26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Маданий алоқалар ва адабиёт

Марказий Осиё ва Қозоғистон халқларининг маданий алоқалари қадим ўтмишга бориб тақалади. Этник ва ҳудудий яқинлик, ўзга ерлик босқинчиларга қарши биргаликдаги кураш бу халқларнинг умумий тарихий тақдирини белгилаб берган.

Маълумки, ХV аср ўрталаригача ўзбек ва қозоқлар яқин мулоқотда бўлиб яшаган. Олтин Ўрда тугатилгандан кейин ҳам алоқалар давом этган. 

Ўзбеклар ва қозоқларнинг кўп асрлик ўзаро алоқалари уларнинг маданияти, аввало, оғзаки ижодида ўз аксини топган. Унинг кенг тарқалган жанрларидан бири мақол ва маталлар кўп жиҳатдан ўхшаш умумий қонунлар бўйича қурилгандир.

Масалан, ҳар икки халқ фольклорида ички қофия билан боғланган мақол ва маталлар кўп учрайди.

Айрим ўзбек ва қозоқ мақоллари мазмунан яқин бўлиб, фақат тил хусусиятларига кўра фарқланади.

Ўзбекларда қозоқ тилидан ўзлашган мақоллар бўлгани каби, қозоқларда ўзбек тилидан ўзлашган мақоллар мавжуд.

Ўзбек ва қозоқ халқ оғзаки ижодининг ўзаро таъсири халқ эртакларида, айниқса, яққол кўринади. Ялмоғиз, аждаҳо каби ёвуз кучлар ҳар икки халқ эртакларида кўп учрайди.

Ўзбеклар ва қозоқларда маиший эртаклар кенг тарқалган. Уларнинг машҳур қаҳрамони – Алдар кўса қўшни халқларда ҳам учрайди. Ўзбекларнинг машҳур Хўжа Насриддини ҳам қозоқларга яхши таниш.

Маросим қўшиқлари ўзбекларда “Ёр-ёр”, қозоқларда “Жар-жар” ҳам ўзбек ва қозоқ удумлари ўхшашлигидан далолатдир.

Ўзбек ва қозоқ халқларининг фахри – эпос халқ тарихи, орзу-истаклари билан чамбарчас боғлиқ. Улардаги ўхшашлик ҳам маданий ва бадиий қадриятлар ўзаро ўзлаштирилгани натижасидир. Алпомиш, Гўруғли ҳақидаги достонлар бунда умумий ифодасини топган.

Шарқ халқлари адабиётига буюк Навоийнинг таъсири ниҳоятда катта. Қозоқ халқи Навоийни яхши билади. Навоий ижоди Абайда катта таассурот уйғотган.

У қозоқ адабиётининг Шарқ, шу жумладан, ўзбек адабиёти билан алоқалари кенгайишида катта ўрин тутди.

ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан маърифатпарварлик ғоялари кенг тарқалди. Муқимий, Фурқат, Завқий, Аваз Ўтар, Абай Қўнанбоев, Ибрай Алтинсаринлар ижодида бу ғоялар ўзининг чуқур ифодасини топди.

Таржима – нафақат адабиётнинг иши, у муҳим сиёсий ва маданий аҳамиятига эга. Шу боис бу соҳага алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзбек муаллифлари асарларини қозоқ тилига ёзма таржима қилиш ўтган асрнинг 30-йилларида бошланди. Асосан кичик ҳикоялар ва поэтик асарлар таржима қилинган. Қизиғи шундаки, қозоқ тилидаги адабиётлар Тошкентда чоп этилган. Булар Абдулла Каҳҳор ҳикоялари (Исҳак ўғли Даниял таржимаси, 1934) ва Ғайратийнинг “Давр амри” (1935) повести эди. Кейинроқ Олма-отада Ҳамид Олимжоннинг “Гуллаган ўлка”, А. Умарийнинг “Истак” шеърлари босилиб чиқди (1940).

Ўз навбатида, қозоқ тилига ўзбек классик шеърияти дурдоналари – Навоий асарлари, Ойбек, Ш. Рашидов, А. Мухтор романлари, А. Қаҳҳор асарлари, Уйғун, Зулфия, Миртемир шеърлари таржима қилинди. 

Айниқса шеърларнинг кўп таржима қилингани диққатга сазовор.

Кейинчалик насрий асарлар ҳам етакчи ўринларга даъвогар бўлди. 60-йилларда “Шоҳи сўзана” ва “Оғриқ тишлар” (А. Қаҳҳор) каби драматик асарлар ўгирилди. Ўзбек пьесалари тўплами чоп этилгани Қозоғистон маданий ҳаётида йирик воқеа сифатида эътироф этилди.

Ойбек асарлари қозоқ тилига жадал таржима қилинди. 1964 йилда Давлат мукофотига сазовор бўлган “Навоий” романини А. Сулейманов 1949 йилда қозоқ тилига таржима қилганди.

