26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Азим дарахт томирларимиз

 Урф-одат ва анъаналар – маънавий яқинлик рамзи 

Ўзбек ва қозоқ халқларининг қанчалик яқинлигини таърифламоқчи бўлган киши “тили бир, дини бир, дили бир, қони бир, жони бир, бозори бир, мозори бир халқ”, деса, ажабланманг. Чунки, бу халқларнинг қардошлигига бундан бошқа таъриф ожизлик қилади. Қозоқ ва ўзбек халқларининг урф-одатлари ҳам бир-бирига ўхшаш. Уларда маънавий яқин икки халқнинг турмуш тарзи, миллий ўзига хослиги, анъаналари аксини топган. Ўтмишдан бизнинг замонимизгача етиб келган анъаналардан бири – меҳмондўстлик бўлиб, у умуминсоний меъёрларни белгилаб, маданиятли жамиятнинг рамзига ҳам айланди. Меҳмон келса қозоқлар қўй гўштидан миллий таом – бешбармоқ тайёрлашади, ўзбекларда эса дастурхонга палов тортилади. Икки халқда ҳам каттани ҳурмат қилиш эзгу фазилат саналади. Илгарилари сафарга чиққан йўловчи истаган қишлоқда тўхтаб, истаган уйда меҳмон бўлишига ишонган. Меҳмонни рисоладагидай кутиб олмаслик, оила, қишлоқ, авлодга иснод ҳисобланган. Урф-одат ҳатто душманни ҳам нон ва туз билан кутиб олишни кўзлаган. Икки халқда ҳам “Меҳмон – отангдек улуғ” деган мақол бор. Меҳмондўстлик қонунлари ҳозирги кунда ҳам сақланиб қолган. 

Меҳмон келса уй соҳиби билан қўл бериб, соҳибасига эса ўнг қўлини кўксига қўйиб саломлашади. Қадимий урф-одатларга кўра аёллар ва эркаклар алоҳида дастурхонларга таклиф этилади. Лекин ҳозир бу одат фақат қишлоқларда сақланиб қолган. Меҳмонлар дастурхонга ўтиргач, фотиҳа қилинади. Меҳмондўст уйга эзгу тилаклар билдирилади. 

Ўзбек ва қозоқ халқларининг тушовкесди, бешик тўйи, Наврўз байрами ва никоҳ тўйлари ҳам бир-бирига ўхшаш. Қозоқ халқида никоҳ тўйларининг ўзига хослиги шундаки, улар қариндошга, етти авлодгача қиз бериб, қиз олмайди, етти авлоддан кейинги етти отасини сўраб суриштиради. Бу соғлом авлоднинг дунёга келиши ва миллатнинг гуллаб-яшнашини таъминлайди. 

Ўзбек тўйларининг ўзига хослиги шундаки, улар фотиҳа тўйидан бошланиб, нон синдириш, никоҳ тўй, келин салом, қуда чақириққа уланиб кетади.

Қондошлик ва биродарлик ришталари мустаҳкам 

Адабиётимиз, халқ оғзаки ижоди, фольклоримиз ҳам бир-бирига ўхшаш. Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев бу икки халқнинг дўстлигини таърифлаб, шундай дейди: “Туркий халқлар бир илдиздан ўсиб чиққан азим дарахтга ўхшайди. Шу дарахтнинг ер юзига кенг соя берадиган икки йирик шохларидан бири қозоқ халқи бўлса, иккинчиси ўзбек халқидир. Бир теран томирдан сув ичган икки халқнинг кенг ва чуқур маъноли маданияти, урф-одатлари, қадриятлари бир-бирига туташ, ўзаро ҳамоҳанг ва уйғун. Қардошлик ва биродарлик ришталари эса асрлар оша қондошлик, қуда-андаликка уланиб кетган”.

“Алпомиш” достонининг ўзбекча ва қозоқча талқинлари эътиборга молик. Уларда мардлик, матонат, бағрикенглик, ватанпарварлик туйғулари мадҳ этилган.. 

2018 йилнинг Қозоғистон Республикасида Ўзбекистон йили деб эълон қилиниши улкан тарихий воқеадир. Бу Қозоғистон давлатининг, қардош халқнинг ўзбек халқига ҳурмат-эҳтироми рамзидир. 2018 йил давомида Қозоғистонда Ўзбекистон деган сўз баланд пардаларда куйланади, мадҳ этилади.

