26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Бир дунё аттиргуллар

“Миллион атиргуллар”.

Бу қўшиқни эшитмаган одам йўқ. Алла Пугачёва бу қўшиқни бетакрор ижро қилган. Андрей Вознесенский ёзган сўзлар ҳар биримизга ёд бўлиб кетган.

Қўшиқнинг эса, жуда маҳзун, жуда ғамгин, аммо ёрқин тарихи бор... 

Ҳеч ким танимайдиган рассом

Кахетиялик Аслан Пиросманашвили Мирзаани шаҳрида боғбонлик қилар, оиласи қашшоқликда кун кўрарди. Унинг икки ўғли, икки қизи бор эди. Ўғли Николай ота-онасига нафим тегсин, деб қўй боқарди. У саккиз ёшида етим қолди. Бирин-кетин ота-онаси, акаси ва опаси ўлди. У синглиси Пепуца билан ёлғиз қолди. Пепуцани узоқ қариндошлари олиб кетди. Никони эса шаҳардаги бой ва аҳил Калонтаровлар оиласи ўз қарамоғига олди. 

Нико узоқ вақт бу оилада ярим хизматкор, ярим қариндош мақомида ўсди. Итоатгўй болани ҳамма яхши кўрар, унга грузин ва рус тилида ўқиш-ёзишни ўргатишар, у чизган суратларни меҳмонларига фахрланиб кўрсатишарди. Унинг бирор касбни эгаллаши учун ғамхўрлик қилишар, аммо ўйинқароқ Никонинг ҳеч улғайгиси келмасди.

1890 йилга келиб, Нико бу хонадонни тарк этиш пайти келганини, ўзининг “катта бўлганини” ҳис қилди. Темир йўлга ишга кирди. Аммо иши ўзига ёқмас, турли баҳоналар билан ишга чиқмас, сурат чизарди. Унинг рассомлигини ҳеч ким билмасди. Уч йилдан сўнг ишдан бўшади. 

Нико ўзининг сут дўконини очди. Дўкон тепасига ўзи чизган чиройли ола сигирнинг суратини осиб қўйиб, доимо сифатли сут, қаймоқ, сариёғ сотиш билан шуғулланди. Савдо билан шериги Димитра шуғулланар, Нико эса сурат чизарди. Ишлари силжиб, мижозлари кўпайди. Қўли пул кўриб қолган Нико ҳатто синглиси учун Мирзаанида тунука томли уй ҳам қурди. 

Ҳаммаси кўнгилдагидек кетаётганди, аммо Никонинг ҳаётини остин-устин қилган воқеа содир бўлди...

Тифлисга театр келди

1909 йилнинг мартида шаҳар боғида афиша пайдо бўлди: “Бель Вю” театри актрисаси, тенги йўқ гўзал қўшиқчи Маргарита де Севр Тифлисда! Фақат етти кун!”

Шўрлик Нико Маргаританинг афишадаги суратини кўрибоқ, бу гўзал аёлга шайдо бўлди-қолди.

− Бу аёл эмас, қиммат сандиқчадан чиққан бебаҳо дур! – хитоб қилди Нико.

У битта афишадан Маргаританинг суратини йиртиб олди ва уйига бориб, унинг суратини чизди. Ўзи чизган суратга ўзи мафтун бўлди. Унга тикила-тикила, Маргаритани бориб кўрмаса бўлмайдиган аҳволга тушди. 

Нико Тифлисга борди. Театрга тушди. Маргаритани яқиндан томоша қилди. 

Нико Маргаританинг эътиборини қозониш учун кўп ҳаракат қилди, аммо бари зое кетди. Маргарита ҳатто Нико чизган суратларни кўриб ҳам, унга қайрилиб қарамади. Нико унинг изларини ўпар, унинг оёғи теккан ерга юзини қўйиб, йиғларди. Кошки тошюрак Маргарита Никога бир қайрилиб боқса!