60-йилларда эса “Қутлуғ қон” романи қозоқ тилида дунё юзини кўрди (таржимон К. Мухаметжанов). 

Шунингдек, Ойбекнинг “Болалик” повести, “Буюк кун келди”, “Навоий” шеърий тўпламлари (Ж. Нажмиддинов, 1962), “Покистон болалари ҳаётидан” китобидан айрим асарлар (1962, 1963) ва бошқалар қозоқ китобхонлари мулкига айланди. 

Қозоқ адабиёти асосчиси Абай Қўнанбоев ижоди Ўзбекистонда ҳам чуқур ўрганилди. 1945 йилда ўзбек тилида нашр қилинган Миртемир ва Уйғун таржимасидаги асарлар тўплами хилма-хил мавзудаги шеърларни ўз ичига олди.

50-йилларда М. Ауезов асарлари таржима қилинди. “Абай” ва “Абай йўли” романларини ўзбек тилига Зумрад ўгирди. Бу қозоқчадан ўзбекчага таржима қилинган илк насрий асарлар экани диққатга молик.

Адибнинг “Қараш-қараш” (катта ёшдаги болалар учун ҳикоялар тўплами 1962 йилда Тошкентда чоп этилди.

Қозоқ шеъриятидан таржималар ўзбек бадиий таржима адабиётида салмоқли ўрин тутади. Ғ. Ғулом, Уйғун, Миртемир, Зулфия, Шуҳрат, Ж. Жабборов, Туроб Тўла, Н. Фозиловлар қозоқ шоирларининг шеър ва достонларини таржима қилганлар. 

Ўтган асрнинг 50-йилларида ўзбек ва қозоқ адабиётида шеърият, драматургия билан бир қаторда роман жанри ҳам муваффақиятли ривожланди.

Ўзбек адабиётида А. Қаҳҳорнинг “Қўшчинор чироқлари”, Ойбекнинг “Олтин водийдан шабадалар”, Ш. Рашидовнинг “Ғолиблар”, “Бўрондан кучли”, А. Мухторнинг “Опа -сингиллар” ва бошқа романлар муҳим ўрин эгаллаган бўлса, қозоқ ёзувчилардан С. Муқановнинг “Ҳаёт мактаби”, “Сирдарё”, “Бўтакўз”, “Шиғанак”, “Қарағанды” каби романлари муҳим аҳамият касб этди. 

“Навоий” ва “Абай” романлари – асл, ўзига хослиги, мавзуси, ғоясига кўра ўхшаш, бироқ услуби, баён қилиш интонациялари хилма-хиллиги билан фарқ қиладиган романлардир.

Бу икки образни фикрлар, ғоялар бирлиги яқинлаштиради. Абайнинг ҳам Навоий каби феодалларга, жоҳилларга қарши курашишига тўғри келади. Бу икки образ яқинлик манбаини ижтимоий ҳаётдан, қаҳрамонлар яшаган даврдан излаш лозим. 

Ғ. Ғулом ижодида Қозоғистон мавзуси кенг ўрин эгаллайди. “Қозоқ халқига” шеърида шоир икки халқ ўртасидаги дўстликни тараннум этади. Қардош қозоқ халқига чексиз муҳаббати ҳақида сўзлар экан Ғ. Ғулом унинг истеъдодли ўғлонларига қойил қолади. Кумуш овози ва Жамбул дўмбирасининг сози уни лол этади. 

Ўзининг кўплаб ўзбек ижодкорлари, айниқса, Ғ. Ғулом билан дўстлигини С. Муқанов илиқлик билан “Ўзбек биродарларимга” шеърида ифодалайди.

Қозоқ халқининг турмуши, маданияти, меҳмондўстлиги, очиқ кўнгиллилиги, шаҳар, тоғ ва қирлари гўзаллигини М. Шайхзода “Жамбул”, Ю. Ҳамдам “Икки шеър”, Н. Нарзуллаев “Менинг Қозоғистоним”, О. Исмоилов “Мен ҳам Қозоғистон ўғлиман” каби шеърларида хаққоний акс эттира олишган.

Шундай қилиб, ўзбек ва қозоқ адабиётининг ривожида адабий алоқалар катта аҳамият касб этади. Бу алоқалар ҳар икки республика ўз давлат мустақиллигини қўлга киритгач, янада долзарб аҳамият касб этиши, шубҳасиз. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати хабарига кўра, яқинда Тошкентда Абай Қўнанбаевнинг “Сайланма” асари ҳамда “Ўзбек-қозоқ адабий алоқалари” номли адабий-таҳлилий мақолалар тўплами чоп этилди.

Е. АБДУВАЛИТОВ, адабиётшунос, 2018-09-27, 12:43
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.