26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Зуппархон ЧОЛДОНОВ, вилоят маслаҳати депутати: Сайловчилар халқчил масалаларни тез-тез кўтаришади

– Зуппархон Субат ўғли, суҳбатимизни халқ ноиби сифатида амалга оширган ишларингиз сарҳисобидан бошласак.

– Мен олтинчи чақириқ вилоят маслаҳатига 17-сайлов округидан депутат бўлиб сайланганман. Мазкур сайлов округига Туркистон шаҳридаги Эски Иқон, Янги Иқон, Ўранғай, Интимақ, Дўстлик аҳоли манзиллари киради. Сир эмаски, ушбу аҳоли манзилларида ҳамон ечимини кутаётган масалалар бор. Ҳар сафар сайловчилар билан учрашганда, уларни қийнаб келаётган саволларга батафсил жавоб беришга ҳаракат қиламан. Фуқароларнинг арз-шикоятларини тинглаб, шу бўйича ваколатли идораларга мурожаат қилиб, ўз ваколатим доирасида масаланинг ижобий ҳал этилишида жонбозлик кўрсатаман. Улар орасида энг аҳамиятга молиги – мактаб масаласи. Ўзингизга маълумки, қишлоқлардаги таълим биноларининг аксарияти эскирган. Ҳозирги техника ривожланган замонда ўқув бинолари талабга мос бўлиши зарур. Улар компьютер, интернет тармоғи билан тўлиқ таъминланиши керак. Буларнинг барчаси маблағга бориб тақалади. Унга бюджетдан маблағ ажратиш осон иш эмас. Масалани кўндаланг қўя билиш керак. Уларнинг ҳужжатларини тайёрлаш ҳам қийин масала. Албатта, юрт ишонч билдиргач, депутатлик ваколатимдан фойдаланиб, сайловчиларга маъқул бўлишга ҳаракат қиламан. 

Ўтган йилнинг бюджетини тасдиқлашда Туркистон шаҳридаги Ўранғай қишлоқ округига қарашли Қўшқўрғон аҳоли манзилида 150 ўринли мактаб қурилишига маблағ ажратилишида жонбозлик кўрсатдим. Яқинда унинг қурилиши тугалланиб, фойдаланишга берилди. Ўқувчилар янги ўқув йилини янги мактабда қарши олишди. Шунингдек, Интимақ аҳоли манзилида 300 ўринли мактаб қурилмоқда. Ўранғай қишлоғида яна 200 ўринли мактабнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, давлат таҳлилига юборилди. Эски Иқон қишлоғида эса 300 ўринли мактаб биносига давлат акти олиниб, “АПЗ” тайёрланди. Бу лойиҳа ҳам давлат таҳлилчиларининг муҳокамасига ҳавола қилинди.

– Туркистон шаҳрида экин суви танқислиги сезилади. Шу сабабли, деҳқонларнинг заҳматли меҳнати ниҳоясига етмай қолади. Бу ҳақда кўп айтилмоқда ҳам, ёзилмоқда ҳам. Сизнингча, масалани ҳал этиш йўли борми?

– Туркистон шаҳрига сув 150 чақиримли Арис-Туркистон канали орқали келади. Сўнгги йилларда Ўтрор, Байдибек, Арис туманларида экин майдонлари кенгайтирилди. Туркистонликлар каналнинг сўнггида бўлгани учун муаммолар пайдо бўлди. Айниқса, июль, август ойларида сув танқислиги одамларни таҳликага солиб қўяди. Натижада, туркистонлик деҳқонларда фақат беда экиш имконияти қолади. Шунда ҳам улар кўзлаган ҳосилни ололмайди. Яхши бўлди, деганда иккинчи ўримдан кейин беда қуриб қолади. Қишлоқ округларидаги ширкатларнинг меҳнати зое кетмоқда. Таваккал қилганлар нари борса, иккинчи ўримдан умидвор. Баъзи қишлоқларда полиз маҳсулотларини етиштиришнинг умуман иложи йўқ. Обикор ерни тўлиқ ўзлаштириб, канални 4 ва 5-босқичдаги таъмирлашдан ўтказгандагина масала ҳал бўлиши мумкин. Агар узунлиги 41,7 чақиримни ташкил қиладиган канал ишга туширилса, Туркистон ҳудудидаги 7та овул округи экин майдонларини 25600 гектарга кенгайтириш мумкин. Бу вилоят ҳокимининг эътиборидаги масала. Келажакда мазкур масалани давлат ҳам қўллаб-қувватлашига умид қиламиз.

