26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Гиламларимиз жаҳонни забт этмоқда

“Ҳукуматга қайта ишлаш саноати ҳамда нохомашё экспортини қўллаш мақсадида келгуси 3 йилда қўшимча 500 млрд. тенге ажратишни топшираман”.

Н. А. Назарбаевнинг Қозоғистон халқига Мактубидан.

Талғат Исқақов 1968 йил 3 майда Туркистон вилояти, Байдибек тумани, Жузимдик овулида туғилган. 1988-1994 йилларда Х. А. Яссавий номидаги Қозоқ-Турк университетида “Қозоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси” ихтисоси бўйича таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини оддий ўқитувчиликдан бошлаган Талғат Жунисбекули тадбиркорлик соҳасига 1994 йилда кириб келди. "Байдибек туманининг фахрий фуқароси" бугунги кунда энг етакчи тадбиркорлардан, у раҳбарлик қилаётган фабрика маҳсулотларининг донғи оламга таралмоқда.

Давлат раҳбари Н. Назарбаев 2018 йилги Қозоғистон халқига Мактубида “Бугун жаҳон Тўртинчи саноат инқилоби даврига, чуқур ва жўшқин технологиявий, иқтисодий ҳамда ижтимоий ўзгаришлар даврига қадам қўймоқда”, деса, 2013 йилдан бери гилам-тўқимачилик саноатини йўлга қўйган “Бал Текстиль” МЧБда бунинг исботини кўриш мумкин.

Шимкентнинг “Оңтұстік” махсус иқтисодий минтақасида фаолиятини Туркиянинг “Kartal Carpets” компанияси билан ҳамкорликда бошлаган фабрика раҳбари Т. Исқақовни суҳбатга чорладик.

– Талғат Жунисбекули, “Бал Текстиль” элимиздаги 1-рақамли ишлаб чиқаришни йўлга қўйган фабрика. Туркияда ҳам енгил саноатнинг ушбу турини ривожлантирган компаниялар жуда кўп. Бизга Қозоғистонда гилам тўқиш цехини очиш лойиҳангизни ким қўллаб-қувватлагани ҳақида айтиб берсангиз...

–“Kartal Carpets” – Туркия гилам ишлаб чиқариш бозорида ўз ўрнига эга компания. Қолаверса, у гилам ҳамда гилам маҳсулотлари билан бирга юқори технологик имкониятларга эга полипропилен иплар ҳам чиқаради. Унда технологик имкониятлар юқори ҳамда фаолияти яхши йўлга қўйилган.

– Фабрикангизда қайси давлат технологиялари қўлланилмоқда?

– Гиламлар юқори технологик машиналарда тўқилади. Чунончи, “VAN DE WIELE” машинаси Бельгиядан олиб келинса, пропилендан ип ишлаб чиқаришда Германия ва Франциянинг “Oerlikon Neumag”, “Allma Volkmann”, “SUPERBA” машиналари қўлланилади. Германиядан олиб келинган янги ускунада полипропилен ип чиқарилади. Унинг йиллик қуввати 4000 тонна. “Бал Текстиль” гиламларига талаб ортиши туфайли келажакда яна битта янги дастгоҳ олишни режалаштирганмиз.

– Полипропилен ипни фабрикада ишлаб чиқариш самаралими?

– Германия ускунасини ўрнатиб, ип йигириш лойиҳасини ишга туширганимизда гиламнинг қиймати 20 фоизга арзонлашди. Бунгача керакли иплар хориждан олиб келинарди. Ҳозир ипни фабрикада ишлаб чиқариш харажатни анча камайтирди. Бу тўқиган гиламларимизнинг арзонроқ сотилишига таъсир этди.

– Ипнинг хомашёси нима?

– Гилам саноатида қўлланиладиган асосий хомашё манбаи – пропилен. Синтетик полипропиленнинг афзаллиги – мустаҳкамлик, таъсирларга юқори даражадаги тўсиқлик ва ҳароратга чидамлилик хусусиятига эга. Гиламга кетадиган харажатни камайтиради. Шунингдек, табиий хомашё қаторига пахта ва бамбук дарахтидан олинадиган “JUT” ип маҳсулотларини ҳам киритиш мумкин. Маҳсулотга табиий хомашё қанча кўп ишлатилса, унинг халқаро ISO 9000, ISO 14000, ГОСТ андазаларига мувофиқлиги ортади.

– Талғат Жунисбекули, “Бал Текстиль” гиламлари қайси давлатларга экспорт қилинмоқда?

