26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ёдингиздами, чакамтошимиз...

Яқинда тўнғич ўғлимнинг синф раҳбари қўнғироқ қилиб, мактабда бир тадбир ўтка­зишини маълум қилди. Ҳар доимгидек, ота-оналар синфга тўпландик. Бироздан сўнг ўқувчилар иштирокида кеча бошланди. Синф раҳбарининг изланувчанлиги, жиддий тайёргарлик кўргани тадбирнинг  қизиқарли бошланганидан билиниб турарди. 

Айниқса, болаларнинг миллий ўйинлари таҳсинга сазовор эди. Ўқувчилар шу даражада мароқ билан ўйнашардики, гўё мактабда эмас, кўчада ўйнаётгандек тутишарди ўзларини. Хуш кайфият ила ортга қайтарканман,  шу ҳақда мақола тайёрлашни дилимга тугиб қўйдим. Беихтиёр мактаб даврим ёдим­га тушди. Тахминан 10-12 ёш­­лардамиз, ё ундан кичик­­­­­­­­­роқ­мизми, ҳарқалай, дарсдан сўнг кўчада беш-олти қиз йиғилиб, чертак, лаппактош, оқ теракми, кўк терак, чакамтош, еттитош, қушимбоши (аслида аниқ номини билмайман, ўша вақтда шундай аталарди) каби ўйинларни  ўй­нардик. Қиш кунлари эса иссиқ печка атрофида ингичка ип олиб, қўлимизда тур­ли шакл ясаб, бошқа қўлга ўт­казардик. Ўғил болалар ошиқ, лан­ка, қадаматаёқ сингари ўйин­лардан завқ олишарди. 

Бугунги авлод бу ўйинлардан бехабар, албатта. Нафақат ўйинни эслаш, ҳатто ўйин жараёнини  би­лишмайди. Масалан, ўғил бо­лаларнинг ланка ўйинини олай­лик. Аввало озгина қўрғошин пар­часи қошиқда эритиларди (ука­­ларим ҳам ўйнагани учун бундан озми-кўпми хабарим бор). Сўнг аввалдан тай­ёрлан­­­­­ган чуқурчага (асосан шиша қопқоғининг орқа тарафини сал юмшоқ жойга ботириб, чуқурча ҳосил қилинарди) тезлик билан қуюларди. Қўрғошин қотгач, ус­талик билан иккита тешик қилиб, кесиб олинган қўйнинг жунли терисига боғланар, ёки сақич, елим билан ёпиштириларди. Сўнг ўнг оёқ билан тепага қараб тепиларди. Ким кўп ва баландроқ тепса, ғолиблик шунга насиб этарди.

Бу ўйин тўғрисида Ибн Си­нонинг “Тиб қонунлари” китобида ҳам маълумотлар келтирилган. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, ушбу халқ ўйини инсон саломатлигига кони фойда экан. Хусусан, умуртқа поғонаси, кўз, юрак, қорин аъзолари, оёқ му­шаклари, нафас йўллари фао­лиятини, қон айланишини яхши­ларкан.

Қизлар орасида чакамтош ўйини одатга айланганди. Та­наффусга қўнғироқ чалиниши билан мактаб ҳовлисига югу­рардик. Сумкамизнинг кичкина чўнтагидан еттита тошни олиб, ўйинни бошлардик. Ҳову­чимиз­даги тошлар ҳавода учар, ким кўп тош йиғиб олса, ўйин нав­батини ҳеч кимга бермасди. Бошқа қизларнинг эса жони ҳалак, вақт­нинг зувиллаб ўтишидан алам­да эди (дарсга қўнғироқ чалинади-да). Бу даврнинг завқи ўзгача эди.

Халқ ўйинлари турли мил­латларда ёки маҳаллий халқ орасида ҳар хил  аталсада, ўйин тартиби деярли бир хил. Масалан,  шаҳримизда чакамтош ўйини четки қишлоқларда еттитош, баъзида беш тош дея аталарди. Ёки ланка ўйини Ўзбекистоннинг олис туманларида “қарабтеп” деб айтилади.

Мавзудан узоқлашмай, ин­тернет манбаларига мурожаат қилсак, халқ ўйинларининг аф­залликлари ҳақида анчагина маълумотга эга бўламиз.“Ёш ав­лодни баркамол инсонлар этиб тарбиялашда аждодларимизнинг доно, ақлни чархлайдиган ўйин­лари билан бирга, улар томонидан ўйлаб топилган миллий халқ ўйинларининг ҳам ўрни беқи­ёсдир. Бундай ўйинлар минг йиллар давомида оммалашиб, бизгача етиб келган. Айниқса, Наврўз байрами, сумалак са­йил­ларини халқ ўйинларисиз тасав­вур этиш қийин. Масалан, байрамлардаги варрак учириш, кураш, узоқликка югуриш, узун ва кўп соч ўриш, шаҳмат ва шашка, миллий рақс каби йў­­­­­­налишларда иштирокчилар ўз истеъдод ва иқтидорларини на­мойиш қила­дилар. Шунингдек, бу ўйинлар ҳамиша қувонч, хуш кайфият ба­ғишлайди. Мазкур анъана ёшлар, асосан ёш болаларнинг жисмоний ка­молотидаги, ахлоқий ва руҳий тарбиясидаги ўрни беқиёсдир. 

