26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Тоғдай буюк...

Бадиа

Одамзод яралиб, оила қуриб, яшашга одатлангандан бери отага ўзгача ҳурмат билан қараш қонга сингдирилган. Отанинг ўрни ҳамиша баландда, дастурхоннинг тўрида бўлган. Чунки, волидаларимиз қадрини туширмай ва бир лаҳзага унутмаган ҳолда айтадиган бўлсак, оталар – мустаҳкам қўрғонларимиз, суянган тоғларимиздир. Бу ҳақда қанча аллома-ю мутафаккирларнинг ўгитлари, панд-насиҳатлари маълум.

Зеро, отани қанча мадҳ этсак, унга қасидалар битсак, тараннум айласак, арзийди. Аммо, афсуски, гоҳ-гоҳ бўлса-да, отасидан нолийдиган кимсалар ҳам учраб туради. Ваҳоланки, шоир ёзади:

Отангдан хато излама,

Айбини айтиб сўзлама.

Ёмонлаб уни сен ўзинг,

Яхши бўлишни кўзлама,

Отангда кўрма камчилик,

Отангдир чинор, сен – чивиқ.

Кўкларга етиб, ибрат ол,

Бўйида изла кенгчилик...

Йиллар ўтган сари авлод-аждодларингнинг эл орасида қандай мавқега, обрў ва эътиборга эга бўлишганини яқиндан билгинг, уларнинг умр йўлини теранроқ ўргангинг, ҳаётлигида айтган сўзлари ва насиҳатларини яна бир бор эслагинг, мағзини чаққинг, мушоҳада юритиб, хулоса чиқаргинг келади ва қизиқишинг тобора ортиб бораверади. Зеро, йўқотганларингни идрок этибгина, борингга шукур қилишинг мумкин. Бу – инсон табиатига хос нарса. 

Оилада ота бўлсин, она бўлсин, ҳар бирининг ўзига яраша ўрни бор. Одатда ўғил бола ҳақида гап кетганда “Отасига тортибди”, қиз тўғрисида “Онасига ўхшабди”, дейишади. Шундай пайтда ўғил ҳам, қиз ҳам бир қарич ўсади. Отанинг хислатлари ўғилда намоён бўлади, деб айтилган фикр жуда тўғри. Шахсан ўзим барча ижобий фазилатларим учун ота-онамдан миннатдорман. Болалик – ота-онамизнинг осмондек кенг бағрини, қуёш янглиғ иссиқ тафтини ҳис этиш давридир. У бир умр ёддан чиқмайди. Ҳар сафар шуни эсласам, қалбимни ширин хотиралар чулғаб олади...

Ҳар қандай инсон мактаб ёшига етиб, эсини таний бошлагач, ҳаётнинг маъносини англашга интилади. Назаримда, бизнинг авлод вакилларига телевизордан бериладиган дастурлар, концертлар ва кўнгилочар кўрсатувларнинг таъсири катта бўлган. Айниқса, “зангори экран”да намойиш этилган кинофильмлар қаҳрамонларига тақлид қилиш оммалашган эди. “Қилич ва қалқон” ёки “Гаровга тикилган ҳаёт”, “Тўрт танкчи ва бир ит”, “Капитан Тенкеш” каби фильмларнинг қаҳрамонлари – Иоган Вайс ва Клосс, можар Тенкеш каби довюрак, жасур бўлиш орзусида вояга етдик. Уларга ўхшадикми, йўқми, буниси қоронғу. Аммо баъзан характеримни бобомникига ўхшатишганида ҳайрон бўламан, чунки, барибир, асосий хусусиятларим отамники экани аниқ.

***

Дадам оилада беш қизнинг орасида ёлғиз вояга етган экан. Косиб бувамиз Мўминжон ота ва “машинакаш”, яъни тикувчи бувимиз Бўстон ая ўғил кўриш илинжида Туркистонга бориб, Ҳазрат Аҳмад Яссавий мақбараси пойида Яратгандан илтижо қилишганини кўп бор эшитганман. Падаримиз исмининг Аҳмаджон деб қўйилиши ҳам бежиз бўлмаган.

