26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Яхши тарбия – саодат калити

Элбоши «Қозоғистонликлар фаровонлигининг ўсиши: даромад ва турмуш сифатини ошириш» Мактубида «Ўрта таълим тизимида асосий услублар белгиланган, айни пайтда уларнинг бажарилишига жиддийроқ эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Назарбаев заковат мактабларининг ўқитиш тизими ва услубияти давлат мактаблари учун ягона андаза бўлиши зарур. Бу мактаб билимини ислоҳ қилишнинг сўнгги босқичи бўлади», деб таъкидлади. 

Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, келгуси йили “Педагог мақоми тўғрисида” Қонуни қабулланади.

Бу муҳим қадамлар ўқувчилар қалбини одоб-ахлоқ нурлари билан ёритмоқчи бўлган тарбиячи-ўқитувчига катта имкониятлар яратиб бериши шубҳасиз.

Янги давр янги педагогик технологиялардан воқиф бўлишни, тарбиявий тадбирларнинг сифат ва самарадорлигини оширишда, янгича ишлаш услубларидан фойдаланишда ҳам маҳоратга эга бўлишни тақозо этади.

Мустақиллик шарофати туфайли ҳар бир миллат ўз тили, ота-боболарининг меросини ўрганишга кенг имконият яратилган бир шароитда Президентимиз Нурсултан Назарбаевнинг: «Мустақил, озод Қозоғистоннинг келажаги, истиқболи ёшлар қўлида, равнақи теран билимли, юксак маданиятли авлодларимиз қўлида» чақириғига амал қилиш дастлаб оила ва ота-онанинг Ватан олдидаги бурчи эканлигини таъкидлаш лозим.

Инсоннинг умри узлуксиз, босқичма-босқич ривожланиш хусусиятига эга. Лекин бериладиган таълим-тарбиянинг дастлабки пойдевори оилада ота-она томонидан яратилади. 

Буюк мутафаккир олим Абу Райҳон Беруний айтганидек: «...Одамлар турмуши ва ҳаётида ҳар хил ҳолатлар бўлади, буларнинг бир тури билан улар мақталадилар, бир тури билан эса қораланадилар... Бу табиий ҳолдир. Бу ҳолат, албатта, бола тарбиясига ҳам муҳим даражада таъсир этади. Оиладаги руҳий ҳолатни сақлашда ўз ақли билан иш қилиш, ёмонни яхшидан ажратиш ҳар бир ота-она ва катталарнинг вазифасидир». 

В. А. Сухомлинскийнинг «Болаларга жоним фидо» китобида болани меҳнатга руҳий жиҳатдан тайёрлаш ҳақида кўп фикр билдирган. Миллати бошқа бўлса ҳам, бизнинг менталитетимизга тўғри келадиган тавсиялар бор...

Болага ёшига мос меҳнат турлари берилса, у ақлий ва жисмоний соғлом бўлиб ўсади. Зеро, меҳнат – инсон кўрки, меҳнат – тарбия воситаси. 

«Пешана тери билан топилган бир қора чақа ўзгаларнинг эҳсон этган хазинасидан яхшироқдур», деб ёзган эди Алишер Навоий:

Бир дирам олмоқ 

                         чекибон дастранж,

Яхшироқ андинки, 

                            биров берса ганж.

Шунинг учун ҳам улуғ аждодларимиз ёшларни касб-ҳунар эгалламоққа чақирганлар. 

Маънавий баркамол инсоннинг яна бир фазилати – каттага ҳурматда, кичикка иззатда бўлиш. Бу масалада, хусусан, ота ва онага бўлган ҳурмат алоҳида ўрин тутади. Бу ҳақда Алишер Навоий шундай ёзган эди:

Бошни фидо айла ато қошига,

Жисмни қил садқа ано бошига.

Икки жаҳонингга тиларсан фазо,

Ҳосил эт ушбу иккисидан ризо.

Тун кунингга айлангани нур фош,

Бирисин ой англа, бирисин қуёш!

Баркамол авлодни тарбиялайман, деб ният қилган ўқитувчи-тарбиячи болани китобга ошно қилади. Чунки, китоб – шахснинг шаклланишида жуда муҳим восита ҳисобланади. Иложи борича, болага доимо бир вақтда китоб ўқиб бериш лозим, шундагина улар шу пайтни интиқлик билан кутишади. Ўқитиш эса интизом талаб қилади. Китоб уларнинг тафаккур доирасини кенгайтиради, нутқини ривожлантириб, равон қилади.

Саида ТЕМИРОВА, “Қорабулоқ” мактабининг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси, 2018-10-18, 11:34 1023
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.