– Суҳбатимиз бошида сайловчилар билан тез-тез учрашиб туришингизни айтдингиз. Аҳоли яна қандай масалаларни кўтаради?

– Бугунги кунда одамларнинг ҳуқуқий саводхонлиги сезиларли даражада ошган. Бу борада қишлоқ аҳолиси шаҳарликлардан қолишмайди. Бу – давлат сиёсатининг одамлар орасида яхши тарғиб қилинаётганининг натижаси. Сайловчилар шахсий масалалардан кўра, юртга тааллуқли, ижтимоий, миллий масалаларни кўпроқ кўтаришади. Бу, албатта, қувонарли ҳол. Учрашувларда кўпинча Элбошининг Мактублари, “Натижали иш билан таъминлаш ва оммавий тадбиркорликни ривожлантириш”, “Агросаноат мажмуасини ривожлантириш”, “Нурли ер” уй-жой дастурлари, “Қозоғистон – 2021. Бирлик. Барқарорлик. Бунёдкорлик” мавзуидаги сайловолди дастури, Қозоғистон Республикаси Президентининг ҳокимлик тармоқлари орасида ваколатларни қайта тақсимлаш тўғрисидаги Мурожаати, Элбошимизнинг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” дастурий мақоласи ва бошқа давлат даражасида қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларни тушунтириб, муҳокама қиламиз. Давлат дастурларидан иложи борича самарали фойдаланиш дастакларини излаймиз. Аҳоли билан биргаликда иш юритиш натижасида қатор муваффақиятларга эришмоқдамиз. Сўнгги уч йилда Эски Иқон аҳоли манзили истиқоматчиларини тоза ичимли сув билан таъминлаш мақсадида қидирув-қазилма ишлари юритилиб, битта қудуқ қазилди. Шунингдек, вилоят бюджети ҳисобидан вилоят аҳамиятига эга Эски Иқон ва Янги Иқон қишлоқларини боғлайдиган узунлиги 24,7 чақиримли йўл тўлиқ таъмирланди. Бундан ташқари, узунлиги 28,8 чақиримли “Интимақ – Чоға – Қўшқўрғон – Ўранғай” йўлини таъмирлаш ишларига маблағ кўзда тутилиб, ўтган йилда 19 чақирим йўл асфальтланди. Бугунги кунда қолган йўл таъмирланмоқда. Ўранғай овул округига қарашли Бўстонлиқ овули аҳолисини электр қуввати билан таъминлашда депутатлик ёрдамимни бердим. Туркистон шаҳри Ўртоқ аҳоли манзилининг Майкотов кўчасидаги йўлнинг икки томонига пиёдалар йўлакчаси қурилиб, ёритгичлар ўрнатилди. Дўстлик аҳоли манзили аҳлининг илтимоси бўйича “Нұра” кичик электр станцияси барпо этилди.

– Бизнингча, халқ ноиби – билимли, юрт ичида обрўга эга, нуқсонсиз бўлиши керак. Шунингдек, уларнинг сахий, жонкуяр, ғамхўр бўлишларини хоҳлаймиз. Яширишнинг ҳожати йўқ, депутатларимизнинг аксарияти хайрия ишларида фаол. Бу борада ёрдамга муҳтож одамларнинг кўнглига йўл топа олаяпсизми?