Ўтган асрнинг 30-йилларида юз берган очарчилик пайтида энди тетапоя қила бошлаган гўдакнинг ҳаёти бир неча бор тақдир таҳликаларидан омон қолган экан. Бу оғир йиллар синовлари биз учун бебаҳо ёдгорлик бўлиб қолган, бузрукворимизнинг ўз умр йўли ҳақидаги кундалик дафтарида батафсил тасвирланган. Бир неча йил муқаддам бу эсдаликлар унинг замондошлари, сафдошлари, ҳамкасабалари, шогирдларининг хотиралари билан жамланиб, “Эътиқод майдонида” номи билан китобча ҳолида чоп этилганди. Китобчанинг нима учун шундай номланишининг эса ўз сабаби бор. Отамизнинг ҳаёти эътиқодга садоқат намунаси бўлган, зеро, у умрининг сўнгги кунларигача танлаган маслаги – коммунистик ғояларга содиқ яшади.

Динга дахлдорлик таъқиб остига олинган, атеизм мафкураси авж олган ўша даврда коммунист бўла туриб, имонини сақлаган инсонлар кам эди. Ақлимни таниб, оқ-қорани ажратишни ўрганганимда англаганим, дадам коммунист эсалар-да, ҳар пайшанба уйда Қуръон тиловатини канда қилмаган, ҳайит кунлари қабристонга бориб, ўтганлар руҳига бағишлаб оятлар ўқиган... Ўша йилларда коммунистларнинг жанозаларда иштирок этиши тақиқланганини ҳам биламиз. Нечоғли оғир бўлмасин, ёшлигидан қийинчилик кўриб, ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб вояга етган отамнинг имондан айрилмагани ҳақиқат. 

Назаримда, дадамнинг шахс сифатида шаклланишига ҳарбий хизматда кўрган-кечиргани, ўргангани таъсир қилган. Ахир, 1944-1950 йилларда ҳарбийда ўтган 6 йил озмунчами? Ҳаёт тарзининг, таъбир жоиз бўлса, ҳарбий интизом қоидаларига бўйсундирилиши ҳам бежиз эмасди. Унинг ҳар доим гавдасини тик тутиб, шахдам одимлаши, берилган топшириқни ҳеч қачон муҳокама қилмай бажариши, бошқалардан ҳам шуни талаб этиши, галифе шим ва ғарчиллама хром этикда юриши бунинг далилидир.

1944 йили ҳарбийга чақирилганида дастлаб Семейдаги захирадаги полклардан бирида жанговар тайёргарликдан ўтади. Қаҳратон қишда ертўлаларда яшаган, ейиш-ичиши ночор бўлган аскарлар оёқ-қўли, бурни, юзи ва бошқа тана аъзоларини совуққа олдириб, роса абгор бўлишган экан...

Ғалаба кунини Берлинда қарши олади ва урушдан сўнг Москва шаҳрида хизмат бурчини ўтаётган намунали жангчи сифатида фирқа сафига қабулланади. Олти маротаба Қизил майдондаги ҳарбий намойишларда иштирок этади. Жанговар тайёргарликда эришган ютуқлари учун ўша пайтда икки марта она қишлоғига таътилга ҳам келиб кетган экан. 

Улуғ Ватан урушидан қайтган аскарларнинг қалбидан нималар кечганини ҳеч ҳис этганмисиз? Бу авлод – ғолиблар авлоди эди! Улар жасорат ва мардлик тимсоли, ҳар жабҳада ўзларининг ғолиб бўлишига ишонган довюрак ва ёвқур шахслар эдилар. Аммо урушдан кейин ҳаёт бирдан изга тушиб кетмаган, ҳатто 50-йилларнинг аввали ҳам оғир келган. Халқнинг турмуши танг, уруш асоратлари ҳали барҳам топмаган. Аксари одамларнинг соғлиги ночор эди. Ўша йиллари бувимиз саратон хасталигига чалинади. Дадамиз кун-тун демай, уни касалхонама-касалхона олиб юриб, даволатади, парвариш қилиб, ҳаётга қайтаради.

Ҳарбийдан қайтгач, дастлаб колхоз бригадасида табелчи-ҳисобчи, сўнг бригадир лавозимларида ишлайди. Ёш мутахассиснинг илмга чанқоқлигини колхоз раҳбарлари ҳам пайқашади. Уларнинг тавсияси билан совет-партия мактабида, кейинчалик агрономлик курсида таҳсил олади.