– “Бал Текстиль “МЧБ 2016 йили шведларнинг машҳур “IKEA” компанияси билан савдо соҳасида шартнома имзолаган. Шунингдек, Россия, Қирғизистон, Озарбайжон, Тожикистон каби давлатлар билан бирга Германия ва Буюкбритания ҳам бизнинг гиламдан фойдаланмоқда. Бу бизнинг сифат орқали эришган муваффақиятимиз. Фабрика элимизнинг барча минтақаларида савдо дўконлари тармоғини очиб, мамлакат маҳсулоти савдосини йўлга қўйган.

– Муваффақиятларга тўхталсангиз.

– “Бал Текстиль” гиламлари 2014 йили республика “Алтын Сапа” танловида “Аҳоли истеъмолидаги энг яхши товар” номинацияси бўйича иккинчи даражали диплом билан тақдирланса, 2015 йили ўрта бизнес бўйича вилоятдаги субъектлар ичида “Энг яхши солиқ тўловчи” деб тан олинди. 2016 йили Женевада ўтган халқаро BID сифат танловида “GOLD” номинациясини қўлга киритди. 2017 йили республика “Алтын Сапа” танловида яна “Аҳоли истеъмолидаги энг яхши товар” номинациясига эга бўлди.

– Ушбу ютуқлар замирида машаққатли меҳнат ётгани маълум. Кадрлар масаласига ҳам тўхталиб ўтсак.

– Албатта, жамоанинг чиқарилаётган маҳсулотлар сифатига бевосита таъсир кўрсатиши ойдек равшан. Қолаверса, уларга қўйиладиган талаб ҳам катта. Улар ўз касбининг чевари, масъулиятли мутахассислар. Кадр масаласига алоҳида эътибор берамиз. Фабриканинг дизайнер, технолог, машинист каби мутахассисларининг чет элда тажриба орттириб, малака оширишлари учун имконият яратамиз. Кўпчилиги Туркияда малака ошириб қайтишди. Баъзи кадрларимизни хориждан келган усталар ўргатди. Туркиялик ҳамкоримиз “Kartal Carpets”нинг тажрибали мутахассислари бу борада бизга катта ёрдам бериб келмоқда.

– Малакали кадрлардан ташқари ёшларни иш билан таъминлаш имкони ҳам борми?

– Албатта, фабрикага дипломсиз ёшларни ҳам жалб қилиб, уларнинг касбни ўзлаштиришига ёрдам берамиз. Талаб битта – мутахассислик олгач, улар бизнинг корхонада ишлашлари керак.

– Фабрика шаҳар чеккасида жойлашган. Ишчиларнинг бориб-келишига шароитлар яратилганми?

– Тўғри, шаҳардан чеккароқда бўлганлиги сабаб уларнинг бориб-келишлари учун махсус автобус ажратилган. Корхона қошидаги ошхона кеча-кундуз бепул хизмат кўрсатади. Фабрикада йўлга қўйилган тартиб ходимлар саломатлигини ва атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлайди. Деярли барча тизимлар автоматлаштирилган. Ҳатто, ип йигириш цехида махсус тиббий бекат, намозхонлар учун хоналар мавжуд. 

– Талғат Жунисбекули, маълумки, ҳар мавсумда “Буюк дашт гиламлари” кўргазмаси уюштирилиб, маҳсулотларингиз имтиёзли баҳода сотилиб, истеъмочиларнинг таҳсинига сазовор бўлмоқда. Келгуси режаларингиз ҳамда ҳамюртларимизни қувонтирадиган янгиликлар билан ўртоқлашсангиз.

–“Буюк дашт гиламлари” кўргазмаси 10-21 октябрь кунлари “Кўргазмалар маркази”да ўтди ва у давом этаверади. Ишлаб чиқаришга тааллуқли режаларимиз катта. Фабрикада яқин кунларда янги технологик ўзгаришлар юз беради. Гиламни яна-да сифатли тўқийдиган дастгоҳларга буюртма бердик. Шунингдек, Д. Қўнаев шоҳкўчасидаги “Астана” бизнес марказининг 2-қаватида “Elexus” юқори сифатли гиламлар дўконини очдик. Бу ерда хориждан келтириладиган қимматбаҳо гиламлар сотилади ҳамда офислар, болалар боғчаси, мактаб, масжид, тўйхона каби йирик иншоотларга тўшаладиган гиламларга буюртма бериш мумкин. Энди истеъмолчиларимиз катта ҳажмдаги гиламларга буюртмани фабрикага келмаёқ, шаҳар марказидаги дўконда беришлари мумкин.

– Мамлакат маҳсулотини ишлаб чиқаришдаги меҳнатларингиз муносиб баҳоланаверсин. Суҳбатингиз учун ташаккур!

Мухтабар УСМОНОВА. Собиржон ИСАМАТОВ тасвирлари, 2018-11-08, 09:51
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.