Нико томошаларда атиргул олиб чиқаётган мухлисларига алоҳида эҳтиром кўрсатишидан Маргаританинг атиргулларни севишини билиб олди. Ана шунда тилларда достон бўлган ишини қилди. Ўзининг уйини ҳам, дўконини ҳам, шу пайтгача чизган барча суратларини ҳам сотди. Бор пулини тўплаб, Тифлисга қайтди. Тифлисдаги барча атиргулларни сотиб олди. Улар оз эмас, кўп эмас, тўққиз арава бўлди. Аравакашлар бу гулларни Нико айтган манзил – Маргарита де Севр истиқомат қилаётган меҳмонхона ҳовлисига тўка бошладилар.

Майдон, унга элтувчи йўлаклар атиргулларга тўлиб кетди. Эрта уйғонувчи шаҳар аҳли бу ғаройиб воқеани томоша қилар, кимдир бечора Никонинг устидан кулар, кимдир унинг ишига таҳсин айтар, аммо ҳамма бу ишнинг охири нима билан тугашини, иккинчи қаватда маза қилиб ухлаётган Маргарита де Севр бунга қандай муносабат билдиришини кутарди.

Маргарита эса хонани тўлдирган хушбўй атиргул ҳидларидан хуш кайфиятда уйғонди. Ўзига оро бериб, дарчадан майдонга тикилди ва ҳайратдан “Оҳ!” дея ҳайқириб юборди. 

Майдон қип-қизил атиргулларга тўла эди. Янги узилган ва сув сепилган гулларнинг япроқларида қолган томчиларга тушган қуёш нурлари ажиб камалакчаларни ҳосил қилар, бу зумрад томчилар гўзаллик устига гўзаллик пайдо қиларди. Бу бир тушга ўхшарди. Инсон боласининг ақлига келмайдиган бир иш эди бу! Маргарита бу гуллар ўзи учун олиб келинганини билди. 

− Ким? Кимнинг ҳадди сиғди бундай кутилмаган ишни содир қилишга? – деди Маргарита. – Ким экан менинг ҳақиқий ошиғим?

Атиргулларни оралаб бир киши келар, бу озғингина йигит актрисадан бир оғиз ширин сўз эшитиш илинжидаги телба ошиқ Нико Пирасмани эди. Маргарита энг чиройли кўйлагини кийди, кумушдек товланаётган сочларини таради ва ошиғига пешвоз чиқди.

Маргарита атиргуллар оралаб келаётган йигитни маҳкам бағрига босди ва ... лабларидан эҳтирос билан бўса олди. Ҳа, ҳа, камбағал рассомни дунё таниган қўшиқчи қуёшнинг, осмоннинг ва майдонни тўлдирган одамларнинг гувоҳлигида ўпди. 

Атрофни тўлдирган томошаталабларнинг кўзларига ёш қуйилди. Ўз муҳаббати учун бор-будидан кечган ошиқнинг маҳбубаси қалбига йўл топа олганини кўрган оломон Никони олқишларди. Энди улар бирга бўлишларига ишондилар.

Аммо бу Маргарита Тифлисга уюштирган гастролининг сўнгги куни эди. У кечқурун поездда Парижга жўнаб кетди...

− Мен сени ҳеч қачон унутмайман, менинг ажойиб рицарим!

Маргарита Никога айтган сўнгги сўзлар эди булар...

Тан олинмаган буюк истеъдод

Эс-ҳушини йўқотган Нико учун сурат чизишдан бошқа нарсанинг қизиғи қолмади. Бор будидан айрилган Нико энди фақат сурат чизиб, тирикчилик қиларди. У майхоналар, дўконлар учун суратлар чизиб берар, ишига эса арзимаган ҳақ олар, топган пули унинг бир кунлик овқати ва бошпана учун тўлайдиган пулига етса бўлгани эди. Нико кўпинча битта тушлик учун сурат чизиб берар, баъзилар битта сурат учун бир қадаҳ вино ва бир бўлак нон ҳам берар эди. Никони ҳеч нарса қизиқтирмас, у топган пулига бўёқлар сотиб олар ва тинимсиз чизар эди. У Тифлисда 2000 дан ортиқ сурат чизди.

Тифлисда грузин рассомларининг уюшмаси бор эди. Аммо улар асарларига тан берсалар-да, Никонинг ўзини тан олмас, гўёки улар учун Нико йўқдек эди. Нико дунёда йўқдек ўлиб кетиши ҳам мумкин эди, бахтли бир тасодиф бўлмаса...

