26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Туркистондаги тўй довруғи етти иқлимга таралди

22 сентябрь, шанба куни саҳардан шаҳардаги Есимхан номли бош майдонга етиб келдим. Фаолларимиз – Баҳодир Ирисметов, Тойир Абдувалиев, Файзулла Мирзаҳмедов, Тўлқин Саидмуродов, Райимжон Қўчқоров, Ҳусан Убайдуллаев, Замир Муҳаммаджонов, Муҳаббат Ибрагимова, Дилдор Ҳабибова, Нуриддин Мўлдабоевлар билан кўришиб, байрам билан муборакбод этдик. 

Газетамиз саҳифаларида кўп маротаба тайёргарлик ишлари ёритилган, Элбошимиз Н. Назарбаев раҳбарлигидаги Қозоғистон халқи Ассамблеяси таркибидаги Б. Нишонқулов етакчилик қилаётган Туркистон вилоят ҳамда Туркистон шаҳар (Б. Ирисметов) ўзбек этномаданият бирлашмаси ташкилотчилигида Туркистон шаҳрида «Туркистон – туркий халқларнинг маънавий маркази» мавзуида Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари байрами халқаро миқёсда нишонланди. 

Дастлаб вилоят ҳокимлиги биносида Туркистон вилояти ҳокими Жансейит Туймебаев Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари кунига бағишланган байрам доирасида Ўзбекистон Республикасидан келган делегация вакиллари билан учрашди. Улар сафида ҚР Парламенти Мажлиси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари, қўшни давлат Вазирлар маҳкамасининг Халқаро алоқалар ва хориж давлатлари билан дўстлик муносабатлари идораси аъзолари, зиёли қавм вакиллари, ҚР Ш. Шаяхметов номидаги миллий илмий-амалий марказ етакчиси, вилоят Қозоғистон халқи Ассамблеяси вакиллари ҳамда ўзбек этномаданият бирлашмаси аъзолари бор.

Учрашувда дастлаб сўз олган вилоят ҳокими Жансейит Қансейитули Ўзбекистондан келган меҳмонларга икки қардош эл ўртасидаги маънавий, маданий, иқтисодий алоқалар қандай ривожланаётгани ҳақида гапириб берди.

– Қадимдан туғишган қозоқ ва ўзбек халқлари Туронни макон тутиб, қийинчиликни ҳам, қувончни ҳам бирга баҳам кўрди. Бизнинг тарихимиз ҳам, орзу-истакларимиз ҳам муштарак. Қардошлигимиз тил билан томир отиб, анъаналаримиз билан давом этмоқда, урф-одатларимизга мос йўғрилмоқда. Қардош ўзбек халқи нафақат чегарадош қўшнимиз, балки жигаримиздай туғишган халқ. Барчангизга маълум, сўнгги 1,5 йил мобайнида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида дўстлик муносабатлари мустаҳкамланиб, янги даражага кўтарилди. Темир йўл орқали ташув 44 фоизга ортиб, товар айланмаси 2 миллиард долларга етди. Мустақиллик йилларида эгиз давлатлар раҳбарлари кўплаб учрашувлар ўтказиб, қардошликнинг бебаҳо намунасини, қўшничилик муносабатларининг мустаҳкамлигини исботлашди. Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш Сиз ва бизга юклатилган энг бош вазифа. Бу борада келгусида ҳамкорликда амалга оширадиган тадбирларимиз етарли деб ўйлайман, – деди Жансейит Туймебаев.

Ўзбекистондан келган делегация номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг собиқ депутати Ойгул Маматова вилоят раҳбариятига ўзбек халқининг миллий қадриятларини тарғиб этишга бағишланган улкан тадбирни ўтказаётгани учун миннатдорчилик билдирди. 

ҚР ўзбеклари «Дўстлик» ҳамжамияти раиси И. Ҳошимжонов Ж. Туймебаевга тантанали равишда «Жамоат фахрийси» кўкрак нишонини топширди. 