Шу йиллари қишлоқдаги ҳунар-техника билим юртида фаолият юритиб, бой тажриба тўплайди. Кейинчалик, юқори ташкилот раҳбарлари эътиборига тушиб, туман фирқа қўмитасига ишга чақирилади, 13 йил мобайнида Сайрам туманининг маркази – Оқсувкент қишлоғига қатнаб, туман фирқа қўмитасининг йўриқчиси лавозимида меҳнат қилади.

Болалигимда эсда қолган хотиралардан бири – унинг тонг отмай, ишга кетаётгандаги қиёфаси. Оддий, лекин юксак дид билан кийинардилар. Оқ кўйлак тоза ювилган, галифе шим дазмолланган, оёқ кийим – хром этик ялтиратиб мойланган. Ишдан қайтганида ҳар куни, албатта, уст-бошини тозалатар, кийимларини чўткалатарди. Бу тартиб ҳеч қачон, ҳатто у ишдан ҳориб-чарчаб келганида ёки бетоб бўлганида ҳам ўзгармаган. 

Дадам жуда барвақт, саҳармардондан ишга отланар ва ҳар куни шу ҳолат такрорланарди. Бекатда автобус пойлаб, Чимкентга борилар, сўнг, Оқсувкентга қараб яна шунча юриларди. Фарқи йўқ: қаҳратон қишми, жазирама ёзми, ёмғирли кўкламми ёки салқин кузми. Бу ҳол шундай одатга айланган эдики, ҳатто автобусларнинг қатнаш жадвалини ҳам ёдга биларди.

***

1977 йили у Сайрамга қўшни Қоратепа қишлоқ кенгашининг раиси этиб тайинланди. Ташкилотчилик, раҳбарлик қобилияти ўша йилларда тўла-тўкис намоён бўлди. У озодалик, тозалик ва саришталикни ёқтирарди. Ҳашарлар уюштирилиб, қишлоқ кенгаши жойлашган ҳудуд қисқа муддатда ободонлаштирилади. 

Шўролар ҳукумати даврида кўзбўямачилик ва сохталаштириш каби иллатлар бўй кўрсатгани ҳам маълум. Айниқса, 70-йиллар охири, 80-йиллар бошида қўшиб ёзиш авж олди. Юқори давлат органлари томонидан ноқонуний равишда берилган давлат режаси учун қишлоқ меҳнаткашлари ҳисобидан гўшт топширишга кўп куч сарф этилди. Ва ҳар сафар бундай ҳолда бўлганидек, гўё ноқонуний ишга бош-қош бўлган маҳаллий ҳокимият вакилининг жавоб беришига тўғри келди. Мутасаддилар ноҳақ қарор чиқариб, уни вазифасидан озод этишди. 

Отам бирмунча муддат Сайрам таъмирлаш-механика заводида меҳнат қилди. Пенсия ёшига етгач, маҳаллада жамоат ишларида банд бўлди. Айниқса, Сайрам қишлоғининг “Артель” мавзесини газлаштириш борасидаги ишларда жонбозлик кўрсатган. Маҳалла аҳлини жипслаштиришда, уларнинг муаммоларини мутасадди ташкилотларга етказиш ва ўз вақтида ҳал эттиришда хизматлари катта бўлди. Буни маҳалладошларимиз ҳали-ҳануз эслаб туришади.

***

Ҳар йили янги ўқув йили арафасида кийим-бош олиш учун, албатта, бирга Чимкентга тушардик. Дадамиз биз – фарзандлар билан маданий дам олишга алоҳида кўнгил бўларди. Ёдимда, 70-йилларнинг боши эди. У бизни: акам, мен ва укамни шаҳардаги “Родина” кинотеатрига олиб борди. Ўшанда Юрий Озеровнинг “Халоскорлик” бадиий фильмини томоша қилганимиз ҳамон ёдимда.

Ўзи олий маълумот соҳиби бўлмаса-да, бизнинг олийгоҳларда билим олишимизга астойдил ҳаракат қилиб, қўлидан келганини аямади. Опаларим ва акам, укаларим институт талабалари бўлганида кўзига ёш олиб, болалардек қувонгани ҳамон кўз ўнгимда.