1912 йилда Тифлисга Франциядан рассом Мишель де Лантю ва ака-ука Зданевичлар келишади. Бу ерда улар Нико Пирасманининг ишларини кўриб, қойил қолишади. Унинг 13 та асарини Петербургга олиб кетиб, кўргазма ташкил қилишади. Аввал Петербург, кейин Парижда Нико Пирасмани ҳақида гапира бошлашади. Санъатни қадрлайдиган оқсуяклар Нико Пирасмани ижодига тан беришган эди.

Тифлисда ҳам унга эътибор қаратишди, рассомлар уюшмаси уни таклиф қилиб, озгина пул беришди ва сувратини олишди. Бу сурат Тифлис газетасида босилиб, рассом ҳақида кўп илиқ гаплар айтилди. Нико танишларига бу газетани кўрсатиб, мақтаниб юрди.

Аммо айнан шу газетада бир куни уни ҳажв қилиб чиқаришди. Яланг оёқ, кўйлакчан тасвирланган Нико Пирасманига ўқиши лозимлиги, 20 йилдан сўнггина бошловчи рассомларнинг кўргазмасида қатнашиши мумкинлиги айтилган эди.

Биргина ҳажвий сурат нозик қалб соҳибига қанчалар қаттиқ зарба бўлишини на суратни чизган киши, на газета муҳаррири тасаввур қила олмаган бўлса керак. Нико бундан жуда ҳам эзилди. Одамови бўлиб қолди. Ҳамма уни масхара қилаётгандек туюлиб, одамлардан ўзини олиб қочадиган бўлди ва ичкиликка ружу қўйди. 

“Бу дунё сенга дўст эмас, унга сен керак эмас”, деб ёзганди рассом.

1918 йилда қаттиқ касал бўлиб қолган Нико Пирасманини бир уйнинг ертўласидан ҳушсиз топишди ва касалхонага олиб боришди. У ўзига келмай, вафот этди. Ундан на кийим, на бўёқлар солинган сандиқча, на уй-жой қолди. Ундан чизилган суратлар қолди, холос. Аммо инқилоб талотўпларида асарларининг айримлари ёниб кетди, айримлари ўғирлаб кетилди, баъзилари шунчаки бўяб юборилди. Нико Пирасманининг саноқли асарларигина бугунги кунга етиб келди.

Нико Пирасмани ўлимидан сўнг жуда машҳур бўлиб кетди. Унинг асарлари бир неча миллион долларга сотиладиган бўлди. Дунёнинг турли шаҳарларида, номдор музейларда Пирасмани асарларининг кўргазмалари бўладиган бўлди.

Афсона тугамади

Рассом ва актрисанинг муҳаббати шу билан тугамади.

1968 йилда Парижнинг машҳур Лувр музейида Нико Пирасмани асарларининг кўргазмаси ташкил қилинди. Музейга унинг асарларини томоша қилиш учун беҳисоб санъат ихлосмандлари келди. Томошабинларнинг назаридан бир нарса четда қолмади. Кўргазма кунлари бир кекса, аммо кўзлари бир замонлар ғоятда гўзал аёл бўлганини айтиб турган аёл муттасил равишда “Акртиса Маргарита” асари қошида хаёлчан турарди. Кўргазманинг сўнгги кунида бу аёл шу асар ёнида ўзини суратга олишларини илтимос қилди.

Бу аёл Нико Пирасмани телба бўлиб севган актриса Маргарита де Севр эди...

Замондошларининг ёзишича Тифлис сафаридан сўнг Маргарита қайтиб бировга кўнгил бермаган, қалб эшикларини маҳкам ёпиб олган экан. У ўша, сирли бир тушга ўхшаган воқеа хаёли билан яшаган, ҳар замонда бир майдон қип-қизил атиргуллар ҳақида гапириб қоларкан...