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси маслаҳатчиси Темур Раҳимов, ёзувчи Боқий Мирзо миннатдорчилик билдириб, ўзбек удумига кўра вилоят ҳокимига чопон кийдириб, китоблар тақдим этишди. Сенатор А. Қуртаев ўзбекистонлик меҳмонларни муборакбод этиб, байрам самарали ўтишига ишонч билдирди. 

Вилоят ҳокими Ж. Туймебаев, Туркистон шаҳри ҳокими А. Ўсербаевлар ҳамроҳлигида меҳмонлар Арбат майдонидаги кўргазма билан танишдилар. Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, «Ижодкор» адабий бирлашмаси раиси А. Пратов қозоқ ва ўзбек адабиётлари ҳамкорлигини акс эттирувчи китоб жавонидаги маънавият дунёси билан таништирди. Қарноқлик ижодкор Долимжон Сайфуллаев таниқли ёзувчи Марҳабат Байғутнинг китобини ўзбек тилига ўгириб, «Мосуво журноқ» тўпламини нашрдан чиқарибди. Шу ой охирларида китобнинг тақдимот маросими Қарноқда ўтади. Доимий обуначиларимиз сувноқлик Иқбол Абишев ва қорачиқлик Шуҳрат Набиевларнинг мебель намуналари билан вилоят ҳокими синчковлик билан танишди. Туркистон ҳокими А. Ўсербаев ҳар бир тадбиркор ҳақида изоҳ бериб борди. Эски Иқон қишлоқ ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси, 23-сонли коллеж директори Эркин Имомалиев раҳбарлигидаги иқонлик пазандалар, чеварлар кўргазмаси ҳам кўпчиликка манзур бўлди. Қарноқ қишлоғининг файзли кўргазмасини Файзулла Мирзаҳмедов фахр билан кўпчиликка намойиш этди. Барча меҳмонлар ҳам, мезбонлар ҳам хуш кайфиятда. Чарақлаб турган кузнинг сахий қуёши ўзбек халқининг асосий касби – деҳқончиликнинг рамзи сифатида дилларга сурур бағишлайди. Есимхан майдонидаги қўллари кўксида, ўзбекона лутф кўрсатиб турган миллий кийимдаги ўқувчилардан иборат «жонли даҳлиз»дан ўтиб, Есимхан майдонида тантананинг бошланишини муштоқлик билан кутаётган мингдан зиёд томошабинлар олдида халқаро тадбирни Туркистон вилояти ҳокими Ж. Туймебаев самимий ва дўстона кириш нутқи билан очди. 

– Туркистон вилоятидаги 2 миллионга яқин аҳолининг 16 фоизини ўзбек этноси вакиллари ташкил этади. Вилоят ҳудудида 14та мактаб ўзбек тилида таълим берса, 130дан зиёд мактабда ўзбек тилидаги синфлар мавжуд. Бундан ташқари, вилоят ўзбек драма театри ҳамда қатор нашрлар фаолият юритади. Шу жиҳатдан элимиз Конституциямизда кўрсатилган вазифаларни тўлақонли амалга ошириб келади. Давлат раҳбари Нурсултан Абишули Назарбаев: “Бирлик, тотувлик, сабрлилик ва фаросатлилик, биринчи навбатда ўзимизга керак. Бирлигимиз бўлса, биз бир-биримизни қадрлаймиз. Бунгача шундай бўлиб келган, бундан кейин ҳам шундай бўлиши керак”, деган эди. Бирликнинг қадрини билиш, уни чуқур ҳис этиш, англаш сиз ва бизга юкланган катта вазифа эканини тушунишимиз керак. Барчангизга омад, оилаларингизга тинчлик, барака тилайман, – деди Жансейит Туймебаев.

Элбошимиз Н. Назарбаевнинг 2018 йил 19 июндаги тарихий фармонига биноан Туркистон вилояти ташкил этилиб, Туркистон шаҳри унинг маркази этиб белгиланди. Бир йил муқаддам худди шу майдонда Наврўзи олам куни туркий халқлар маданий пойтахти мақомидаги шаҳарда жаҳоннинг турли давлатлари вакиллари туркийлар маданиятини намойиш этишган эди. Мана, туркийлар карвонидаги муҳим бўғин – ўзбек миллатининг тили, маданияти, урф-одатлари анжумани ўтган йилги ТУРКСОЙ тадбирининг тадрижий давоми сифатида тантанали бошланди. 