Дадамиз қаттиққўл кўрингани билан дилкаш инсон эдилар. Кўнглига ёққан кишилар билан узоқ суҳбатлашар, ўрни билан ҳазил-мутойиба қиларди. Баъзан асаби бузилиб, жаҳли чиқса-да, қўполлик қилмасди. 

Уйимизнинг тўрида доим дутор осиғлиқ турган. Дадамиз моҳирлик билан дутор чалиб, қўшиқни ҳам ажабтовур хиргойи қиларди. Хонадонга бирорта меҳмон келиб қолса ёки таваллуд кунларида, албатта, куй-қўшиқ янграр, завқ олган меҳмонлар рақсга ҳам тушарди.

Айтишларича, катта бобомиз Нормат ноғорачи бўлган экан. Дадамиздаги истеъдод аждодлардан ўтган бўлса, ажабмас. Ёшликдаги ҳавас ва қизиқиш туфайли, орадан йиллар ўтиб, у катта санъаткорлар билан учрашиш бахтига муяссар бўлади. Қизиқиш туфайли Улуғ Ватан уруши йилларида Тошкент шаҳридаги филармонияда бирмунча муддат фаолият кўрсатади. Ўша даврда Берта Давидова, Муҳаммаджон Мирзаев, Тамарахоним ва бошқа атоқли санъаткорлар билан мулоқот қилади. Афсуски, моддий қийинчилик ва оилавий шароит туфайли санъат йўлини тарк этишга мажбур бўлган. Ўша пайтда Тошкентдек шаҳри азимда эндигина 17 ёшга тўлган ўспиринга яшаши учун на бошпана, на қўлловчи бирон киши бўлган.

***

Томорқа хўжалигимиздаги боғ каттагина эди. Кўча бўйига турнақатор қилиб экилган олхўри кўчатларига ўтган-кетганлар доим ҳавас қилишарди. Кузда улар ҳосилга кирганида мактабга қатнайдиган болалар, айниқса, олхўрига тўйиб, маза қилишарди. Баъзи йиллари томорқада пишган олма ҳосилини тайёрлов идораларига ўтказганмиз. Эрта баҳор ва кузда мевали дарахтларни буташ, уларга ишлов беришни эринмасдан бизга ўргатган.

Уруш йилларида машҳур бўлган халқ қўшиқлари матнининг дадамиз дастхати билан ёзилган нусхаси ҳануз сақланмоқда. Ҳаётлигида уни қўз қорачиғидек асраб, жуда эҳтиёт қилган. Ҳозирги кунда бу дафтар “Сайрам” музейида. Дарвоқе, бу жойда Улуғ Ватан уруши фахрийларига бағишлаб ишланган стендда отамизнинг ҳаётига оид ҳужжатлар, фотосуратлар жамланган. 

1990 йилнинг бошида, аниқроғи қиш кунларида хаста бўлишига қарамай, у бир неча қўшиқларни магнит тасмасига ёздирганди. Уларни ҳар сафар тинглаганимда юрагимни ҳаяжон ҳисси қамраб олади. Халқ орасида аллақачондан бери севиб айтиладиган бу мумтоз қўшиқларни такрор ва такрор тинглаганимда яшаш, ҳаётдан завқланиш нақадар буюк бахт эканини англайман. Отамнинг дутори эса оиламиз учун энг ардоқли ва ноёб буюм сифатида кўз қорачиғидек асралмоқда.

Отангдек баланд тоғ борми,

Сиймоси яқин тортарми?.

Гоҳида сўзсиз термулса,

Қалбингда меҳринг ортарми?

Отанг-ла элга тенглашдинг,

Ғам, ташвиш келса кенгашдинг.

Маъноли сўзи руҳ бериб,

Маррага етиб, мингашдинг.

***

Ота-она тўғрисида ёзиш осон эмас. Ёзганимни қайта-қайта ўқийман, тўғирлайман, хотираларни тиклайман... Матн сайқаллашгани сари баҳри-дилим очилади, юрагимга илиқлик, нур оқиб киради... ва бунинг сабабини англагандек бўламан.

Зокиржон МЎМИНЖОНОВ, 2018-09-25, 11:00 750
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.