Афсонанинг қайта туғилиши

Нико Пирасмани дунёдан ўтганидан ўн йил сўнг Тифлисга келган Константин Паустовский “Актриса Маргарита” суратига мафтун бўлади ва шу ерда одамлар рассомнинг актрисага бўлган муҳаббати ва барча тифлисликларнинг қалбини ром қилган атиргуллар воқеасини айтиб беришади. Паустовский бу ишқ тарихини ўзининг “Ҳаёт ҳақида қисса” китобида чоп қилди.

Паустовский бу воқеани китобида жуда эҳтирос билан тасвирлайди: 

“Аравалар фақат Тифлис эмас, бутун Грузиядан гулларни олиб келаётганга ўхшар, тизза бўйи бу ифорли гиламга қадам босишга ҳеч ким журъат этолмасди. Атиргуллар! Турли катталикдаги, турлича ҳид таратувчи атиргулларнинг жамики турлари шу ерда эди! Атиргуллар оралаб, озғингина рассом келарди. Маргарита шошилиб тушди ва рассомга қараб чопди. Маргаритани ҳеч ким ҳеч қачон ҳозиргидек гўзал, ҳозиргидек бахтиёр ҳолатда кўрмаган эди.

− Нега? Нега бундай қилдинг? Мен ҳеч нарсани тушунмаяпман! Менга тушунтириб бер!

Нико жимгина турар, ҳеч нима демасди. Никони бағрига босган Маргарита унинг юраги қандай ураётганини эшитиб, ҳаммасини тушунди. Унинг лабларига лаб босди...”

Андрей Вознесенский бу ишқ қиссасини қўшиққа кўчирди ва уни Алла Пугачёва ижро қилди. 

Бу қўшиқни унча хушламай айтган, сўзларини жайдари, оҳангини ҳам ўта содда деб ҳисоблаган хонанда 1983 йилнинг ўзидаёқ бу қўшиқ ёзилган пластинканинг 6.000.000 нусхадан ортиғи сотилишини, бу қўшиқ унга қанақа шуҳрат келтиришини билмасди. 

Энди Нико Пирасманини умрида кўрмаган, ҳатто унинг асарларини ҳам кўрмаган миллионлаб одамлар рассом ва актрисанинг муҳаббатини хиргойи қилишар эди...

Бу маҳзун ишқ афсонаси ҳалигача кишиларга илҳом, завқ улашади, хаёлларга толдиради...

 

Миллион атиргуллар

Яшар эди мусаввир ёлғиз,

Ёлғизгина уйи бор эди.

Дил боғлади бир Гулга – чексиз,

Гулсевар ул, санъаткор эди.

Бошпанасин сотди ул мажнун, 

Сувратлару борини магар. 

Бор пулига харид қилди сўнг

Олам-олам ол атиргуллар. 

 

Милён-милён! Милён атиргул алвон – 

Дарчангдан, дарчангдан кўрарсан аён. 

Кимки чин ошиқдир, ҳаётини ул 

Гулга айлантирар сен учун, ишон.

 

Тонгда боқиб деразага жим

Телбадайин турарсан қалқиб.

Тушмиди бу ва ёки тилсим – 

Тўлқин урар атиргул баҳри!

Қалтирайсан: Ким ул давлатдор?

Мўъжизага чўмилмиш дунё:

Деразадан термуладир зор

Бир мусаввир – абгор, бенаво.

 

Милён-милён! Милён атиргул алвон – 

Дарчангдан, дарчангдан кўрарсан аён. 

Кимки чин ошиқдир, ҳаётини ул 

Гулга айлантирар сен учун, ишон.

 

Висол – чақин, ёнди-ю ўчди...

Шомда кетди поездда дилдор.

Ол гулларнинг мужаннин куйи

Қисматида янгради бир бор.

Бир мусаввир – кулфатзада жон,

Яшаб ўтди малул, жафокор.

Ол гулларга тўла бир уммон

Қисматида тўш урди бир бор.

 

Милён-милён! Милён атиргул алвон – 

Дарчангдан, дарчангдан кўрарсан аён. 

Кимки чин ошиқдир, ҳаётини ул 

Гулга айлантирар сен учун, ишон.

 

Нодира АФОКОВА таржимаси.

Катта муҳаббат билан Тўра МУРОД тайёрлади., 2018-09-27, 12:27 1327
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.