Вилоят ҳокими Ж. Туймебаев турли туркий тилларни яхши ўзлаштиргани учун анжуман аҳлини қозоқ ҳамда турк ва ўзбек тилларида баравар муборакбод этди. Айниқса у: «Байрам муборак, хуш келибсизлар, азизлар!» каломини ўзбекча талаффуз этганида меҳмонлар билан гавжум кенг майдон олқиш ва гулдурос қарсакларга кўмилди. 

«Дўстлик» ҳамжамияти раиси И. Ҳошимжонов анжуман аҳлини муборакбод этиб, сенатор А. Қуртаев, вилоят маслаҳати котиби Қ. Балабиев, жамоат арбоблари Ў. Рахманбердиев, Ш. Мирзахметов, Ж. Мауленқулов ҳамда Ўзбекистондан анжуманга мумтоз қўшиқларини армуғон этиш учун келган машҳур хонандалар Ғ. Бойтоев, Г. Мамазоитоваларни «Жамоат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирлади. 

Вилоят маслаҳати депутати, вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси, тадбир ташкилотчиси ва бош ҳомийси Б. Нишонқулов минбарга кўтарилиб, барчани байрам билан муборакбод этгач, вилоят оқсоқоллар кенгаши раиси Ж. Азретбергенов, арман этномаданият бирлашмаси вакили К. Мовсесян, фаол жамоатчи депутат Д. Абиш, ёзувчи Қ. Ергўбекларни "Жамоат фидойиси" кўкрак нишони билан тақдирлади. Худди шундай юксак мукофотга доимий обуначиларимиз: Туркистон шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Б. Ирисметов, вилоят хотин-қизлар кенгаши раисаси ўринбосари Д. Ҳабибова, қорабулоқлик меҳнат фахрийси Ҳ. Давронбеков, олим Н. Алметов ва бошқалар ҳам ноил бўлишди. 

Қозоқ халқининг дўмбираси билан ўзбек халқининг дутори эгиз. Ҳар бири эт билан тирноқдек ажралмас бўлиб кетган халқларнинг мунги ва қувончи нафис кўҳна асбоблар орқали ифодаланади. 

Есимхан майдонидаги баланд саҳнада маданият бобида барчага ўрнак қадим Қарноқ қишлоғининг хонандаю созандалари – машҳур «Сўғдиёна» миллий чолғу асбоблар ансамбли (бадиий раҳбари Р. Бекеев), «Қарноқ - Дур - наво» миллий чолғу ансамбли (бадиий раҳбари Н. Ҳамидов), «Қарноқ» фольклор ансамбли (бадиий раҳбари Н. Жалолова) жамоалари санъатларидан баҳраманд этишди. Қозоғистоннинг жаҳонга машҳур композитори Н. Тлендиевнинг «Сары жайлау»ини Қарноқнинг моҳир санъаткорлари ўзбекча услубда қойилмақом ижро этганида барча ҳайрат ила қарсакларга кўмиб ташлади. Майдондаги барча, хусусан, қозоқ халқи зиёлилари ушбу ижронинг, санъатдаги муштаракликнинг моҳиятига тўғри тушуниб етишди. Майдон ёнида қарноқлик дорбоз Мамиржон Эргашев ўғли Дилзод Пўлатов билан кўҳна ўзбек санъатини намойиш этди. Фахрий устоз санъаткор Ў. Холиқбердиеванинг невараси, республика миқёсида қўбиз асбобида куй ижро этиш танлови ғолиби Ш. Холиқбердиева ҳам барчага маҳоратини намойиш этди. Ўзбекистонлик машҳур хонандалар Ғиёс Бойтоев, Гулсанам Мамазоитова, Дилфуза Исмияминоваларнинг концерт дастури ҳам барчага манзур бўлди. 

Меҳмонлар Ҳазрат Яссавий мақбараси зиёратидан сўнг «Давлат-1», «Давлат- 2», «Шоҳсарой», «Байтерек» тўйхоналарида байрам дастурхони устида гурунглашишди. 