Масалан, бола ўз ҳақ-ҳуқуқи, обрўси, ғалаба учун кураш, ори­ятини ҳимоя қилиш учун ҳа­ракат қилади. Бу туйғу бутун ақл-ид­рокни, куч-қувватни бир жойга тўплаш имкониятини беради. Айрим ҳолларда эса уялтириш, қизартириш ка­би­­­­­лар билан бо­лаларни шижоат, ғайратга ундайди. Бу ёш­лар­­­­­нинг ўз миллати ва Ва­та­ни­ни ҳур­мат қилиш, қадрини ба­ланд тутишга кўмаклашади. Шу­­­нинг­дек, ўйинларимиз муо­мала ма­­­­­­­­­­­­даниятини ҳам ўргатади. Улар ўйинда қатнашар экан, ўз­­­­­­­­­га­лар фикрини тинглаш ва ўз фик­­­ри­ни бошқаларга етказишга ҳа­­ракат қилишади. Шунингдек, ўйинлар меҳнатга муҳаббатни шакллантириши билан ҳам аҳа­миятли. Бола катталар меҳнатига тақлид қиларкан, бу ҳаракатни ўйин деб билади. Айни шу тақлид муайян меҳнат малакасини ҳам шакллантиради. Шу билан бир­га ўйин қуролларини ясашни, меҳ­натга муносабатни, уни қадр­лашни ўргатади. 

Масалан, боланинг дарахт нов­­­­­­дасидан от ясаш, қумдан уяча қуриш, қўғирчоғига кийим тикиш каби ишларни бажариши унинг ҳунарга бўлган қизиқишини оши­ради, сабр, чидам, диднинг илк кўриниши айни шу ўйинлар ор­қали шаклланади. Шунингдек,  бо­лаларнинг бирга ўйнаши  омад учун курашишга, бирдамликка, уюшқоқликка чорлайди. Ин­сон­­­­­­­ларни қадрлаш, бир-бирига ёр­­­­­­­­­­­­­­­­­­дам кўрсатиб, кичикроқ ўр­то­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­ғини қўллаб-қувватлаш каби туй­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­ғулар ўйин жараёнида шакл­ла­на боради. Кўпчилик учун, унинг манфаатлари учун кура­ша олиш, қийинчиликларни бир­­­­­­галикда енгиш, ўз шахсий ман­­­­­­фаатларидан воз кечиб, кўп­­­­­­­­­­­­­­­чилик дарди, қувончи билан яшаш кўникмалари пайдо бўлади. Ай­ни ўйин асосида  яхшилик ва ёмонлик, ҳалоллик ва ғирромлик, ростгўйлик ва ёлғончилик, адолат ва адолатсизлик каби тушунчалар бола онгига сингиб боради. 

Шуни алоҳида таъкидлаш ло­­­зимки, ўйинларда ҳар бир халқ­нинг қадриятлари, урф-одатлари, ҳаёт тарзи акс этгани туфайли у миллийликка дахлдор. Шу са­бабли ўйинлар миллатнинг ўзи­га хос жиҳатларини, ахлоқий камолотини, фикрлаш доирасини, дунёни англаш даражасини кўр­сатадиган ижтимоий-маънавий восита сифатида ҳам ба­ҳола­­­нади. Айни вақтда бугунгача сақ­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­ланиб келинаётган ва жонли тарз­­­да давом этаётган ҳар бир мил­лий ўйин моҳиятида ахлоқ меъёр­лари ётади. Ўйин аввалида саломлашиш, ўйин тугаганда ғолиб томоннинг мағлуб томонга далда бериши, самимий хайр­ла­шиш кабиларда ўзбекона бағ­рикенглик, одоб, иззат-ҳурмат му­жассам. Айни шу жиҳатлар мил­лий ўйинлар ёшларнинг на­фақат жисмоний, балки маъна­вий камолоти учун ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлигидан да­­­­­лолат беради”. 

Дарҳақиқат, ёш авлод он­ги­га меҳр-муҳаббат, миллий анъа­наларимизга садоқат туй­ғуларини сингдириш орқали ко­мил инсонни тарбиялаш биз­нинг бугунги дол­зарб маса­ла­ларимиздан. Қа­нийди, бола­­­­­­­­­­­лар боғчаларида ўт­казила­­­­­­­­­ёт­­ган тад­­­­­­­­­­­бирларда миллий ўйин­­­­­­­лар­­­­­­­­­га, унутилиб бораётган анъа­на­­­­­­­­­­­­­­­ларимиз, урф-одатла­римизга кўпроқ эътибор берилса. Негаки, ҳар бир ўқувчи қалбига миллий ўзлик, тарбия пойдевори айнан шу масканда сингдирилади.  

Шаҳноза УСМОНОВА, 2018-11-15, 14:25 1209
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.