халқаро танловини ўтказишни мақсад қилиб қўйдик. 10-11 октябрь кунлари Кишинёв шаҳрида қўйларнинг халқаро танлови ўтади. Биз ҳам чақирилганмиз. Қатнашиб, ютуқ билан қайтишимизга ишонаман.
Бундан ташқари, яқин кунларда Қозоғистон ҳисоричилар ҳамжамиятини қуришни режалаштиряпмиз. Аввалига ҳамжамият асосчилари сифатида “Нурзода” ДХ, “Қуванч” ва “Аспект” МЧБ ҳамда бир қатор хўжаликлар аъзо бўлиши келишилди. Келгусида Қирғизистон, Ўзбекистон каби давлатлардаги хўжаликларни бирлаштирган ҳолда халқаро ташкилотга айлантиришга ҳаракат қиламиз.
– Суҳбат учун раҳмат!
Ҳисори қўй – дунёдаги энг йирик қўй зоти ҳисобланади. Асосан Марказий Осиёда кенг тарқалган бўлиб, Тожикистон ва Ўзбекистон давлатларида етиштирилади.
Номланиши Тожикистондаги Ҳисор тоғида жойлашган Ҳисор водийси номи билан боғлиқ. Елкасининг баландлиги қўчқорларда ўртача 85 см. совлиқ қўйларда 80 см.гача бўлади. Салмоғи қўчқорларда 190, совлиқларда 120 кг.га етиши мумкин.