26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Миллий либосимиз – ғуруримиз

Муҳайё, Сурайё, Раъно, Муқаддас

Кўзимни яшнатиб, кийибсиз атлас. 

Шоирнинг ушбу сатрлари олисда қолган болалик чоғларимга етаклайди. 

Илгарилари оналаримиз, опаларимиз, ҳатто биз, қизалоқлар учун ҳам атлас кўйлак кийиш катта орзу эди. У пайтларда матолар камёбмиди ёки атлас русумдамиди, билмадим, ҳар ҳолда “Хонатлас”, “Намозшом атлас”, “Марғилон атлас”, “Наманган атлас”, “Товус атлас”лар ял-ял ёниб, ҳамманинг ҳавасини келтирарди. 

Атлас кўйлак кийиб, сочларини қирқта қилиб ўриб олган қизлар барчанинг диққат эътиборида бўлар эди. Йигитлар товусдай товланган атлас кўйлакли қизларга қараб, шеърлар, қўшиқлар битишган.

Турли байрам тадбирларида, намойишларда, хиёбонларда, тўйларда чит, шойи, ипак, атлас либослар кийиб юрардик. Одамларнинг қуёш нурида турли рангда жилоланган матонинг бежиримлигига, майинлигига ҳавас қилишаётганини қарашларидан сезардик.

Бугун эса миллий либос кўйлакларимиз фақат ёш келинчаклар тўй ёки ундан кейин бир-икки кунгина кийиб, ташланадиган кийимга айланиб қолмоқда. Нега?!

Ўзбек миллатининг фахри ва ғурури бўлган атлас, адрасларни нега киймай қўйдик? Жазирамада иссиқ тортмайдиган, танангни яйратадиган либосларимиз нега сандиқ бурчагида қолиб кетди?

Халқимиз мустақилликка эришиб, тилимиз, динимиз ва миллий қадриятларимиз тикланган бир пайтда Моҳлар ойим, Дилшоди Барно, Увайсий ҳамда Кумуш бибилар, Раънолар кийган атласни кийишдан ор қиламизми? Уларни ҳеч бўлмаса бир кун – анъанавий “Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари” кунида кийиб, атлас кўйлаклари, чуст дўппиларимиз билан ғурурланиб юрсак бўлмайдими?

Ана шундай саволлар билан бир гуруҳ зиёлиларга мурожаат қилдим. 

Озодахон Мусаева, А. П. Чехов номидаги 21-сонли умумий ўрта мактабнинг тил ва адабиёт муаллимаси: 

 – Биласизми, менинг ҳали ҳам атлас ва адрас кўйлакларга меҳрим бўлакча. Мавриди топилди дегунча Тошкентдаги Чорсу, Абу Саҳи бозорларига бориб, ана шу матоларни излайман. Уни замонавий русумда тиктириб кияман. Эгнимда атлас бўлса, қалбим миллий ғурурга тўлиб, ўзимни бахтиёр сезаман. Ахир у минг асрлик тарихга эга, миллатимизнинг ифтихори, у бизга момоларимиздан етиб келган битмас-туганмас бойлигимиздир.

Ёдингизда бўлса, илгарилар оналаримиз қизларига бешик берганида, суннат тўйлар қилганида набираларига сарполар қилса, албатта, жажжи қиз невараларига атлас кўйлак, ўғил болаларга зар чопон, дўппи тикиб кийдирардилар. Менимча, бунда ҳам ажойиб ҳикмат бор.

– Инсон ҳаётидаги энг муҳим ишлардан бири бу кийиниш одобидир, шунинг учун ҳам кийиниш одоблари ва либосларга тегишли қоидалар бор. Зотан кийим ўз ўрнида инсоннинг ички маънавий дунёсини акс эттирувчи воситадир. Агар инсон имон-эътиқодли, ор-номусли бўлса, унинг кийими ҳам шунга муносиб бўлади. Аксинча бўлса, кийими унинг қандайлигидан хабар бериб туради. Кийим барча миллат ва элат вакилларида ўзига хос аҳамият касб этади. Уларнинг ўзига хос ва муносиб кийимлари борки, улар миллий либосларга айланиб улгурган. Бизларнинг ҳам ўзимизга хос миллий кийимларимиз, албатта, бор, – дейди Фароғат опа Ҳожиметова. – Мана, эрта-индин Туркистонда “Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари” байрами нишонланади. Қанийди, шу айёмда миллатдошларимиз миллий либосларда, қизлар атлас кўйлакдаю зар дўппиларда, йигитларимиз ҳеч бўлмаса, дўппи кийиб юришса, қандай яхши бўларди. Ахир бу байрам миллий ўзига хослигимизни намойиш қиладиган байрам эмасми?

