26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Сармоядорлар нигоҳи – Туркистонда

Халқаро форумда 1.7 млрд. АҚШ доллари қийматидаги меморандумлар имзоланди

Кеча табаррук Туркистон шаҳридаги Есимхан марказий майдонида саноқли соатларда бунёд этилган муҳташам, ёруғ алп чодир уй ичида вилоят ҳокимлиги ташкилотчилигида «Қадим Туркистон – янги имкониятлар» халқаро инвестиция ва туризм форуми ўз ишини бошлади.

Мазкур анжуманда Европа ва Осиё мамлакатлари, хусусан Россия, Туркия, Жанубий Корея, Хитой, Покистон ва Ўзбекистондан 250 дан зиёд етакчи туристик ва халқаро трансмиллий компаниялар, молия институтлари ва банклар вакиллари, таниқли сармоядорлар, йирик сармоявий марказлар раҳбарлари иштирок этишди. Тадбир халқаро мақомга мувофиқ инглиз, рус, қозоқ, турк тилларида олиб борилди. 

Форумда Туркистон вилояти ҳокими Ж. Туймебаев батафсил маъруза қилиб, 2018 йил 19 июндан, Элбоши Н. Назарбаевнинг Туркистон вилоятини ташкил этишидан бошланган янги тарих, янги имконият, янги режалар ҳақида маълумот берди. 2017 йили вилоятга жалб этилган инвестициялар ҳажми 482 млрд. тенгени ташкил этди. Вилоятда «TURKISTAN» деб номланган, барча қулайликлар муҳайё қилинган махсус иқтисодий ҳудуд ташкил этилиб, унинг иштирокчиларига 25 йил муддатга имтиёзли насиялар берилмоқда. 

Туркистон вилоятининг уч йўналиш бўйича ривожланиши белгиланди. Биринчиси – халқаро туризм, иккинчиси – агросаноат мажмуаси, учинчиси – логистика ва транзит имкониятлари. 

Туризм бўйича бугунги кунда шаҳарга келаётган туристлар сони бир миллиондан зиёд бўлса, жадал суръатда амалга ошириладиган халқаро чоралар бўйича зиёратчилар сонини дастлаб уч миллион, сўнгра беш миллионга қадар етказиш мўлжалланмоқда. Агар халқаро туризм шартларига мувофиқ туристлар 2-3 кун муддат зиёрат қиладиган бўлишса, шаҳар бюджети вилоят бюджетининг 3 йиллик маблағидан ҳам кўпроқ топиши мумкин. Агросаноат мажмуаси бўйича мамлакатимиздаги 80 фоиз иссиқхоналар Туркистон вилоятида жойлашиб, пахтанинг 100 фоизи шу ҳудудда етиштирилишини таъкидлаш жоиз. Бир йил ичида хорижга 3,5 минг тонна сифатли гўшт экспорт қилинди. Қулай табиий шароит, ҳосилдор замин Туркистон вилоятини хорижий инвесторлар учун сармоя жалб этадиган ҳудуд сифатида ўзига оҳанрабодек тортади. Буюк Ипак йўли бўйида жойлашган қўшни мамлакатлар ўзаро савдо йўлларининг айнан Туркистон вилояти бўйлаб ўтиши, хусусан, Ғарбий Хитой – Ғарбий Европа йўли мавжудлиги ҳам чет эллик инвесторлар учун улкан аҳамиятга эга.

Йиғилишда Россия, Эрон, Малайзия, Туркия, ХХР, Чехия, Италия, БАА, Польша каби мамлакатлардан келган тадбиркорлар қатнашди. Минтақа раҳбари меҳмонларни ушбу кун билан табриклаб, вилоятнинг иқтисодий аҳволи билан таништирди. 