– Энг аввало, юрт маданияти, анъаналари ва онгини янгилаб, миллий қадриятларни улуғлаш – фуқаролик бурчимиз, деб биламан. Бугунги куннинг дарди билан яшаётган одам онгига миллий қадриятларни қандай сингдириш мумкин? Юрт бўлгандан кейин турмуш даражаси турлича бўлади. Ижтимоий аҳволи ночор оилаларга баҳоли қудрат ёрдам қўлини чўзамиз. Қўлидан иш келадиган фуқароларга тўғри йўл кўрсатиб, оёққа туриб кетишида кўмаклашамиз. Расмий байрамлар, муборак ойларда уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийларининг уйига бориб, ҳол-аҳвол сўраймиз, совға-саломларимизни улашамиз. 

– Зуппархон Субат ўғли, сизнинг бошқа депутатлардан яна бир фарқингиз – касбингизда. Аксарият ҳамкасбларингиздек, тадбиркорлик билан шуғулланмайсиз. Таълим муассасасининг раҳбари сифатида сизга ёшларнинг масаласи ойдек равшан. Шундай экан, ёшлар тарбияси ҳақида фикрларингизни билдирсангиз?

– Ёшлар – ҳар қандай замонавий давлатнинг стратегик куч-қуввати. Бу борада мамлакатимизда ёшлар сиёсатини амалга оширишда бажарилаётган ишлар етарли. Юрт келажаги – ёшлар. Ривожланган, рақобатбардош ва дунёда нуфузи юқори давлатни шакллантириш учун энг биринчи навбатда ёшлар сиёсати тизимли равишда юритилиши керак. Давлат ёшлар сиёсатининг 2020 йилга мўлжалланган концепцияси мақсади шунда мужассам. У 2030 йилгача Қозоғистонни ривожлантириш стратегияси, Қозоғистон Республикасини 2020 йилгача стратегик ривожлантириш режаси, Жадаллаштирилган индустриявий-инновациявий ривожланиш давлат дастурининг асосий қоидаларига жавоб беради. Шундай экан, ёшлар фаол бўлмоғи лозим. Уларнинг онгида етакчилик туйғусини ўқувчилик давридан шакллантирмасак, кеч бўлади. Шунинг учун ҳар бир болага ўқувчи сифатида эмас, шахс сифатида муносабатда бўлиш зарур. “Бола бошидан”, деб бекор айтилмаган. Баъзиларнинг бу борада кечикиб қолиши сир эмас. Бизда ўқитувчилар ва ота-оналар ҳамкорлиги ҳамон тегишли даражада эмас. Мактабларда эркак ўқитувчиларнинг озлиги ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бунга мактабларда содир этилаётган нохуш воқеаларни мисол тариқасида келтириш мумкин. Шундан кейин, мутахассислик танлашда ҳам адашадиганлар кўп. Ишсизликнинг сабаби ҳам шунда бўлса, ажабмас. Ҳа, ҳозирги ёшлар тезда бойиб кетиши мумкин бўлган касбни ёки раҳбар бўлишни орзу қилади. Шундай қилиб, қобилияти, иқтидори бўлмаса ҳам, оғир мутахассисликни танлайди. Натижада, иш ҳам йўқ, даромад ҳам йўқ, бир сўз билан айтганда, дипломни сандиққа солиб, кўчада машина ювишади ёки арава судрашади. Шулар нега ўқитувчиликни танлашмайди? Йигитлар ўқитувчилик касбини танлашса, ўзлари учун ҳам, келажак авлод учун ҳам фойдали бўлар эди. Сезган бўлсангиз, катта муваффақиятга эришган ёки раҳбар лавозимларида ишлаётганларнинг аксарияти меҳнат фаолиятини оддий хизматдан бошлаган. Ёшлар эса бунга эътибор қаратавермайди. Шунинг учун юртга таниқли фуқаролар билан ўқувчилар ўртасида тез-тез учрашувлар ўтказиб турсак, уларнинг ибратли гаплари ёшларга ўрнак бўларди...      

, 2018-09-18, 12:45
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.