– Ҳақиқатан, Муҳаммад Юсуф айтганидай, Чуст дўппилар, Анжон дўппилар, Марғилон дўппилар ўғил болалар, йигитларимиз, ҳатто оталаримизнинг бошида ҳам кўринмай қолди, – дейди яна бир суҳбатдошим, фахрий устоз Фарида опа Ҳусниддинова. – Илгарилари суннат қилинаётган болага уккили дўппи кийдириб қўйишар, тенгдошлари ичида ана шуниси билан ажралиб турарди. Никоҳ ўқитилаётганда, тўй кечасида ҳам йигитларнинг бошидан гармдор гулли дўппи тушмасди. Бувимларнинг айтишича, никоҳ ўқилган келин-куёв, жуда бўлмаганда, қирқ кунгача ялангбош бўлмасликлари керак. 

– Кейинги пайтда Ғарб мафкураси таъсирида кийиниш маданиятида ҳам Европага тақлид кучайиб бораётгандек, назаримда, – дейди Қозоғистон Республикаси “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳошимжонов. – Айниқса, ёшларимизнинг ҳам ушбу “касалга” чалинаётгани хавотирли ҳолатдир. Кўпинча улар ўзимизнинг миллий қадриятларимизни ифодалайдиган либосларимиздан юз ўгирмоқдалар. Тўғри, дунёда содир бўлаётган ўзгаришлардан, тараққиётдан орқада қолиб кетмаслигимиз керак. Лекин ҳар қандай янгиланишни, ўзгаришларнинг моҳиятини тушунмасдан, уларда кўзланган ғоя ва мақсадларни билмасдан туриб, кўр-кўрона тақлид қилиш ҳам яхшиликка олиб бормайди. 

– Ёшларнинг кийинишидаги баъзи бир нуқсонларга оммавий ахборот воситалари ҳамда улар орқали юритилаётган Европача мафкурани асосий сабаб қилиб кўрсатишим мумкин. Тўғри, тараққиётдан воз кечолмаймиз, аммо жимгина бу ҳолатнинг томошабини ҳам бўлолмаймиз. Ёшларнинг кийимидаги дидсизлик, одобсизлик иллатларини бартараф этишда буви ва бувалар, ота-оналар, устоз-муаллимларнинг саъй-ҳаракатлари, панд-насиҳатлари, шахсий ибрати катта аҳамиятга эга. Лекин жамиятда “оммавий маданият” тушунчасига бепарволик ва лоқайдлик ҳолатлари учраб туради. Кўпинча мазкур тарбияга жавобгар шахсларнинг ўзи: “ҳа, энди ёшлар замонига қараб кийинади-да”, деган гапни айтади. Бундан кўра қиз-келинларимизга, ўғил болаларга миллий либослар ҳақида кенгроқ тушунча берсак, миллий маънавиятимиз, қадриятларимиз, урф-одатларимизни уларнинг шуурига сингдириб борсак, фарзандларимизнинг ҳеч бўлмаса тўй ва байрамларда, Ҳайит ва маъракаларда муносиб кийинишини йўлга қўйсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди, – дейди “Жанубий Қозоғистон” газетаси бош муҳаррири Алишер Сотволдиев.

– Баъзи ёшлар байрам тадбирлари ўтиладиган жойларга футболка, шортик ҳамда шу каби кийимларда келишади.Ваҳоланки, ҳар бир байрам ёки тадбирнинг бирор мақсади бўлганидек, бундай жойларга юқорида таъкидланган либосларда боришни, аввало, шахснинг ўзига нисбатан ҳурматсизлиги, қолаверса, кўпчиликка нисбатан одобсизлиги деб биламан, – дейди собиқ ишлаб чиқариш устаси Абдулла Зокиров. – Шундай экан, ҳамюртларимга мурожаатим: шанба куни вилоят ўзбеклари байрамига ҳамма миллий либосда келса, нур устига нур бўлар эди. Аёл ва қизларимиз атлас-адрасларда, эркаклар беқасам ёки зар чопонда бошида дўппи билан ғоз юришса...Ўзбеклигимизни, ўзлигимизни кўз-кўз этиб, минг асрлик тарихга эга маънавиятимизни тарғиб қилсак. 

Дарҳақиқат, миллий либослар – ғуруримиз, фахримиз, маънавий бойлигимиз, уларни эъзозлаб, эгнимизга кияр эканмиз, қалбимизни қувонч, бахт, шодлик туйғулари чулғаб олади. 

Саодат МЎМИНБОЙ қизи., 2018-09-20, 10:56 1275
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.