Аввал хабар қилинганидек, шаҳардаги О. Жарилқапов номли ўйингоҳда Ўзбекистоннинг машҳур «Пахтакор» ва вилоятнинг «Ордабасы» фахрийлари футбол жамоалари дўстона учрашув ўтказдилар. Ўйингоҳда яқин бир неча йил ичида бунча кўп томошабин тўпланмаган эди. Футбол ишқибозлари орасида доимий муштарийларимиз – Солихон Йўлдошев, Эркин Қалимбетов, Ҳабибулла Азимов, Бахтиёр Баратов, Суннат Абдуллаев каби юзлаб ҳамшаҳарларимизни кўрганимда қалбим қувончга тўлди. Футбол ишқибозларини дўстона учрашув ҳомийси Б. Нишонқулов, Туркистон шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бўлими раҳбари Қ. Айдарбеков, СССР футбол терма жамоасида ўйнаган ўзбекистонлик фахрий футболчилар В. Солохо, М. Беляловлар қутлашди. "Биз фақат ўйин майдонида рақибмиз, кундалик ҳаётда дўст ва биродармиз", дейишди улар. 

Ўтган асрнинг машҳур футболчиси Биродар Абдураимовнинг ўғли Азамат Абдураимовнинг дўстона учрашувда рақиб дарвозасига бехато йўллаган тўпи учрашув натижасини ҳал қилди. Меҳмонлар мезбонлар устидан 1 - 0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Есимхан майдонида Қозоғистон ва Ўзбекистон саньат усталарининг концерт дастурини минглаб томошабинлар завқ билан томоша қилишди. 

Ҳазрат Яссавий шаҳри барчамизни, барча туркийларни ўз бағрида бирлаштириб, хайрли ишларга камарбаста бўлаверсин! 

Хуршид ШАРОПОВ, Эски Иқон маданият уйи директорининг ўринбосари: 

– Авваламбор ўзбек тили, маданияти ва анъаналари куни билан барча миллатдошларимни табриклайман. Байрам бу йил туркий халқларнинг маданий пойтахти аталмиш Туркистон шаҳрида чиройли нишонланмоқда. Ушбу байрам қозоқ–ўзбек ҳамдўстлигининг бардавом бўлишида муносиб ҳисса қўшади, деган умиддаман. Қанийди, бу каби тадбирлар йилига бир неча марта ўтказилса.

Менинг фикримча, ривожланиш битта шаҳарда бўлаверса, давлатнинг равнақ топиши тўхтаб қолади. Вилоят марказининг Шимкентдан Туркистонга кўчирилиши республикамизнинг катта ютуғи. Элбошимиз Н. Назарбаев айтганларидек, Туркистонимиз келажакда Хива, Бухоро, Самарқанд шаҳарлари каби рақобатбардош, дунё таниган туристик марказга айланади, деган умиддаман. Чунки, бу ернинг халқи жуда меҳнаткаш, туну кун тиниб-тинчимайди, қолаверса, ўта меҳмондўст.

Ирисқул АББОСОВ, Туркистон шаҳрининг фахрий фуқароси, ҚР маданият арбоби:

– Муқаддас шаҳар, Ясси номи билан машҳур бўлган қадим Турон замини аждодларимиздан бизга олтин мерос десак, муболаға бўлмайди. Шу кунгача уни кўз қорачиғидек асрадик, севдик, равнақ топишига маълум ҳиссамизни қўшдик. Бугун унинг вилоят марказига айланганидан бошим осмонга етди. Бунёд этилажак бинолар, қад кўтарилажак уйларни ҳозирдан тасаввур қиляпман. Туркистонимизни, эндиликда вилоятимиз марказини шу ерда дафн этилган барча ота-боболаримизнинг, Ҳазрат Яссавийнинг руҳлари қўллагай!

1995 йили Президентимиз томонидан маъқулланган ўзбек тили, маданияти ва анъаналари куни шу кунгача юқори даражада нишонланган. Деярли ҳар йили бу тантанада иштирок этаман. Жорий йили бу байрам илк бор Туркистон шаҳрида нишонланмоқда. Ёшларимизни бу куни миллий кийимларда, дўппи-ю, чопонларда кўриб, дилим яйради. Бу айёмда ўзбек – қозоқ дўстлиги чинакамига ўз ифодасини топди.

