26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Табиатини кўринг зоминнинг!..

Йил 12 ой меҳнат қилган ҳар бир кишининг меҳнат таътилини интизорлик билан кутиши бежиз эмас. Яхши дам – меҳнатга ҳамдам, деб, бекорга айтмайдилар. Чунки аксарият таътилда бирор каттароқ юмушни бажаришни ёки саёҳатга чиқишни, соғлигини тиклаш учун сиҳатгоҳга боришни кўзлаб қўяди. Менга ҳам анчадан буён орзу қилиб юрган Жиззах вилоятидаги “Зомин” санаторийсига бориш бу йил насиб этди. Ушбу сиҳатгоҳга бирдан бориб жойлашиш муаммо туғдирадими, деган хавотирим бекор бўлди. Чунки газетамизда Ўзбекистоннинг турли санаторийлари, муқаддас қадамжолари ҳақида мақолалар чоп этилишида бевосита ҳамкорлик қилган Зиёдулла Ширинов ҳамда “Жиззах ҳақиқати” газетаси ходими Зафаржон Абдуллаевнинг қўнғироғидан сўнг умр йўлдошим билан йўлга чиқдик. 

Шимкент автостанциясидан Тошкентга чипта олдик ва шинамгина автобусда йўлга чиқдик. Икки давлат божхоналаридан қийналмай, “яшил йўлак”дан тезгина ўтиб, гўзал Тошкентга ҳам етиб олдик. Тошкентдаги Собир Раҳимов метро бекатидан енгил машинага ўтириб, Жиззахга қараб юриб кетдик. Бизни вилоят марказида Зиёдулла ва Зафаржон кутиб олишди. Куннинг иссиғи, йўл узоқлигига қарамай, атрофни синчиклаб кузатишга ҳаракат қилардим. Йўл бўйидаги бободеҳқон меҳнати эвазига етиштирилган қовун-тарвуз, мева-сабзавотлар кўзингизни олади. Бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари ҳам жадал суръатларда юритилаётганига гувоҳ бўлдик. 

Мезбонлар билан шарқираган анҳор бўйида тушлик қилиб олгач, “Зомин” сиҳатгоҳи сари отландик. Машина тоққа кўтарилиб борар, тезлик борган сари секинлашарди. Йўл-йўлакай Зафаржондан сиҳатгоҳ ҳақида анча-мунча маълумотларни сўраб олдим. Журналистларнинг синчков ва қизиқувчан бўлиши табиий, гурунг билан бир соатли йўлни қандай босиб ўтганимизни ҳам билмай қолдим.

Ва ниҳоят арчали тоғлар бағрида жойлашган манзилга етиб келдик.

Ўзбекистонни жаннатмонанд ўлка деб бежиз айтмайдилар. Аҳрор Мирзиёев раҳбарлик қилаётган “Зомин” санаторийси Ўзбекистон Республикаси, Жиззах вилоятининг “Зомин” қўриқхонасида жойлашган экан. Сиҳатгоҳ Туркистон тоғ тизмасининг шимолий этакларида, денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда қурилган.

Зомин табиий иқлимининг жаҳонга машҳур Швейцарияникига қиёсланиши бежиз эмас экан.

Узоқ йиллар Ўзбекистон Республикасига раҳбарлик қилган атоқли давлат ва жамоат арбоби, халқ қалбида ўчмас из қолдирган инсон Шароф Рашидовнинг бетакрор табиат қўйнида, осмонўпар тоғлар орасида “Оналар ва болалар” сиҳатгоҳини барпо этиш орзуси амалга ошиб, 1988 йилда “Зомин” сиҳатгоҳи бунёд этилган экан.

Сиҳатгоҳ миллий, замонавий меъморчилик анъаналарини ўзида мужассамлаштирган ҳолда меъморлар ва бунёдкорлар томонидан катта оқ кема кўринишидаги ярим айлана шаклида қурилган.

Санаторий ҳудудида болалар майдончаси, фавворалар, кемпинглар, автотураргоҳлар, 550 ўринга мўлжалланган амфитеатр каби кўплаб иншоотлар мавжуд. Гўзал тоғ манзараси, мусаффо ҳаво, қуёш нурларининг мўллиги, ультрабинафша нурларининг хилма-хиллиги иқлимий профилактик муолажалар ўтказиш учун қулай муҳит яратар экан.

Санаторийда бронхиал астма, нафас олиш аъзолари ва асаб тизими касалликлари билан келган дам олувчилар даволанади. 

Асосий даволаш омили – тоғ ҳавоси. Бундан ташқари физиотерапия, микроиқлим камераси, сув, туз, балчиқ билан даволаш хоналари мавжуд бўлиб, галакамераларда турли-туман муолажалар амалга оширилади. 

Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан ташқари, бу ерда Россия, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистондан келган дам олувчилар билан танишдим. Баъзилари сиҳатгоҳга кўп йиллардан буён келиб, дам олиб қайтишар экан. Тошкентликлар эса “иссиқ айни забтига олганда, шу ерда жон сақлаймиз” дейишди. Яна бир қувонарли жиҳати, Ўзбекистоннинг машҳур хонандалари – Илҳомжон Фармонов, ота-бола Собиржон ва Рўзимуҳаммад Мўминов, Хуршид Турдиев, актриса Наргиза Абдуллаева концертларидан баҳраманд бўлдик. 

Дам олишдан сўнг бизни кузатиб қолган ҳамкасбларимиз Зиёдулла ва Зафаржонларга миннатдорчилигимизни билдириб, уларни ҳам Шимкент ва Туркистонга таклиф этиб, хайрлашдик.

Мухтабар УСМОНОВА. Шимкент – Тошкент – Жиззах – Шимкент, 2018-10-11, 11:20
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.