Икки эл раҳбарлари ташаббуси билан Қозоғистонда “2018 йил – Ўзбекистон йили”, Ўзбекистонда “2019 йил – Қозоғистон йили” деб эълон қилинди. Шу муносабат билан маданият, санъат, адабиёт соҳаларида ўнлаб маданий-маърифий тадбирлар, хайрли ишлар уюштирилиб, улар газетамизда кенг ёритилмоқда. Чунончи, Астанада ўзбек ҳунармандларининг 400дан зиёд маҳсулотини акс эттирган кўргазма намойиш этилди. Қозоғистон пойтахтида Ўзбекистон йилига бағишланган тантанали маросим – катта концерт дастури ўзбек маданияти ва санъатининг нақадар бой ва бетакрорлигини тараннум этгани ҳам ёдимизда.

Санъат – тинчлик элчиси

Дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланишида адабиётнинг ўрни беқиёс. Алматида Ўзбек адабиёти кунлари доирасидаги адиблар билан учрашувлар, ижодий мулоқотларда икки халқ қаламкашлари ўзаро фикр алмашиб, адабий жараёнлардан баҳраманд бўлишди.

 2018 йилнинг иккинчи чорагида Ўзбек Миллий академик театри ижодкорлари Шимкент шаҳрига ташриф буюришди. Астанада “Ўзбек аёллар миллий либослари ва халқ амалий санъати кўргазмаси” ҳамда “2018 йил – Қозоғистонда Ўзбекистон йили” китоблар кўргазмаси ташкил этилди. 

Туркистон шаҳрида ўтказиладиган “Фольклор жамоалари экспедицияси” асрлар давомида сайқал топиб келаётган миллий анъана ва қадриятларимизни тўлақонли ифодалаш имконини беради. Вазирлик маълумотларига кўра, йил давомида икки давлат вакилларининг тасвирий санъат соҳасидаги халқаро кўргазмалари, конференциялари, семинарлари, қизиқарли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган. Жаҳон мутолаа конгрессида ўзбек адибларининг, “Астананинг маданий қиёфаси” халқаро илмий-амалий конференциясида икки эл олимларининг, “Астана 2018 – Евроосиёнинг китобхонлик пойтахти” халқаро фестивалида ўзбек ва қозоқ кутубхонашуносларининг қатнашиши белгиланган.

Тараз, Шимкент, Қизилўрда, Туркистон шаҳарларида ўзбек киноси кунлари, “Замонавий Ўзбекистон” номли қозоқ ижодкорлари фотокўргазмаси, Ўзбекистон тасвирий санъати асарлари кўргазмаси ҳамда Туркистон, Қизилўрда ва Сариоғоч шаҳарларида Ўзбекистон бадиий жамоалари ва эстрада вакиллари иштирокида концерт дастурлари намойиш этилади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги маълумотларига кўра, яқин кунларда Тошкент шаҳрида машҳур қозоқ рассоми Батухан Байменнинг шахсий кўргазмаси, Тошкент шаҳри ва Андижон вилоятида “Ўзбекистонда Алмати вилояти кунлари”, “Атлас байрами” Халқаро тўқимачилик фестивали ўтказилади. Академик чолғулари, эстрада ва анъанавий ижрочилик бўйича “Истеъдод” II халқаро танлови, Кўп овозли халқ чолғулари ансамбль ва оркестрларининг “Наврўз садолари” номли IV халқаро фестивалида ҳамда халқаро “Мақом санъати” анжумани каби тадбирларда Қозоғистондан вакиллар ва ижодкорлар ҳам қатнашади. 

Ғафур Ғулом таъбири билан айтганда: “Бир денгизга туташган дарёлардан сув ичиб, олис мозийдан бугунги кунгача дўст-қадрдон бўлиб яшаётган ўзбек ва қозоқ халқи” биродарлик алоқаларининг янада мустаҳкамланишида Қозоғистонда Ўзбекистон йили доирасида ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар, Ўзбекистонга Қозоғистон маданият аҳлининг ташрифлари янада кўпроқ аҳамият касб этади. 

М. ЭЛТОЕВА, 2018-09-25, 11:07 170
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.