Гулбаҳор АБДУВАЛИЕВА, Э. Иззатуллаев номли мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси:

– Бугун кайфиятим аъло, байрам зўр ўтяпти, жуда катта таассуротлар қоляпти. Чунки, “Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари” байрами ҳар йили Шимкент шаҳрида ўтар эди. Энди эса шаҳримиз вилоят марказига айланиб, катта тадбирлар шу ерда ўтади, деб ўйлаймиз.

Исҳоқжон НИШОНОВ, Ўзбекистон Республикаси, Наманган вилоятидан, ёзувчи:

– Қозоғистонда “Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари куни” муносабати билан бугун шу ерга келиб турибмиз. Бундан жуда миннатдормиз. ҚР Президенти 

Н. Назарбаев жорий йилни “Қозоғистонда Ўзбекистон йили” деб эълон қилгач, дўстлик, биродарлик, аҳиллик, ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланди. Чегаралар очилди. Илгари келиш-чиқиш муаммолари бўлса, бугунги кунда бундайлар йўқ. Яқинда Абай ҳақида “Абай юрган йўллар” романини ёзишни бошладим. Бундан мақсад – Абай фақат қозоқ халқининг эмас, балки Марказий Осиё халқларининг, бутун жаҳон классик адабиётининг энг юқори чўққисида турган ёруғ бир юлдуздир. Абай даврида ўзбек ва қозоқ халқлари ўртасидаги дўстлик ўта мустаҳкам эди. Масалан, отаси Қўнонбой Абайни 13 ёшида мадрасага беради. У ерда Абай биринчи бўлиб қўлига Алишер Навоий, Фузулий, Нодирабегим ва бошқа шарқ классик адабиёти, ўзбек классик адабиёти намояндаларининг асарларини олади.      

 Мана шу дўстлик, ҳамкорлик, биродарлик ҳеч қачон узилмаслигини истардим. 

Днепр ҚУЛМЕТОВ, қарноқлик нафақадор:

– Мен биринчи навбатда газета ҳақида фикримни айтсам. “Жанубий Қозоғистон” қарноқликларнинг севимли нашри, чунки унда сиёсатдан ташқари пенсиялар, тўловлар ҳақидаги, айниқса, бизни қизиқтирадиган мақолалар мунтазам чиқиб туради. Бугунги байрамда биринчи марта қатнашяпман. Албатта, улар тинчлик, тотувлик, ҳамкорлик, дўстлик белгисидир. Туркистон шаҳрининг вилоят марказига айланиши кўпчиликка маъқул келяпти, кўп иш ўринлари очилади, ёшларимизнинг ишлаши учун шароитлар яратилади. Президентимизнинг бундай қарори чинакам донишмандлик белгиси, деб айта оламан.

Дилором ОТАМЕТОВА, Туркистон шаҳридан, нафақадор:

– Мана бугун “Ўзбек тили, маданияти ҳамда анъаналари” байрамида илк бор иштирок этяпмиз. Бундан жуда ҳам хурсандмиз. Шаҳримиз вилоят марказига айланиши туфайли оз вақт ичида рўй берган ижобий ўзгаришлар, яъни, шаҳримизнинг гуллаб-яшнаётганини кўриб, кўзимиз қувнаяпти. Албатта, буларнинг барчаси Элбошимизнинг доно, оқилона сиёсати туфайлидир. Бу ўз йўлида ёшларимиз учун катта имконият, чунки, янги иш ўринлари очилади. Эндиликда катта завод, фабрикалар қурилса, чет элга бориб ишлаётган фарзандларимиз ўз элида, ота-боболаримиз яшаб ўтган кўҳна Туркистонимизда ишлаб, унинг ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшадилар деган умиддамиз. 

Ш. МАДАЛИЕВ, М. УСМОНОВА, М. ЭЛТОЕВА., 2018-09-25, 12:03 784
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.