– Туркистон – талай йиллардан буён Қозоқ хонлигининг ҳамда туркий оламнинг сиёсий маркази, маънавий пойтахти бўлиб келган шаҳар. Элбошимиз ана шу қадимий шаҳарни вилоят маркази этиб, уни ривожлантиришга ўзгача кўнгил бўлаётгани маълум. Эндиликда давлат томонидан умумий қиймати 2 млрд. АҚШ долларини ташкил қиладиган сармоя қуйиш режаланмоқда. Яъни, бу ерда аэропорт, маъмурий-тадбиркорлик маркази ҳамда уйлар қад кўтариб, Туркистон замонавий технология киритилган ақлли шаҳарга айланиши сўзсиз. Ҳозирнинг ўзида минтақанинг иқтисодий ривожланиш имкониятларидан кўнгли тўлган маҳаллий ҳамда турк компаниялари 100 млн. АҚШ долларидан зиёд маблағ қуйиб, 5 юлдузли меҳмонхоналар, савдо-ҳордиқ масканлари ва фитнес марказлар очишни кўзламоқдалар. Бугунги йиғин сизлар билан шундай амалий муносабатлар ўрнатиб, уларни кучайтиришга туртки бўлади, деб ишонаман, – деди Жансейит Қансейитули.

Шу билан бирга, минтақани ривожлантиришга йўналтирилган ҳар қандай лойиҳани атрофлича қўллаб-қувватлашга тайёр эканини айтган вилоят ҳокими, минтақани уч йўналишда ривожлантиришга устувор берилганини ҳам етказди. 

Форумда Евросиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг бош котиби Владимир Пискурев Туркистоннинг туризм соҳасидаги имкониятларини юқори баҳоласа, “DALHolding” компаниясининг раҳбари Демиржан Кўсе Туркистон вилоятида 200 гектарли иссиқхона ва цемент заводини очишга тайёр эканини маълум қилди. Малайзиянинг “Nagasteel Equipment Sdn. BhD” компанияси президенти Зайнул Азизан инфратузилма ҳамда саноат соҳаларига сармоя қуйишга тайёр эканини айтди. Шунингдек “RIXOS HOTEL” меҳмонхона уйлари тизимининг президенти Фетах Аминжи, Евроосиё туризм ассоциациясининг президенти Ристи Қарабаева, “Қазақ туризм” миллий компанияси бошқаруви раиси Рашид Кузембаев ҳамда бошқа нотиқлар келажакда Туркистонни туризм етакчисига айлантириш борасидаги фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. 

Форум доирасида В2В форматидаги учрашувлар ўтди. Шу билан бирга “Туризм индустрияси – Қозоғистон иқтисодиётининг янги драйвери”, “Шимол – Жанубнинг иқтисодий даҳлизи” мавзуларида ҳамда агросаноат мажмуасини ривожлантиришда одам капиталининг роли ҳақида мунозаралар борди. 

Ўзгача тарихий-меъморий ҳамда археологик ёдгорликлари, ўзгача табиатига эга минтақанинг биринчи ривожланиш йўналиши – туризм. Ҳозирнинг ўзида бу ерга келаётган сайёҳларнинг сони йил сайин ортиб бормоқда. Масалан, ўтган йили вилоятга 270 мингдан зиёд сайёҳатчи келган. Бу 2016 йил билан таққослаганда 40 фоиз ортиқ.

 Сармоя жалб этишга қулай иккинчи йўналиш – қишлоқ хўжалиги соҳаси. Иқлими қулай вилоятнинг қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожланиши жиҳатидан республикада биринчи ўринда. Шунингдек, логистика ҳамда транзит салоҳиятини кўтариш ҳам иш жадвалида турган учинчи масала.

Вилоятнинг иқтисодий ҳамда сармоявий аҳволидан қаноатланган хорижлик меҳмонлар Туркистон вилоятида туризм, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик соҳаларини ривожлантиришга ҳисса қўшишга тайёр эканликларини билдиришди. Эрон, Малайзия, Хитой мамлакатларидан келган сармоядорлар эса минтақада замонавий намунадаги ижтимоий иншоотлар қуриб, инфратузилма ва рақамли технологияни ривожлантиришга куч-ғайратларини сафарбар этишларини таъкидлаб ўтдилар.

– Мен сизларни вилоят маркази – Туркистон шаҳрида ўтаётган биринчи халқаро инвестиция ва туризм форуми билан муборакбод этиб, анжуманимизнинг 

анъанага айланишига, келаси йили худди шу заминда кенгроқ даврада кўпроқ сармоядорлар иштирокида яна учрашишимизга ишонаман, – деди Ж. Туймебаев. 

Ш. МАДАЛИЕВ, С. ШАРИФБОЕВА, 2018-09-28, 19:52 607
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.